Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 15
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 15 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа


Фурқат  маънавияти ( Муқаддас Тожибоева)

Зокиржон Фурқат (1859-1909) қисқа умри давомида  кўп жиҳатдан ибратли, мукаммал ва мароқли ҳаёт йўлини босиб ўтди, унинг ҳаёти узун ёки қисқалиги билан эмас, балки мазмуни, моҳият-эътибори билан қадрли. Фурқат  ёшлигидан бошлаб қилган тинимсиз мутолааси ва юксак туғма истеъдоди, адабиётга, шеъриятга муҳаббати ва садоқати билан давр адабий ҳаракатчанлигининг энг фаол иштирокчисига айланди. У ўзбекларнинг илғор маърифатпарвар шоири ва биринчи журналисти бўлди, юқори савиядаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий мақолалари билан жамият ҳаётига фаол аралашди. Бир сўз билан айтганда, Фурқат оташин лирик шоир ва журналист, улкан сайёҳ ва тарихчи сифатида  бой маънавий мерос қолдирган йирик сиймо сифатида донг таратди.
Шоир лирик меросининг асосий қисмини ғазаллар ташкил қилади. Мутахассисларнинг белгилашича, ғазалларининг умумий адади  200 атрофида. Фурқатнинг ҳар бир латиф ғазалида соф муҳаббат мадҳи, беқарорлик ва бевафоликка нафрати, табиатнинг гўзал тасвири ифодаланар экан, ундаги тагмаъно жамият ва ҳаётнинг кўп масалаларига бориб тақалади. Шоир ғазалларида ички кечинмалар, фикр ва ҳислар, киши руҳининг энг нозик туйғулари ифода этилади, фалсафий- аҳлоқий йўналиш кўзга яққол ташланади.
Фурқат ўз асарларида комил инсонийликни  ва  кишининг  қадр-қимматини улуғлади, миллий ғурур ва миллатнинг юксак шаънини ҳимоя қилди. “Бормасмиз” радифли ғазали айнан шу  масалада. Бу ўринда таъкидлаш  лозимки, мазкур ғазал мусалсал ғазалнинг гўзал намунасидир. Яъни тубанда биз таҳлилга тортган шеър мусалсал ғазал талабларига кўра, ғазал таркибидаги лирик воқеа, манзара, фикр ва кечинмалар сатрлар силсиласида даражама-даража ривожланиб, ўсиб боради.  Ғазалнинг бошланмаси шундай:

Биз истиғно эли, қичқирмағон маъвоға бормасмиз,
Агар чандики хирман айласа дунёға бормасмиз.

Ғазалнинг матлаъсиданоқ шоирнинг мулоҳазакорликка даъвати сезилади, бутун асар учун етакчи бўлган инсон қадр-қимматини поймол қилинишига қарши кескин норозилик кайфияти ўз ифодасини топади. Байт  мазмунидан, чақирилмаган жойга бормаймиз деган маънони англаймиз. Бироқ бу шунчаки гап эмас, ўзига ишонган, ўз ғурури ва шаънини баланд тутган, иззати нафс туйғуси юқори бўлган назари тўқ  “аҳли истиғно”нинг таклиф қилинмаган жойга мол-дунёдан хирмон йиғилса-да бормаслик ҳақидаги қатъий қарори эди. Фақат мол-дунёгина эмас:

Агар лаб ташна қолсак, филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса, мавж уран дарёға бормасмиз.

Яъни: олам саҳросида ташналикдан, сувсизликдан лаблар қуриб қолса-ю олдимиздан мавж уриб турган дарё чиқса, дарёга заррача малол келганимизни билиб қолсак, шу дарёга бормаймиз.
Шоир кейинги байтларда матлаъдаги васф этилган  “истиғно эли” даражадаги камолатга эришган кишиларнинг етуклигини шундай далиллайди:

Умид этгонимиз, аксар саодат бўтаи ҳақдин,
Агарчи мис эрурмиз қиммати тиллоға бормасмиз.

Ҳамиша лоф урармиз халқ аро Фарғона мулкида,
Бағоят табъимиз озода деб, ҳар жоға бормасмиз.

