Facebook
Янги систем бетарафлик PDF Босма E-mail

Инқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ажиб, ғариб иҳтиролар юз берди ва бермакдадирким, бу янги ажойибул тараша бозорларни ёзуб кўрсатув инсон тоқатидан фавқ(Фавк, — юқори, ташқари.) бир ишдир. Бутун дунёнинг театру бозорида, адабиёт тарихида кўрулмаган равишда янги нафис ўзбак театрулари, ўзбак адабиётлари, ўзбак артистлари, муаллимлари, мунажжимлари, муҳандис муҳтариълари(Муҳандис муҳтариъ — ихтирочи инженер.), муҳаррир ва имлочилари, қомпозитўр — рассомлари, шупургичи аробакашлари, қўйингчи, домлаларча қилуб сўзни қисқартғанда ва ҳоказо, ва ҳоказолари ўзбакларнинг янги систем санои нафисалари жумласидандирлар...
Оллохдан барака ва давомини сўрарға керакдурким, ўзбаклар бундай янги систем иҳтироларни ҳали ҳам кун сайин ва дақиқа, сония сайин йўқлиқ оламидан борлиқ дунёсиға чиқаруб, акдларни ҳайрон, кўзларни кўрмас, қулоқларни эшитмас, қўлларни тутмас, оёқларни юрмас, оғзингдан калава-калава сўлакайларингни оқузиб баъзиларни ҳайвони нотиқаликдан(Ҳайвони нотик, — гапирувчи жонзод, одамзод.) ҳайвони ғайри нотиқалиқға(Ҳайвони ғайри нотик, — нутқсиз жонзод, ҳайвонот.) айлантирмокдадирларким, бу ҳол эса янги систем иҳтироларнинг асари махсусаи маждубаи(Маждуба — хайратга келтирадиган.) макшуфаи(Макшуфа — кашф қилинган.) маҳсусасидандурлар.
Ўзбак элига яна бир башорат!
Қандай башорат?
Жуда ҳам катта, жуда ҳам шаъшаъадор(Шаъшаъ — дабдаба.) башорат. «Янги систем бетарафлик» башорати! Яна бир янги ихтиро башорати!
Башоратномамизнинг ва «янги систем бетарафлик»нинг асл ихтироиға сабаб бўлғани учун асл масаланинг жараёнидан қисқағина бўлса ҳам ёзиб ўтайлук:
Ёдимдан кўтарилмаган бўлса, «Қизил байроқ» газетасининг 131-рақамида «Илмий хидмат» лавҳаси остида «Биров» имзоли бир бечора («Қизил байроқ» таъбирича ҳам бечорадир) машҳур «авантюрист»(Авантюрист — фитначи.) (бу таъбир «Биров» биродаримникидир) Мунавварнинг янги имлоға қаршилиғи учун(Мунавварқори Абдурашидхон ўгли (1878—1931) Тошкентнинг Шайҳантоҳур даҳасида, Дарҳон махалласида туғилган. Туркистонда жадидчилик харакати раҳбарларидан бири, маърифатпарвар, муаллим, матбаачи, жадид мактаблари учун дарсликлар ёзган. Шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган. 1922 йил 23 феврал — 4 апрел кунлари Тошкентда маданият ва маъориф ходимларининг «Тил — имло қурултойи» бўлиб ўтади. Маълумки, жадид маърифатпарварларининг мақсади авом халқни жаҳолат комидан тезроқ олиб чиқиш учун саводсиз халқни тезроқ саводли қилиб, дунёвий, айниқса фанний илм бериш эди. Мазкур қурултойнинг мақсади ўша даврдаги мавжуд араб имлосини ислоҳ қилиш, яъни Фитратчилар — «Чиғатой гурунги»чилар араб имлосида ишлатилмайдиган унли товушларни ёзувда жорий қилиш, араб тилига хос бўлган уч хил оҳангда талаффуз этилувчи битта ҳарфларни туркий тилга хос бўлган битта ҳарф-товуш билан ифода этиш ва арабча сўзларнинг ўрнига тилимизда бўлган туркийча сўзларни ишлатишни ёкдаб чиқадилар. «Илмий хидмат» мақоласининг муаллифи «Биров» ўз мақоласида «Мунавварқорининг янги имлога қарши бўлишининг сабаби жадид мактабларида ўқитилиб турилган «Ҳавоижи диния» китобининг қайта-қайта нашридан келадиган пулидан қуруқ қолишида» деб ва бошқа бир қанча сабаблар билан айблаб ёзади. Мунавварқори эса «Ҳажвми, мунозарами?» номли жавоб мақоласида (Қ. б. 139-сон) ўз китобини нашриёт эгасига сотиб юборилганлигини, китобидан даъвоси йўқлигини... «Мактабларда янги имло ёлғиз туркий сўзларда тадбиқ этилуб, арабий сўзлар ҳозирда ўз ҳуруф ва имлолари ила ёзилсунлар», «Янги имлога тадрижий йўллар ила киришилсун...» деб бир қатор талабларини ёзиб ўтади.) марҳум немиснинг бир юз ўн беш дуймалик тўпидан «авантюрист» устига шу қадар ўқ ёғдирған эдики, каминангиз мазлум Мунавварни бу жаҳаннам ўти ичида куюб кул бўлғанлиғиға қарор қўйған ва беихтиёр тилимга «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъ-ун»(«Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» — Албатта, биз Оллоҳникимиз ва албатта, биз унга қайтувчимиз. (Бақара сурасидан).) оятини жорий(Жорий — айтмоқ.) қилған эдим. Аммо меним бу фоли бадим(Фоли бад — ёмон тилак.) бекорга кетуб орадан бир қанча вақт ўтар-ўтмас «авантюрист» Мунавварнинг тирик қолғанлиғи ва майдонда ўзининг Некалай давридан қолған эски гурзисини кўтаруб, жавлон қилғанлиғи кўрилди-да, Ла-ҳавла...(«Ла ҳавла ва ла куввата иллоҳ биллоҳил алиюл азим» — қудрат ва куч ёлғиз Худодандир (дуо).) ўқуй бошладим. Чиндан ҳам бу, «авантюрист»нинг «Биров» афандининг жаҳаннам ҳужумидан саломат қолувининг ўзи ҳам Лаҳавла ўқутдирарлиқ эди.
«Авантюрист» Мунаввар инқилобдан бери турли томондан муштум еб, аммо чурқ этмай келганликдан мен уни энди жуда ҳам абжақ бўлуб қолғандир деб ўйлар эдимки, аммо иш бу фикримнинг тамомо акси бўлуб чикди.
Андоғ ривоят қилурларким, Мунаввар «авантюрист» майдонда жавлон урди, гурзисини салмоғлаб бошидан айлантурди ва наъра тортди. «Қизил байроқ» таъбирича, бечора «Биров» ўртоғимнинг устига андоғ зарб урдики, ерлар титради, кўклар дарз кетди. Бир вақт қарасам, 139-нчи «Қизил байроқ» майдонининг ўртасида мажруҳ «Биров» ўртоғимни бағрига босқан ҳолда «Қизил байроқ» идораси ўлтурадир. Идора атрофидағи томошачиларға айтадир: «Бу музораба(Музораба — уруш, жанжал.) тўғрисида савол-жавобни чўзуб ўлтурмаслик учун «Қизил байроқ» бундан кейин бу тўғрида иккинчи музорабаларга йўл бермайдур. Шунинг билан бирга бетараф бўлған ҳолда ўзининг фикрини баён қиладур».
Бу вақт «Қизил байроқ» идорасининг кўзи бағридағи кўзини тер-мултуруб ётқан мажруҳ «Биров»га тушадирда, ихтиёрсиз оталиқ ва оғалиқ кўз ёшисини тўка бошлайдур. Қаршисидағи «авантюрист»га боқадирда: «Сиёсий ўюнчи» дейдур. Бағридағи мажруҳга қарайдирда: «Бечора бировим, мазлум бировим» дейдур, ҳўнграб йиғлайдур. Яна аччиғиға чидолмай «авантюрист»ни қарғий бошлайдур: «Ҳийлагар, макрчи, жувонмарг!»
«Қизил байроқ» идораси кўзидан ёшини оқуза-оқуза алла нарсаларни сўзлаб, «авантюрист»нинг зарбасини, «мантиқсизлик ва золимлик», дейдир. Шунинг ила «Қизил байроқ» ўзининг юқорида сўзлаган «бетараф бўлған ҳолда» жумласини унутуб, юборадир-да Мунавварга очикдан-очиқ ҳужум эта бошлайдир.
Мана бу «бетарафлик» ўзимизнинг ота-бободан қолған эски бетарафлик эмас, «янги систем бетарафлик!» Бу — «Қизил байроқ» газетасининг янги иҳтиройи, янги ижоди!

Янги иҳтирочиларға дуочи: Жўлкунбой. «Инқилоб» — 1922 йил, 2-сон.
Абдулла Қодирийдан