Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 24
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 24 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа


ФУРҚАТ ШЕЪРЛАРИНИНГ ВАЗН ХУСУСИЯТЛАРИНИ ЎРГАНИШ (Р. Тожибоев)

Қўқон адабий муҳитининг энг таниқли намояндаларидан бўлган машҳур шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1859-1909)нинг ижодини кенг ва чуқур ўрганиш ҳар бир ўқувчининг вазифаси бўлмоғи лозим деб ўйлаймиз. Чунки Фурқат ўткир истеъдоди билан халқимиз орасида кенг шуҳрат қозонган атоқли ўзбек шоирларидан биридир.
Мустақиллик йилларида шоир ижодини умумий ўрта таълим мактабларида ўрганишга катта эътибор берилмоқда. “Умумий ўрта таълим мактаблари учун адабиёт фанидан Дастур”да Фурқат ижодини IX синфда ўрганиш кўрсатилган. Дастурга асосан 9-синф учун чиқарилган дарслик-мажмуа(Тошкент, 2006; муаллифлар: Қ.Йўлдошев, В.Қодиров, Ж.Йўлдошбеков)да Фурқатнинг бешта ғазали, биттадан мухаммас ва  мусаддаси берилган. Мазкур шеърларнинг ғоявий-бадиий хусусиятларини тўлақонли ўрганишда уларнинг вазнларига хос бўлган жиҳатларни ҳам эътиборга олиш зарур. Чунки адабиёт фанидан Давлат таълим стандартларига шарҳларда уқтирилишича, “Умумий ўрта мактаб битирувчиси ... мумтоз бадиий асарлардаги шеър санъатлари, бадиий усуллар, қофия, радиф, вазн ўлчовлари сингари шаклий хусусиятларни фарқлай олиши ва шу асосда бадиий матнни таҳлил қила олиши; аруз вазни ва уларнинг ўлчовларини фарқлаши ҳамда бадиий асар талқинида қўллай олиши лозим“(Қаранг: “Умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандарти ва ўқув дастури. Она тили. Адабиёт. Ўзбек тили (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)”. 1999 йил, I-махсус сон, 148-154-бетлар).
Қуйида шоирнинг 9-синфда ўрганилиши кўзда тутилган шеърларининг вазн хусусиятларини кўриб чиқамиз:
I.    Фас-ли нав/-ба-ҳор ўл-ди/  ке-ти-бон/ зи-мис-тон-лар,
–    V   –  /  V    –     –  –  /   –   V   –  /  V    –      –    –
Дўс-т-лар/ ға-ни-мат-дир/  сай-рэ-тинг/ гу-лис-тон-лар.
–    V   –  /  V    –     –  –   /   –     V   –    /  V    –      –    –
Фо-и-лун / ма-фо-ий-лун /   фо-и-лун / ма-фо-ий-лун   
Демак, ушбу ғазал ҳазажи мусаммани аштар вазнида ёзилган.
II.    Ул қа-ро кўз кўз-ла-ри-га сур-ма бе-жо тор-та-дур,
–   V   –    –  / –   V   –   –  / –    V   –   –  / –    V    ~
Бал-ки ан-дин даҳ-рэ-ли ор-тиқ-ча ғав-ғо тор-та-дур.
–   V   –   –   / –    V   –   –  /  –   V    –    – /  –   V    ~
Фо-и-ло-тун  /  фо-и-ло-тун   /  фо-и-ло-тун   / фо-и-лон
Ғазал рамали мусаммани мақсур вазнида ёзилган. Аммо ғазалнинг 3-, 5-, 7-, 15-, 17-, 19-мисралари, яъни қофияланмайдиган айрим сатрлари рамали мусаммани маҳзуф вазнида яратилган бўлиб, рукнлари “фоилотун / фоилотун / фоилотун / фоилун” шаклидадир:
Вазн талабига кўра,  2-мисрадаги “даҳр эли” бирикмасида  васл қоидаси қўлланилади, яъни бу бирикмадаги икки сўз бири-бирига қушиб ўқилади. 6-байтдаги “ҳусн ила” бирикмасини ўқишда ҳам мазкур қоидани қўллаш керак бўлади. 5-байтдаги “бўй”, “боғнинг”, “боғбон”  сўзлари “бў-ўй”, “бо-ғ-нинг”,  “бо-ғ-бон” тарзида, яъни бир бўғин орттириб ўқиш талаб этилади. 6-байтдаги “ишқ” сўзи “иш-қ”, 7-байтдаги “ишқни”, “мушк” сўзлари “иш-қ-ни”, “муш-к”, 8-байтдаги “кажрафторнинг”, “айшни” сўзлари “каж-раф-то-р-нинг”, “ай-ш-ни” тарзида ўқилиши лозим.

