Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 25
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 25 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа


“УЧ ХАРОБОТИЙ”   КИМЛАР ЭДИ? (Р. ТОЖИБОЕВ)

Халқимизнинг ардоқли шоири, айни пайтда таваллудининг 150 йиллиги юртимизда кенг нишонланаётган Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1859-1909)нинг бой ва ранг-баранг адабий меросида “Уч хароботий” мусаддаси ҳам борлиги барчамизга яхши маълум.
Уч хароботий эрурмиз, сокини майхонамиз,
Хум бошидин чарх уруб, монанди парвонамиз,
Маст ўлубмиз, жўшиши майдин ажаб девонамиз,
Холимиз дунё ғамидин, фориғи кошонамиз,
Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўлсак, йўқ эрур армонимиз, -
банди билан бошланувчи мазкур мусаддас мазмун ва бадиий жиҳатидан юқори даражада бўлгани сабабли 1958 йилда  эълон қилинганидан буён  кўплаб йирик адабиётшунослар эътиборини жалб этган ва ўзининг юқори баҳосини олган.
Улуғ шоиримиз ва зукко адабиётшунос Мақсуд Шайхзода мазкур мусаддасни “Фурқат лирикасининг шоҳ асари деб саналишга лойиқ”  деб таърифлайди. Унинг фикрича, “бу мусаддас ҳақиқий дўстликнинг ва ҳаёт, бахт, севги тантанасининг ўлмас таронасидир” (Қаранг: Шайхзода, Мақсуд. Фурқат ҳақида қайдлар//Китобда: Фурқат ва Муқимий ҳақида мақолалар. Тошкент, Ўзбекистон Давлат бадиий адабиёт нашриёти, 1958, 67-68-бетлар.)
Давр адабиётини пухта ўрганиб, йирик тадқиқотлар яратган йирик адабиётшунос Ғ.Каримов  унда Фурқат дунёқарашининг муҳим томонлари акс этиши билан бирга унинг ижодий-эстетик позицияси ҳам ифода қилинганини таъкидлаган (Қаранг: Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. Учинчи китоб. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1975, 191-бет).   
Таниқли фурқатшунос А.Абдуғафуров уни “фалсафий-сўфиёна йўналишига эга бўлиб, Фурқат лирикасининг бошқа намуналаридан ажралиб туради” деб таърифлайди. (Қаранг: Абдуғафуров А. Зокиржон Фурқат(ҳаёти  ва ижоди) Тошкент, “Фан”, 1977, 128-бет).
Академик А.Қаюмов мазкур мусаддаснинг шоир ижодида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб, “бу мусаддас Фурқат ва яна ўша доирадаги икки шоир иштирокида мушоира йўли билан ёзилган шеър бўлса керак” деб тахмин қилади (Қаранг: Қаюмов А. Шеърият жилолари. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1997, 92-93-бетлар).
Устоз адабиётшуносларимизнинг бу машҳур мусаддас ҳақидаги фикрлари бизни изланишларга чорлади. Айниқса, академик А.П.Қаюмовнинг мусаддас муаллифлиги масаласида билдирган фикрлари шеърнинг ёзилиш тарихини ва ундаги уч хароботийнинг кимлар эканини аниқлашга бўлган иштиёқни оширди. 
Маълумки, Фурқат ижодининг дастлабки йилларида унинг Хўқанди латиф адабий муҳити вакиллари билан ижодий ҳамкорлиги самарали бўлган. Унинг кўплаб ғазал ва мухаммаслари шу ижодий ҳамкорлик натижасида яратилгани шубҳасиз.  Бу ҳақда унинг ўзи 1891 йилда ёзилган “Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти, ўзи ёзғони” номли асарида қуйидагиларни қайд этган:  “Чун ёшим соати умр шабру рўзида йигирма тўрт шумориға етти. Ул вақт Хўқанд вилоятидаги фозил ва расо табъ кишилар бирла иттиҳод айлаб, аларнинг суҳбатидин кўб баҳралар топдим ва аср шуаролариким, чунончи, мавлоно Муҳйи ва мавлоно Муқимий ва мавлоно Завқий ва мавлоно Нисбатдурлар, ҳамиша мажлис бунёд айлаб, зодаи табъларимиздин мушоара қилур эрдук ва бир ғазалда татаббуъ кўргузуб, бир мазмун ҳар навъ ифода топар эрди. Гоҳо ҳамд гулшанидин гул узуб, гоҳо наът нахлистонидин самарчин  бўлур эрдук ва баъзи вақт ишқ тавсифи ва ҳусн таърифида ғазал машқ айлаб ва гоҳи қадимий шуаролар девонларидан бир шўх ғазални топиб, анга ҳар қайсимиз алоҳида мухаммас боғлар эрдук”. (Қаранг: Фурқат. Танланган асарлар. Икки томлик, иккинчи том. Тошкент, 1959, 139-140-бетлар.)
Фурқатнинг мазкур сўзларидан илҳомланиб, “Уч хароботий” мусаддасига вазни ва қофияланиши жиҳатидан яқин бўлган уч ғазал диққатимизни ўзига тортди. Улар қўқонлик олимлар – заҳматкаш адабиётшунос, зукко матншунос, марҳум Аҳмаджон Мадаминов ва А.Турдиалиевлар томонидан нашрга тайёрланиб, 2003 йилда чоп этилган шоир Завқийнинг “Ажаб  замона” шеърлар тўпламидан ўрин олган. Бу ғазалларни қуйида келтиришни лозим топдик:
Биринчи ғазал
Бодаи васлинг қачон нўш этибон қонамиз?
Онгача ҳижронда бўлғайму бизи майхонамиз?
Шамъи оламсўз ҳуснингни кўруб, парвонаваш
Умрлардур оташи ишқинг аро ўртонамиз.
Бир мурувват кўргузуб, хуршиди оламтобдек,
Партави ҳуснинг билан қилғил мунаввар хонамиз.
Лутф этиб гар хотири маҳзунимиз шод этмасанг,
Биз ҳам этган ваъдаи рўзи аластдин тонамиз.
Отма кўнгул шишасиға  санги бежо, синмасун,
Табъимиз озода деб, Фарғонада махтонамиз.
“Руҳ”ни ғолиб айлағил “шоҳ” ҳам маҳалли кишту мот,
Ишқ базми ичра сатранж ўйнағон уч донамиз.
Кўнглумиз айлаб паришон, ҳар тарафга  тарқатиб,
Неча муддатдурки, ул новаки мужгон шонамиз.
Анбарин зулфингни боғлаб жонлара таъвиз учун,
Ёдинг ила кечалар гоҳо чўчуб уйғонамиз.
Завқий ила Фурқатий, кулбангга дўстинг келмаса,
Айлаб истиғно бизам мундоқ ёрдин тонамиз (Мазкур китоб, 20-бет).

