18 дан 29 сахифа
Шоир мухаммасларининг мавзу доираси. (Муродова У.)
Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат ХІХ асрнинг иккинчи ярмидаги адабиёт тараққиётида муҳим роль ўйнади. Унинг ижодида лирик шеърлар катта қисмни ташкил қилади. Шоир лириканинг турли жанрларида ижод қилди. Мухаммас жанрида яратган асарлари бир қисмни ташкил қилади. “Фурқат лирикасида табиат манзараларини муҳаббат, ҳаётий ишқ билан боғланган ҳолда тасвирлаш Фурқат лирикасининг энг яхши ҳусусиятларидан биридир”,1- деб ёзган эди фурқатшунос Холид Расул. Фурқат ўз шеърларида меҳнаткаш халқнинг фикр-ҳисларини, орзуларини интилишларини акс эттирган лирик шоир эди. Фурқат шеъриятида ҳасрат нолиш мотивлари ҳам мавжуд. Бу мотивлар эса шоир билан ижтимоий муҳитнинг ўзаро келишмовчиликлари натижасида туғилган. Маълумки, Фурқат яшаган тарихий даврдаги мустамлака қуллиги, ижтимоий адолатсизликлар, шоир мухаммасларида ўз ифодасини топади. Шоир ҳар қадамда унинг умидлари зарбага учраб турганини кўради. Натижада, шоир поэзиясида жумладан мухаммасларида ҳам нолиш, ҳасрат ва шикоят мотивлари ўрин олади. Унинг “Бири”‚“Этмадим”‚“Бу нечук савдо”‚ “Истар кўнгул”‚“Киши ҳолини билмас”‚ “Адашганман”, “Ўзингсан”‚ “Кўруб”‚ “Дўст”‚ “Васл орзуси”‚ “Садқаси”‚ “Кавлама” каби мухаммаслари шулар жумласидандир. Бу асарларда шоир билан уни ўраб турган ижтимоий муҳит ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида туғилган руҳий кечинмалар ўз ифодасини топган. Фурқатнинг кўп шеърлари ўз замонининг реалистик, ҳаққоний асарларидир. Шоир ўз шеърларида воқеликни ҳаққоний акс эттиради. Шоир мухаммаслари ичида унинг устозлари Алишер Навоий, Фузулий ва Машраб ғазалларига ҳам мухаммас боғлагани кўзга ташланади. Улуғ устоз Навоий ғазаллари Фурқат учун бадиий маҳорат мактаби эди. Кўринадики, Фурқат шеърияти Навоий ижодининг таъсири билан суғорилган. Фузулий услуби, тилида шеър ёзиш ўзбек шеъриятида анъанага айланиб кетган. Ушбу анъана Фурқат ижодида ўз аксини топган. Унинг ижодида катта ўрин тутган ҳасрат ва шикоят мотивлари “Бири” сарлавҳали машҳур мухаммасида ҳам яққол кўзга ташланади. Шоирнинг “Бири” номли мухаммасида одамлар ўртасида меҳр-оқибат йуқолганини акс эттиради. У мухаммасда ҳаксизлик ва адолатсизликдан шикоят қилади:
Даҳр аро мен чекмаган жабру жафолардан бири, Қолдиму ҳам кўрмаган дарду балолардан бири, Айласам зохир агар, ул ибтидолардан бири. Тоқат этмас дарди ишққа мубталолардан бири, Шарҳи ғам қилса, қани бағри адолардин бири… … Бир сари бечоралиғдин кечалар бедор эдим, Бир сари эл таънасидин сийнаси афгор эдим, Чора топмай бу иковга зоҳир ҳам ночор эдим, Алғараз доим бу қайғулар ила бемор эдим, Ҳамдамим эрди… қаҳраболардин бири.
Кўринадики, Фурқат поэзиясидаги нолиш, ҳасрат, ғурбат қилиш ҳолатлари унинг мухаммасларида ҳам акс этган. Шоир мухаммасларида лирик қаҳрамон жамиятнинг эзилган таъқиб остига олинган табақасининг типик намояндаси сифатида гавдаланади. Шоир ўзини ҳам шу табақанинг вакили деб санаб, ўзини меҳнаткаш халққа яқин тутади, уни ўзига дўст деб билади. Мунисим – толе забунлар, ёр-бахти қаролар, Ҳамдамим – тиғи аламдин сийнаси садпоралар, Ғамгусаримдур – балийят даштида оворалар, Маҳрами розим ўлуб мотамсаролардин бири (248 - бет)
Мазкур мисралар муҳим ижтимоий мазмунни бадиий ифодасидир ва етуклик намунасидир. У чет элда юрганда ҳам ватанини, ўз халқини унутмади. Ёркент иккинчи ватанига айланиб қолган бўлса ҳам, Фурқат ўзини ғурбатда ҳис этди. Ўз ватанини эҳтирос билан севган буюк шоир ўзининг туғилиб ўсган ерини – Ўзбекистонни соғинади, ички кечинмалар, ғам, изтироблар ичида яшади. Ҳоким гуруҳлар уни ватанига қайтиш йўлларини ҳам тўсиб қўйган эди. Чунки у бир неча бор ҳукмдорга Ўзбекистонга қайтишга рухсат сўраб мурожаат қилган эди, лекин ҳар гал унинг илтимоси жавобсиз қолган