23 дан 29 сахифа
ФУРҚАТНИНГ ЎЗБЕК МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ ДАВРИ АДАБИЁТИ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ (Нурбой Жабборов)
Ўзбек миллий уйғониш адабиётини Зокиржон Фурқат ижодий меросидан айри тасаввур этиш маҳол. Бинобарин, ХIХ аср иккинчи ярмида миллий ўзликни англаш, истибдодга исён, эрк ва озодлик ғоялари дастлаб унинг асарларида бўй кўрсатди. Шоир юртнинг “куффор банди ичра сонсиз тугунда қолган”идан, “охиру-л-амр ҳукумат гулшани хазон бўлиб, булбуллар ўрнини зоғлар эгаллаган”идан изтироб чекди, бунинг боиси “сиёсати Рус” эканини баралла айтишга жасорат топди. Ватан ва миллат бошига келган бу оғир мусибатга муолажа излади. “Ҳамани эмди кўз тутгони бир Соҳибқирон бўлди”, дея умид ва нажотни истибдод гирдобидан олиб чиқишга қодир йўлбошчининг тарих саҳнасига чиқишида кўрди. Миллатнинг бошига давлат ҳумоси қайтажагига ишонди.Фақат бугина эмас. Шоир ўзи мансуб халқнинг замона аҳволидан огоҳ бўлмоғини, жаҳолат уйқусидан уйғонмоғини, маърифатдан баҳра олмоғини орзулади. Русия гимназияси ҳақида шеър ёзар экан, миллат болаларининг шу сингари замонавий таълим масканларида ўқишини истади. Виставкани, театрни васф этар экан, шундай маданий ҳодисаларсиз тараққий этиш имконсиз эканини англади ва англатмоққа уринди. Русиянинг ўша даврдаги фан-техника соҳасидаги ютуқларини тарғиб этар экан, уларга “ўз нафъимиз учун мулоҳаза қилсоқ лозим”лигига урғу берди. Аниқроқ айтганда, ҳар бир ишда Ватан ва миллат манфаатини устувор билди.Фурқат миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг “кўп ва хўб” ижод қилгани билан алоҳида ажралиб турувчи сиймоларидан. Мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларига мансуб қарийб ўн икки минг мисралик назмий мероси, “Аҳволот”, “Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий” сингари салмоқли насрий, “Тўй хусусида”,“Аза хусусида”, “Гап хусусида” каби этнографик, арузга оид “Илми шеърнинг қоидаи авзонини баёни” асарлари, ижтимоий-сиёсий мавзудаги публицистик мақолалари бунинг далилидир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланаётган дастхатлари Фурқатнинг моғир хаттот бўлганини кўрсатса, “Зубдату-л-ҳукамо” (“Ҳакимларнинг сараси”) дея шуҳрат қозонгани унинг фаолияти нечоғлик серқирра эканини, табобатда ҳам камолга эришганини тасдиқлайди.Шоирнинг хорижга кетиш ва юртга қайта олмаслик сабаблари шу пайтгача турлича талқин этилган. Бу ҳақда ҳеч қандай асоссиз, ҳужжат-далилсиз ҳар хил тахмину гумонлар ҳам билдирилган. Архив ҳужжатлари ва мавжуд манбалар тадқиқи Фурқатнинг чет элларга кетишининг икки сабаби бўлганини кўрсатади: 1) шоирнинг чор Россияси мустамлака сиёсатини очиқдан-очиқ қоралаб асарлар ёзгани; 2) Фурқат маърифатпарварлик фаолиятининг Ватан ва миллат манфаатларига асослангани. Русия мустабид сиёсати Туркистон халқлари ҳаётининг барча сиёсий, иқтисодий ва маънавий жабҳаларини бирдай исканжага олгани маълум. Табиийки, миллатпарвар зиёлилар, жумладан Фурқат ҳам бунга бефарқ қараган эмас. Ғафур Ғулом номидаги Қўқон Адабиёт музейи фондида 7050-рақами билан сақланаётган “Шарҳи рисолату-ш-шамсия ва аййана фийҳи-л-мантиқия” асари қўлёзмасининг ҳошиясига битилган “Муножоти мусаддас” асари бунинг ёрқин далилидир. 108 мисрадан иборат мазкур мусаддаснинг жорий имлодаги тўлиқ матни манбашунос А. Мадаминов томонидан тайёрланиб, доцент Р.Тожибоев сўзбошиси билан эълон қилинган. Яратганга илтижо, муножот руҳида битилган мусаддасда шоир бундай ёзади: Зулматни гирдбоди тегди, ҳуюнда қолдук, Тўфони ҳайрат, эйки, ғарқи жунунда қолдук, Ғафлат ила ўтуб умр, кулгу- ўйунда қолдук, Куффор банди ичра сонсиз тугунда қолдук, Раҳм айлағил, Худоё, бечора, хасталарга, Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга. Фурқат “Зулмат гирдбоди, қуюн, тўфони ҳайрат, ғарқи жунун” каби тимсоллар, “Куффор банди ичра сонсиз тугунда қолдук” образли тасвири воситасида рус мустамлака сиёсатининг моҳиятини бутунлай фош этади. Зеро, бу истибдод сиёсати миллат ҳаётининг барча жабҳаларини бирдай асоратга олгани, миллий истиқлолга, нурли истиқболга элтадиган барча йўлларнинг батамом тўсиб қўйилгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, “...