Facebook
Шубҳа PDF Босма E-mail

(Ҳикоя)

— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида бунчалик жиноятга жасорат қила олатурған душманлар топилар, деб ўйлай олмайман, — деди колхоз раиси Ғозиев сўзининг охирида, — балки мен янглишарман... Янглишган бўлсам, мана, ўртокдар яна бу тўғрида ўз фикрларини айтсинлар!
Идора аъзолари ва ячейка котиби ҳам Ғозиевнинг фикрига қўши-лишгандан сўнг комиссия узоқ ўйланиб қолди...
— Хайр, — деди комиссиянинг раиси Холдоров, — қишлоғингизга шу ўн куннинг ичида четдан ҳеч ким келганмиди?
Бу саволга орадан ҳеч ким жавоб бермади, аммо жавоб бериш ўрнига идора аъзолари ва ячейка котиби сўз қўйишгандек колхоз хўжалик мудири Зуҳуровга қарадилар... Зуҳуров ўнғайсиз ҳолга туш-гандек сезилди, гарданига ўнг қўлини кўтариб қирт-қирт қичина бош-лади. Комиссия Зуҳуровни кузатди.
— Саккиз кундан буён меним бир меҳмоним бор,— деди Зуҳуров, бир оз ўзини йўқотган афт, — менга қолса, бизнинг қишлоққа шу воқеадан илгари ва кейин ҳеч ким келган эмас... Бироқ бу меҳмон шубҳаланатурган...
Холдоров уни тўхтатиб, бир неча савол берди.
— Ўзи шаҳарлик, ишчи, — деди шошинқираган Зуҳуров. — «Қизил шарқ» заводининг электр цехида ишлайди, коммунист...
Холдоров ўчиб қолган папиросини тортиб, овора бўлгандан сўнг кулдонга ташлади.
— Сизнинг бу меҳмон билан қандай яқинлигингиз бор?
— Мен колхоз тузилгунча «Қизил шарқ» заводида қора ишчи бўлиб ишладим. Шунда бу меҳмон — Тўйчибоев билан ўртоқлашдим.
Холдоров янги папирос тутатиб овора бўлди, бошқалар илтифот билан Холдоровнинг оғзига тикилиб қолдилар.
— Меҳмонингиз, яъни Тўйчибоев, — деди оғзидан тутун бурқитган Холдоров, — нега заводни саккиз кундан буён ташлаб, сизга меҳмон бўлиб ётади?
— Бир ойлик истироҳат олган, — деди Зуҳуров. — Мен уни ҳар йил истироҳат чоғида бизнинг қишлоққа чиқиб дам олишини таклиф этар эдим. Бу йилги истироҳатини бизнинг қишлокда ўтказиш фикри билан менга меҳмон бўлган.
Холдоров комиссиянинг иккинчи аъзоси Султоновга қаради.
— Меҳмонингиз истироҳатни қандай ўтказади? — деган саволни берди Султонов.
— Мен аксари кундуз кунлари колхоз ишлари орқасида юрганли-гимдан унинг нималар ва кимлар билан машғул бўлганлигини яхши билмайман, — деди Зуҳуров, — аммо ўз сўзи ва бундаги ўртокдарнинг айтишларига қараганда, баъзан қизил чойхонамизда, гоҳо ишлаб тур-ган колхозчиларимиз орасида, қайси вақт менинг ов милтиғимни кўта-риб қирларда бўлар эмиш; кечалари бўлса ҳамма вақт мен билан бирга бўлади, бирга ухлайди.
— Кеча ва ўтган кунги воқеалар тўғрисида меҳмонингиз қандай фикрлайди?
— Қулоқлар иши, деган мулоҳазани билдиради.
— Сиз, ўзингиз меҳмоннинг бу фикрига қўшила оласизми?
— Йўқ, мен қўшила олмайман, — деди Зуҳуров, — чунки орамиз-даги чет унсурларни яхши тозалаганмиз!
— Шу ҳолда уч гектар ғўзангизнинг сувга бостирилиши, икки минг боғ қуруқ бедангизга ўт қўйилиши сизнинг фикрингизча кимлардан бўлиши мумкин?
Зуҳуров бу саволга эпақалик жавоб беролмади. Бошқалар ҳам бун-даги омилга лоақал ихтимол ҳам кўрсата олмадилар. Райондан махсус белгиланиб келган комиссия қуруқ акт ёзиб қайтишга мажбур бўлди.
Кўш отлик извошга ўлтирар экан, Холдоров колхоз ячейка котиби-ни бир четга элтиб, ниманидир унинг қулоғига шивирлади. Извош жўнар экан, колхоз идора аъзоларига хитоб қилди:
— Шу хил латгачайнарликда турар экансиз, букун ғўзангиз сувга бостирилиб, бедангизга ўт қўйилган бўлса, келаси кун яна бундан ҳам баттарроқ фалокатни кутиб турингиз!
Комиссия жўнаб кетди. Идора аъзолари ҳам ўз ишларига машғул бўлдилар. Бироқ идора аъзоларидан ҳар кимнинг ҳам кўнгли бир тур-ли ғаш бўлиб қолди.
Зуҳуровнинг кўнгил ғашлиги икки қат эди. Чунки унинг энг яқин дўсти ва қадрли меҳмони бўлган Тўйчибоевга ҳам шубҳа қаратилган эди. Зуҳуровга қолса, Тўйчибоевдан колхозга қарши бундай зарарку-нандалик асло мутасаввур(Тасаввурланган, зеҳнга келтирилган.) эмас. Х,олбуки комиссиянинг «қишлоғингизга шу зараркунандалик асноси четдан кимлар келган?» саволининг аҳамиятига тушунган-да...
