Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 28
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 28 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа


ФУРҚАТНИНГ “ФАСЛИ НАВБАҲОР ЎЛДИ”  ҒАЗАЛИ ТАҲЛИЛИ (Т. Абдукаримов)

9 синф ва  академик  лицейларнинг ҳозирги адабиёт дастури талабига кўра, Фурқат лирикаси ўрганилади. Шоир лирикасининг гўзал намуналаридан бири “Фасли  навбаҳор ўлди” ғазали бўлиб, уни  ўрганиш учун  бир соат ажратиш мумкин. Унинг  режаси қуйидагича бўлади:
Режа:
1.    Фурқатнинг ҳаёт йўлини қисқа такрорлаш, лирик шеърларини эслаш.
2.    “Фасли  навбаҳор ўлди” ғазали матни устида ишлаш:
а) ғазални ҳофиз Таваккал Қодиров ижросидаги матнини лентадан қўйиб эшиттириш;
б) шеърни ўқувчиларга ифодали ўқитиш, паузаларини изоҳлаш;
в) шеър матнидаги қийин сўзлар маъносини тушунтириш.
3.  Шеърнинг ғоявий  мазмуни ҳақида маълумот  бериш.
4. Шеърнинг бадиий хусусиятлари  (қофия, жонлантириш ва вазн) юзасидан суҳбат.
5. Суҳбатни якунлаш ва хулосалаш.
Режага кўра, дарс аввал ўтилган мавзу Фурқат ижоди ва унинг  ўзбек мумтоз адабиётида  тутган ўрни бўйича фикрлашдан бошланади. Бунда 1Х синф дарслигидаги савол ва топшириқлардан   фойдаланилади. Ўқувчилар жавоби хулосаланади.
Шундан кейин янги мавзу эълон қилинади. Кейин эса “Фасли  навбаҳор ўлди” ғазали асосида Т.Қодиров ижро этган ашулани            лентадан қўйиб эшиттирилади, кейин матнни 2-3 ўқувчига ўқитиб кўрилади, сўнгра матндаги тарихий сўзлар луғати устида иш олиб борилади.   Бу жараёнда хуррам-шод, яшнаган; абри найсон-баҳордаги булут, настаран – оқ гул, ёсуман -  ёйсуман, эгилган; савсан -  гулсафсар, зимистон -  қиш, субҳ – тонг пайти, гирибон – кийим ёқаси каби сўзлар ўқувчилар томонидан аниқланади, ўқитувчи томонидан изоҳланади.
Шундан сўнг, шеърнинг ўқилиши ҳамда паузалари устида иш олиб борилади. Бу жабҳада ўқитувчи қуйидагиларни  таъкидлайди:
Аруз вазнида ёзилган шеърларни ўқишда паузага алоҳида эътибор берилади. Масалан:

Фасли навбаҳор ўлди,// кечибон зимистонлар,//
Дўстлар,//ғаниматдур,//сайр этинг гулистонлар//.
Субҳидам тушиб шабнам,// бўлди сабзалар хуррам//,
Гул уза томиб кам-кам,// ёғди  абри найсонлар//.