рус маъмурияти қонунларни ўзи истаганча ўзгартириб, маҳаллий аҳолининг иқтисодий, ижтимоий, диний ва сиёсий эркинликларини нақ 50 йил давомида поймол этиб келган”и ҳам бунинг далилидир. Мусаддаснинг қуйидаги мисралари ҳам истибдод исканжасида қолган юрт тақдирига куйиниш ҳисси билан йўғрилган: Қозию муфти, аълам доим ҳазину маъюс, Дин посини тутай деб зиндони ҳамда маҳбус, Бечоралар на қилсун бўлса сиёсати Рус, Қўймайди бир тарафдин халқ ичра нангу номус, Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга, Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга. Ушбу мисраларда мустамлака сиёсатининг адолатсизликка, зулмга асослангани, ҳатто қози, муфти, аълам каби ҳуқуқ посбонларининг ўзлари ҳам ҳақсизлик гирдобида қолгани ифодаланган. Уларнинг “Дин посини тутай деб ҳам зиндонида маҳбус” бўлиши сабабини Фурқат очиқ-ойдин кўрсатиб ўтади: “Бечоралар на қилсун бўлса сиёсати Рус?!” Хўш, ўша пайтдаги Рус сиёсати нимага асосланган эди? Манбаларда бу ҳақда қуйидагича маълумот берилади: “...чор ҳукуматининг золим генераллари Туркистон ўлкасига қўйилғон “миссионер”, яъни дин бузувчи Остроумовларнинг таклифлари бўйича, Туркистон ўлкасининг халқини кўр каби истибдод қоронғусида қолдирмоқнинг маслаҳатида “русский-туземний” мактаблар очмоққа киришдилар. Мадраса вақфларини боний, вақф қилғувчиларнинг авлодларига буюриб бериб, сотиб емоқларига фармойиш қилиб, мусулмонларнинг жума намозларида подшонинг номини (хутбага) қўйиб ўқимоқ, “Қуръон”нинг “ва-л-мушрикин” деган жойларидан “мушрик” иборатларини чиқармоқ каби беҳуда ишларни амр қилдилар. Шаҳар ҳокимлари, қози ва амалдорлар ҳам мактабдорларни чақириб, оҳ подшонинг номини жами одамларга билдириб, масжидларда, намозларда дуо қилдириш, ҳатто мактаблардаги ёш болалар ўқийдиган Эшон Сўфи (Сўфи Оллоёр)нинг “Чаҳор китоб”и деган савод китобларидаги “азоби қабр кофирларгадир, чун кўрар гўрнинг азобин баъзи мўмин”дек бўлғон байтларини ва “кофир”, “мушрик” деган иборатларини йўқотиб, янги босиладирғон китоб ва “Қуръон”лардан юқорида айтилган калималарни чиқаришдек фармойишлар қилдилар. Мусулмонларни ниғоят эзиб, қисиб, ҳатто кўчадан пристуф ўтиб ҳолса, ё беихтиёр кўрмай қолғон ва ўрнидан турмаган мусулмонлар бўлса, қайтиб келиб уриб, қамар эдилар”. Шоир мусаддаснинг бошқа бир бандида истибдод исканжасида қолган юрт иқтисодиёти ҳам инқирозга юз тутганини, аҳли бозор накбатга қолиб, тижоратнинг касодга учраганини чуқур изтироб билан тасвирлайди: Уч йил бўлурки қолмиш накбатга аҳли бозор, Кўрмас тижоратидин кўп нафъ хайли тужжор, Аҳли ҳунарда ҳам йўқ чандоне равнақи кор, Йўқдур Ўзунгдин ўзга бир меҳрибону ҳамхор, Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга, Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга. “Уч йил бўлурки ҳолмиш накбатга аҳли бозор” мисраси асарнинг Қўқон хонлиги рус қўшинлари томонидан босиб олинганига уч йил бўлган пайтда, яъни 1879 йили ёзилганини кўрсатади. Фақат бугина эмас. Шоирнинг фикрича, маънавият бобида ҳам таназзул жараёни бошланган: “Заифалардин шарму ҳаё, ағниёлардин жуду сахо, бир-бирга ошнодин меҳру вафо йўқолган. Фақр аҳлидан қаноат, шайхдан риёзат, сўфидан ибодат тобора барҳам ўлган. Доно залилу нодон азиз бўлган. Элнинг феълу ҳўйи кетиб, гуфтугўйи фақат шикоят бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам эл куффор аҳли ичра ҳайрон бўлиб қолган, на ҳукм қилса дарҳол буйруғини олган, олиқ-солиқ бериб толган”. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, мустамлака маъмурияти узоқни кўзлаб иш тутган. Ўлкадаги энг эътиборли лавозимларга лаёқатсиз, жоқил, Фурқат таъбири билан айтганда, “На ҳукм қилса дарҳол буйруғини оладиган”лар қўйилган. “Рус мустамлакачилари ўзлари ишлаб чиққан “Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақида Низом”да шариат қозиларини сайлаш масаласига алоҳида эътибор бердилар, – дейилади “Ўзбекистоннинг янги тарихи”да, – Хонлар замонида саводхон ва ниғоят билимдон одамлар қозиликка тайинланган бўлса, рус маъмурларининг қонунига кўра, саводсиз кишилар ҳам бу лавозимга сайланиши мумкин бўлди”. Фурқат мазкур асарида бу ҳолни мана бундай образли тасвирлайди: Ҳар қайда сарфаёқлар қозишинос бўлди, Барпо қилурға фитна бекаму кост бўлди, Эл ичра қадр топти ким хушлибос бўлди, Зоти бек ўтмаганлар соҳибасос бўлди, Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга, Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга. Шоир бу аҳволдан қаттиқ изтиробга тушади. Ёлғиз паноҳи – Оллоҳга муножот қилади, ундангина нажот кутади: Биз Одам ўғли бўлсак, инсон иши хатодур, Ҳар шайъ аслисиға рожиъ бўлуб кетодур, Лутфу карамни сандин банда умид этодур, Фурқат қулинг – гунаҳкор, сан соҳиби атодур, Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга, Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга. Фурқат муножотида эса ўзи мансуб