Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 27
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 27 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа


“КАШМИРДА” ҒАЗАЛИДА ГЎЗАЛ МАЪШУҚА ТАСВИРИ (С. Каримова)

Ўзбек мумтоз адабиётида  портрет яратиш алоҳида маҳоратни талаб қилади. Шу билан бирга ҳар бир ижодкор ўзига хос йўлдан бориб, сўзлар орқали портрет чизиш услубини шакллантиради. Ўзбек адабиётида гўзал аёл тасвири поэзияда ҳам, прозада ҳам ёзувчи симпатияси билан боғлиқ ҳолда берилади. Ижодкорлар гўзаллик ва гўзал аёлни қандай тасаввур қилишларидан келиб чиқиб тасвир берадилар. Шунингдек, улар яратган портрет асар ғояси, образ характери билан боғланган ҳолдагина бадиий қимматга эга бўлади. Портретлар ўзига хос юк олиб, ғоявий маъно ташийди ва характерни тўлақонли чиқишига хизмат қилади.
Таваллудининг 150 йиллиги нишонланаётган мумтоз адабиётнинг лирик шоирларидан бири Фурқатнинг “Кашмирда” (Фурқат. Танланган асарлар. –Т., 1958, 48-бет) деб номланган ғазали бор. Бу ғазалда гўзал аёл тасвири ўзига хос услубда чизиб берилади. Ғазални ўқир экансиз, санъаткорнинг мўйқалам билан чизилгандек, аёлнинг мукаммал қиёфаси тасвирлаб берилганлигини кўрамиз. Ғазалдаги шоирнинг мақсади гўзал аёл, гўзал аёлга муносабат, гўзалликнинг инсонга таъсири масалаларини ёритишдир. Фурқат шу мақсад асосида сўзлар ва фикрлар ўйинини беради, чиройли мисраларга фикрини сингдиради.
“Кашмирда” ғазалида гўзал аёл портретини чизишда шоир муваффақияти сезиларли тарзда китобхонни мафтун қилади. Портрет деталлари билан гўзалнинг ички қиёфасини, инсоний фазилатларини, шунингдек, гўзалдаги бироз кибрни кўрсатишга хизмат қилдирилган. Шоир тасвирга олган гўзал ҳуснда бебаҳо ва тенгсиздир. Унинг гўзаллигидан ошиқнинг бутун борлиғини қоплаган туйғу таҳлили лирик руҳда мисраларга сингдириб юборилади.
Кашмир шаҳрига борган шоир бир гўзалга рўбарў бўлиб, ҳусни олдида лол қолади:
Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда,
Кўзлари масхуру юз жоду эрур тасхирда.
Мазмуни:
Кашмир шаҳрида ойдек кўзни қамаштирувчи бир гўзални кўрдим. Кўзлари билан сеҳрлаб, юзларидаги жоду ақлу ҳушимни йўқотди.
Байтнинг дастлабки мисраларидаёқ ғазалга ой сиймоли аёл кириб келади. Сўнгра аёлнинг гўзал кўринишга сабаб бўлувчи ҳолатларни алоҳида деталлар орқали асослайди. Аёлнинг юзи-кўзида сеҳрловчи ифода борлиги бадиий ифодаланади.
Аёлнинг кўзлари табиий гўзаллиги билан эмас, балки ифодаси билан ҳам жозибали. У кўзлари билан тикилиб қараганда сеҳрловчи нур тарқалиб, ошиқни жодулайди. Ошиқ сеҳр таъсирида гўзалга боғланиб, унинг олдидан кетолмай қолади. Унинг қўлига тушиб, фақат ҳуснини  васф қилиш билан банд бўлади.
Зарра-зарра зар сочар бошига ҳар кун офтоб,
Субҳ келгач, кеча ётиб чашмаи эксирда.
Мазмуни:
Офтоб ҳар куни бошига зарра-зарра нур сочади. Эксир чашмаси (булоқ)да тун тугаб, тонг отади.
2 байтда офтоб ҳар куни гўзалнинг бошига ўзининг заррин нурларини сочиши ҳақида фикр берилади. Гўзалга нур таралиб туриши унинг юзи нурли эканлигидан далолатдир. Юзи, жисми нурга тўлган аёл ниҳоятда латофатлидир. Бу эса ҳар бир нарсани олтинга айлантириш хусусиятига эга бўлган афсонавий иксир чашмасида тун тугаб тонг отган пайтдаги олтин нурлар таралгани кабидир. Яъни гўзалнинг ўзи (иксир чашмаси) ва ундан нур тарилиши (гўзалнинг нурли юзи) ошиққа жон бахшида этади.
