Facebook
Қурбонлиқ ўғрилари PDF Босма E-mail

Кичкина хангама
— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан қалайсиз ҳожи?
— Ҳайронман бой, ҳайит харжилари ҳам кўпайиб кетди.
— Қилиш керак, қилиш! Худонинг ўзи етказадир. Сиз билан ман энди, қилмасақ бўлмас.
— Шуниси ҳам бор... алҳамдулиллоҳ, сиз ва бизнинг давлат тўғрисидан камчилигимиз йўқ. Қора молға қўшулсақ мумкин?(Қурбонлик қилувчи ҳар бир киши ўзига қўй сўймай етти киши бир бўлиб битта қорамол сўйиши мумкин. Албатта бунда бойга арзон тушади.)
— Шериклик ошни ит ичмас, қурбонлиқнинг энг яхшиси қўй! Қўй сўяберинг, ҳожи! Ўзингизда боқилған бўрдоқилардан бордир, албатта?
— Бор, уч-тўртта бор.
— Ана шулардан биттасини кўттариб уринг, қўйинг!
— Бултур имлама қилған эдик. Энди бу йил маҳаллада оч-ориқ кўб, имламага ҳам қараб турмаслар...
— Этканингиздек, ман ҳам маҳалладаги оч-ориқлардан жуда тўйдим, ўзлари сўрамасалар ҳам ёш болаларидан сўратуб уй ичимизни безор қилдилар. Яхшиси шуки, «имлама» ҳам қилуб ўлтурманг-ку, энг осони «димлама» қилинг, димлама хо-хо-хо...
— Ҳи-ҳи-ҳи... «димлама»нгиз ҳам қулоғимға иссиғ, иссиғ киради-я, бироқ шартига тўғри бўлмасмикан дейман...
— Қурбонлиқнинг шарти қон чиқариш, бундан бошқа шарти йўқ. Марҳум домла ҳам қилған қурбонлиқларини ҳеч кимга бермай ўзлари пок-покиза тушурар эдилар.
— Ҳовва, марҳум домланинг садағалари кетсанг арзийдир. Лекин шундай ҳам бўлса кўнгил бўлмайдир...
— Сиз ман айткандек қилаберинг, савоби сизга, гуноҳи манга! Агар ҳимматингиз жўш уруб кетса бизга ўхшағанлардан бир-иккитасини чақириб дуойи-фотиҳа қилсангиз, тағин яхши, тузукми?
— Эй-й бизда жон(Жон — жонлиқ, туёқ.) бор дейсизми, бу йил сиз ҳам шундай қиларсиз бўлмаса?
— Эйй, сиз ёш боламисиз, ҳожи, бизнинг қурбонлиқ ҳар йили «димлама» ҳи-ҳи-ҳи...
Эшитдингизми, бу икки уйинг куйгурнинг қурбонлиғини!
Қурбонлиқнинг борлиқ ҳикмат ва фалсафаси айёми саҳарғи кунимиздаги оч оилаларни тўйдирмокдир ва Оллоҳ даргоҳида ийд кунлари оч ётқан оилаларни тўйдириш нияти билангина қилинған қурбонлар мақбулдир ва нин қурбон ҳам шунисидир.
Агар юқоридағи икки ўғрининг фикрида бўлсангиз, сизнинг ҳам уйингиз куйсун!

Жулқунбой
«Қизил байрок». 1922 йил, 4 август.
Абдулла Қодирийдан