бўлган миллат дарди қаламга олинади. Шоир муножотларини, таъбир жоиз бўлса, ўз кечмишидан узоқлашаётган, шу боис сиёсий, моддий ва маънавий инқирозга юз тутган миллатга ўз қилмишлари оқибатини кўриши, хулоса чиқариши учун тутилган кўзгу деб аташ мумкин. Чор ҳукуматининг манфур босқинчилик сиёсатини бутун моҳияти билан фош қилиш, миллатни огоҳ этишга бўлган интилиш, мустабид сиёсатга, жабру зулмга, адолатсизликка бўлган нафрат Фурқатнинг бошқа асарларида ҳам акс этган. Жумладан, “Бўлди” радифли мухаммасида шоир бундай ёзади: Баҳор айёми ўтти, на гулу сарву суман қолди– Ки, булбул бирла қумри ўрнига зоғу заған қолди, На жоми марг ичмай лолаи хунинг, кафан қолди, Чаманлардин нишон ҳеч қолмади, илло тикан қолди, Зимистони ажални бодидин бори хазон бўлди. Баҳор — тараққиёт рамзи. Шоирнинг ёзишича, у ўтиб бўлган. Шунинг учун ҳам булбул бирла қумри ўрнини зоғу заған эгаллаган. Бу – юртни Русия забт этганига ишора. Ажал зимистони – истибдод тимсоли. У бор мавжудликни хазонга айлантирган. Бинобарин, истибдод боис миллий анъаналар топталиб, миллат бошига қора кунлар тушган, унинг ҳуқуқи, эрки поймол этилган. Шоир бу аҳвол сабабини аждодларнинг асрий анъаналари унутилгани, “Мусулмон халқимизнинг тўғри йўлдан адашиб, маъсият сори равон бўлгани, ато бирла ўғул ўртасида меҳру шафқат, ано бирла қиз орасида зарра ҳурмат, ағниёларда хайру саховат, фақиру бенаволарда сабру қаноат қолмагани” билан изоҳлайди. Кейинги изланишлар натижасида аниқлаганимиз – шоирнинг шу пайтгача маълум бўлмаган “Бегим” радифли дастхат шеъри ҳам бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Ғазал матни бир варақ фабрика қоғозига бинафшаранг сиёҳда шикаста аралаш настаълиҳ хатида кўчирилган. Варақнинг ўнг томонида матнни ўқишга халал бермайдиган доғ бор. Ушбу 17 байтли шеър 1889–1891 йилларда Фурқат Тошкентда яшаган даврда ёзилган. Дастхат Х1Х аср хаттотлик санъатининг нодир намунаси сифатида ҳам аҳамиятлидир. Унда байтлар муайян мутаносиблик асосида жойлашган. Яъни, байтлар сони юқоридан қуйига ҳамда ўнгдан чапга бир, икки, уч, тўрт, уч, икки, бир тартибида квадрат (мураббаъ) шаклида битилган. Мураббаънинг қайси тарафидан қараманг, айни тартиб амал қилади. Демак, фақат мазмундагина эмас, шаклда ҳам мукаммалликка эришилган. Шаклдаги ушбу мукаммалликни сақлаш учун шеърнинг сўнгги 17-байти ҳошияга кўчирилган. Қўлёзма Фурқатнинг юксак хаттотлик маҳорати намунаси сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ғазалдан олинган қуйидаги мисралар шоирнинг мустамлака сиёсатига бўлган муросасиз муносабатига далил бўла олади: Шўъбада изҳор этиб ногоҳ чархи ҳийласоз, Бошлади афсун ила макру даҳосидин, бегим. Ғунчаи давлатни гул янглиғ паришон айлади, Тундбоди ҳодисоти можаросидин, бегим. Охируламр ҳукумат гулшани бўлди хазон, Келди зоғу қолди булбуллар навосидин, бегим. Мазкур байтларда юртнинг тараққиёт қуёши сўниб, таназзул шоми бошлангани сўнгсиз ҳасрат билан ифодаланган. Зоғнинг макони эса – вайрона. Мустамлакадаги Туркистоннинг аянчли аҳволини Фурқатгача ҳеч қайси шоир бунчалик таъсирчан ифодалай олган эмас. Дастхат ҳошиясида “Камина Фурқат ва ҳожи Аъзам тарафидин чўх дуо ва саломлар вусулингиз ўлсун” сўзлари битилган. Савол туғилади: шеър кимга бағишланган? Фурқат ва ҳожи Аъзамнинг “чўх дуо ва саломлар”и йўлланган шахс ким? Ҳошиядаги қайддан буни аниқлаш имконсиз. Хўш, у ҳолда “бегим” дея ким улуғланмоқда? Унинг Фурқат ва ҳожи Аъзамга қандай алоқаси бор? Шоир мустамлака сиёсати билан боғлиқ изтиробларини ким билан бу қадар чин дилдан дардлашиши мумкин? Бу саволларга жавоб бериш учун, аввало, ушбу дастхат шеър матнига мурожаат этиш зарур. Хусусан, қуйидаги байт бу масалага ойдинлик киритиши мумкин: Шаҳ ҳаёти дуржида бир дур эдинг, бўлдунг ятим, Қадринг ошди даҳр атаб қўйғон баҳосидин, бегим. Бу сўзлар унинг шоҳ фарзанди эканини кўрсатади. Фурқат қайси шоҳ зурёди билан яқин муносабатда бўлгани, кимга “бегим” дея мурожаат этиши мумкинлиги таҳқиқ этилса, унинг Худоёрхон фарзанди Фансуруллобек экани маълум бўлади. Зеро, шоир “Сабоға хитоб” дея номланган шеърий мактубида ҳам Фансуруллобекка “бегим” дея мурожаат этган: Бегим, жоним, афандим Фансуруллоҳ, Зиҳи шаҳзодаи зу-л-иззау-л-жоҳ. На ман танҳо, улус шаҳзодасидур, Ҳама шаҳзодалар озодасидур. Қолаверса, Фурқат Тошкентда яшаган даврида Фансуруллобек билан жуда яқин муносабатда бўлган. Бу ҳақда профессор Ш. Юсуповнинг қуйидаги фикрлари, айниқса, диққатга сазовор: “Шеъриятга, шоирларга ихлоси баланд Фансурулло Фурқат Тошкентда яшаган