Бир кўриб гоҳи зақан Ҳорут ила Морут иков
Чоҳи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда.
Мазмуни: Хорут ва Морут иккови юзнинг чап қисмидаги чуқурчани кўриб, Бобил чоҳида бошқа тадбир излайдилар.
Байтдаги юзи нурга тўлган гўзалнинг кулганда ҳосил бўладиган юздаги, юзнинг ияк қисмидаги чуқурчаси янада сеҳрловчилик хусусиятини орттириб юборган. Шоир Фурқат гўзал аёл портретини яратишда навбатдаги деталь – кулдиргичга юк ортади.  Гўзалнинг кулдиргичи  шу қадар сеҳрлики, сеҳргарларнинг муқаддас даргоҳи бўлган Бобил (Вавилон) чоҳидаги сеҳргарликни ўргатувчи Хорут ва Морутлар ҳам ўйланиб қолади. Уларнинг сеҳр-жодуларидан ҳам кўра гўзплнинг сеҳрловчи кучи юқорилигини англашади ва бошқа тадбир ахтармоқчи бўлишади. Машҳур Хорут ва Морут ҳақидаги афсонага ишора бериш билан фикр бўрттириб кўрсатилади.
Ламъаи қийғоч кўзидин анинг барқи нигоҳ,
Тезлиқ жавҳарлари гар бўлса ҳам шамширда.
Мазмуни: Қийиқ, қисилган (бодом) кўзидан оқаётган шуъла яшинга ўхшайди. Худди шамширнинг тезлигидаги нурлар каби.
Байтда гўзал портретини янада мукаммаллаштириш мақсадида нигоҳнинг ўткирлигига эътибор қаратилган. Гўзалнинг мафтункорлигини оширувчи яна бир манба нигоҳининг тезлигидир. Нигоҳ ошиқнинг дилини ўртайди ва гўзал бир қараб қўйганидаёқ, ошиқнинг қалбида ёндириб юборадиган яшин каби ғулу пайдо бўлади. Бу эса шамширнинг (қилич) тезлик билан ҳаракатлантирилганда ялт этган нурнинг пайдо бўлишига нисбат қилинган.  Яъни қилич зарб билан бош кесиши мумкин. Бу эса кишининг қалбига қўрқинч солади. Қўрқинч ва ғулу бир-бирига қиёс қилиниб, гўзалнинг қудрати кучлилигига ишора қилинган.
Қоши узра ҳолининг асроридин  бир нуқтадир,
Сураи нун ўқидим пайваста ҳар тасвирда.
Мазмуни: Қошининг устидаги холи сирларидан хабар берувчи нуқтадир. Уни васф қилиш учун нур сурасини ўқидим.
Байтда гўзалнинг гўзаллик сирларидан бири қоши тепасидаги холи ва холнинг ўрнашган жойи. Шоир яратаётган аёл портретининг мукаммалигини белгиловчи навбатдаги деталь унинг холидир.
Хол бошқа миллий адабиётларда аёл гўзаллигини белгиловчи восита сифатида ишлатилиши шарт эмас. Рус ва ғарб ижодкорлари гўзаллар тасвирида холга доим ҳам мурожаат қилмайдилар. Масалан, А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин” асаридаги Татьяна, Л.Н.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романидаги Наташа Ростова образларини яратишда уларнинг холларига эътибор берилмаган. Лекин ўзбек адабиётида аёлнинг юзидаги холи гўзаллигини белгиловчи асослардан бири бўлиб хизмат қилади. Масалан, А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Кумуш холининг  чиройли тасвири бор. Фурқатнинг ушбу ғазалида гўзалнинг қоши устидаги холи тавсифи портретдаги аёл гўзаллигини таъминловчи деталь сифатида далилланади.  Хол маъшуқа гўзаллигини таъминловчи восита. Унинг мавжудлиги ва ўрнашган жойи Котиби қудрат – яратувчига боғлиқ. Борлиқнинг яралиши нун сурасида қайд этилади. Шу сабаб “нун” сурасидаги нун (ﻦ) ҳарфи қош ва холга ўхшатилади. Бу ўхшашлик асослари 2 та. Биринчидан, “нун” сурасида бунёдкорлик ҳақида фикр юритилиши. Иккинчидан, нун (ﻦ) ҳарфининг мавжудлиги ва унинг чиройли ифодаси. Ғазал давомида шоир иккинчи маротаба хол деталидан фойдаланган:
“Нуқта лаб устида бежодир”, -- дедим. Айтди кулиб:
“Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда”.
Мазмуни: Лабинг устидаги холинг бежо турибди десам, бино қилувчи котиб таҳрир қилаётган пайтда хато қилган, деди кулиб.
