Facebook
Дардисар PDF Босма E-mail

Бир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ранжида эрдим. Мулла Абдусамад ҳакимким, ки бул замондаги аҳли хукамонинг пешвоси турур, ҳарчанд муолажа кўшушида ҳабби танакор,(Ҳабби танакор — бура билан ош содасининг биргаликдаги эритмаси (болалар тутқаноғида берилади).) ҳабби раммонлардин(Ҳабби раммон — анор пўстлоғининг кукуни (ич сурганда ва ички яраларни қотиришда ичилади).) истеъмол қилдирди, аммо чизи манфаат воқиъ бўлмади. Бул маъни ҳароратдан эрурму, деб бир неча кун агарчандики, тарки суннат эрди, амома истеъмол қилмай, боз дафъи ранж хусулға келмади. Волидангизким, фақирға бисёр меҳрибон эрур, ушбу ранж айёмларида кўб ташвиш чекиб, туркона адвиялардин(Адвия — дорилар.) муҳайё қилуб, алқисса ноилож фолбинга мурожаат қилғанида маълум бўлубдирким, бул маъни лаъини шаётин(Лаъини шаётин — лаънати шайтонлар.) ва асари инсу жиндур.
Ўшал адвиялар истеъмолида ранжнинг ташдиди(Ташдид — кучайиш зўрайиш.) важҳидин ҳам ушбу маънини фақир гумон қилған эрдим. Тафсирда келтурибдирларки, одамизодга уч хил қазо бордур. Аввалинчи нафси ҳарисдур(Нафси ҳарис — нафснинг ихтиёрига берилиш; очкўзлик.), иккиланчи шаётиндир(Нафси шаётин — шайтоннинг ихтиёрига берилиш; туйғуга берилиш.), учуланчи қазойи осмонийдир.(Қазойи осмоний — Оллоҳнинг иродаси, ҳукми.) Аммо учуланчи балодин бани одамга(Бани одам — одам авлоди.) нажот йўқ, дебдурлар.
Алқисса, фолбин дарҳол бир қора қўйнинг бошини пишириб етти қўшниға улашиб ва яна ўшал раиси гўсфанднинг(Раиси гўсфанд — қўчқор.) мағзи саридин(Мағзи сар — мия қатиғи.) чизи хомакини ранжиданинг миясига чапласин ва яна ўпкаси бирлан сотқоғлатилсин,(Сотҳоғлаш — жонлиқни садақа қилиш, қушноч беморнинг оғриётган аъзосига кўра янги атаб сўйилган жонлиқнинг (асосан қўй, эчки) ўша аъзосини олиб, беморнинг устида айлантириб дуо ўқийди, қонини беморнинг бўғинларига суртади, сўнгра у аъзосини итга беради. Шунинг билан гўё беморнинг дарди ўша жонлиққа ўтади. Товуқни эса тожисидан қон чиқариб, қонини беморнинг бўғинларига суртади, ўзини беморнинг устида айлантириб дуо ўқийди. Товуқ қушночга бериб юборилади.) деб таълимот берган эркан. Калла хариди учун фақирда чизи маблағ йўқ эрди, бисёр танглиқ воқиъ бўлди. Алқамбой маъракасидан кийган сурра пўшакни фурўхта борасида маслаҳат солғанимда волидангиз ҳайф кўрди.
Алқисса, билмоқ керакким, тангри таолонинг бир оти раззокдур,(Раззоҳ — ризқ берувчи.) чунончи, Сўфи Оллоёрда келтурибдирларким, байт:
Агар дарё тегида бўлса жойинг
Баҳона бирла еткурғай худойинг.
Ваҳолонки, аҳли куффор(Аҳли куффор — кофирлар.) ҳам ул парвардигорнинг иноятидин на-сибадордурлар. Чунончи ушбу рубъи маскундаким,(Рубъи маскун — одамлар яшаб турган ер, қуруқлик.) алҳол Ўзбакистон деб тасмия қилубдирлар, неча лак аҳли бедин умргузаронлиқ қилурлар ва яна ул қавми лоюфлихунлардин(Лоюфлихун — тўғри йўлдан адашганлар.) ҳар рўз ва ҳар шаб оташ ароба бирлан вакон-вакон сарупо бараҳна хурду калон бул жонибларга ази-мат қилуб ва андак фурсатларда хўраклик(Хўрак — овқат.) ва пўшаклик(Пўшак — кийим.) бўлуб даражот ба даражот ўшал мағриби заминда умргузаронлиқ қилғучи фарангилардек кўпас бўлуб кетар эрканлар. Ваҳоланки, биз калимагў аҳли мамлакатлар ул парвардигорнинг чизи марҳаматига як рўз ташна ва як рўз гурусна бо ин ҳама шукур ва зикри илоҳийга забонгўёлиқ қилурмиз.(Бир кун ташна, бир кун оч бўлишимизга қарамай Оллоҳнинг ёди билан машғулмиз.)