эди. Шунинг учун ҳам ғурбат мавзуси шоир ижодида кўпроқ куйланган. Бу жиҳатдан унинг “Адашганман” мухаммаси характерлидир. Мухаммасда шоирнинг ўз ватани ҳақидаги чуқур ҳис-туйғулари маҳорат билан ифода этилади. Манам шўрида булбул бўстонимдин адашганман, Юзигул, қомати сарви равонидин адашганман, Дилим ҳажри-ла қондур дилистонидин адашганман Ваё бир мурғи ваҳший ошёнидин адашганман. Қадимни ҳам кўронлар ишқ бори меҳнати дерлар, Танимда нотавонлиқ боиси ғам хасрати дерлар. Қаёнда бўлса бир ғурбаткашида улфати дерлар, Замона аҳли мухлис, бу сабабдин Фурқатий дерлар, Неча йилдур бир ошуби замонидин адашганман. (243-244-бетлар) Фурқат ғурбат мотивида ва ватан муҳаббатига бағишланган асарлари билан адабиётимизни бойитди. Шоирнинг мухаммасларида ижтимоий мазмун устунлик қилади. Шоир ўзи яратган “Адашганман” радифли ғазали асосида мухаммаслар яратди. -Киши ҳолимни билмас, меҳрибонимдин адашганман,- мисраси билан бошланувчи мухаммас яратилади. Фурқат адабий меросида ға- риблик оҳанглари шу қофия шу радиф, шу вазндаги -Менам шўрида булбул бўстонидин адашганман,- мисраси билан бошланувчи яна бир мухаммас яратилади ва унда аввалги мухаммасдаги фикр давом эттирилади. Шоир Ватанни қумсаш мавзусида ёзган бу мухаммасларига “Адашганман” радифи муваффақиятли чиққан. -Киши ҳолимни билмас, меҳрибонимдин адашганман,- мисраси билан бошланган мухаммас ғоявий бадиий етуклиги билан алоҳида ажралиб туради. Ушбу мухаммасда Ватанни улуғлайди, уни муқаддас деб билади. Фурқат она юртни “меҳрибон, дўстон, макон, хонумон, ошён” деб атайди. Ушбу мухаммасларда шоирнинг лирик қаҳрамоннинг қалб сўзлари ифодаланади. Шоир айрилиқнинг руҳий азоб-уқубатини ишонарли тасвирлайди. Лирик қаҳрамон кўринишда тирик бўлса ҳам аслида суврат каби жонидан адашган шахс сифатида гавдаланади: Кезиб дашти биёбон баҳру барлар йиғласам, тонг йўқ, Тўкуб ёш ўрниға кўздин гуҳарлар йиғласам, тонг йўқ, Маломатзоҳир этманг, ҳамсафарлар, йиғласам, тонг йўқ. Чекиб булбул каби афғон саҳарлар йиғласам, тонг йўқ. Ки, келди фасли гул, мен гулистонидин адашганман. Фурқат ўзбек шеърияти тарихида ватанпарварлик туйғусини чуқур самимият билан куйлаган шоирлардан эди. Шоир мухаммасларида муҳаббат мавзусига ҳам мурожаат қилади ва оригинал мисралар яратади. Фурқатнинг “Ўйнабтулар”, “Бу нечук савдо”, “Ўзингсан”, “Кўруб”, “Васл орзуси”, “Садқаси” каби мухаммасларида ёр васли, унинг малоҳати, ибоси гўзал мисраларда ифода этилади: Кўнгулда орзуйи васли ул олийжаноб айлаб Ётиб эрдим фироқ андуҳи жонимға азоб айлаб, Баногоҳ гул юзига, сунбули зулфин ниқоб айлаб, Тун оқшом келди кулбам саригул гулруҳ шитоб айлаб, Хироми суръатидин юз уза тердин гулоб айлаб. (254-бет) Шоирнинг “Бу нечук савдо” мухаммаси қалбидаги аламли туйғулар изҳори билан тўлиб-тошган. Мазкур мухаммасда бахтсиз севги азоблари ва аччиқ қисматдан нолиш оҳанглари қоришиб кетган. Аммо замон ва тақдирдан норозилик овози, шоирнинг бахтсиз муҳаббат ва бевафо ёрдангина эмас, балки зулм, ноҳақлик, ёвузлик тўла даврдан шикояти тўла эшитилиб туради. Биродарлар, мени бошимға тушган бу нечук савдо, Қарорим йўқ, қуюн янглиғ на менда манзилу маъво, Биёбони тақай юртда қолибмен волау танҳо, На ёру ҳамдамим бордур, на қўлда ҳосилу дунё, Замона пурхатар, душман ададсиз, дўст бепарво. Ушбу мисраларда Ватан, она ердан маҳрум бўлиб, қуюн сингари тентираган, ҳеч кими йўқ, танҳо, саҳрода адашган бир бенавонинг образи кўзга ташланади:
Унинг на ёру ҳамдами, на бирор яқин ҳамдами бор Унинг учун замона хавфу хатарга тўла, душманлари кўп, дўстлари эса бепарво. Шоир мухаммаслари орқали нигор чиройи, унинг фазилатлари ва ҳаётдан баҳраманд бўлмоққа чақиради, замонанинг жафоларидан шикоят қилади. Хуллас, Фурқат мухаммасларида ҳаёт ва ёр гўзаллиги, ватанпарварлик, юртни соғиниш мавзулари ўз ифодасини топди.
|