Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 16
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 16 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа


Шоир ижодида Ватан ва Ватан соғинчи тасвири (Ҳошимова М. М.)

Фурқат ўз Ватанини жуда севар эди. Лекин уни айрим шароит Ватанини ташлаб чет элларга кетишга мажбур қилади. У ўз ватанида шодлик кўрмагандай, ўзга юртларда ҳам яхши ҳаёт кўрмади. Шоир Ватан муҳаббатини ва халқ қудратини, ўз Ватани табиатини тараннум этувчи шеърлар ёзди.
Адабиётшунос Ҳомид Расул: “Ўз ватанини эҳтирос билан севган буюк шоир ўзининг туғилиб ўсган ерини – Ўзбекистонни соғинади, ички кечинмалар, ғам, изтироблар ичида яшади”   - деб ёзади.
Фурқат лирикасининг мавзу мундарижалари билан танишар эканмиз, уни чин ватанпарвар, ватанни севувчи, ватан мадҳини моҳирона куйлаган шоир сифатида гавдаланади. Ҳақиқатан ҳам шоир ватан муҳаббатини ва халқ қудратини тараннум этувчи, ўз озодлиги учун курашган халққа юракдан кўнгли ачиди ва мадҳ этди. Ватанпарварлик мавзуси ёнида дўстлик, халқпарварлик каби мавзуларни ҳам юксак маҳорат билан куйлади. Шоир ёзади:
Ватаннинг иштиёқин тортарам ғурбат ғами билан,
Туруб эрдим қутулмай ғуссау ранжу инолардан.
Олиб ёдиға, сўнмас кимса Зокиржон Фурқатни,
Агарчи айтадур доим дуо боди саболардин.
Кўринадики, Фурқат ватандан айро яшагани учунми, ўз ватанини бир умр қўмсаб ватан васфини куйлаб ўтди.
У ўз ватани Туркистонни – Ўзбекистонни барча мамлакатлардан устун қўяди, унинг бетакрор манзараларини шеъриятга моҳирлик билан олиб киради. Севимли Ватани табиати тасвирига бағишланган кўпгина шеърларида баҳор мавсумининг тароватини куйлайди.
Фурқатнинг навбаҳор, баҳор айёми ҳақидаги жўшқин, эҳтиросли ғазаллари халқнинг аллақачон маънавий мулкига айланган. Шоирнинг “Баҳор айёмида”, “Фасли навбаҳор ўлди” номли ғазаллари севган юртидаги баҳор гўзаллиги, унинг инсон қалбида уйғотган бой кечинмаларининг тасвиридан иборат. Шоир она юрт табиатини куйлар экан, баҳор фаслига алоҳида тўхталади.
Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,
Дўстлар ғаниматдир, сайр этиб гулистонлар.
Субҳидам тушиб шабнам, бўлди сабзалар хуррам,
Гул уза томиб кам-кам ёғди абри найсонлар.
Настарин ювиб юзни, ёсуман тузиб ўзни,
Наргис очибон кўзни интизор ёронлар (161-бет)
Фурқат бу шеърида ҳам табиат гўзаллигининг сеҳрли куйчиси сифатида кўзга ташланади. Гулистонлар сайри ғанимат. Навбаҳор чеҳра очди. Эрта тонгда тушган шабнамдан сабзалар яйраб-яшнадилар. Саҳар пайти табиат чиройига дил берган қаҳрамон настарин, ёсуман, наргис гулларининг юз кўрсатишини завқ билан кузатади. Момоқалдироқ гуриллайди. Яшин чақнайди, тоғлар ларзага келгандай бўлади. Қумри ва булбуллар нола чекадилар. Гуллар, сарвлар, уларга нозу ишва қилиб, улар фиғонини янада кучайтирадилар. Ҳаёт ўзининг рангбаранг чиройи ва сермазмун моҳиятини намоён этади. Бу мисоллардан кўринадики, Фурқатнинг хассос қалби табиат гўзаллигини чуқур сезар, хусусан навбаҳор навжувонлигидан жуда илҳомланар эди. Шоир таъсирли сайрларда мазкур фусункор чирой тасвирини яратди, уни улуғлади. Табиат манзараларини куйлаш шоир ижодининг турли даврларига тўғри келади. Шоир ўз ғазалларида табиат гўзаллигини нозик дид ва руҳий кўтаринкилик билан ифодалайди. Ўзининг илғор дунёқарашларига мувофиқ ҳолда одамийлик, гўзалликни юқори даражага кўтаради.
