Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 13
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 13 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа

ФУРҚАТ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГ ГЕОГРАФИК ҚИРРАЛАРИ (М. Мўйдинов)

Ўзбек адабиёти тарихида ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошларидаги адабий ҳаракат муҳим ўрин тутади. Бу даврда Марказий Осиёнинг муҳим маданий марказлари - Қўқон, Бухоро, Хива, Тошкент, Каттақўрғон ва бошқа шаҳарларда кўплаб шоирлар ажойиб ижод намуналарини яратадилар.
Ўзбек демократик адабиётида маърифатпарварлик йўналишига асос солган ва бу йўналишнинг энг жўшқин куйчиси Фурқатдир. Мураккаб ва ўта зиддиятли даврда яшаб, ижод этган шоир Фурқат ҳаётида Қўқон адабий муҳитидаги Муқимий бошчилигидаги адабий гуруҳ катта рол ўйнайди. Шоирнинг 80 – йилларнинг бошларидан 1889 йилларгача бўлган Қўқондаги ҳаёти шоир дунёқарашини шакллантирди, ижодини камол топтирди. Фурқат ўз илмини ва бутун қобилиятини ҳалқ хизматига бағишлаб эркинлик, озодлик ва бахт куйини куйлаган маърифатпарвар шоирдир.
Ўзбек адабиёти тарихидан бизга маълумки, ёзувчилар орасида энг кўп саёҳат қилгани Осиё, Европа ва Африканинг кўп мамлакатларини ўз кўзи билан кўриб билган жаҳонгашта шоир Зокиржон Фурқатдир. Фарғона водийсининг кўп қишлоқ ва шаҳарларини кезиб, ахолининг турмуш тарзи, урф – одати, кундалик фаолияти ҳамда орзу - умидларини ўз асарларида  ифодалаган. Фурқат яшаган даврда ўта мураккаб, зиддиятли, ўзаро низолар авж олган эдики, бу ҳолатлар унинг ҳаётига, ижоди ва фаолиятига таъсир кўрсатди.
Фурқат ўша даврларда халқнинг оғир турмушини енгиллаштирадиган, амалдорларнинг зулмидан қутқарадиган ҳамда озод ва фаровон ҳаётга элтувчи йўл маърифат йўли эканлиги англаб этди ва бу йўлда тинмай меҳнат қилди ва курашди. Илм – маърифатни халқни озодликка олиб чиқувчи ёруғ машъал деб билди.
У Қўқонда яшаб турган даврида ҳукмрон доиралар орасидаги келишмовчиликлар, ўзаро низолар ва улардан меҳнаткаш халқнинг кўраётган жабр – зулмини ифодалаб “Туф” 
радифли шеърини яратади. Шоирнинг жўшқин ва исёнкор табиати яратган танқидий, ҳажвий шеър ва асарлари ўша замон ҳукмрон доираларига кўп ҳам ҳуш келмайди. Манбааларда қайд қилинишича 80 – йилларнинг охирларида Фурқат Марғилонга боради, у ерда бир неча вақт яшаб, адабий, ижодий ишлари билан шуғулланади, олимлар, шоирлар билан танишади, суҳбатлашади ва мушоиралар ўтказади.