Кўринадики, ғазалнинг барча байтлари бир-бири билан чамбарчарс  боғлиқ, мазмунан бир-бирини тўлдиради, чуқурлаштиради ва далиллайди. Келтирилан байтда ҳам етакчи ғоянинг янги қирралари очилади: асар қаҳрамонлари ҳарна саодатга эришишда Ҳақдан ўзгага умидвор эмас, ўзлари  “мис” бўлса-да, “тилла”нинг орзуманди бўлмайдилар, уларнинг таъби нозик, ҳар жойга-да боравермайдилар. Айниқса, шеърдаги  “мис”, “тилло” истиоралари лирик қаҳрамоннинг мақсадини янада ойдинлаштиради.
Навбатдаги байтда шоир зукко мушоҳада қилади, шоир наздида инсонни маънавий  камолати учун тузоқ бўлгувчи манманлик ва худбинлик иллати ҳар қандай инсоний муносабатларга ҳамиша раҳна солиб келган. Улар лойга ботган кибрлилар. Кибрлиларнинг турар жойи эса “маскани аъдо”, яъни  ёвлар, душманлар маскани.  Ва, албатта, бундай масканда “зарофат”  – зарифлик, хуштаъблик қай аҳволда бўлиши тайин. Шундай экан:

Ҳаво лойиға ботган манманлик дўсти худбинким,
Ўшандоғ кам зарофат маскани аъдоға бормасмиз.

Алоҳида таъкидлаб айтиш керакки, ана шундай маърифий-тарбиявий, фалсафий-аҳлоқий мавзуни кескин қирраларда жуда таъсирчан ифодалашда  Фурқатнинг бадиий маҳорати ва санъаткорлиги яққол намоён бўлади. Яъни  иккала мисрадаги тасвир ва тавсиф бир-бирига эш ва чамбарчарс боғлиқ. Шоир бунда таносиб санъатининг нодир имкониятларидан фойдаланиб, сабаб ва оқибатнинг диалектик таносубига эришади. Биринчи мисра байт мазмунидаги сабабни ифодаласа, иккинчи мисра оқибатини англатади.
Шоир мазкур байтдаги зукко мушоҳадани қуйида теран ҳаётий ўгит билан давом эттиради. Байтда шоирнинг ўзига ва ўзи кабиларга таскин – панд-насиҳат аралаш мурожаати, хитоби тарзида битилган. Маълумки, тарихда Искандар беқиёс бойлик ва давлат эгаси  бўлган, аммо рихлат қилар чоғида бу дунёдан ҳеч нарса олиб кетолмаган. Демак, қиссадан ҳисса шуки, қўлдаги “ғараз дунё”, бойлик -  булар бари ўткинчи, аммо қалб бойлиги инсонни абадий роҳатга элтгувчидир. Тубандаги байтда шу панднома таъкид янада қатъийлаштирилиб, бўрттириб ифодаланади, қадрсизланиш ҳолати билан асло келиша олмаслик туйғуси яққол намоён бўлади, норозилик оҳангги баралла эшитилади:

Биз эллар – фақир элимиз, парча нонға сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандар-у Дороға бормасмиз.

Байтдаги қўлланган мусажжаъ – ички қофиялар, талмиҳ (машҳур тарихий воқеалар, тарихий шахслар, афсоналар, абадий асарлар ва уларнинг қаҳрамонларига ишора) ва сифатлашлар аниқ ҳолатда жиддий маънавий вазифани бажаради, ғояни таъкидлаб, воқеликнинг моҳиятини аниқ  кўрсатади, ўқувчи шоирнинг мақсадини, фикрини, туйғусини ёрқинроқ тасаввур қилади, шунингдек, шеър оҳанггига  шиддат ва суръат бахш этиб, уни хитоб, даъват даражасига кўтаради.    
Ниҳоят, сўнгги байт, сўнгги нидо. Матлаъда бошланган хитоб, ҳал қилинган қарор мақтаъгача изчил ривожланди, ғоянинг тадрижи якун топди, шоир ўз ҳукмида қатъий қолди:

Эмасдур ончи асбоби жаҳонға фикримиз, Фурқат,      
Вале кетгунча жуз андишаи фардоға бормасмиз.
Ғазал мумтоз адабиётимизнинг энг ёқимли ўлчови бўлган “ҳазажи мусаммани солим”  (V - - - /    V - - -   /  V - - -  / V - - -) да ёзилган.
Фурқатнинг мазкур ғазали моҳиятан инсон қадр-қиммати ва шаънини поймол этилишига кескин норозиликни лирик воситаларда  ифодалайди. Ўзбек халқининг миллий руҳияти ва миллий ғурур-шарафини куйловчи шеър сифатида шоир ижодида муҳим ўрин эгаллайди.