Facebook
Қўрққан олдин мушт кўтарар PDF Босма E-mail

(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентябр сонида Жўра Алимов имзоси билан босилган. Фелетоннинг ёзилиши сабаблари ҳақида Ҳабибулла Қодирий ўз хотираларида ёзиб ўтади.)
Тошкент шаҳар Дарвозаи Самарқанд мавзеъи (Тошкент, Сталин районида) маданий оқартув ишларида олдинги бўлиши билан атрофдаги маҳаллалардан ажралар эди. Бироқ сўнгги йилларда бу мавзеъ гуруҳбозлик, безорилик ва шунинг сингари яна бирқанча бемаъниликлар манбаига айланди. Бу ерда Раҳимберди Худойбердиев исмлик беданабоз, Нуриддин Зокиров каби муттаҳам, Беркин Азизов, Карим Абдураҳмонов сингари безори ва Вали Усмонов кабилар мавзеънинг «катта»лари бўлиб олиб, хоҳлаганларича бўлмағурликларни қилиб келдилар. Улар порахўрлик ҳам қилдилар, жамоат мулкини ҳам барбод этдилар, шу атрофдаги колхозларнинг аъзолари орасида иғво тарқатиб, уларни бузулишга ҳам ундадилар.
Беданобоз Раҳимберди халкдан йиғилган 3 минг сўм оқчани еб қўйди. Нуриддин Зокиров «Иттифоқ» колхозининг 2 минг сўмини исроф қилди. Вали Усмонов бўлса ёрдам кассасининг 3100 сўм оқчасини совурди. Мавзеъдаги совет ходимларидан Шоусмон Шоқосимов, Абдулла Умаров, Карим Инъомов ва Шобилол Шоқосимов ўртоқлар ҳалиги ярамасларнинг хиёнатларини очишга киришдилар. Хиёнатчилардан баъзиларининг сирлари очилиб, ишлари терговгача бориб етди. Энди улар учун бу оғир аҳволдан қутулиш керак эди.
Узоқ ўйламай дардга илож ҳам топдилар. Бир кечаси йўлда Вали Усмоновга «босмачи» хуруж қилади. Лўттибозлар илгаридан белгиланиб қўйилган планга кўра «шилиб кетган» босмачилар қилиб, Шоусмон ва Шобилол Шоқосимов, Абдулла Умаров ҳам Карим Инъомовларни кўрсатди. Шу «босмачилик» айби билан юқоридаги ўртоқлар қамоққа олиниб, беш ой ётдилар. Ярамаслар яна лўттибозликни учига чиқарабердилар, уларнинг ўғрилиғи, порахўрлиги ва ҳоказо ярамас-ликлари борган сари орта борди. Қизиғи шундаки, уларга қарши бирон киши ҳам индамади, бирон идора ҳам ишларини суруштирмади. Ўғрилар эса бахузур «иш»ни давом этдира бердилар.
Шу йил 15-нчи сентябрда Ўзбекистон Олий судининг сайёр ҳайъати Дарвозаи Самарқанд мавзеъида ҳалиги «босмачилар»нинг ишини кўрди. Суд етти кун давом этди. Ўттиз бир гувоҳ сўралди, суд золида минглаб халқ бўлди. Суд натижасида материаллар ҳалиги найрангбозлар томонидан уйдирилган бўҳтон эканлиги аниқланди. Суд «айбдорлар»ни оқлади.
Суд ҳукмидан тамом рози бўлган мажлисда ҳозир бўлган халқ, «даъвогарлар»ни қаттиқ масъулиятга тортилишини сўради. Дарвозаи Самарқанд меҳнаткашлари хиёнатлари очилган фирибгарларни дарров масъулиятга тортилишини талаб этади:

Жўра Алимов.
Абдулла Қодирийдан