Зуҳуров васваса ва ташвиш ичида кундалик вазифасига машғул бўлди. Мияси жуда ҳам шишган ҳолда қандай ишлар қилаётганлигини фарқ қилолмас эди.
Кечки пайт Зуҳуров қўрғонига қайтганда, Тўйчибоев ҳовуз ёнида-ги суфада чалқанча ётиб, қандайдир китобни ўқир эди. Зуҳуров унинг ўқишига халақит бермаслик учун астагина қўрғонига ўтиб кетди. Ора-дан ярим соатлар вақт ўтгандан кейин Зуҳуров кўйлакчан ва яланг оёқ ҳолда қўрғондан чиқиб суфа ёнига келди.
— Ўқишингизга халақит бермадимми?
Тўйчибоев ётган жойидан қўзғалмади, кўзини бир неча сонияга китобдан узиб Зуҳуровга қаради.
— Ҳозир! — деди ва яна ўқишида давом этди. Зуҳуров ҳовуз бўйида турган рух чилобчинни(Чилобчин — дастшуй.) олиб, теваракка сув сепа бошлади. Тўйчибоев китобнинг бир бетини узунасига букиб, қайтиб очишга таниғлик қилгандан сўнг ёстиқнинг тагига тикди, чираниб керишди ва ёстикдан туриб ўтирди.
Зуҳуров чилобчинда сув олиб суфага чикди. Тўйчибоевга сачрат-масликка тиришиб кийиз теваракларига секин-секин соча бошлади.
— Нима гаплар бор! — деди Тўйчибоев шер каби ғўрқираган товуш билан.
— Қандай гаплардан сўрайсиз?
— Ғаним кўрсата олдиларингми, комиссия қандай фикрга келди?
— Ғаним кўрсата олмадик, — деб Зуҳуров илжайди, — ғанимни биз кўрсата олмасак ҳам комиссиянинг ўзи топди...
— Ғаним ким экан, — деб Тўйчибоев тиззасига уриб қўйди.
— Ғаним сиз экансиз...
Тўйчибоев жиддий вазиятда комиссиянинг бояги савол-жавобла-рини эшитиб ўлтирди.
— Комиссия жуда тўғри шубҳаланган, — деди Тўйчибоев товуши-ни яна ҳам дўриллатиб, — модомики, сиз ўз ичингизда ғаним кўрсата олмагансизми, комиссия шу ўртада четдан келгучини сўраган, бунда комиссия жуда ҳақли, жуда!
Зуҳуров Тўйчибоевнинг мақсадига тушуниб етолмади, баҳарҳол яна унга савол назари билан қараб қолди.
Тўйчибоев давом этди:
— Комиссиянинг кейинги аччиқ-тизиғи жуда тўғри; агар сиз ўз ичингизни сидирға гуноҳсиз кўрсатиш билан бирга қишлоғингизга чет-дан келгучиларга ҳам қўл тақиздирмаслик тарафида қолсангиз, кол-хознинг эртага яна бундан ҳам каттароқ фалокатга йўлиқиши аниқ, мен бунга сўз бераман...
Зуҳуров чамаси яна тушуниб етмади, ҳайрат ичида Тўйчибоевга бир неча вақт қараб турди.
— Сиздан шубҳалансак, сизни тутиб қамашга берсак, тўғри иш қилган бўлармидик?!
— Албатта, албатта, — деди Тўйчибоев.
Зуҳуров, энди бу йигитга бошқача бир назар билан қарашга маж-бур бўлди: девона, дарвеш, йўқса...
— Янглиш фикрга борасиз, — деб кулди Тўйчибоев ва ўз мангла-йига қўли билан уриб қўйди, — бу яхши ишлайди, бу ҳали жойида...
Зуҳуровнинг мияси жуда ҳам қотди, қаршисидаги девона эмас, ҳозир унинг назарида шайтонга ўхшаб кўрина бошлаган эди... Дарҳа-қиқат, Тўйчибоев бир неча вақт у билан шайтонларча ўйнашгандек кўз қорачуғини ғилдир-ғилдир ғилдиратиб кулимсиб турди.
— Ҳайрон қолманг! — деди Тўйчибоев, — модомики, колхозингиз, умуман олганда, қишлоғингиз ғанимдан холи бўлса, ундан кейин шу зараркунандаликни ўзим билан бирга олиб келган — мен ҳам гуноҳсиз бўлсам, шу ҳолда... шу ҳолда бу зараркунандаликни ким қилади, кўкдан шайтон тушган, деб ўйлайсизми? Ишни текширган комиссияни мен жуда яхши кишилар, деб биламан, мен агар шу комиссияда бўлсам идора аъзоларининг бирини ҳам қўймай қаматар эдим. Азбаройи худо, қаматар эдим!
Бу девсифат меҳмоннинг комиссиядан четда турганига ва букунги мажлисда иштирок қилмаганига ичидан шукур қилиб ўтирган Зуҳуров энди бир оз мақсадга тушуна бошлади...
Тўйчибоев чорданасини бузиб, ўчоқ қуриб олди ва икки қўли би-лан тиззаларини бағрига тортиб ушлади, ҳозир унинг кўзида муҳим бир сирни очишга тиришувчи терговчининг ҳолати бор эди.
