Facebook
Наҳс босқан экан... PDF Босма E-mail

Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:
— Қани бир бахтимизни синаб қарайлиқ-чи, — дедим.
— Ранжми, ғойибми, ҳозирми? — деб сўради.
«Кўрнинг тилагани икки кўзи», «Кампирнинг дарди ғўзада» дегандек, маним ҳам ўйлаганим сизга ўхшаған «Чоти айри, боши юмолоқ» дардисарлар эмасми, шунинг учун мақсадимни онглатдим.
— Кимдансиз?
— Кимдан бўлар эдим, шу кўриб турганингиз этаксизлардан(Этаксиз — бетайин, тутуруқсиз).
— Яъни?
— Яъни, ўзбак.
— Истиқболимиз қалай экан, демакчисиз-да?
— Ҳа, шундай, садаға.
Кашмири қуръа тошларини йиғиб олиб рўмол устига чочди, тошларни еттига бўлиб етти жойға қўйди ва мулоҳаза билан сўзлай бош-лади:
— Халқингизнинг ошиғи олчи, пичоғингиз мой устида; халқингиз рост кўчани қўйиб паст кўчадан юрар экан, кўпларингиз эшакка тескари миниб чирманда чалар экансиз..(Қаёққа кетаётганингизни билмайсиз, лекин тантанабозликдан бўшамайсиз демоқчи муаллиф.) тўғрими?
— Тўғри, садаға, — дедим.
— Банданинг боши — Оллоҳнинг тоши, дейдирлар: бирингиз Абдулқафоъ валлоҳи азим(Абдулқафоъ — абдуқул, қофиъ — энса: марказнинг қули, яна улуғ тангрининг ўзи яхшироқ билади.), иккинчингиз — шоптоли қоқи дўст беданам, учунчингиз — Монийнинг ясаған сурати(Моний афсонавий хитой сураткаши, чизган суратлари тенгсиз гўзал, мумтоз адабиётда суратларига гўзалликни нисбат бериб муболаға қиладилар, муаллиф бу ерда одамлар Монийнинг суратидек чиройли, лекин улар тилсиз ички олами қалтироқ деб киноя қиляпти.), тўртинчингиз — бўйни ғавслар(Бўйни ғавс — бўйни йўғон, мансабдор.) учун лаганбардор; шаҳарларингиз хароба, қишлоқларингиз вайрона, халқингиз ақл-хушидан бегона, хотунларингиз шинни(Шиюш — ўта ақлли), катталарингиз нинни(Нинни — гўдак, ақлсиз), шунинг учун болаларингиз жинни, йигитларингиз юраксиз аҳмоқ, қизларингиз сочи узун-паҳмоқ, отларингиз эшак, эшакларингиз хўтук...!
— Каромат қиласиз, почча, дедим.
Кашмири давом қилди:
— Тошға қаранг, биродар, тошға: бу сўзларни ман сўзламайман, тош сўзлайдир, тошлар! Истиқболингиз куппа-кундузидек ёруқ, йигирма беш йил десаммикан, элли йил десаммикан, ҳар ҳолда муддат унча узоқ эмас, пичоғингиз мой устида кўринадир: Тўрт томонингиз қибла; халқингиз томға чиқуб «ҳалала ҳашту» ўйнағайлар(«Ҳалала ҳашту» — бир неча болалар доирада чўкка тушиб ўтириб «ҳалала ҳашту» деганда бошни ерга қўйилади, «кунжара кўпку» деганда қадни кўтарилади, болалар ўйини.). Мустамлакачилар «Том тепканга беш ёнғоқ — тепмаганга қўй қумалоқ!» деб маймун ўйнатқайлар... Истиқболингиз жуда ажиб: кўрганлар дармонда, кўрмаганлар армонда, йигитларингиз ҳез очқайлар, кўбларингиз табдили сурат(Табдили сурат — қиёфасини ўзгартириш) қилиб эшак, ҳўкуз ва маймунлашқайлар; уламоларингизнинг ишлари тағин ҳам қизиқ: бечоралар миядан ажралиб лозимларини салла қилғайлар ва кўча-кўйларда во дино во шариъато(Во дино ва шариъато — эй диним, эй шариъатим.), деб чопишуб юргайлар...
Пол шу ўрунға етканда ортиқ чидаб туролмай:
— Етар, садаға! — дедим. Кўнгил айнаб кўз ўнгларим қоронғиланиб кетди. Полнинг назрини ташладим-да, бошим оққан томонға калавлаб кетдим. Йўл-йўлакай кўзимга кўринган акалар энди шох чиқариб келмакда бўлған ҳўкузга ва гоҳо янги туғулған ҳўтукка ўхшаб кетар эдилар, уйимга кирар эканман:
Бизни тоза наҳс босқан экан, — деб бир ҳовуч совуқ сув ичиб юбордим...

Жулкунбой,
«Муштум» — 1923 йил, 4-сон.

Абдулла Қодирийдан