Биринчи, учинчи, тўртинчи мисралар икки паузадан, иккинчи мисра эса уч паузадан иборат, яъни 1, 3, 4-мисралардаги 1, 2-паузалар 7 бўғиндан (2=7+7), иккинчи мисра уч  паузадан иборат бўлиб, биринчи пауза 2, иккинчи пауза 4, учинчи пауза 7 (3=2+4+7) бўғин ёки   ҳижодан иборат.
Ўқитувчи ифодали ўқишдаги бу қоидаларни ўқувчиларга тушунтиргач, шеърни қоидага риоя қилиб ўзи  ўқийди, бир неча ўқувчига  ўқитади. Натижада асарнинг   мазмуни  ўқувчиларга ўзлашиб боради.
Ана шундан сўнг, ўқитувчи ушбу асарнинг ғоявий мазмуни билан қуйидагича   таништиради:
Муқимий ва Фурқат хассос шоир бўлганлар, улар ватан          табиатини, хусусан, баҳор фаслини севганлар; табиатнинг  гўзал манзараси бу икки шоирга илҳом, завқ-шавқ бағишлайди.
Бу фаслда Фарғона водийси гул боққа айланади, Ўзбекистон чаманларга   кўмилади, лекин бу ўлканинг ажнабийлар қўлида эканидан шоирлар афсусланадилар. Ўлкада тенгсизлик ҳукм суради. Уларнинг кўз ўнгида аввало баҳор гўзаллиги гавдаланса, иккинчи томондан халқнинг оҳу фарёди, алам-дарди намоён  бўлади. Дейиш мумкинки, улар Туркистонни мустақил кўриш  орзуси билан яшайдилар. Бундай қарама-қаршилик   Фурқат ижодига кучли таъсир этади ва бу зиддиятни ўз ижодида акс эттиради:
Фасли навбаҳор ўлди,  кечибон зимистонлар,
Дўстлар, ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар.
Субҳидам тушиб шабнам,  бўлди сабзалар хуррам,
Гул уза томиб кам-кам,  ёғди  абри найсонлар.
Шоир баҳор гўзаллигидан мамнун бўлади, халқни бу гўзалликдан  баҳраманд бўлишга  чақиради:
Куймасун бу водийда  не учун  димоғимким,
Ранжу ғуссада  доно, кечса шод нодонлар.
Бу сатрларда нодонларнинг шодлиги, доноларнинг ўша даврдаги қайғу аламга дучорлигидан шоир қайғурмоқда.
Ўқитувчи мазкур шеърни  таҳлил қилаётганда, унинг қофиясига ҳам эътибор бери ши, ғазал мисралари охирида келган қофиялар билан бирга, ички қофиялар ҳам мавжудлигини тушунтириши лозим. Байтдаги “зимистонлар”  билан “гулистонлар”, “найсонлар” билан “сронлар” сўзлари қофиядошдир. Лекин юқоридаги байтда  ички қофия  ҳам бор. Масалан, шабнам кам-кам, юзни-кўзни сўзлари   ички қофиядир. Бундай ички қофиялар шеър мазмунининг бўртиб туриши, мисраларнинг  оҳангдор бўлишини таъминлайди.
Шоир шеърнинг гўзаллигини, таъсирчанлигини ошириш учун ажойиб бадиий воситалардан фойдаланади. У дастлаб гўзал жонлантириш яратади. Бу жонлантириш шеърга бадиий латофат, мусиқийлик бағишлайди. Шеър мисраларидаги “сабзалар”, “настаран”, “наргис”, “хуррам”, “ювиб юзни”, “очибон кўзни интизори ёронлар” сингари сўз ва бирикмалар орқали кўкаламзор ва гуллар жонлантирилади.
Шунингдек,     шоир булбул, ғунча ва гулнинг ажойиб образларини яратади:
Булбул  ўқиғоч йиғлаб субҳидам хазон фаслин,
Ғунча қон ютуб, юз чок этди гул гирибонлар.
Бундай мажозий маънолар шоирнинг юксак маҳоратидан дарак беради.
Ўқитувчи шеърнинг вазни хусусида ҳам маълумот беради. Фурқат бу ғазални  арузнинг ҳажаз мусамман  аштар  вазнида ёзганлигини таъкидлайди, вазн схемасини доскага ёзиб кўрсатади:   – v – v – – –
–    v – v – – –
Фоилун мафоилун, фоилун мафоилун эканлигини уқтирди. Шундан сўнг, ўқитувчи шеърнинг бир-икки мисрасини вазнга уйғунлаштириб таҳлил намунасини кўрсатади. Уйга  вазифа қилиб, шеърнинг икки  байтини вазнга мувофиқ таҳлил қилишни топширади.
Шуни таъкидлаш жоизки, шеър матни устида ишлаш жараёнида ўқитувчи  ўқувчиларни кўпроқ жалб этмоғи лозим. Бу эса янги  педагогик технологиянинг  бугунги  кундаги талабларидан биридир.