Олдинги байтда гўзалнинг қоши устидаги холи юзига мутаносиб тушган бўлса, лаби устдаги холи бежодир. Бу нуқта шу қадар мафтункорки, ихтиёрингдан айирмай иложи йўқ. Гўзал маъшуқа сўзлаганда лабининг устидаги холи ҳам ҳаракатланади. Ошиқнинг ҳоли танг (бежо) бўлади. Шунда маъшуқа ошиқнинг аҳволидан кулиб, бу яратувчи котибнинг хатосидир, деб жавоб беради.  Бир жойда турмай лаб устидаги холнинг қимирлаб туриши, яъни бежоланишидан.
Кейинги байтда гўзалнинг сочи таҳлилга тортилган:
Форуғ эрмас ҳеч ким у дилрабонинг ишқидин,
Зулфига дил басталиғ ҳар бир жувону пирда.
Мазмуни: дилга ором берувчининг ишқига мубтало бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳар бир ёшу қари унинг зулфига дил боғлаган. Бу байтдаги аёл портретини мукаммалаштирувчи соч, одатда, узун бўлади ва кўпинчау арқонга, илонга ўхшатилади. Шу сабаб Фурқат ғазалида ҳам сочнинг боғловчилик хусусиятига суянилган. Ҳар бир ёшу қарини маъшуқанинг гўзаллиги сочи орқали чирмаштирган. Ўзбек мумтоз адабиётида соч тавсифи кўплаб учрайди. Фурқат ҳам салафлари ортидан бориб, сочни ҳусн орттирувчи деталь  сифатида қўллайди.
Кейинги байтда сочнинг хусусиятлари кўпайтирилади:
Айтдим: “Эй, жон офати, зулфингга бўлмишам асир!”
Айтди: “Бул савдони қўй, умринг ўтар занжирда!”
Мазмуни: Ошиқ гўзалга, эй жоннинг офати, сочингга асир бўлдим, деса, маъшуқа ошиққа бундай савдога боғланмагин, умринг занжирда ўтади, деб жавоб беради.
Урушларда асир тушганлар бўйнига, қўлига, оёғига занжир солинган. Ғазалда ҳам рамзий маънода  ошиқни боғлаган ишқ – соч воситасида занжирланган. Яъни зулф – соч занжирга ўхшатилади. Қўл-оёғи боғлиқ ошиқ маъшуқага ўз аҳволини баён этади. Лекин маъшуқанинг жавоби аниқ. Сочимга бойлана кўрма, умринг боғланиб ўтади.  Шоир ишқли кўнгил ҳамиша занжирланган деган хотимани беради. Савол-жавоб давом эттирилиб, мавзу ўзгаргандай бўлади:
Айди: “Эй бечора, қилдинг на учун тарки Ватан?”
Ман дедим: “Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда!”
Мазмуни: Ватандан узоқда бўлишингнинг сабаби нимада, деб сўради. Мен айрилиқ тақдиримда бор экан деб жавоб бердим.
Ғазалнинг сўнгги қисмида ошиқнинг бечора аҳволи гўзални безовта қилади. Ўзга юртдан Кашмирга келиб қолиш сабабларини сўрайди. Ошиқ бунга очиқ жавоб беришдан тортинади. Жудоликнинг пешонага ёзилганлигини таъкидлайди. Гўзал бепарво. Ватандан жудолиғ эса унданда ёмон. Ғазал бошидан охирига қадар тазод санъати асосида қурилган. Маъшуқанинг гўзаллиги ва бепарволигига ошиқнинг ғариблиги ва беватанлиги қарама-қарши қўйилган. Тазод орқали гўзалнинг кибр-ҳавоси янада бўрттирилади. Ошиқнинг ўй ва режалари ачинарли эканлиги, бошқа Ватанда бахт тутқич бермаслиги ёритилади.
Ғазалда шоир Фурқат портрет яратиш имкониятларини кенгайтирган. Қиёсий ва тазодли тасвир фикр бериш учун қулай вазият яратган. Шоир Фурқат гўзал аёлга бўлган муносабат орқали жамият ва сиёсат ҳақидаги қарашларни маъшуқа портретига сингдирган. Бу фикр ғазалнинг сўнгги байтида, айниқса, ёрқин ифодаланган. Портрет тасвир шоир ўтказмоқчи бўлган фикрни усталик билан яширади. Ҳ.Олимжон, шеърда шоир фикрини сўнгги байтдан ахтармоқ керак, деган эди. Фурқат шоир ўзга Ватанда ошиқлик ҳам ғарибликдир, ҳатто ғарибга маъшуқа ҳам бепарводир, деган фикрни сингдиради.