— Мен сизга бир неча саволлар бераман! — деди Тўйчибоев бутун аъзоси билан олд ва орқасига тебранар экан, — раисингиз ўзи қандай одам?
— Раисимиз — ерсиз, коранда.
— Фирқада борми?
— Бор.
— Унинг қариндош-уруғлари қандай кишилар?
Зуҳуров яхшигина ўйланиб олгандан сўнг жавоб берди:
— Камбағал кишилар.
— Уларнинг ичида қулоқ бўлганлари йўқми?
— Йўқ.
Шу йўсинда Тўйчибоев раис муовини ва идора аъзоларини бир-ма-бир суриштириб борди. Бошқалари Тўйчибоевнинг диққатини жалб этолмасалар ҳам, идоранинг бешинчи аъзоси, ўрта деҳқон, фирқасиз Турсун Холиқовнинг баъзи жиҳатлари унга қизиқроқ туюлганга ўх-шади.
— Турсун Холиқов қулоқнинг қизига уйланган денг-чи? — деб такрорлади саволни.
-Ҳа.
— Қачон уйланган?
— ...Тўрт йил бўлган чиқар.
— Ким, ҳали қайнатаси Эшонбўрсуқ дедингизми... Шу одамнинг қулоқликка тортилганига кўп бўлганми?
— Иккинчи йил.
— Ҳозир қаерда?
— Ўзи ва икки ўғли билан Андижон теварагидаги Янгиобод жойига сургун қилинган.
Тўйчибоев бир оз бошини қашиб ўйлагандан сўнг, ёнидаги халта-сини қўлига олиб, тамаки ўрай бошлади.
— Турсун Холиқовнинг хотини бўлмиш — қулоқнинг қизи... ўзи очилганми, афти қалай?
Зухуров кулди, эринибгина жавоб берди:
— Очилган... Афти бежирим — қишлоқнинг кўркам келинлари-дан...
— Холиқов билан тотув турсалар керак?
— Билмадим, — деди Зухуров ва бир оздан сўнг илова қилди, — овозага қараганда хотин эрига анча ўткур бўлса керак.
— Тўғри, буниси тўғри, — деди Тўйчибоев тамакининг кулини чертар экан. — Мен буни кутган эдим!
Зухуров кейинги жумладан ҳеч нарса англамади. Тўйчибоев ҳам «терговчиликни» шу ерда тўхтатиб, янги мавзудан сўз очди.
Кўрғон эшигида Зуҳуровнинг хотини кўринди, эридан кечки ошни сузуб чиқаришга изн сўради. Хотин суза беришга изн олиб, ичкарига киргач, Тўйчибоев бу куннинг жуда ҳам димлигидан шикоятланди. Шикоят қилар экан, ўтирган жойида кўйлагини аста бошидан чиқариб ташлади ва шалоп этган товуш чиқариб ўзини суфа остидаги ҳовузга ташлади. Ҳовузнинг кўм-кўк суви ташланувчини ўз бағрига олиб чай-қалди, сув бетида қуббалар зоҳир бўлиб, узоқ вақт Тўйчибоев кўзга кўринмай қолди. Зуҳуров кўз очиб юмгунчалик вуқуға(Вуку — воқе бўлиш, юз бериш.) келган бу уста ҳаракатдан кулимсиради ва Тўйчибоевни ҳовузнинг қайси бурчагидан бош кўрсатишини кузатиб турди.

Тун қоронғи, теваракдан беҳисоб чигирткаларнинг чириллаши бу қоронғиликка яна ҳам бошқача бир оҳанг бермакда, узоқ-узокдан эшитилиб турган хақчи қушнинг «хаақ-хаақ» деган товуши кўнгилга сабаби англашилиб битмаган бир маҳзунлик бағишламокда.
Тўйчибоев ўрнига чалқанча ётиб бармоқлари орасида тутиб турган тамакисини ора-чора чакиб қўяди. Унинг қаторига ёндош солинган ўринга ёнбошлаган Зуҳуров қўлидаги пиёласидан гоҳо қултиллатиб чой ичади.
Ниҳоят орадаги узоқ сукутни Тўйчибоев бузди:
— Турсун Холиқов билан орангиз қандай?
— ...Турсун Холиқов билан яхшимиз, ўзи жондек(Жондек — ширин, азиз.) йигит.
Тўйчибоев индамади, яна узоқ вақт тамакисини тутатиб ётди.
— Йўқ, мен чойга қондим, — деди Тўйчибоев узатилган пиёлани қайтариб. — Сиз, Зуҳуров, фирқага кирганингизга неча йил бўлди?
— Уч йил.
Тўйчибоев ўрнидан туриб муштугидаги қолдиқни қоқиб ташлади, яна тўшагига ётиб олди.
— Сиз, Зуҳуров ўртоқ, фирқанинг ғоясини яхши тушунасиз-а?
— Биламан, мамлакатимизда социализм қуриш!
— Тўғри, лекин социализм қуриш енгил иш эмас, ўзимиздаги етиш-мовчилик, қолаберса бу ғояга очиқдан-очиқ душманлик кўрсатувчи унсурлар... Сиз бу ёқни ҳам яхши тушунсангиз керак?
— Албатта.
— Энди бир масала бор, — деб Тўйчибоев ёстиғига ёнбошлади. — Масалан, биров ўзи меҳнаткаш, устига фирқали; лекин онгсизлиги-данми ёки бошқа сабабданми, ҳалиги сиз айтган социализм фойдасига зарар етказмакда... Ўзи бизнинг энг яқин дўстимиз бўлган шу зарар-кунанда кишининг корбадини сезиб қолганимизда биз шу дўстимиз билан қандай муомалада бўлишимиз керак?..