Иккинчи ғазал
Муддатедур, бодаи ишқинг ичиб мастонамиз,
Масти лояъқил бўлуб, эл ичра кўп афсонамиз.
Истама дур айламак шамъи жамолингдин бизи,
Раҳм қилким, жону дил қилған фидо парвонамиз.
Қолмади таннинг мадори, жавру озоринг чекиб,
Жона еттук, лутф қил, бўлсанг агар жононамиз.
Телба кўрсанг, эй пари, ҳар лаҳза тут маъзурким,
Биз жунун саҳросидин келгон ики девонамиз.
Холу абрў ёдида бўлдук қаронғу рўзгор,
Нур ила нетгай ёруқ этсанг келиб кошонамиз.
Ўзгалардин сонмаким, биз ошнолиғда ҳасан,
Иҳтироз этма, арода йўқ эрур бегонамиз.
Эй, малоҳат мулкининг султони, этма ноумид.
Қулларингнинг қуллари хайлида ўзни сонамиз.
Тушмаса гар арзимиз васлинг қулоғига қабул,
То тирикмиз, Завқий, Фурқат ҳажр ўтиға ёнамиз. (21-бет)

Учинчи ғазал
Ой жамолинг шамъиға ҳар кеча ўртаб ёнамиз.
Жон нисор этмоқда гўёким, пари, парвонамиз.
Неча кундур, айладинг базми висолингдин йироқ,
Эй пари, бўйла хаёлинг истаюб девонамиз.
Боғлаюб аҳли муҳаббат, санга бўлдук ошно,
Гарчи бўлса сарвқад жилвагаҳи бегонамиз.
Жоми ишқингдин муҳаббат бодасин ул дам ичиб,
Фориғ эл ташвишидин, то ушбу дам мастонамиз.
Мунча ғавғодин, рақиби рўсияҳ, недур мурод?
Табъи нозукдур, кўтармас  фитнани жононамиз.
Хоҳи рад қилғил бизи, хоҳи  қабул эт, шаҳриёр,
Даст “алиф-лом” хизматингда тургучи мардонамиз.
Ой жамолингдин кўтар етти ҳижоб, тўққиз ниқоб,
Чун ҳарими васлинга  маҳрам бўлолмай ёнамиз.
Қолмади тоқат тағофулдин, нигоро, ҳам чу тифл,
Ваъдаи ҳалвога токай талпиниб алдонамиз.
Аксарини Нисбатий, кам Завқию Фурқат деди,
Биз ҳам истиғно этиб мундоғ жавондин тонамиз. (22-бет)