йилларда 20-22 ёшлар орасидаги йигит эди. Ўзининг ҳамшаҳри бўлмиш забардаст шоир Тошкентда эканини билгач, табиийки, у билан танишиш, дўстлашиш, айниқса шеърият ҳақида суҳбатлашиш, ўз шеърий машқларини кўрсатиб, ундан маслаҳатлар олиш истаги тез орада Фансуруллобекни Фурқат билан яқинлаштиради. Фурқат Истанбулга бориши биланоқ энг яқин дўстлари қаторида Фансуруллобекни соғиниб, “Сабоға хитоб”нинг салмоқли бир қисмини унга бағишлайди. Иккинчи томондан, Фансуруллобекнинг қайнотаси Жўрабек додхоҳ ҳам Фурқат билан ғоят яқин муносабатларда эдики, қайнотасининг қорасувдаги катта боғида бўлган суҳбатларда ҳам у Фурқат билан бир неча бор учрашган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас”. Дастхат шеърнинг қуйидаги мисралари Фансуруллобекка отаси Худоёрхон вафоти, “Чархи ҳийласоз”нинг шундан кейинги “Макру даҳо”лари, зулму ситамлари муносабати билан ҳамдардлик йўсинида ёзилган: Одам ўғли йўқ эрурким, арсаи олам аро, Бўлмаса озурдадил даврон жафосидин, бегим. Кимса меҳр, ушбу жаҳондин, кўрдиким, Кўз тутқомиз – Бу жаҳон ичра жаҳон аҳли вафосидин, бегим? Манго қилғон зулмини кўргилки, уйла бор эдим, Сен киби шаҳзодани хайли гадосидин, бегим. Ушбу 17 байтли шеър шахсан Фансуруллобекка бағишланган бўлса-да, унинг теран мазмуни умуммиллий аҳамиятга эга. Шеър дуо мазмунида битилган қуйидаги байтлар билан якунланади: Жонсипору қадрдонлиғдин бежуз бир туҳфа йўқ, Ҳазратингга Фурқатий холис дуосидин, бегим: Сояи Тангри насиб этгай санинг бошингга ҳам, Зойил ўлмас бобақо давлат ҳумосидин, бегим. Кўринганидек, ғазалда шоир тахаллусидан кейин ҳам бир байт келган. Шайх Аҳмад Тарозий фикрича: “..Ул байтеким, тахаллусдин сўнгра айтурлар, икки навъ бўлур. Бириси улким, тахаллус байти маънода нотамом қолур. Бир байт бирла они тамом қилурлар, они мутаммиму-л-анҳос ўқурлар. Ва бир навъи улким, бовужудким, тахаллуси тамомдур, бир байт масал тариқи бирла келтурурлар, андин тахаллус байтиға рабт ҳосил бўлур, они робита дерлар”. Маълум бўладики, мазкур ғазалда тахаллусдан кейин келган байт биринчи турга мансуб. Бинобарин, тахаллус байтида маъно тугалланмаган. Кейинги байт (“Мутаммиму-л-анҳос”) ғазал мазмунига якун ясаган. Фурқат яшаган тарихий вазиятда, ўша ижтимоий муҳитда мазкур сўзларни битиш чинакам жасорат эди, Ватан ва миллатга фидойилик намунаси эди. Фурқат мураккаб ва зиддиятли даврда яшаб ижод қилди. Ўз асарлари орқали илмнинг, маърифатнинг беқиёс аҳамиятини алоҳида таъкидлади, илму маърифатга миллатни муқаррар таназзулдан қутқарувчи ягона восита, “Кўнгулларни сурури, кўрар кўзларни нури” деб қаради. Шоир чор истибдодининг фожеий оқибатларини фош этиш баробарида миллат фарзандларини ўша пайтда нисбатан илғор бўлган рус маданиятини ўрганишга, ундан ўз манфаатимиз йўлида фойдаланишга чақирди. Шоирнинг Ватан ва миллат манфаатига асосланган маърифатпарварлик фаолияти мустамлака маъмуриятига маъқул келмагани аниқ, иккинчи сабаби шу. Зокиржон Фурқатнинг юртга қайта олмаслиги ҳам, бизнингча, икки сабаб билан изоҳланиши мумкин: 1) шоирнинг чет элларда яратилган асарлари моҳият эътибори билан чор ҳукуматининг мустамлака сиёсатига зид экани; 2) Фурқатнинг шахс сифатидаги фазилатлари. Фурқат ҳаёти ва ижодининг энг самарали ўн саккиз йили хорижда кечди. Унинг чет элларга сафари саналарини энг сўнгги илмий изланишлар асосида қуйидагича белгилаш мумкин: Туркия-Юнонистон сафари 1891 йил сентябрь – 1892 йил 24 февралгача, Араб мамлакатларига сафари 1892 йил 24 февралидан шу йил августигача, Ҳиндистон-Тибет сафари 1892 йил августидан 1893 йил сентябрига қадар давом этган. 1893 йил сентябрида у Ёркентга боради ва умрининг охирига қадар бу шаҳарда турғун бўлиб қолади. Шоирнинг “Қасида” асари ҳам мутахассислар ўртасида баҳсу мунозарага сабаб бўлган. Асар ҳатто Фурқатнинг чор мустамлака сиёсати моҳиятини тушунмаганига далил этилган. Аслида ҳам шундайми? Асар матни устида олиб борилган изланишлар бунинг зиддини исботлайди. Яъни, Фурқат бу асарининг ҳам тагматнига чор истибдодининг асл қиёфасини фош этувчи мазмунни маҳорат билан сингдириб юборгани кузатилади. Жумладан, шоирнинг “Қасида”га ёзган сўзбоши-изоҳи унинг мазкур асарни ёзиш вақтидаги руҳий ҳолатини ҳис этиш имконини берувчи қуйидаги жумлалар билан бошланади: “Зимистони шабистонларким, сиёҳбахтлар рўзгоридек қаро ва соҳиби афкорлар андишаси янглиғ узун ва беинтиҳодур. Бу лайлату-д-дажода уйқу дуррожлари кўзлар ошёнасидин рамида қилиб, хаёл насойими ҳар тарафға варзида қилур эрди...”