— Насиҳат қилишимиз, тўғри йўлга бошлашимиз керак бўлади.
— Жуда яхши... Башарти насиҳатга қулоқ солмаса-чи?
Зуҳуров бир оз жавобсиз турди, пиёласини ичиб бўшатди.
— Нима қилишимиз керак? — деб тараддудланди Зуҳуров, — ал-батта сирини фош қилишимиз керак бўлар?
— Албатта! — деди жиддий турда Тўйчибоев. — Мен сизнинг қишлоғингизнинг ва районингизнинг душман билан кураша билиш иқтидорини синаб қараш учун шу уч-тўрт куннинг ичида икки зарар-кунандалик қилдим: Улардан бириси, уч гектар ғўзани сувга бостириш, иккинчиси, икки минг боғ қуруқ бедани ёндириш бўлдиким, бу сизга маълум!
— Хўш?
— Қишлоғингиз ҳам хўш, деб қолаверди, — деди кулиб Тўйчибо-ев. — Душманни тутиш иқтидорингиз йўқлиги устига ҳатто комиссия-нинг меним устимдаги тўғри шубҳасига ҳам эътибор этмадингиз, ак-синча мени оқлашга тиришдингиз...
Зуҳуров кейинги жумлалар билан тамом ҳайронликка тушди...
Тўйчибоев давом этди:
— Энди мен учинчи зараркунандаликка ўтаман... Бир ой сизнинг қишлоғингизда дам оладиган бўлсам, колхозингизнинг кулини кўкка совуришимдан шубҳам йўқ... Мен бу ишда ёлғиз ҳам эмасман...
— Синаш учун колхозга зарар бериш! — деди ҳайрат ичида Зуҳу-ров. — Мен бундай синашга тушунолмадим?
— Албатта тушунолмайсиз, шу билан бирга сиз меним зарарку-нандалигимни била туриб ҳам сирни очолмайсиз... Чунки сиз, қишлоқ халқи ошналикка қурбон бўлган халқларсиз, мен буни яхши биламан.
Тўйчибоев Зуҳуровни лол ва маҳбут(Маҳбут — мағлуб бўлиш.) қўйгандан сўнг, ваҳший бир товуш чиқариб хахолаб юборди... Зуҳуров дармонсизлангандек узоқ тин олиб ичини бўшатди.
— Мен сизнинг феълингизга... сира ҳам тушунолмадим.
— Мен боя тушунолмайсиз, деб айтдим-ку, — деди Тўйчибоев яна заҳарханда билан, — агар тушунсангиз эртага эмас, ҳозироқ иссиқ ўрнингиздан туриб, меним тўғримда колхоз идорасига хабар берар эдингиз.
Зуҳуров яна уфлади.
— Мен сизнинг даъвойингизга ишонмайман!
— Ишонмайсизми? Мен ҳозироқ сизга ҳужжат қилсам ҳам ишон-майсизми? Мен боя айтдим: меним бу ишда ёрдамчиларим ҳам бор, деб. Агар ёрдамчиларим бирор сабаб билан турган жойларини ўзгар-тиришмаган бўлсалар, ҳозироқ мен улар билан сизни таништиришга тайёрман!
Бу кейинги сўз Зуҳуровнинг тараддудини бартараф қилгандек бўлди.
— Хўп, таништиринг! — деди қатъий.
— Улар билан сизни таништиргунчалик бир шартим бор: танишганингиздан сўнг бу сирни менинг рухсатимсиз ҳеч кимга сўзламайсиз!
— Нега сўзламайман! — деди тааажжуб билан Зуҳуров. — Зараркунандалар очиқ маълум бўлгандан сўнг нега хабар бермайман?!
— Тўғри! — деди Тўйчибоев кулиб, — ёрдамчиларим фақат меним мажбур қилишим орқасида бу ишга қадам қўйганлар, улар бу ишда гуноҳсизлар... Тутиб берганингизда ҳам фақат мени кўрсатасиз, шунда ҳам фақат мен ижозат берган вақтимдагина!
Зуҳуров кўнди, бироқ энди унда бориб кўриш ва кўрмаслик тўғри-сида иккиланиш бошланган эди. Тўйчибоев ўрнидан туриб кийина бошлади. Ёстиқ остига яширган тўппончасини олиб ичидан осди.
— Нега қўзғалмайсиз? — деди Зуҳуровнинг устига келиб. — Туринг, кийининг, сиз ҳам милтиғингизни олиб чиқинг!
— Чиндан айтасизми?
— Чиндан, чиндан, мен сизни бирор мартаба алдаганмидим?
— Мен ишондим.
— Сиз кўрмасдан ишонманг. Қўзғалинг тезроқ. Нима, сиз мени аҳмоқ қилмоқчисизми?
Жекириниб айтилган сўнгги жумла билан Зуҳуров чор-ночор туриб кийинишга мажбур бўлди ва қандай балога йўлиққанман, деб кўнглидан кечирди.
Зуҳуров кийиниб бўлгач, ичкаридан милтиғини олиб чиқишга борар экан, Тўйчибоев ўкдан кўпроқ олиш, эҳтиёт учун бир арқон ҳам олиб юришни тавсия қилди.
— Арқон нима учун керак?
— Кейин биласиз, ҳозир ола беринг.
Зуҳуров ичкаридан чиқди, йўлга тушдилар, беш-ўн қадам қўрғондан узоқлашганда Тўйчибоев Зуҳуровга қайрилиб тўхтади.
