Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 10
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 10 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа
ИЖОДКОРНИНГ ЭСТЕТИК ЭЪТИҚОДИ (Й. Солижонов)

Бадиий адабиётда ўз ўрни ва овозига эга санъаткорлардан ҳар бирининг яшаш  ҳамда ижод қилишдан кўзлаган асосий мақсади бўлади. Ана  шу мақсад ижодкорнинг шахсий ҳаётида ҳам, бадиий асарларида ҳам яққол акс этади. Ижодкорнинг эстетик эътиқоди деб аталувчи бу таълимот қадим Юнон, Шарқ ва Ғарб файласуфлари Аристотел, Фаробий, Гегель кабилар томонидан чуқур ишланган. Санъаткорнинг эстетик   қарашлари   шаклланиб, ривожланиб, унинг шахсий услубини белгиловчи муҳим омилга айланади. Кўп асрлик тарих ва бой меросга эга бўлган  ўзбек адабиётида ҳам ўзининг  мустаҳкам эстетик эътиқодини, шахсий “мен”ини намоён қила олган ижодкорлар талайгина.
Ана шундай санъаткорлардан бири “Авлиё десак, авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони”   бўлмиш Алишер Навоийдир. Инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам  Навоийнинг феъл-атвори, табиати, кўнгли ниҳоятда  нозик бўлганлигини замондошлари ва олимлар томонидан кўп бора таъкидланган. Ана шундай назокатли кўнгил соҳиби ғазалларидан бирида:
Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.
деб ёзадики, бу хитоб ўқувчига шоирнинг ўзини катта олиши, унча-мунча одамларни менсимаслиги бўлиб туйилиши табиий. Аслида эса бу Навоийнинг яшашдан кутган бош мақсадини англатади. Шоир бутун умри давомида яхшиларга интилиб яшади, ўзидан улуғроқ, билимдонроқ инсонлар суҳбатидан баҳраманд бўлишга интилди. Ана шу эстетик мақсадига қатъий      амал қилган шоир буюклик чўққисига  кўтарилди.
Ростгўйлик, қатъийлик ва бўйсунмасликни ўз ҳаёти ва ижодининг бош шиорига айлантириб, унга умрининг охиригача амал қилган шоирлардан бири Фурқатдир. Маълумки, Фурқат жуда  ёшлигидан “Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги  девонларини мутолаа қилиб, унинг рангин ижод гулдастасидан” кўп баҳра олди. Тўққиз ёшида ҳазрат тушида аён бўлиб, ёш Зокиржоннинг  “қўлига қалам ва қоғоз” тутқазиб, шеър ёзишга фотиҳа беради.  Демак, Фурқат ўз ижодининг бадиий-эстетик тамойилларини       белгилашда устози  Навоийдан ўрнак олган.
Академик А.Қаюмовнинг ёзишича, Фурқат ҳам  ғоятда “нозик табиатли, покиза вужуд, камтарин, ҳеч кимга зарари тегмайдиган, ҳамиша кишиларга ғамхўр ва меҳрибон” киши  бўлган (кўрсатилган манбаа. 181-бет). Ана шу фазилатларига  кўра бошқаларнинг озгина ножўя ҳаракати, сал аччиқ муомаласи, айниқса бўлмағур иғво, туҳмат, миш-мишлар кўнглига оғир ботган. Ранжиган дил изҳорини  ошкора айтган, рақибларини ўз вақтида мулзам қилган. Шу доисдан у 14-16 ёшларидан бошлаб ҳеч қаерга сиғмай қолган. Гоҳ Эски Марғилон, гоҳ Янги Марғилон, Қўқон, Хўжанд шаҳарларида яшади. Кейин Тошкентга келди. Икки йилдан сўнг бу ердан ҳам бадарға қилиниб, чет элга чиқиб кетди.
Шоир Фурқатнинг бундай сарсон-саргардонлиги, ўз юртига сиғмай қолишининг сабабларини унинг характеридаги бўйсунмаслик, исёнкорлик, ростгўйлик, қатъиятлилик, ўз Ватани ва   халқи тақдири  ҳамда дарди  ҳақида астойдил қайғурганлигидан излаш ўринлидир. Шахсий ҳаётидаги принципиал қарашлар шоирнинг ижодий эстетик эътиқодига айланди. Бу жиҳатдан Фурқатнинг “Биз истиғно эли  қичқирмаган маъвога бормасмиз” мисраси билан бошланувчи ғазали ибратлидир.
Ушбу ғазалда шоир Фурқатнинг худди устози Навоий сингари кўнгил нозиклиги, табиатидаги бўйсунмаслик, исёнкорлик белгилари, ор-номус ва одамийлик қадрини ҳамма нарсадан баланд тутиш, хуллас, шахс ва шоир   сифатида ҳаётда яшаш ҳамда ижод  қилишдан асосий мақсади  очиқ-ойдин ифодаланган. Шу билан бирга, шоир бу “ғазалида ўзи мансуб бўлган адабий доирадаги ижодкорларнинг руҳий ва маънавий дунёсини  (ҳам) тасвирлаган. Бу мўътабар зотларнинг интилишлари ҳамиша беғараз ва пок, олийжаноб ва юксак эди. Шунинг учун  ҳам тамаъ ва ғараз улар учун  бутунлай ёт” бўлган.
7 байт (14 мисра)дан иборат бу  ғазал сиртдан қараганда  шахснинг манманлиги, кибру ҳавоси, ўзгаларни менсимаслик кайфиятини ифодалаётгандек таассурот туғдиради. Аммо  ғазалнинг мазмун-моҳиятига чуқурроқ кириб борилса, бутунлай  бошқача манзара ҳосил бўлади. Чунки ғазалнинг бирон сатрида  ҳам  “мен” деган ибора учрамайди. Шоир лирик қаҳрамон  “биз” деб кўпчилик номидан фикр юритади. Кўплик  маъносини англатувчи “биз” олмошини “эл” сўзи янада бойитади. “Биз – истиғно эли”, “Биз эллар  - фақр элимиз” иборалари уларнинг уюшган,  маълум мақсад сари интилувчи жамоа эканлигига ишора қилади. Ғазал таҳлилига киришишдан аввал унинг тўлиқ матнини келтирайлик:

Биз, истиғно  эли, қичқирмаган маъвога бормасмиз,
Агарчандиким, хирман айласа, дунёга бормасмиз.

Агар лабташна қолсак филмасал саҳрои оламда,
Малолат зоҳир этса мавж уран дарёга бормасмиз.

Умид этганимиз аксар саодат бўтан Ҳақдин,
Агарчи мис эрурмиз, қиймати тиллога бормасмиз.

Ҳамиша лоф урармиз халқ аро Фарғона мулкида,
Бағоят табъимиз  озода деб, ҳар жога бормасмиз.

Ҳаво лойига  ботган моуманлик дўсти худбинким,
Ўшандоғ   кам зарофат маскани аъдога бормасмиз.

Биз эллар – фақр элимиз, парча нонга сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандару Дорога бормасмиз.

Эмасдур онча асбоби  жаҳонга фикримиз, Фурқат,
Вале кетгунча жуз андишаи фардога бормасмиз.

Ғазални тушуниш, ҳис қилиш учун аввало, “Истиғно эли” кимлиги ва қандайлигини билиб олиш шарт. “Истиғно – а. 1. Бошқаларга муҳтож бўлмаслик, эҳтиёжсизлик; 2. Гўзал қилиқ билан тортиниш, ноз қилиш; 3. Тасаввуфда бағишловнингтўртинчи водийси (А.Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонини эсланг – Й.С.), унда Оллоҳ ишқи ва мушоҳадаси  одамдаги бошқа ҳамма сезгиларни ўзига олади”.   Бизнинг таҳлилимизга ушбу изоҳларнинг биринчи ва учинчи маънолари мос келади. Бу “истиғно эли” Оллоҳдан ўзга зотга муҳтож эмас, ҳеч кимга бўйин  эгмайди, чақирмаган жойга бормайди, мол-дунёга беписанд қарайди. Гарчи  ўзлари фақир яшаса ҳам “Ғараз дунё учун Искандару Доро”нинг ҳузурига бош эгиб  боришни ор деб билади. Дарвоқе, фақирлик деганда қашшоқ, камбағал кишини тушунмаслик керак. Тасаввуфда фақирлик, ғариблик комилликка эришишнинг маълум босқичлари саналади. Фақирлар Оллоҳнинг ўз кучи билан топган луқмасига шукур қилиб яшашга одатланган бандалардир. Уларнинг бойлиги сабр, нафсни тийиш, ўзгаларга мурувват ва футувватдир. Фурқат назарда тутган “истиғно эли”нинг бу фазилатлари   ғазалнинг 1, 2, 5, 6-байтларида аниқ кўзга ташланади.
Фурқатнинг ўзи ҳам шахс сифатида “истиғно эли”нинг бир вакили эди. У бутун ҳаёти давомида  ҳеч кимга эҳтиёжманд бўлмади, моддий жиҳатдан қашшоқ яшаса-да, маънавий бойликка интилди. У ҳеч қачон оғзидан сўзини, қўлидан қаламини, қалбидан эрк туйғусини бировга олдириб қўймади. Шу боисдан шоир норасолар орасидан жой топа олмади, аммо ростгўйлиги, эътиқодининг қатъийлиги билан адабиётда мангу яшаб қолди.