Биринчи ғазал адабиёт аҳлига устоз адабиётшунос, марҳум Ғ.Каримовнинг олий ўқув юртлари талабалари учун ёзилган “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги орқали маълум эди. Тўғри, Ғ.Каримов асли 9 байтли бу ғазалнинг 6 байтини келтирган, холос. Адабиётшунос нима сабабдан бундай қилгани бизга маълум эмас. Ғазалнинг 2-, 3-, 4-байтлари тушириб қолдирилган. Натижада у олти байтли ғазал сифатида ўқувчилар диққатига ҳавола қилинган. Ғ.Каримов ёзишича, “Мазмунан характерли бўлган бу ғазал ўзининг умумий руҳи ва услуби билан Фурқатнинг машҳур “Уч хароботий” мусаддас-таржиъбандини эслатади. Бу ғазалда ҳам  “Уч хароботий” мусаддас-таржиъбанддаги каби самимий муҳаббатга эга бўлган, лекин ёрнинг бевафолигидан алам ва изтироб чеккан  “уч ошиқ” ҳақида фикр юритилади. Бу ғазалда ҳам истиғно билан ўз ёридан кечиб, фалсафий мулоҳазалар оламига отилган “нозик табиатли” ошиқлар образи гавдаланиб туради. Ғазал ғоявий йўналиши жиҳатидан “Уч хароботий” мусаддасидаги мазмунни давом эттириши билан бирга, қофия, вазн ва бадиий образлар системасида ҳам унга ўхшаб кетади” (Қаранг: Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. Учинчи китоб. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1975, 191-бет).
Иккинчи ғазал ҳам адабиёт аҳлларига маълум. Унинг  матнини дастлаб таниқли адабиётшунос, марҳум А.Абдуғафуров ўзининг “Зокиржон Фурқат” рисоласида келтирган (Қаранг: Абдуғафуров А. Зокиржон Фурқат(ҳаёти  ва ижоди). Тошкент, “Фан”, 1977, 129-бет). Мазкур нашрда ушбу ғазал тўққиз байтли бўлиб, қуйидаги байт унда еттинчи  бўлиб келган:                
Айладук таклифи вайрона, Сулаймон деб сани,
Гарчи мўри ланг янглиғ қодири бир донамиз.         
“Ажаб замона” китобида мазкур ғазалнинг саккиз байтли бўлиб келгани ноширларнинг бошқа қўлёзма баёзга асосланганларидан бўлса керак. А.Абдуғафуров мазкур ғазални “шу вазн ва қофияларда ҳамда етакчи руҳ жиҳатидан мусаддасга ҳамоҳанг” дея таърифлайди . Муаллиф ғазални Фурқат қаламига мансуб деб ҳисоблайди ва юқорида келтирилган биринчи ғазални “Завқий ҳам бу мавзуда қалам тебратиб, Фурқат ғазалига ҳар жиҳатдан монанд назира яратади, у ҳам лутф билан Фурқат тахаллусини ўз ғазалида келтиради. Аммо Фурқат ғазалидан фарқли ўлароқ, Завқий назираси уч шахс номидан ёзилганки, бу уни юқорида сўз юритилган мусаддас (“Уч хароботий”   -  Р.Т.)га янада яқинлаштиради” (Абдуғафуров А. Ўша манба).
Иккинчи ва учинчи ғазаллар 1990 йилда А.Мадаминов томонидан эълон қилинган эди (Қаранг: Мадаминов А. Фурқатнинг янги топилган шеърлари // Китобда: Фурқат ижодиёти. Тошкент, “ФАН”, 1990, 120-122-бетлар). Бироқ улар Фурқат ижоди намуналари сифатида китобхонларга тақдим этилган эди.
Бизнингча, ушбу биринчи ва иккинчи ғазалларни Фурқат ва Завқийнинг, учинчи ғазални эса Нисбатий, Завқий ва Фурқатларнинг ижодий ҳамкорлигида яратилган десак, янглишмаган бўламиз. Уларнинг шу тариқа яратилгани ғазаллар мақтаъларида ҳам яққол акс этиб турибди.
Мазку ғазаллар академик А.П.Қаюмовнинг “Уч хароботий” мусаддаси муаллифи масаласидаги тахминларини қўллаб-қувватлайди. Нисбатий, Завқий ва Фурқатлар дастлаб мазкур ғазалларни битганлар, сўнгра шу ғазаллар вазни ва қофиясида боўланувчи мазкур мусаддасни яратганлар. Мусаддасда ҳар уч шоирнинг 1883-1886 йиллардаги кайфиятлари, ҳаётга қарашлари ўз аксини топган. Ўша пайтларда, Фурқат ҳали Қўқонда яшаб юрганида ушбу шоирлар маънан жуда яқин бўлганлари айни ҳақиқат.
Ана энди асл мақсадимизга келдик. “Уч хароботий” мусаддаси Нисбатий, Завқий ва Фурқатларнинг ижодий ҳамкорлиги меваси ўлароқ дунёга  келган дейиш  мумкин.  Шеърнинг лирик қаҳрамонлари – “уч хароботий”, “уч аламкаш”, “уч қаландар”, “уч биродар”, “уч мусофир”, “уч адойи”, “уч навойи”, “уч ғарибий”, “уч вафойи”, “уч балокаш”, “уч мукаддар” эса, шубҳасиз, Нисбатий, Завқий ва Фурқатдирлар.