— Мен улар турадиган қўрғонни кечаси топиб боролмайман, сиз бошлаб борасиз, — деди!
— ...?
— Улар кимнинг қўрғонида туришларини ҳозир айтаман... Илгари шуни билиб қўйингизким, бу ишимиз хайрли гап эмас, шунинг учун сиз йўлни биладиган кишисиз, бошқа жойлар билан бошланг!
Зуҳуров «хўп» дейишдан бошқа гап айтмади. Чунки ҳозирги қоронғи кеча каби қора бу иш билан мияси айнаган, муҳокамаси чувалган эди. Ўзи ҳам Тўйчибоев олдида илон томонидан авралган чумчукдек ихтиёрсиз қанот қоқар эди.

Тевараги ғўза ва жўхори каби экинлар билан ўралган бу қўрғоннинг яқинигача бир қанча итлар акиллашиб келдилар. Итларнинг ҳужумидан қўрққан бир мушук ирғиб, бўғотни тирноқлари билан тирнаб, қўрғон томига чиқиб кетди. Қўрғоннинг муюшидаги катта туб дарахтда тинч ухлаб ётган паррандалар қанот қоқишиб партиллашдилар. Итлар ҳужумидан қўрққан кимдир биров ўзини жўхорилар ичига олди чоғи, узун бўйли жўхорилар шитирлашган товуш чиқардилар. Ёқимсиз, оҳангсиз итлар товуши остида теваракдаги чигирткалар чириллаши эшитилмас бўлди...
Итлар беш дақиқа чамаси ҳуриб, сўнгра бирин-сирин қўрғондан узоқлаша бошладилар. Бир оздан сўнг қўрғон тевараги тинч ҳолга айланиб, ҳашарот товушлари эшитилди. Жўхориларнинг қўрғонга яқин жойи яна шалдираб кетди. Орадан икки кўлага чиқиб, секин-секин қўрғон девори остигача юриб келди. Шунда иккиси ҳам бир оз тўхтаб, недир шивирлашгандан сўнг қўрғон ихотаси бўйинча юри бошладилар. Қўрғоннинг уч томонидан айланиб, бўғотнинг қадди ерга яқинроқ кўринган бир жойида олдинда борувчи кўлага тўхтаб, бўғотни кузатди.
— Шундан.
Иккинчи кўлага жавоб бермади. Биринчи кўлага яна нимадир ғўринглади. Иккинчи кўлага қўлидаги таёқ каби нарсага суяниб, орқа-сини тутди. Биринчи кўлага иккинчининг орқасига минди. Остидагини тебратиб юбормаслик учун аста-секин унинг елкасига чиқиб қаддини ростлади, бўғотдан қўлтуғигача юқори кўтарилди. Ўзини томга олиш учун чамалаб кўрди, бўлдиролмади.
— Бир оз қаддингизни ростланг, — деди шивирлаб, остидаги инқиллаган товуш чиқариб кучанди. Устдаги ирғиб ўзини томга олди. Бўғот шитирлашиб остига тупроқ тўкилди. Томдаги бир оз ўзини ростлаб теваракка разм қўйди. Атроф ёришиб кетди, кўкда юлдуз учган эди. Узоқроқда ит ҳурган товуш эшитилди. Онда-сонда хўроз қичқирган товушлар қулоққа тўқинар эди.
Кўлага том бўйлаб эмаклаб кетди: қўрғон томи деворнинг шарқи билан жанубида бўлиб, шимол ва ғарб қуруқ пахсадан иборат эди. Эмакловчи шарқий томдан ўтиб, жанубий томнинг ўртасигача келди ва шунда бир оз тўхтаб олгандан сўнг ҳовли томонни бўғотига қараб сурила бошлади. Бўғот лабига етгач, бошини жуда ҳам қуйи қилиб ҳовлига мўралади: тун обдан қоронғи бўлса ҳам ҳовлидаги қора кўлагалардан баъзи нарсаларни белгилаш мумкин эди: тўғридаги пахса девор остида қора бир сигир боғланиб турмокда, ҳовли ўртасидаги зўр ёғоч катда биров ухлаб ётмокда; булардан бошқа, саҳннинг турли жойларида қора-қура нарсалар кўриниб кўзга чалинмокда. Бўғот ёнидан мўраловчи буларни кўздан кечирар экан, гўё ўз ёнида бировнинг товушланганини эшитгандек бўлди... Товушланиш қуйидаги бинодан келар эди: кимдир хуруллаган товуш чиқариб ухлар эди, шундан сўнг эмакловчи яна эмаклаган ҳолда орқасига қайтди.
Қуйидаги кўлага ҳануз бўғот остида сўррайиб турар эди.
— Зуҳуров! — деди шивирлаб томдаги.
— Мен...
— Милтиқни менга узатинг.
Милтиқ узатилди.
— Арқоннинг бир учини менга ташланг!
Арқонни учи ташланди.
— Арқонни ушлаб, юқорига!
Зуҳуров эпчил эмас эди. Тўйчибоевга кўп машаққат бериб, базўр бўғот олдига ўлтириб олди. Буёкдан хотиржам бўлган Тўйчибоев устидаги қора тужуркасини ўлтирган кўйи ешиб ташлади ва оёғидаги этикни ҳам икки ҳаракатда ешиб қўйди.
Зуҳуров бир нарса англамас эди. Кечалик «овга» янги чиққан ёш ўғридек кўнгли турли ташвишлар билан тўла эди.
