Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Миллий уйғониш даври»Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр
Facebook
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр PDF Босма E-mail

— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб оталар тўйға борадирлар... «Қорамол эгасига ўхшамаса ҳаром ўладир», «Аватига чавати, мисқозонга лой тувоқ!», Энг охирда: «Эшагига яраша тушови», — деб зор-зор, чун абри нав баҳор йиғлаған, ҳам «ҳув!» деб чўлу биёбонға чиқуб кеткан экан, бир бечора!..
Убайдилла хўжам билан Чайиб ичкин тўрам келдилар-да, елмай-югурмай, ўйламай-бўйламай; карнай-сурнай, жарт-журт остида «нашриёт ширкати» деган муаммони даранг-дурунг билан очуб ҳам юбордилар. Мақсад ва маслак унча-мунча эмас: катталиги ботмону даҳсар... Мақсадимиз китобсиз «зир» югурган элни ўз нашриётимиз билан думба-жигар қилишдир!.
— Вой, бўйингга қоқиндиқ!..
— Вой, сани ясаб ташлағандан айланай! — деб барчамиз ҳам нашриёт ширкатидан айланиб ўргулишдик.
— Ҳой, муаллим! Пишириб е дарсликларни, ҳой, ташлагани китоб, эплаб ол буларингни! — деб бир-бировимизни туртишдик. Аммо ҳеч бир иш бузуқининг эсига:
— Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр! — деган гап келма-ди...(Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр — бу мақол ҳали амалга ошмаган иш устидан мақтаниб юрма мазмунида айтилади.)

— Кўчага ташлаб қўйған пул, текин офтобға чиққан мушук, юк ташийман деган шалоқ арава... ана шундай ўнгу-терс сўзларга ҳар ким ишонса, ебдир номаъқул бузоқнинг гўштини, ичибдир Ибонўв бойнинг(Ивановбой «Тошкентда пива заводи қураман», деганда «Мусулмонлар пива ичишмайди, зиён қиласан» деб рус савдогарлари уни қайтаришган экан. Ивановбой биринчи бўлиб 1886 йил Тошкентда Ўқчи маҳалласидаги собиқ 6-пива заводини қуриб, Пиён бозоридаги дўконида пивани дастлаб бепул сота бошлабти. Эски шаҳарнинг чапани йигитлари ҳам текин пивага ўрганиб кўчаларда ичкилик ичишни бошлаб берган эканлар. Пиён бозорининг номи ҳам шундан қолган.) чиройлик қобоғиға кириб, бир дужина(Дюжина — ўн икки дона (бир хилдаги нарсалар ҳақида) бу ерда бир тўда маъносида.) пивасини!
— Ҳой, нимага?
— Ўл, нимага?!. Ҳой уйинг куйгур, кутиш деган бир ой бўладир, икки ой бўладир, наҳотки бир йилу-ўн икки ой бўлса?!.
Дуруст, «нашриёт ширкати» ўз хизматидаги бир неча бекасу-бечораларни яхшилаб боқуб келадир, айниқса буродаримиз нашриётка киргандан бери анчагина қорин ҳам солуб олди. Аммо... аммо... қиш билан ҳар куз семиртириб кўкламни кутиш фақирингизча деҳқоннинг иши, наинки бошқаларнинг!
Ўзимиз хунук, сўзимиз аччиғ, тилагимиз татти;(Тапипи — нордон) биноан алайҳи жазавамиз тутқандағи сўзларимиз маъзур қўрулғай...

Жулқунбой
«Муштум» — 1924 йил, 22-сон.
Абдулла Қодирийдан