. қарангки, “оқподшоҳ”га бағишланган қасиданинг дебочаси қандай тасвир билан бошланмоқда: “Сиёҳбахтлар рўзгоридек қоп-қора, зимистон тун”. Бу тасвир мазкур дебоча давомида “Жўши баҳори рашки гулистони Эрам” дея таъриф этилган Фарғона мамлакати, “Бу роҳими тасвидотнинг асл шажараи вужуди... обу ҳавоси обёрлиғи бирла тарбият топмиш бўлғон” Хўқанд гулшанининг истибдод зулматида қолганига ишора эмасми? Ушбу сўзлар замирига худди шу моҳият сингдирилган, назаримизда. Акс ҳолда подшоҳ мақтовига оид қасида бундай дард-алам ифодаси бўлган сўзлар билан бошланмас эди. Қолаверса, ушбу изоҳ-сўзбошининг давоми янада чуқурроқ мулоҳаза юритишни тақозо этади: “Арбоби назардин умид улким, ушбу жаридаға мунсифона кўнгул бирла мутолаа ва мулоҳаза айлагайлар. Мабодо хотирлариға хутур қилмағойким, ушбу сўзлар хушомадгўйлиқ юзидин адо топқон бўлғай деб. Чунки мақсудимиз асли бошқа ерга реша чекмаклиги кўнглумиз ганжинасида мактум ва музмардур. Вассалом”. Шоирнинг бу асарга инсоф юзасидан баҳо беришни сўраб ёзган ушбу сўзларидан кейин ҳам у ҳақда юзаки мулоҳаза юритиш арбоби назар – олимлар учун муносиб бўлмаган ҳол. Бевосита асар матнига мурожаат этамиз. Маснавий Яратганга ҳамду сано билан бошланади: Жаҳонда ҳар наким этти — Худованди жаҳон этти, Қилиб қудратнамолиқ замину осмон этти . Камоли жуди ўн саккиз минг олам айлабон мавжуд, Мукаррам халқ этиб одамни, сунъини аён этти. Ҳама махлуқни, Борий, мутиъу зирдаст айлаб, Оларға Одам ўғлин чиредасту қаҳрамон этти. Ҳақиқий подшоҳеким, жаҳонни интизоми-чун Мажозий подшоҳларни жаҳонға ҳукмрон этти. Мазкур ҳамд-байтларнинг сўнггиси, айниқса, тагматнда ифода этилган мазмуннинг теранлиги билан ажралиб туради. Яъни шоир “оқподшоҳ”га қарата: “Сен вақтинчалик мажозий подшоҳсан, сенинг ҳукмронлигинг ҳам ўткинчи. Ҳақиқий подшоҳ эса Тангри таолодир. У хоҳлаган куни худди аввалги подшоҳлар каби сенинг ҳукмронлигингга ҳам чек қўйишга қодир” деган ҳақиқатни образлар воситасида айта олган. Кўриниб турибдики, Фурқат ҳатто зоҳиран “оқподшоҳ” мадҳига бағишлангандек таассурот қолдирадиган асарида ҳам йўлини топиб мустамлака сиёсатига бўлган нафратини ифода эта олган. Бу эса, ўз навбатида, асосий фикрларини мисралар тагматнида бериш унинг хориждаги давр ижодида ўзига хос услуб даражасига кўтарилганини кўрсатади. Фурқатнинг Ватанга қайтиш йўллари ёпиб қўйилиши сабабларидан яна бири унинг собит эътиҳод эгаси бўлгани, деб ҳисоблаш мумкин. Ўзбекистон Марказий Давлат архиви Н. Остроумов фондида сақланаётган ҳужжатлардан бирида Фурқат машқур “Гимназия” шеърини ёзган пайтда Тошкент Эрлар гимназиясида таълим олган Степанов деган кимсанинг Ёркентга бориб, шоир ҳақида мана бундай маълумот юборгани қайд этилган: “Муҳтарам Николай Петрович, – деб ёзади Степанов, – мен сизга ушбу хат билан Ёркентда кўришганим Зокиржоннинг шеърларини ҳам юборяпман. Очиғини айтганда, Зокиржоннинг шеърлари менга ёқмади. Мен Фурқатнинг самимийлигига мутлақо шубҳа билан қарайман. Тан олиш керакки, у жуда ақлли, истеъдодли ва бениҳоя ёқимли инсон. У табобат билан шуғулланади, ерда ишлашни ёқтиради. Менинг ўйлашимча, у Россияни мутлақо севмайди. (Таъкид бизники – Н.Ж.) Эътиқодда бениҳоя собит. Мен унга шеър ёзишдан ташқари, бизнинг сартларимизни қизиқтириши мумкин бўлган маҳаллий мавзулар: бу ернинг аҳолиси, урф-одатлари, саноати ҳақида ёзишни тавсия қилдим. Бу ердаги ақлга сиғмайдиган жаҳолат, шунингдек, рус зулмидан доимий равишда норози бўлган бизнинг Туркистон туземлилари фойдаланаётган қулайликларга алоҳида урғу беришни сўрадим” (Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви, фонд № 1009, 1-рўйхат, 135-иш, 42-43-бетлар). Степанов тўғри таъкидлаганидек, Фурқат мустамлакачиларни мутлақо севган эмас. Лекин, бу ерда масаланинг эътибор бериш зарур бўлган бошқа бир жиҳати бор. Мазкур ҳужжатнинг ўзиёқ кўрсатиб турибдики, Фурқат чор ҳукуматининг доимий назоратида бўлган. Унга ҳатто нималар ҳақида ёзиш ҳам тавсия этиб турилган. Степанов Туркистондаги чор маъмуриятига шоирдаги ўзи ёқтирмаган яна уч хусусият ҳақида ёзиб юборади: 1) унинг Россияга нисбатан самимийлигига шубҳа билан қараши; 2) Фурқат шеърлари унга маъқул келмагани; 3) шоирнинг мустаҳкам эътиқодли шахс экани. Бу сингари фактлар Фурқат ҳақида мунтазам равишда ана шундай маълумотларни тўплаб борган чор ҳукумати миллатпарвар шоирнинг она-юртга келишини мақсадга мувофиқ эмас деб топгани ва унинг Ватанга қайтиш йўлларини тақа-тақ ёпиб қўйгани ҳақидаги хулосага олиб келади. Шу ўринда муҳим бир масалага тўхталиш зарурати сезилади. Бу – Фурқат қарашлари миллий уйғониш ҳаракати намояндалари, миллатпарвар жадидлар томонидан давом эттирилгани масаласи. Бинобарин, Фурқат ва жадидлар қарашларида муайян изчиллик, давомийлик мавжудки, бу кўпдан тадқиқотчилар эътиборини тортмоқда. Бизнингча, Фурқат ва жадидлар қарашларидаги муштараклик қуйидаги масалаларда нисбатан аниқроқ кўзга ташланади: 1. Мустамлака сиёсатига нисбатан муросасизлик. Фурқатнинг юқорида таҳлил этилган “Муножоти мусаддас”и, “Бўлди” радифли мухаммаси, “Бегим” ғазали ва хорижда ёзган бир қанча асарлари, жадидларнинг эса бу борада наинки ижодий, ҳатто амалий фаолият билан шуғуллангани ушбу фикрни қувватлайди. 