1889 йилда Фурқат саёҳат қилиш мақсадида Марғилондан чиқиб Қўқон орқали Ҳўжандга келади. Бир неча вақт Ҳўжандда яшаганидан сўнг 1889 йилнинг июнь ойида Тошкентга келади, бу ерда қарийиб икки йил яшади. Бу ерда ҳам ҳақ сўзлари, танқидий асарлари учун таъқиб остига олинган маърифатпарпар ва тараққийпарвар шоир Фурқат ҳаёти таҳлика ва хавф остида қолган эди. Академик шоир Ғофур Ғулом Фурқатнинг Тошкентдаги ҳаёти тўғрисида ўз мулоҳазаларини шундай изоҳлаган эди: “Тарихдан шуниси аниқдирки, Фурқат отилмоқлиги ёки қамалмоқлиги турган гап эди. Ўз мудҳиш тақдирини англаган шоир қочишга мажбур бўлди”.  Ҳалқни ўйғотишга, тараққиётига ундовчи ҳақ сўзни ва инсоф – адолат  ҳимоячиси бўлган шоирни мустамлакачилар муҳити ҳам, унда лаганбардорлик билан кун кечираётган маҳаллий ҳокимлар муҳити ҳам сиғдирмайди. Натижада 1891 йилнинг май ойида Тошкентдан чиқиб Самарқандга боради. У вақтлар (1891 йилда) ҳали Ўрта Осиё темирйўли Тошкентга келиб етмагани учун Фурқат Самарқандгача от – аравада боришга мажбур бўлган. У ердан Закаспий темирйўли орқали Бухоро, Чоржўй, Ашхабоддан ўтиб, денгиз орқали Бокуга борган. Бокудаги маданий муҳитлар билан танишгандан кейин Тифлис (ҳозирги Тбилиси) орқали Ботум (ҳозирги Ботуми)га жўнаган (Боку – Тифлис – Ботум темирйўли 1883 йилда қурилиб бўлган эди). Ботумда пароходга тушган Фурқат Туркиянинг Қора денгиз бўйларини ва бу соҳиллардаги шаҳарларни (Трабзун, Самсун, Синопни) сайр этган. Босфор бўғозидан кириб Истамбулга тушган. У узоқ вақт Истамбулда турганини бир мактубида ўзи айтади:
Дегилким: - Эй Арастун замона,
Билурда набз ташхиси ягона:
Келибман олдидан меҳмонингизни,
Хўқандий, яъни Зокиржонингизни.
Юрубдур ўйнаб Истамбулда хушнуд,
Эрур аҳволи кундан кунга беҳбуд.
... Мижозиға мувофиқ Рум ҳавоси,              
Анингчун турмак ўлмиш истизоси. 
Фурқат Истамбулда турган маҳалларида яқин атрофдаги бирқанча шаҳарларга ва ўлкаларга ҳам сафар қилган. Унинг Булғористонда (ҳозирги Болгария) ва Юнонистонда (ҳозирги Грецияда) бўлганлиги асарларидан аниқ кўринади.
Фурқат шеърларига, асосан унинг жаҳонгашталик тақдирини кўз олдига келтирсак, тахминан унинг саёҳат маршрути қуйидаги нуқталардан иборат бўлган, деб ўйлаш мумкин.
Шоирнинг Юнонистон ва Булғориянинг қайси шаҳарларида бўлганлиги аниқ белгилаш қийин. Лекин унинг кейинги сафар манзилларини тахминлаш, умумий маршрутнинг асосий йўналишига қараб чамалаш мумкин. У Истамбулда Мармара денгизида вопур (пороходга) тушиб Дарданель (Чоноқ – қалъадан) ўтиб Оталар (Эгей) денгизига чиқади ва Шарққа қараб юрувчи пароходларнинг одатда тўхтайдиган манзилларини сайру томоша қилади. У Ўртаер денгизига чиқиб, Онатулининг Измир, Анталия, Мерсин шаҳарларини кўради, Искандарун (ҳозирги Искандрия)да тўхтайди. Ливан (Лубнон)нинг Байрут шаҳрида бир оз дам олади. У ердан Мисрга яқинлашиб Порт – Саидда тушади. Исмоилия, Қоҳира, Искандария, Ал – Мансураларни зиёрат қилиб қайтади. Сувайиш каналидан кечиб Қизил денгизда жанубга қараб юради. Йўлда Арабистон ярим оролининг,  аниқроғи Ҳижоз (ҳозирги Арабистон) ўлкасининг Жадда портига тушиб карвон билан Маккага боради (1892 йилнинг баҳорида). Кейин қайтиб яна пароход билан Қизил денгиздан Бобил – Мандаб бўғозидан Баҳри Уммон (ҳозирги Арабистон) денгизига чиқади(1892 йилнинг кузида), Аданни томоша қилади. Бу ердан тўғридан – тўғри Ҳиндистоннинг Бомбай шаҳрига келади.