Алқисса, калла хариди борасида таҳайюрда(Таҳайюр — ҳайронлик.) қолуб ва яна кечлик таом важҳига чизи иссиғдин хўрак мавжуд бўлмай тангри таолоға зори ва тазарруъ қилуб, бағдаз хуфтан эру хотин кўзимиз уйқуға кетубдир. Моҳи тобон айни ба жониби мағриб мойил бўлуб, фақирнинг кўзим бир овози бирлан очилиб бошимнинг оғриғи андак дафъи бўлубдир. Алқисса, андак фурсат у ён-бу ёнға қулоқ осқанимда дарбоза жиҳатдин қоқилған товуш келур эрди: «Ушбу ним шаб фурсатида чақирғучи ким эркан ва яна жин ўюни бўлмасун» деб андак таҳаммул(Таҳаммул — сабр.) қилған эрдим, боз тақ-тақ овози муқаррар бўлди. Алқисса, кампирни бедор қилуб, азбаройи эҳтиёт учун, бо ҳамроҳи йўлакка чиқуб, эру хотин як овоз «ким», деб савол қилғанимизда, кўча тарафдин одам товши масмуъимиз бўлуб, бо ин ҳама фақир «Оятул-Курси»ни(«Оятул-курси» — «Бақара» сурасининг 254 ояти, жумладан қўрққан пайтда ҳам ўқилади.) дамида қилуб, дарбозани очуб, кўчада бир кишини кўриб, бемаҳал дарбоза қоқишнинг маъносидин савол қилғанимда, улуғлардин бирининг вафотидин хабар берди. Фақир ҳайрон булуб айтдимки: «Алқукми лиллоҳ,(Алҳукми лиллоҳ — ҳукм Оллохдан бўлади.) эрта бирлан жанозага борурмиз», — деб. Ул одам арз қилди: «Марҳум ўзи ўшал, наузанбиллоҳ, ҳақдин тонғанлардин эрди, аммо ботинда дини исломни дўст тутиб, қабзи руҳ(Қабзи руҳ — жон олиш.) асносида васият қилубдирким, «агарчандики маҳфий бўлса ҳам фақирни жаноза бирлан дафн қилингиз», деб. Алҳол мурдашўй марҳумнинг такфин қилур, жаноблари таҳорат олуб, дарҳол сари қадам(Сари ҳадам — оёқ устида, тезда.) жанозани ўқуб берсалар» деганида, камина бул маънига ижобат қилуб ва ул одамни таҳорат учун андак таваққуфга(Таваҳкуф — тўхтаб туриш, кутиш.) буюриб, бағдазон биргалашиб кетдим. Азбаройи адовати важҳидин ўшал маҳалланинг имомига ҳам хабар берилмаган эркан, токим ўзга улуғларнинг қулоғиға бу маънидин чизи хабар етмасун, деб. Узоқ-яқин қавми-қариндошларидин қарийб ўнбеш нафар одам ҳозир эрканлар, давра(Давра — марҳумнинг аёл қариндошлари (айрим жойларда эса фақат эркаклар) давра туриб, энг яқинлари эса тоқ ҳолда (3—5 тадан) унинг ичига — садрга тушиб ўлганнинг бирон кийимларини кийиб, фазилатларини марсия қилиб, айтиб йиғлаш (тескари ашула деб ҳам атала-ди). Садрга тушганлар айтиб йиғлашади, атрофдагилар аста қарса уриб, ҳай-ҳовҳа, деб жўр бўладилар. Бу одат фақат жаноза кунида қилинади.) ва исқот баъдида аларға амри маъруф, наҳй анлмункардин суҳан қилуб ва яна жанозанинг ҳар бир ислом фарзандига хоҳ маҳфий, хоҳ ошкор фарзлиғидин, аммо фарзи кифоянинг(Искрт — дафн пайтида, мозор тепасида одамларга бериладиган рўмолча, чорси ёки масжидга ҳадя қилинадиган гилам, ёки шолча ёки кўрпача. Илгарилари қўй, қорамол, от, шароитга қараб дон ҳам берилган.) агарчандики, як фарди адо қилса ҳам ўзгалар зиммасидин суқутини(Суҳут — соқит бўлиш, халос бўлиш.) баён қилдим. Ва лекин марҳумнинг ака-укаларининг жабҳасидин улуғлиқ ва яна истаршин десатнайлик ҳувайдо эрди. Эрта бирлан ўшал мансабдор партинайлар тушиб, муздакон(Муздакон — стакан.) бирлан закўнска(Закўнска — закуска, егулик.) қилуб, марҳумни кўмар эрканлар. Алқисса, бағдаз жаноза фақирнинг қўлимға чизи ҳадя бериб узатдилар. Фақир ҳавлига яқинлашқанимда атрофдин субҳ азони масмуъим бўлуб, мазкур ҳадяни моҳи тобонға(Моҳи тобон — ой.) солуб қараған эрдим, сариғ тамғалик ширвон маълум бўлди. Ул раззоқи меҳрибонга ҳазорон(Ҳазорон — минглаб.) шукурлар айтиб, уйга кирдим.

«Муштум» — 1925 йил, 21-сон.
Абдулла Қодирийдан