2. Замонавий илмларни эгаллашга тарғиб этиш, Оврупо таълим тизимини жорий қилиш орқали ривожланган миллатлар даражасига кўтарилиш орзуси. Бу ҳақда юқорида мухтасар тўхталинди. 3. Матбуот, театр каби ҳодисалардан миллатни уйғотишда минбар сифатида фойдаланиш. Фурқатнинг “Туркистон вилоятининг газети”да босилган асарлари, “Таржимон”, “Шўро” каби жадид матбуотининг нуфузли нашрларида шоир асарларининг эълон қилиниши, кейинчалик жадидлар томонидан нашр этилган миллий матбуот нашрлари бунинг ёрқин далилидир. 4. Миллатнинг тараққий этишига тўсиқ бўлаётган иллатларни кескин танқид этиш. Бундай иллатлар – ўзаро нифоқ ва низолар, илм-маърифатга эътиборсизлик, жаҳолат, илм-фан тараққиётидан ортда қолиш ва ҳ.к. Бу мулоҳазалар Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, ўзидан кейинги авлод ижодкорларга ҳам кучли таъсир кўрсата олган улуғ ижодкор, бутун салоҳиятини, иқтидорини Ватан ва миллат равнақи йўлига тиккан буюк сиймо экани ҳақидаги ҳаққоний илмий хулоса учун асос бўла олади. Фурқат изидан Ёркентга саёҳат Олимжон Ёқубов “Завқий жамғармаси” Маккаи Мукаррама, Бухорои Шариф, Хўқанди Латиф... Исми жисмига мос шаҳарлар қаторидан ўрин олишига сабабчи бўлган Хўқанди Латифнинг шоирлари, ёзувчилари, алломалари билан ўзбек халқи хар қанча фахрланса арзийди. Улар меросини ўрганиш, авлодларини излаб янги маълумотлар топиб кейинги авлодларга етказиш эзгу, саховатли ишлардандир.
Зокиржон Фурқат Ёркентда яшаб турганида ҳамшаҳри Муҳаммад Солиҳ ўғли Убайдулла Завқий (1853 – 1921) билан ўзаро соғинч билан ҳол – аҳвол сўраб шеърий мактублар ёзишгани шоирларнинг танланган асарларида тўла ёритилган. Завқийнинг суюкли қизларидан Зебунисонинг ўғли бўлмиш Ёқубжон – раҳматли дадамизнинг хотиралари буйича, катта дадалари Завқий вафот этар чоғларида катта бувилари Тожинисо аяга ҳовли – жойларни, қашқарлик хотинлари Хайруннисо ҳожи аяга эса бир шоҳи қийиққа тугилган китобларни мерос қилиб қолдиришни васият қилган эканлар. Хайруннисо ҳожи ая 1932 йилда ўғиллари Муҳаммад Амин ва қизлари Ҳанифахон билан она юрти бўлмиш Қашқарга ўтиб кетганлар. Завқий ўз фарзандлари, невара – чевараларига бундай меросдан ташқари шеър ва ғазалларида ифода этганидек ёру – дўстларига, қариндош – уруғларига бўлган меҳр – мухаббатни ҳам мерос қилиб қолдирганиданми ёки бир донишманд айтганидай дўстлик ҳам, душманлик ҳам мерос қолади деганиданми – ана шу меҳр – мухаббат, қариндошлик, биродарлик туйғуси мени кўпдан бери Қашқарга, Ёркентга боришга, Завқий ва Фурқатнинг авлодларини топиш ва у ердаги қадамжоларни зиёрат қилишга ундар эди. Вақти – соати келиб, насиб экан ўтган йил Фарғона вилоят Завқий жамғармасиниг йўлланмаси ва кўмагида бу орзуим амалга ошди. Қашқарга бориш осон кечди. Шаҳар сайил ва сайёҳат маркази раҳбари Азимжон Абдужабборов қисқа муддатда ХХР га боришга алоҳида виза очдириб бердилар. Ўзбекистон чегара пункти Андижон вилояти Дўстлик постидан декларацияни тўлдириб ёзиб Давлат чегарасидан ўтгач, Қирғизистоннинг Ўш шаҳри автошохбекатидан кеч соат 8:00 да автобусда йўлга чиқдим. Ҳамсафарлар кўплари машҳур Қорасув бозорида савдо қилувчи хитойлик ва уйғур савдогарлар экан. Автобусимиз узоқ йўл учун жихозланган, дам олиб кетишга кўрпа – ёстиқ, телевизор билан таъминланган эди. Ҳа, бу йўллар қадимда, яъни, эрамиздан аввалги йиллардаёқ қарор топган бўлиб, Шарқни Ғарб билан боғлаган асосий савдо йўли хисобланиб Қашқар, Фарғона водийси билан Сўғднинг маркази Самарқандгача борган, ундан Марвга қараб йўналган, ораси 750 км бўлган Андижон – Қашқар йўли бўлганлиги тарихдан маълум. Денгиз сатхидан 7000 метр баландликда бўлган, туркий номи Тангри тоғ – Тян Шан тизма тоғларидан ошиб ўтишнинг ўз машаққати бор Довон ошиб ўтилса, Хитой чегараси бошланади. Ёзнинг жазирама август ойи иссиғида бу довонда совуқ – изғирин бўлганидан довондагилар қалпоқ кийиб, фуфайкада юришибди. Кечаси