Мен тарафдин сўрсангиз кайфияти ҳолат агар,
Қолмасин махфи кўнгулда айлайин наҳорлар.
Икки ойдурким, келибман Маккадан Бомбайдаман ,
Шодмен алҳамдулиллоҳ, кўрмадим озорлар. (“Бомбайдан хат”)                  
Фурқатнинг Ҳиндистонда қанча муддат турганини қатъий айтиш анча қийиндир. Аммо ҳар ҳолда унинг турли шаҳарларида бир қанча муддат туриб, кўп ҳодисаларнинг гувоҳи бўлганини унинг мақолаларидан биламиз. Жумладан, Кўҳисандиб (ҳозирги Цейлон ороли), Кашмир вилоятларида бўлади.   
Масалан: “Бомбайдан хат”нинг (“Фурқат шоир Бомбай шаҳридан Маҳмудхўжаға юборган назми ушбудир” деган сарлавҳа остида) “Туркистон вилоятининг газети”да 1893 йил 30 апрелда босилганини, инглиз мустамлакачи қўшинлари билан афғон қабилалари ўртасида бўлиб турган урушлар ҳақидаги хабари эса, ўша газетада 1897 йил 23 ноябрда эълон қилинганини ва бу хабар Ёркентдан юборилганлигини эътиборга олсак, Фурқат Ҳиндистонда тўрт йилдан ошиқ турганини айтишга тўғри келади. Шундан чиқдики, Фурқат Ҳиндистонга бормасдан олдин икки йилни (1891 – 1893 йиллар) Туркия ва Араб мамлакатларида ўтказган.
Фурқат Бомбайдан Деҳли, Мирут, Лоҳур, Гужранвало, Кашмир (Сринагар), Жамма орқали Чин (ҳозирги Хитой, 1893 йилнинг бошлари) тупроғига ўтиб Хўтанга ва у ердан Ёркентга борган. Фурқат Ёркентда Русия фуқароси сифатида ҳаёт кечирди. Ёркентда ҳам ўз маърифатпарварлик фаолиятини давом эттириб, Уйғур халқи ўртасида ҳам илм – маърифат тарқатиш борасида соҳасида қизғин кураш олиб борган. У бутун умри бўйи эзгу ниятлар билан яшаб, ўз орзуларига ета олмай 1909 йил Ёркент шаҳрида мухожирликда вафот этди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Фурқатнинг ўз ватанида, Фарғона водийсида яшаган даври 1870 йилларнинг ўрталаридан 1889 йилгача бўлган даврларни ўз ичига олади.
Бу даврда Фурқат асосан, лирик шоир сифатида ижод этади. Фурқатнинг Тошкентда яшаган даври 1889 – 1891 йилларни ўз ичига олади. Фурқатнинг ижодида бу давр маърифатпарварлик ғоялари билан характерлидир. 1891 – 1909 йиллар Фурқатнинг чет элларда яшаган давридаги ижодидир. Бу йиллар орасида Фурқат лирик ва маърифатпарвар шоир сифатида асарлар ёзишни давом эттиради. Унинг ижодида ватанпарварлик ғоялари асосий ўрин тутади.
Фурқат узоқ муддат чет элларда яшаган бўлса ҳам, ҳеч қачон ўз ватанини унутмади. У умрининг охиригача Қўқон, Тошкент, Андижон, Марғилон ва бошқа шаҳарлардаги дўстлари билан хат орқали алоқа қилиб туради; у “Туркистон вилоятининг газети” билан ҳам ўз алоқасини узмади. Унинг шеърлари, мақолалари, хабарлари бу газета саҳифаларида босилиб турди.