Тўйчибоев ечилган тужуркасини кавлаб гугурт олди. Унинг тамаки чекиш учун гугурт ёқишидан қўрққан Зуҳуров «бунда ёқманг», деб танбеҳ ясашга мажбур бўлди. Тўйчибоев гугурт ёқмаганидек, унга жавоб ҳам бериб ўтирмади.
— Сиз ана шу қорайиб кўринган тарновга эмаклаб боринг! — деди шивирлаб Тўйчибоев, — мен ҳовлига тушаман!
— Нима учун?
— Катда биров ухлайди... Мен унинг бетига гугурт ёқаман, сиз уни таний олишга ҳаракат қилингиз!
Зуҳуровнинг аъзосига зирқироқ кириб кетди.
— Нима учун бу?
— Таниб олиш учун, дедим-ку.
Зуҳуров, номус кучли, Тўйчибоев кўрсатган томонга қараб эмаклади.
Тўйчибоев шарқий томнинг девор бошланган жойига келиб, шундан қўрғонга тушишни мувофиқ кўрди. Чунки бу ернинг сархоки(Сархок — девор устига қўйиладиган серсомон лўмбоз.) йиқилганданми ёки қўрғон эгалари шундан томга чиқиб юрганданми, баҳарҳол устида ўлик тупроғи йўқ, ўзи пахсанинг бошқа жойларига қараганда пастроқ эди. Ўлик тупроқли бўлганда остига нураб товуш чиқариши мумкин ва бу Тўйчибоевга матлуб эмас эди.
Тўйчибоев қулайлик билан ўзини пастга олди. Бир оз катни куза
тиб тургандан сўнг бинолар ёни билан оғилхона, ошхона, уй ва энг охирида — бояги хуруллаган товуш эшитилаётган айвонга келди. Ёнига бешик қўйган бир эр ва бир хотин данг қотиб тўшакда ухлар эдилар. Бир оз тўхтаб айвоннинг нариги ёнига ўтди. Буниси дарвоза йўлаги эди. Йўлакка кириб дарвозагача борди. Қоронғида тимирскилаб занжирни топди. Таажжубланди, чунки занжир очиқ эди. Машаққатланиб томга чиқиб юрганига пушаймонланди.
Секин-секин ерни босиб ҳовли ўртасидаги катда ухловчи устига келди. Ухловчининг бош томонига ўтиб тикилди, аниқлаш мумкин эмас эди. Юқоридаги, бўғотдан мўралаб турувчига қўли билан «ҳозир бўл» ишорасини бериб, гугуртни олди. Қутичадан чўпни чиқара бошлаганда бўғот ёнидаги Зуҳуров бир нарса ишоратлар қила бошлади. Тўйчибоев унга қарамадими, ёки қараса ҳам унинг қўрқоқлигига таҳмил қилдими, баҳарҳол чўпни дорига суртиш учун тегизганда йўлак томондан дарвозанинг аста ғижирлагани эшитилди. ...Буни илгаридан сезиб турган Зуҳуров қўли билан «қоч, яширин», ишорасини бера-бера томнинг нариги томонига эмаклаб кетди. Тўйчибоев қўрғонга киши кирмакда эканини фаҳмлаган эди... Катдан четланиб кетишга вақт тополмади. Секин турган жойида чўкди, иккинчи ҳаракатда ўзини кат тагига олди. Шундан бир-икки сония ҳам вақт ўтмади, йўлак оғзида бир кўлага кўринди. Кўлага айвонга ўтиб қарагандан сўнг тўғри катга томон кела бошлади. Катнинг худди Тўйчибоев яширинган жойига келиб тўхтади. Тўйчибоев келгувчининг оёғларидан қучоқлаб олса мумкин эди.
— Солиҳ, Солиҳ! — деб шивирлади ва қўли билан ухловчининг манглайини туртди. — Солиҳ, Солиҳ!
Солиҳ чўчиб уйғонди, бир неча вақт кўзини очолмай турди.
— Мен, мен, Ҳамрабой.
Солиҳ бир оз уйқусини қочириб кўкдаги юлдузларга қаради.
— Вақт етдими?
— Етди, ҳулкарга қара.
— Қули?
— Қули шунда.
Солиҳ ўрнидан туриб ўтирди, устига кийимини илди ва шундаёқ этигини кия бошлади.
— Сиз чиқа беринг, мен ҳозир! — деди Солиҳ.
Кўлага шипиллаб йўлакка ўтди. У дарвозага етар-етмас Солиҳ катдан тушди.
Зуҳуров дарвоза теварагида бир неча кишиларнинг юрганларини, дарвоза ғижирлатганларини, катда сўзлашганларини аниқ-аниқ пайқаб ётди, Тўйчибоев тўғрисидаги англашилмовчилик яна унинг назарида ўн қат ортди. Дарвоза тевараги тинчиб, оёқ товушлари битгач, аста ётган жойидан бошини кўтарди ва эмаклаб бўғот ёнига келди, катга ва кат теварагига қаради. Катда биров ётадими, йўқми, буни ажратолмаса ҳам кат ёнида Тўйчибоевни кўролмаганидан сўнг саҳндаги ҳар бир қорани диққат билан кўздан кечириб чикди. Томга чиққанми, деб теварагига қаранди. Нарида Тўйчибоевнинг тужурка ва этигидан бошқа қора кўринмас эди... Бир неча вақт саҳнни таъқиб этиб тургандан сўнг ажаблана бошлади: осмонга ошдими, ерга кирдими, ёки... ёки, унинг ўзи айтганча, ёрдамчилари билан яна бир зараркунандалик сари қадам қўйдими?