билан автобусимиз тинмай юрди. Бу ерда булутлар осмонда эмас, атрофимизда сузиб ўтишмоқда. Кечаси юлдузлар шундай яқин ва ёрқинки атроф юлдузлар ёруғидан ойдин кечада юргандай бўласиз. Йўлнинг Қирғизистондаги Эргаштомгача бўлган қисмини хитойлик йўлсозлар таъмирламоқдалар. Эргаштом икки мамлакат: Қирғизистон ва Хитой чегара харбий қисмлари жойлашган водий – овул экан. Эргаштомга эрталаб соат саккизда кириб бордик. Иккала чегара ходимлари барча расмиятчиликларини ўтказишгач, соатларимизни Қашқар вақтига тўғрилаб, биз ниҳоят Хитой тупроғига кириб бордик. Тян – Шан тизма тоғлари этагидан пастга тушгач, соат 10 ларда бир қишлоқ марказида овқатланиш учун тўхтадик. Муъжазгина, камтарона хусусий ошхонада овқатландик. Уйғурлар туркий халқ бўлгани учун уйғур тили ўзбек тилига жуда яқин, бир – бирини таржимонсиз тушуниш мумкин. Уйғурларнинг энг тансиқ овқати – лағмонни тановул қилиб турганимизда бирдан ҳамма хўрандалар телевизор ахборотига қулоқ солиб жим бўлиб қолдилар. Уйғур телевидениеси бошловчиси кеча 5 август куни Урумчида нохуш воқеалар бўлгани учун барчани осойишталикка, эхтиёткорликка, огоҳ бўлишга чақирмоқда эди. Қашқарга автобусимиз кечки пайт кириб келди. Мехмонхонага жойлашиб дам олгач, эрталаб Ёркентга бориш учун автошоҳбекатга келдим. Бу ерда йўловчилар тирбанд, шаҳар ташқарисига автобуслар қатнови чекланган. Ноилож, хитойлик ва эру хотин уйғурлар бўлиб таксига ўтирдик. Шаҳардан чиқишдаёқ бизни текширув постларида тўхтатишди. Йўловчилардан мен чет эл сайёхи бўлганим учун шаҳар соқчилар бўлимига қайтаришди. У ерда ҳужжатларимни компютерга белгилаб обдан суриштиргач, узр сўраб бизга кетишга рухсат беришди. Қашқар – Ёркент ораси 220 кмли йўл бўлиб, Такла – макон чўлини кесиб ўтиб Ҳиндистон чегарасигача борар экан. Қадимда бу йўл Ўрта Осиёдан Шарқий Туркистонинг бошқа шаҳарларига бориладиган асосий карвон йўли бўлган. Ёркентдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Ёркентга кириб бордик. Замонавий, кўп қаватли, бир – бирига ўхшамайдиган бинолар, шарқона услубда қурилган мухташам иморатлар, бозорлари гавжум бир диёрга кириб келдик. Қўқонда ғазалнавис шоир Чархий (Асқарали Ҳамроалиев 1900 – 1979 йил) нинг қизлари Азизахон опа ёркентлик қариндошлари манзилини бергандилар Чархийнинг жиянлари бўлмиш Муҳаммад Собиржон хожи ота Ёркентда мени очиқ чехра, қариндошларча бағриларига босиб кутиб олдилар. Мехмонхонада қолишимга қуймай хонадонларига таклиф қилдилар. Ёзнинг ноз – неъмати билан тўла дастурхон устида қариндошлари, қадрдонларини сўрадилар. Эрталаб нонуштадан сўнг зиёратга отландик. Етмишга бориб қолган Муҳаммад Собиржон ҳожи ака билан маҳаллалар ичидан айланиб шаҳар қабристонига кириб келдик. Ҳожи аканинг оналари Марҳаматхон ая – Чархийнинг синглиси шу қабристонга қуйилган эканлар. Қабристонга киришдаёқ бизнинг Шоҳимардон тоғи тепасидаги Ҳазрат Али мақбарасига ўхшатиб қурилган салобатли мақбара кўзга ташланиб турибди. Шу онда кўзим мақбарадаю, ҳайратланганимдан бир зум тўхтаб қолдим. Бу ердаги қабристонлар бизникидан фарқли ўлароқ ғишт, бетон, мармар қопланмаган. Қабрлар асосан оддий тупроқ уюмидан, қолаверса хом ғиштдан қурилган бешик – сағаналардан иборат. Фурқатнинг хоки қабристондан олиниб мақбара ичига қуйилган. Мақбара 1993 йилда қуриб битказилган бўлиб. кираверишда мустаҳкам лавҳага араб имлосида Фурқатга уйғур халқининг юксак эҳтироми билдирилган. Зиёратдан сўнг Қуръон тиловати қилиб, боқий дунёга кетганлар руҳига дуолар қилдик. Ниҳоят Фурқат авлодлари билан кўришиш насиб этди. Собиржон хожи ака айтганларидек, Фурқатнинг ўғли Нодирхон ота 1983 йилда оламдан ўтган эканлар. Нодирхон отанинг қизлари Тўпинисохон 50 – 60 ёшларда бўлиб, мени самимий, қариндошларча кўтиб олдилар. Ўзбекона уйларига таклиф қилдилар. Дастурхон устида ўзимни таништирдим. Қўқондан келганимни, боболари Зокиржон Фурқатнинг Ўзбекистонимизда бағоят қадрлашимизни, фақатгина шаҳримизнинг ўзида эса марказий кўчалардан бири, сайлгох боғимиз унинг номи билан аталишини, Соҳибзода Ҳазрат мадрасаси хужрасида унга бағишланган музей мавжудлигини, яқин орада кенг миқёсида унинг таваллудига аталган катта анжуман ва тантаналар ўтказилишини, ҳамда эртага Қашқарда Завқий авлодларини ҳам топиб зиёрат килишим зарурлигини сўзлаб бердим. Тўпинисохон қизлари, ўғиллари: Нуригул, Мехригул, Паттигул, Турғунжон, Муҳаммаджонлар билан таништирдилар. Бу оила Ёркентнинг Саройкўл маҳалласида истиқомат қилар эканлар. Фурқат ҳам шу махаллада яшаб ўтган экан. Ёркентда умргузаронлик қилаётган 