Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 7
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 7 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа


Фурқат шеъриятида харобот аҳли талқини (И. Маннопов)

Ўрта Осиёда турли тариқатлар ва тасаввуфий оқимлар вужудга келиб, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий ва маънавий ҳаётига сезиларли таъсир қилганлиги маълум. Яссавия, кубравия, нақшбандия, қодирия сингари йирик тариқатлар бунга мисол бўла олади. Лекин шундай оқим ва тоифалар борки, ҳали тўла ўрганилган деб бўлмайди. Шундай оқимлардан бири хароботийлар ҳисобланади.
Шоир нима сабабдан хаработийлар мавзусига қўл урган? Фикримизча, у Янги Марғилонда савдо ишлари билан шуғулланиб юрганда, бу тоифа вакиллари билан танишган, улар билан ҳамсуҳбат бўлган. Фурқатнинг “Уч хароботий” деб номланган шеъри мазмунига қараганда ўша даврда хароботийлар тоифаси мавжуд бўлган (Бу жамоанинг энг сўнгги йирик вакили Махсимдада исми билан танилган шахс бўлиб, у зот Марғилонда яшаб, 2008 йилнинг декабрь ойида вафот этди).
Шеър таржеъбанд ва мусаддас жанрларининг шакли ва хусусиятларини ўзида мужассам этган. Шеърда олти мисрали бандларнинг сони ўн бешта бўлиб, жами тўқсон мисрани ташкил этади. Ҳар уч банд (жами ўн саккиз мисра) ўзаро қофияланган. Шеър шаклининг шу хусусияти таржеъбанд жанри талабларига мос келади. Ҳар бир банднинг бешинчи ва олтинчи мисралари бутун шеър давомида айнан такрорланиб келиши эса мусаддас жанри талабларига мос тушади. Шунинг учун бу шеърни шартли равишда таржеъбанд-мусаддас деб аташимиз керак бўлади.
Бу асар харобот аҳлининг феъл атвори, руҳий ҳолати, турмуш тарзи, қарашлари ҳақида тасаввур бера олади. Шеър мазмунини тўғри ёритиш учун тасаввуфий оқимлардан бири бўлган хаработийлар ҳақида ҳеч бўлмаганда тасаввур ҳосил қилиш керак бўлади. 
Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ўз замонасининг ўттиз тўққиз тоифаси ҳақида маълумот беради. У яшаган даврда бу тоифа сезиларли даражада танилган бўлса керакки, “харобот аҳли”га ҳам ўз муносабатини билдириб ўтади. Уларни “бошида май ҳаваси” дея доимо маст ҳолатда бўлишлари ҳақида хабар беради. Дастлаб ўқувчида бу тоифа ҳақида салбий тасаввур ҳосил бўлади. Лекин Алишер Навоий уларни “нафслари тупроқ”, “ҳимматлари осмон”, “замоннинг яхши ямони билан иши йўқ” дея таъриф берар экан, “замон зўравонларининг зулмидан шундай кун кечиришга ҳақли бўлса, Ҳақнинг авф ва марҳаматига лойиқдир”, - деб уларни оқлашга ҳаракат қилади. Бу тоифага юқори баҳо беради: “Ринд ва гадолар етишган давлат ва саодатга шоҳлар ҳам ҳасрат билан қарайдилар” .
Ҳаробот аҳли таърифидан сўнг, рубоий келтирилган бўлиб, унда риндларнинг дунё ва охиратга майли йўқлиги, Ҳақ раҳмати умидидан тун-кун маст эканликлари, фирибгар зоҳиддан афзал эканликлари мазмуни ифодаланган. Асарнинг аҳамияти шундаки, муаллиф нигоҳида ўқувчи ринд ва харобот аҳли ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Уларнинг илоҳий ҳусн шайдоси, илоҳий ишқ талабгори бўлган ошиқларнинг ўзига хос бир тоифаси эканлиги аён бўлади.
Зокиржон Фурқат қаламига мансуб “Уч хароботий” шеърининг биринчи бандидаёқ хароботийлар тилидан уларнинг руҳий ҳолати аниқ ифодаланган:
Уч хароботий эрурмиз сокини майхонамиз,
Хум бошидан чарх уруб, монанди парвонамиз,
Маст ўлубмиз жўшиши майдин ажаб девонамиз,
Ҳолимиз дунё ғамидин, фориғи кошонамиз,
Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўтсак, йўқ эрур армонимиз.
Шеърнинг ҳажми анча катта бўлиб, уни тўлиқ шарҳини бир мақолада қамраб олиш қийин. Кейинги бандлар воқеабанд характерга эга. Уч хароботий шеърда “ёр”, “махваши хушхўда”, “шўхи ширингўда”, “пари” дея ҳурмат ва эҳтиром ила тилга олинган зотнинг зиёратига боришади. У зотнинг хаста ҳамда уйқуда эканлиги маълум бўлади. Унинг ҳузурида табибни кўрган шеър қаҳрамони ранжийди:
На учун келдинг ҳаримиға, аё нодон табиб?
Бизлара ағёрдурсан, бедарак, афғон табиб...
Шеър қаҳрамони табибга хитоб қилар экан, “ёр”нинг дардига дорилар дармон бўлолмаслигини айтиб, уни бу амалдан қайтаришга ундайди. Шеър мазмунидан хастанинг илоҳий ишқ дардига мубтало бўлганлиги, табиб бу дардни даволашга ожиз эканлиги аён бўлади. Шунингдек, уйқудаги “ёр”нинг юзи  “ҳасрат ва қайғули”, тани “заъф ва фарсуда” эканлиги ҳақидаги тасвирлардан ошиқ хароботий образи намоён бўлади.
Ривоятларга кўра, риндларнинг энг кўзга кўринган намояндаси Умар Хайём бўлган. Хароботийлар ўз дуоларида Фаробий, Умар Хайём сингари тарихий шахсларнинг исмларини ҳазрати пайғамбар (с.а.в.)нинг исмларидан сўнг албатта тилга оладилар. Хароботийлар ҳақида алоҳида китоб ёзилмаганлигининг сабаби, бу тоифанинг анча мураккаб феъл-атворга эга эканлигида. Ринд ва Аллоҳнинг ўртасидаги Сирдан ҳеч ким хабардор бўла олмас экан. Уларнинг май ичишлари шариат ҳукмига зид бўлганлиги учун мусулмон шарқида анча тўсқинликка учраганлиги, ғанимлари бисёр бўлганлиги аниқ. Бу шоир Фурқат яшаган даврга ҳам тегишли. Шеър қаҳрамони хароботий ошиқнинг уйқуси рақиб тўда ва жинслар туфайлидир, деган риторик савол билан мурожаат этади:
Уч мукаддар кўйиға бордук рақиблар тўдадур,
Ё сабаб жинслардин ул пари уйқудадир?
Харобот аҳлининг бир хислати маломатийларга ўхшаб кетади. Маълумки, маломатийлар ўз нуқсон ва камчиликларини халқ ичида яширмаганлар. Шу орқали иккиюзламачилик, мунофиқлик иллатларидан қутулишга ҳаракат қилганлар. Ринд ва харобот аҳли эса ўзларини ниҳоятда хор-зор тутганлар. Ўзга кимсаларнинг ҳазар қилишларини, бошларига бало ёғилишини хурсандчилик билан кутиб олганлар. Бу жуда қизиқ психологик ҳолат. Ринд ва харобот аҳлининг мана шу руҳий ҳолати шоир тахаллуси қўлланган мисрада акс этган:
Бошидин турғил нари, беҳуда, беъмани табиб,
Фурқатийдин қил ҳазар, албатта, эй жўгий, табиб...
Шеърдан кўриниб турганидек, Зокиржон Фурқат дунёқарашига харобот аҳлининг феъл-атвори, ишқий ва жунун ҳолати катта таъсир қилган. Бўлмаса, шеър қаҳрамони – хароботийнинг руҳий ҳолатини бунчалик таъсирли ифодаламаган, уларга бағишлаб шеър ёзмаган бўлар эди. Шунингдек, ўзбек мумтоз шеъриятида ошиқнинг ҳолати харобот аҳлига муқояса этилса ҳам,  харобот аҳлига бағишланган шеърий асарнинг ёзилиши ноёб ҳодиса саналади.