Яна ўн дақиқа чамаси ўтгандан сўнг зерикди. Тўйчибоев тужурка-си турган жойга эмаклаб келди. Бунда тағин бир оз кутгандан сўнг ортиқ чидашга тоқати қолмади, этикни тужуркага ўраб ерга ташлади, милтиқнинг ўқини бўшатиб қўлига олди. Бир неча вақт ерга тушишга қулай ўрин излаб, боя Тўйчибоев қўрғонга тушган раҳнадан қулайроқ ўрнини тополмади. Бирмунча қийналиб ахирида ерга тушди, милтиқни янгидан ўқлаб бир оз илинжли ҳолда Тўйчибоевнинг кийимлари усти-да иккиланди: кийимларни олиб қайтайми ёки шу ерга ташлаб кета борайми, деган тараддудда эди. Ахири олиб қайтиш фикрига келди... Кийимни кўтариб йўлга тутттди.
Кўрғондан қирқ-эллик одим йироқлашган эди, яқин орадан тўппонча товушини эшитди. Яна ўн қадам босмасдан иккинчи, учинчи мартаба ўқ отилиб, Зуҳуровнинг қулоқлари тиккайди ва тўхтади... Кўнглига қўрқув аралаш таажжуб жойлашган эди. Яна ўқ отилди... Ўқ товуши олдиндан келмокда эди. Зуҳуров одимини тезлатди. Энди ора-чора қулоғига кишиларнинг олағовури ҳам кела бошлади. Олағовур келган томонни аниқлаш учун йўл увотида ўсган девпечак ёнида тўхтади. Шу ҳолда йўл ёқасидаги ғўза пайкалидан шатир-шутир ғўза тупларига тўқинган товушлар эшитилиб, девпечак орқали пайкалга мўралади: ғўзалар ичидан сузиб уч кўлага ошиқа-ошиқа шу томонга келмакда эди... Зуҳуров бир оз тараддуд ичида тургандан сўнг ўзини секин девпечак остига олди. Ғўза ичида сузувчилар бирин-бирин увот орқали йўлга чиқа бошладилар. Учинчиси ҳам йўл устида тўхтади.
Зуҳуров улардан бирисининг оғир-оғир тин олаётганлигини сезар эди.
— Изимизда одам бор экан! — деди бирови.
— Бор экан! — деди иккинчиси нафаси оғзига тиқилган ҳолда. — Меним оёғимга ўқ тегди, этигим қонга тўлди!
—- Сўзлашиб туриш вақти эмас, — деди учинчиси, — бундан силжиб қолайлик!
Ҳар уч кўлага Зуҳуров келган томонга қараб йўл солди. Улардан бириси оқсаб орқадан бормокда эди.
Зуҳуровнинг қалби қаттиқ тепиб нафаси оғзига тиқилиб келгандек бўлди. Яна шу ҳолда товушланди:
— Қочма, отиласан!
Ҳали ўн қадам ҳам босмаган кўлагалар бирдан йўл устида тўхталди, бироқ девпечак остида турган Зуҳуровни бирови ҳам кўролмади.
— Бизда асбоб йўқ, деб ўйладингми? — деди бирови ва қарс эттириб тўппончадан ўқ узди.
Девпечак ичидан ҳам қарсиллаган товуш чиқди. Кўлагадан бириси мукканча ерга йиқилди. Қолмиш икки кўлага икки томонга ажралиб олдинга югуриб кетди.
Зуҳуров милтикдан бўш гилзани чиқариб янги ўқни жойлагунча қочқинчилар кўздан йўқолдилар. Зуҳуров ўқлаган милтиқни қўлида ушлагани ҳолда нима учундир қалт-қалт титрар эди ва йигирма қадам нарида жон чекишиб ётувчига даҳшат билан қараб турар эди.
Девпечак ичидан яна ўқ узилди, бироқ буниси ҳадафсиз(Нишонсиз.) отилган ўқ эди. Зуҳуровнинг қалтираган бармоғи тепкига ихтиёрсиз тўқинган эди.
Зуҳуровнинг шанғиллаган қулоғи аллақанча оёқ товушларини эшитди. Кўз очиб юмгунчалик ўз теварагида ўнлаб кўлагаларни кўрди. Зуҳуров девпечак остидан чиқа бошлади. Кишилар йўл ўртасида хириллаб жон чекиша ётувчининг устига тикилдилар.
— Ким буни отди?
— Отилган ким ўзи?
— Ёппирай!
— Вой қудратингдан кетай!
Биров жон чекишувчининг юзига гугурт ёқиб тутди. Яна олағовур қўпти:
— Ҳамрабой-ку!
— Қулоқ!
— Ҳамрабойинг ҳўкиз ўғриси бўған экан-да!
— Колхознинг бедасига ўт қўйиш ҳунари ҳам бор десанг-чи!
— Ғўзани сувга бостиришга ҳам уста!
— Имонини ўгир(Имонни ўгириш — қазо қилаётган кишини мусулмон қавмида кетиши учун имонга келтирилади, яъни «Калимаи таййиба» айттирилади ёки тилга келмаса унинг ўрнига айтиб турилади.), Жонбой, оғзидан қони кепти!
Ҳангама ва кулги.
— Ким отган буни-а, боплапти-ку!
Тўдадан товуши дўриллаган аллаким овоз қўйиб чақирди:
— Зуҳуров, ўртоқ Зуҳуров!