III.      Сур-ма-дин кўз- / лар қа-ро қўл- / лар хи-но-дин / ло-ла-ранг,
–    V    –     –    /    –   V   –   –    /   –    V   –     –   /  –   V    –
Ғо-за-дин юз- / лар-да то-бу / ўс-ма-дин қош- / лар та-ранг.
–  V    –     –   /   –    V  –   –  /   –  V    –      –     /  –    V    –
Фо-и-ло-тун  /  фо-и-ло-тун   /  фо-и-ло-тун   / фо-и-лун
Демак, ушбу ғазал рамали мусаммани маҳзуф вазнида ёзилган. Аммо ғазалнинг 5-, 7-, 9- , 15- мисралари, яъни қофияланмайдиган айрим сатрлари рамали мусаммани мақсур вазнида яратилган бўлиб, рукнлари “фоилотун / фоилотун / фоилотун / фоилон” шаклидадир:
Бо-ри но-зик пан-жа-лар ол-тун у-зук-дин зе-б-нок...
–    V  –     –  /   –    V  –   –  /   –  V  –      –  /  – V    ~
Гав-ҳар ос-қон ҳал-қа-лар сий-мин та-но-ғу-ши-да банд...
–      V    –    –  /  –    V  –       –  /   –   V  –   –  /  –   V    ~
Ғам-за бир-ла ўл-ту-рур гаҳ жил-ва-лар бир-ла ю-рур...
–      V  –     – / –   V    –     –  /   –   V   –      –  /  – V    ~
Ул па-ри-ваш иш-қи-дин-ки тел-ба-дур-мен го-ҳ соғ...
–    V   –    –   /  –   V    –     – / –     V   –     –  /  –  V    ~
Аруз вазнида ёзилган деярли барча шеърларда мана шу каби ҳодиса учрашини таъкидлашни истардик. Чунки кўрсатилган мисралардаги охирги ҳижолар ўта чузиқ бўлиб, бу эса “фоилон” руқнини ҳосил қиляпти. Натижада вазннинг номида ўзгариш бўлмоқда. Аслида бу икки вазн – рамали мусаммани маҳзуф ва рамали мусаммани мақсур ўртасидаги фарқ деярли сезилмайди, чунки мисра охиридаги бўғин чўзиқ ҳижо бўлса ҳам, ўта чўзиқ ҳижо бўлса ҳам, барибир бошқа чўзиқ хижоларга қараганда чўзиқроқ талаффуз этилади. Лекин вазнни номлашда маҳзуф руқни билан мақсур  рукнини бир-биридан фарқлаш лозим.
Вазн талабига кўра 2-байтдаги “рўймол” сўзини “рў-йи-мол”, 3-байтдаги “зебнок” сўзини “зе-б-нок”, 6-байтдаги “шўх-шанг” сўзини “шў-хи-шанг”, 7-байтдаги            “менга” сўзини “ме-нга”, 8-байтдаги “гоҳ” сўзини “го-ҳи”, 9-байтдаги “жаврларким” сўзини “жав-ри-лар-ким” тарзида ўқиш керак бўлади. 2-байтдаги “кўйлак узра” бирикмасини эса “кўй-ла-куз-ра” шаклида ўқиш лозим. Шунингдек, 3-байтдаги “гавҳар осқон”, 9-байтдаги “Фурқат ул” бирикмаларини  ўқишда ҳам “васл” қоидасини қўллаш лозим.
IV.    Биз ис-тиғ-но   э - ли қич - қир-ма-ғон маъ-во - ға бор-мас-миз,
V   –    –    – /  V   –     –     –   /  V   –      –     – / V    –      –      –                А-гар чан-ди-ки хир-ман ай-ла-са дун - ё - ға бор-мас-миз.
V  –    –     –  / V   –     –     –/  V   –  –     –  /  V  –     –     –                    Ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун
Ғазал ҳазажи мусаммани солим вазнида ёзилган.
Бу ғазални ифодали ўқишда ҳам вазн талабаларига риоя қилиш керак бўлади.
1-байтдаги “биз истиғно” сўзини “би-зис-тиғ-но”, 2-байтдаги “зоҳир этса” бирикмасини “зо-ҳи-рэт-са”,  “мавж уран” бирикмасини “мав-жу-ран”, 4-байтдаги “халқ аро” бирикмасини “хал-қа-ро”, 6-байтдаги “биз эллар”, “фақр элимиз” бирикмалари “би-зэл-лар”, “фақ-рэ-ли-миз” шаклида ўқиш лозим. Буни васл қоидаси талаб этади.

V.     Ки-ши ҳо-лим-/ ни бил-мас меҳ-/ ри - бо - ни-дин / а-даш-ган-ман,
V   –    –    –  /  V   –   –   –  / V    –    –     –  /  V  –     –     –
Ва-тан  о-во-/ ра – дур-ман дў/-с-то-ни-дин / а-даш-ган-ман.
V   –    –     –  /  V   –     –     –/   V   –  –     –  / V  –     –     –                    Ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун
Мухаммас ҳазажи мусаммани солим вазнида ёзилган.
Бу мухаммасда ҳам вазн талабига кўра 1-банддаги “дўстонидин” сўзини “дў-си-то-ни-дин” шаклида, 2-банддаги “ғамнок” сўзини “ғам-но-ок” шаклида, “чок” сўзини “чо-ок” тарзида  ўқиш керак бўлади. Акс холда вазн оҳангдорлиги талабдагидек чиқмайди.
V.    Сай-динг қў-/ я-бер сай-ёд / сай-ё-ра / э-кан мен-дек,
–       –    V  / V  –     –    –  /   –   – V  / V   –     –     –
Ол до-ми-/ ни бўй-ни-дин / бе-чо-ра / э-кан мен-дек.
–    –    V  / V    –     –     –   /   –  –   V  / V   –     –     –           
Мафъ-ув-лу / ма-фо-ий-лун / мафъ-ув-лу / ма-фо-ий-лун.
Демак, бу мусаддас ҳазажи мусаммани ахраб    вазнида ёзилган. Шеърни ўқишда 7-, 14-, 19-22-, 25-28-, 31-мисраларда “васл” қоидасини қўллаш керак бўлади.
Умумий ўрта таълим мактаблари адабиёт дастуридан ўрин олган мумтоз шеъриятимиз нафосатини кўрсатувчи асосий омиллардан бири бўлган аруз вазнини ўрганиш давр талабидир. Шундай экан, мумтоз шеъриятимиз намуналарини ўқувчиларга  ўргатишда уларнинг вазн хусусиятларини эътибордан соқит қилмаслик ҳар бир адабиёт муаллимининг муҳим вазифасидир.