Ёвузликка қарши курашдаги ожизлик ва яккалик шоир қалбида чуқур ғамгинликни вужудга келтиради. Шу ғамгинлик Фурқатнинг ҳар бир шеърида, жумладан, Ватан чиройини куйловчи шеърларида ҳам ўз аксини топган.
Фурқат лирик шеърларининг каттагина қисмини чет элларда ёзган эди. Она юртдан чиқиб кетишга мажбур бўлган ватанпарвар шоир ижодида бу шахсий фожиа чуқур из қолдирди. Шеърларида Ватан, ватандошларини қўмсаш уларга интилиш, ғурбат азобларидан нолиш, ўзини ғариблигидан нолиш, ёлғизлик ўз ифодасини топади. Ватан ва ғурбат мавзуси шоирнинг “Кашмирда”, “Рўмолли қиз ҳикояти” шеърларида, чет элдан ёзган мактубларида кенгроқ тасвирини топган. Айниқса “Адашганман” радифли ғазал ва мухаммасларида ватандан адашганлик ва ғурбат мавзуи чуқур ишланганини гувоҳи бўламиз.
Шоир “Адашганман” радифли ғазалига боғланган иккинчи мухаммасда ғурбат мотивларини кўпроқ лирик либосда ишлашга ҳаракат қилиб, анъанавий лирик образларга мурожаат қилади, Ватан диёр тушунчасини ёр, маъшуқа образларида тасвирлайди. Ғурбат, ғарибликни ҳижрон, ҳажр ўти билан алмаштиради.
Қилиб ёд ўтган умримни чаман оби равонидин,
Муҳаббатномаларни ёд этиб савсан забонидин.
Тикан заҳмини англаб ғунчани қонлиғ деҳқонидин,
Ўқуб гул дафтарини бир варақ фасли хазонидин.
Жаҳон боғида булбулдек фиғонидин адашганман.
(243-бет)
Шоир ниҳоятда чуқур, сермазмун ва таъсирли образ яратади.
Шоир мухаммасларда ўз ҳис-туйғуларини, ватандан жудоликдаги ички фиғонини, ғариблик азоб-уқубатларини соғинч-интилишларини ҳаяжон ва таъсирчан ифодалайди. “Адашганман” радифли ғазалини, мухаммасларини бир томондан автобиографик дейиш мумкин.
Киши ҳолини билмас меҳрибонидин адашганман,
Ватан оворадурман, бўстонидин адашганман.
Ватансиз бенаводурман, маконидин адашганман,
Ғариби куйи ғурбат-хонумонидин адашганман.
Ва ё бир мурғи ваҳший-ошёнидин адашганман.
(241-бет)
Ўз ватанини ҳаддан ошиқ соғинган, ошёнидан айрилган, ватансиз бенаво, ғурбатда қолган ғарибликни бошидан кечирган, айрилиқдаги руҳиятини батафсил ифодалайди. Шеърлари ўқувчилар қалбидан чуқур ўрин олган. “Ватан овораси”, “Ғурбат кўчасида қолган ғариб”, “Ватансиз бенаво” шоир Ватандан жудоликни ўзига хос образли ифодалайди. Мухаммасларнинг асосий мавзуси ватандан айрилишнинг азоб-уқубатларини атрофлича ёритишдир.
Хуллас, маърифатпарвар шоир ўз Ватанининг гуллаб-яшнашини бутун вужуди билан истаган, лекин бу Ватандан абадий жудо бўлган ватанпарвар сифатида халқимиз қалбида яшаб қолади.