Зуҳуров қўлида милтиғи билан ўртага келиб кирди.
— Мен... ўртоқ Тўйчибоев, сизми?
— Мен, мен...
Яна гугурт ёқилди, ҳамманинг кўзи Зуҳуровга тушди.
— Вой отангга раҳмат, Қурвон Зуҳуров!
— Мерган экансиз-ку Зуҳуров!
Зуҳуров олқишларға қулоқ солиб турмади, чунки унинг кўзи Тўйчибоевнинг қип-қизил қонга беланган ўнг қўлиға тушган эди.
— А, а, сизга ўқ тегдими, ўртоқ Тўйчибоев?!
Бошқалар ҳам ўз ичларидаги бу бегона ярадорга биринчи мартаба илтифот билан қарадилар. Тўйчибоев мажруҳ қўлини қурсоғи(Қурсоқ — қорин) тўғрисигача кўтариб, сўл қўли билан тўппончасини ушлаган ҳолда илжайиб турар эди.
— Сиз яхши шогирдсиз! — деди кулиб Тўйчибоев, — коммунистликка лойиқсиз.
Зуҳуровнинг қулоғиға мақтов кирмади. Қўлидағи милтиқни бировга бериб, ўзи Тўйчибоевнинг мажруҳ қўлини очиб қарай бошлади. Икки-уч томондан гугурт ёқилиб, ўрта обдан ёриди.
— Арзимайди, сал! — деди Тўйчибоев, — ўқ ўпиб ўтди!..

Зуҳуров дарвозани уч-тўрт карра тўхтаб қоққандан сўнг занжир очилиб, ичкаридан кўйлакчан, яланг оёқ биров чикди.
— Ким бу?
— Мен, Зуҳуров.
— Хуш келибсиз!
— Вақтсиз сизни бетинч қилганимиз учун кечирасиз, Холиқов, — деди Зуҳуров. — Гўёки... гўёки айтишларига қараганда қўрғонингизда қишлоқ учун зарарли ҳисобланған биров турар эмиш... Биз шу кишини текширгали...
Холиқов бошини қашиди, тараддудланди.
— Ким экан... оти нима?
— Солиҳ.
Холиқов чуқур сукутга борди... Бирор дақиқа чамаси Зуҳуровни куттирди.
— Ёнингиздаги ким? — деб сўради охирида.
— Ёнимдаги... ёнимдаги Солиҳнинг сизнинг қўрғонингизда турганлигига маълумот олган киши!
— Қоронғи кечада кишини тинчсиз қилишга ким унга ҳақ берган?
— Сизнинг хиёнатингиз! — деди заҳарханда билан Тўйчибоев ва Зуҳуровга мурожаат қилди:
— Сиз бу одам билан ҳозирча баҳслашиб турмангиз!
Шу сўзни айтиб сўл қўли билан тўппончасини қинидан чиқарди ва ичкарига кира берди. Зуҳуров ҳам милтиғини отишга ўнглаб Тўйчибоевни таъқиб этди. Холиқов дарвозанинг табақасига суянган ҳолда қолди.
Иккиси йўлакдан қўрғонга юзланмай туриб, қўрғон ташқарисида «тут, тут!» деган товушлар эшитилди. Олағовур кўтарилди... Иккиси орқага қайтишга мажбур бўлди.
Ташқаридан қўрғонни қуршаб олган колхозчилар деворлар ошиб, тушиб қочмоқчи бўлган Солиҳни тутиб келтирдилар.
— Қули қаерда? — деб сўради Солихдан Тўйчибоев.
Солиҳ жавоб бермади.
— Ўртоқ колхозчилар! — деди Тўйчибоев. Тонг ёришгунча қишлоқ шўроси идорасида сақлаб бериш учун Солиҳни ва Холиқовни сизларга омонат топширамиз!
Колхозчилар дарҳол иккисини қўлтиғлашиб олдилар.
— Меним нима гуноҳим бор? — деб ялворди Холиқов.
— Сиз ўз уйингиздан ўғриларга жой бергансиз! — деб кулди Тўйчибоев.
Халқ тарқала бошлади. Солиҳ ва Холиқовни етаклаб бораётган колхозчилардан: «Тўғри юр! Силтанма, қадамингни чаққон уз!» деган мағрур ва амирона ҳайқириқлар эшитилди.
Тун бўйи уйқусиз кечинган Тўйчибоев билан Зухуров индашмасдангина қўрғонга қайтиб борар эдилар. Кўп қон оққандан ёки тонг салқини тушганданми, баҳарҳол Тўйчибоев ўз вужудида бир увушиш, титроққа яқин бир қалтираш ҳис қилар эди.
Қишлоқ устидан кеча қоронғилиғи бир оз кўтарилиб, табиат қуюқ туман ичида каби гўзал кўринар эди. Теваракдан хўроз қичқирган товушлар эшитилиб, онда-сонда қуш сайроқлари ҳам қулоққа кирар эди.
Яқин ўртадаги бир эшак ҳиқ-ҳиқ-ҳиқиллаб тургандан сўнг жуда ҳам баҳайбат ҳанграб юборди. Бу ҳанграш билан аллақайси дарахтда ўлтуриб «чили-вили, чало-чилий» деган оҳангда сайраб ўлтурган жиблажибон сайроғи эшитилмас бўлди.
Шарқ уфқидан аста-аста қоронғулик кўтарилиб, ўрнига субҳи содиқ жойлашмокда эди.

Абдулла Қодирийдан