90 ёшли асли наманганлик Юсупхон хожи ота хонадонларида мехмонда бўлдик. Таниқли адабиётшунос олим Пўлатжон Қаюмов ўз китоблари “Тазкираи Қаюмий” да ёзганларидек Фурқатнинг Ёркентга келиб қолиш сабабчиларидан бири ёркентлик шоир Тажаллий (1918 йилда вафот қилган, асл исми Набираи Хусайнхон хазрат) бўлишлигини Юсупхон хожи ота ҳам гапириб бердилар. Тажаллий қўқонлик хазратлар билан, жумладан Қўқон фозилларидан Мавлавий Йўлдош билан алоқалари бўлгани учун ҳам Маккада хаж сафарида бўлганида Зокиржон Фурқатни учратиб, хаж маросимлари тугагач, Ҳиндистон ва Кашмир орқали Ёркентга бирга олиб келган экан. Фурқатнинг эвараси Турғунжон мактабда ўқитувчилик касби билан машғул эканлар. Суҳбат давомида Турғунжоннинг шеъриятга ҳаваслари баландлиги маълум бўлди. Илтимосимга кўра ўзлари ёзган шеър машқларидан ҳам ўқиб бердилар. Турғунжоннинг укалари Муҳаммаджон тижоратчи эканлар. Муҳаммаджон билан савдо – сотиқ, тижорат ишларида ўзаро кўмаклашишни келишиб олдик. Телефон орқали хабарлашиб туришни, иложи бўлса Қўқонга – Ўзбекистонимизга ташриф буюришларини, бизнинг азиз мехмонимиз бўлиб кетишларини сўрадим. Собиржон хожи ота ва Муҳаммаджон мен билан оғаларча хайрлашиб Қашқарга кузатиб қуйдилар. Қашқар ҳам Ёркент каби Хитойнинг ғарбий қисмдаги катта шаҳар бўлиб Шинжонг – Уйғур мухтор туманида, Қашқар дарёси сохилида жойлашган. Шаҳар марказидаги мехмонхонага жойлашгач, қашқарлик қариндошларни излашга тушдим. Бизга маълум манзилда бўлдим. Маҳалла қўмитасида, кексалар билан сухбатда бўлдим. Масжидда намоздан сўнг ёши катталардан суриштирдим. Бу манзилда Завқий авлодлари яшамаганлиги маълум бўлди. Хукумат идоралари, маҳалла кўмиталари шу кунларда фавқулодда ҳолат бўлгани учун қидирув натижали бўлмади. Биргина умид шу бўлдики, Қашқар шаҳри, Ёрбоғ райони, Заргарлик кўчасида яшаётган адабиёт ўқитувчиси Абдураҳим Собит ака муҳим гапни айтдилар: Завқийнинг ўғли Муҳаммад Амин (тахаллуси Тўлқин) нинг шеър ва ғазаллари Урумчида нашр қилинган “Шинжонг ўзбек адиблари” уйғур тилидаги китобида босилиб чиққан экан. Бу китобга Фурқатнинг “Дилрабо”, “Кўрдимки, бир париваш”, “Бу хаёл эркан ғалат” ва “Хайрият” каби ғазаллари киритилган. Китоб муаллифи урумчилик адабиётшунос олим Қодир Аҳмад балки Муҳаммад Аминнинг яшаб ўтган манзилини билиши мумкин экан. Буюк суфийлар, тасаввуф пирлари, азиз – авлиёлар олиму фузалолар қабрини зиёрат қилиш улуғ савоб ишлардандир. Шундай ният билан Хайитгоҳ масжиди майдонидан автобусга тушиб Офоқхожа мақбараси зиёратига бордим. Қашқарда архитектура ёдгорликларидан Ҳайитгоҳ масжиди, XVIII асрга оид Офоқхожа мақбараси яхши сақланиб қолган ва улар давлат мухофазасига олинган. Мақбарага етиб келганимда, шу ердаги Офоқхожа масжиди жума куни бўлгани учун гавжум эди. Мақбара Амир Темур Ҳожа Аҳмад Яссавий хотирасини улуғлаб қурдирган мақбара каби салобатли, мовий ранг безаклар билан кошинланган, олд томони гулзор қилинган. Мақбарага кираверишда ўша вақтлардан қолган ғиштин дарвоза олдида каттагина ховуз бўлиб дарахтлар соясида атрофни салқин қилиб турибди. Ривоят қилишларича Машраб наманганлик устози йўлланмаси билан Қашқарга келиб, ўша ховуз олдида ўтирганини кўрган хазратнинг муридларидан бири Офоқхожага, бир мусофир йигит юпун кийимда ховуз лабида ўтирганини айтади. Офоқхожа: “У йигит узоқдан келган мехмон. Исми Машраб. Олиб киринг” – деб буюради. Машхур шоиримиз Боборахим Машраб (1657 – 1711 йил) ўшанда 17 ёшда бўлиб, бир неча йил мурид бўлиб хазрат хизматида бўлган Мулло Хидоятулло ҳожам номи билан машхур бўлган Офоқхожа 1695 йилда вафот қилиб шу мақбарага дафн қилинганлар. Мақбара ичига кирганимизда Офоқхожанинг 5 авлоди: ўғил – қизлари, невара – чеваралари бу ерга дафн қилинганини айтишди. Ўртадаги қизил алвон ёпинчиқли сағана Офоқхожа қабрлари экан. У зоти шарифнинг оталари асли Самарқандли бўлиб, Шарқий Туркистонга келиб қолган эканлар. Офоқхожанинг хозирги авлоди кўпроқ шу Офоқхўжа махалласида истиқомат қилар эканлар. Зиёратларни тугатиб Қўқонга эсон – омон етиб келганимдан сўнг, шоир Чархийнинг яқин шогирдларидан бири қўқонлик таниқли хонанда, адабиётшунос, филология фанлари номзоди Назиржон ака Назаров бу изланишга яна бир янгилик киритдилар. 1970 йилларда Чархийга қариндошларидан – Ғулжа шаҳридан хат келган. Хатда ёзилишича Завқий авлодлари Ғулжа шаҳрида яшаётганлари, Завқийнинг қизи Ханифахон ўзбеклар махалласида шоира бўлиб танилиб қолганлиги айтилган. Ха, энди насиб қилса, аждодларни излашни Урумчи ва Ғулжада давом эттириш ниятимиз бор.
|