19 дан 29 сахифа
ШОИР ФУРҚАТ ЗИЁРАТГОҲИ (Нодирбек Абдулаҳатов)
Фарғона водийсидаги мавжуд муқаддас зиёратгоҳлар Марказий Осиёдаги ислом дини тарихини ўрганишда ҳам муҳим тадқиқот объекти бўлиб хизмат қилади. Шу боис муқаддас зиёратгоҳлар тўғрисидаги тадқиқотлар ўзбек халқининг анъанавий маданиятининг тарихий асослари, тараққиёт йўллари ҳамда тенденцияларини ойдинлаштириш билан биргаликда ўша халқнинг турмуш тарзини яқиндан ёритишга ҳам кўмак беради . Кейинги йилларда тарихшунослик фанида халқларнинг анъанавий маданияти, урф-одатлари ҳамда маросимларини ўрганишга эътибор кучайганлигининг сабаби ҳам шунда. Жумладан, 2002–2007 йилларда Япониянинг “Нара Ипак йўли Тадқиқот Маркази” ва “Тойота” фондининг ҳомийлигида “Марказий Осиёдаги исломий муқаддас жойларни ўрганиш” (Фарғона водийси мисолида) номидаги илмий лойиҳаси бўйича Фарғона водийсида олиб борилган тадқиқотлар фикримизнинг яққол далилидир. Бу ўринда М. Савада (Тойама университети), Ш. Ясуши (Чуо университеи), Я. Кавахара (Япония илмий тариққиёти жамияти) ва Ж. Сугавара (Токио университети) сингари бир гуруҳ япон олимларининг Ўш, Жалалобод (Қирғизистон), Сўғд (Тожикистон) Фарғона, Андижон, Наманган (Ўзбекистон), Қашқар (Хитой) сингари вилоятлардаги юздан ортиқ муқаддас зиёратгоҳлар ва улар билан боғлиқ мозор ҳужжатларига доир тадқиқотларини кўрсатиш мумкин. Япониялик тадқиқотчиларнинг мазкур соҳада Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи билан олиб борган тадқиқотлари натижасида “Ўрта Осиёдаги ислом оид муқаддас жойларни тадқиқ қилиш: Фарғона ва Қашғар” номли Фарғона водийсидаги зиёратгоҳларга доир мақолалар тўплами, ҳамда уч жилдик “Синьцзян ва Фарғонада топилган мозор ҳужжатлари (факсимеле)” нашри чоп этилди . Фарғона водийсидаги муқаддас зиёратгоҳларни тадқиқ этиш чоғида уларни айримларининг тарихи бевосита Шарқий Туркистон билан боғлиқ эканлиги бизни Қашқар вилоятидаги муқадддас мозорларни ҳам тадқиқ этиш зарурлигини кўрсатди. Шу сабабдан 2006 йилнинг август ойида Тойота фондининг ҳамкорлигида япониялик бир гуруҳ олимлар билан Хитой Халқ Республикасининг Синьцзян (Шингжон) Уйғур автоном районининг Қашқар вилоятига ҳалқаро илмий экспедиция ташкил этилди. Тарихий жиҳатдан дини ва турмуш тарзи азалдан жуда яқин бўлган Фарғона ва Қашқар халқларининг муқаддас зиёрагоҳларида ҳам умумий ўхшашликларни кўрамиз. Масалан, Етти азизлар, Қорасоқол ота, Қўчқор ота, Терак мозор, Оқ мозор, Кўктўнлик ота, Лангар мозор, Шаҳид мозор сингари зиёратгоҳлар шулар жумласидандир. Чунки Фарғона водийси ва Қашқар вилоятида ҳам айнан худди шундай ном билан аталувчи зиёратгоҳлар бизнинг давримизга қадар сақланиб қолган. Ҳозирги кунда Қашқар вилоятида марказий Қашқар шаҳридан ташқари 11 та ноҳиялар бўлиб уларда 100 дан ортиқ зиёратгоҳлар мавжуд. Қашқар шаҳрининг ўзида Султон Қутлуқ Ҳасан Юсуф Буғрахон, Арслонхон, Юсуф Ҳос Ҳожиб, Қилич Буғрахон, Офоқхўжам, Зулайҳобегим, Шом Пошшо, Имом Раббоним, Динг қулоқ мозор, Қора соқал ота сингари машҳур зиёратгоҳлар жойлашган. Улар ичида албатта Офоқхўжам зиёратгоҳи ҳақида тўхтаб ўтиш лозим. Бинобарин, ўтмишда Қашқар ва Фарғона водийси халқларини Офоқхожага нисбатан юксак эҳтиромлари туфайли унинг мозорини ҳаж зиёрати олдидан зиёрат қилиш аънавий одатлардан бири бўлиб қолган эди. Алалхусус ўша давр ёзма манбаларида ҳам бу ҳол ўз ифодасини топган . Жумладан, Ёркент Қашқарнинг кўҳна зиёратгоҳларга бой шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бу ерда Абдураҳмон вонг, Мирзо Муҳаммад Ҳусайн Ҳакимбек, Етти Муҳаммад, Муҳаммад Шарип, Юсуф вонг, Бузрукворим, Мирзо Ҳайдар Кўрагон, Олтинхон сингари зиёратгоҳлар мавжуд бўлиб, улар ичида биз албатта ҳамюртимиз шоир Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқатнинг зиёратгоҳи тўғрисида тўхталиб ўтамиз. Ўзбек халқнинг севимли шоири Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқатнинг зиёратгоҳи Ёркент(Ёрканд)нднинг Гулбоғ қишлоғини Терибоғ маҳалласидаги “Ўзбеклар мозори” деб аталувчи қабристонида жойлашган. Бу ҳақда уйғур олими Одил Муҳаммад Туроннинг “Қашқардаги қадимги излар” номли китобида қуйидаги маълумотлар келтирилган: “Фурқат қабргоҳи. Бу қабргоҳ Ёрканднинг Гулбоғ қишлоғи Тийрабоғ маҳалласида жойлашган бўлуб жуғрофий жиҳатдан ўрни шарқий мердиан билан 77015/31// билан шимолий параллел 38025/2// га тўғри келади. Қабргоҳ жойлашган ўрнинг теварак атрофида жамоат қабристони бор. Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат – ўзбек ва уйғур халқлари орасида таъсири улуғ бўлган классик шоирлардан бири. У 1858 йили Қўқон шаҳрида туғилган. 1896 йили Ёркандга келиб ўтроқлашиб қолган. Кейинги кунларини мана шу ерда ўтказиб 1909 йили Ёркандда вафот бўлган” . Албатта бу маълумотлар ўқувчига етарли эмас деб ўйлаймиз ва шу ўринда Фурқатнинг Ёркентдаги фаолияти тўғрисида мухтасар маъулумот бериб ўтсак. Маълумотларга кўра, Фурқат Ёркентда 16 йил яшаган. Унинг айнан Ёркентда яшаб қолганлиги сабабини Қўқондаги дўстларига ёзган мактубларининг бирида ўз ифодасини топган. Мактубда айтилишича, Ёркентнинг табиати, унинг об-ҳавоси ҳам Қўқон ўхшаган бўлиб, ёркентликларнинг хушчақчақ ва меҳмондўстлиги Фурқатни ўзига ром этган. У Ёркандда яшаган кезлар умрини кишиларни саломатлиги йўлига бахшида қилган. Фурқат бу ерда илми нужум ва табобат илми билан шуғулланиб одамларни бепул даволайди. Маълумотларга кўра, Ёркентнинг йирик бир амалдори ҳам Фурқат берган доридан шифо топганлиги учун унга махсус мулк ҳам ажратиб берган экан. Унинг ҳур доим озода ва тоза кийингалиги учун ёркентликлар орасида “Қўғирчоқ афандим” номи билан ҳам танилганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Кейинчалик Фурқат1909 йили куз фаслида касаллик туфайли 51 ёшида вафот этган. Фурқатнинг қабри дастлаб Ёркентнинг эски шаҳридаги Донгдор деган маҳаллада бўлган. 1957 йили Фурқатнинг қабри шаҳарнинг шимол тарафидаги боҳаво яхши жойга, ҳозирги “Ўзбеклар мозори” қабристонига кўчирилган. Шундан сўнг шоир қабрига гумбазли мақбара барпо қилинган. Зиёратгоҳ битказилгач Ёркент аҳолиси иштирокида катта йиғилиш ҳам ўтказилган. Тез орада унинг қабри зиёратгоҳ сифатида машҳур бўлиб кетган. Афсуски кўркам ва баланд қилиб барпо қилинган ушбу мақбара 1963 йилда юз берган “маданий инқолиб” пайтида бузиб ташланган. Ачинарлиси шундаки, нафақат шоир мақбараси бузилибгина қолмай, унинг ўғиллари ва набиралари ҳам таъқиб остига олинган. Фурқатнинг кўлёзма асарлари эса ёқиб юборилган. Шундан сўнг Фурқат ижодини ихлосмандлари шоир қабрини бошқалардан ажралиб туриши учун алоҳида бир тахтачага Фурқатнинг қаерда туғилганлиги ва исмини ёзиб қўйишган. Ёркент аҳли Фурқатга нисбатан бўлган юксак эҳтиромлари сифатида 1991 йили Фурқат қабрини яна қайта тикланганлар. Орадан ҳеч қанча ўтмай Фурқатнинг янги мақбарасининг зиёратига мустақил Ўзбекистонимиздан зиёратчилар кела бошлаганлар. Чунки мақбара ичига кирган чоғимиз бир гуруҳ ўзбекистонликлар номидан қўйилган гулларни кўриб кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Мақбара ичидаги деворларга шоирнинг ғазалари, жумладан:
Олиб ёдиға, сўрмас кимса Зокиржон Фурқатни, Агарчи айтадур доим дуо боди саболардин,
деган мисралар билан тугалланган “Ёрканд шаҳридан Тошболтуға хат” номли мактуби ҳам туширилган. Афсуски экспедициямизнинг вақти чегараланганлиги туфайли Фурқатнинг Ёркентдаги авлодлари тўғрисида маълумотлар олиш имконияти бўлмади. Бинобарин, ҳар бир зиёратгоҳни атрофлича ўрганиш учун бир неча ой эмас балки йиллар керак бўлади. Шундай бир неча кун мобайнида ўнлаб зиёратгоҳлар тўғрисида фақатгина айрим маълумотларни тўплаш мумкин холос. Ушбу ҳолатни назарда тутган ҳолда Қашқар зиёратгоҳларини ўрганиш бўйича уюштирилган ҳалқаро экспедиция аъзолари сафар натижалари ўтказилган йиғилишда келгусида Ўзбекистон ва Хитой олимларининг ўзаро ҳамкорликда муқаддас зиёратгоҳлар бўйича мунтазам равишда олиб борилажак тадқиқотлари тарихимизнинг бизга номаълум саҳифаларини очишда катта аҳамият касб этади деган якуний хулосага келдилар. Зеро, мазкур мавзу билан боғлиқ тадқиқотлар давом этиши шубҳасиз. Чунки Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат сингари улуғ аждодларимиз номи билан боғлиқ муқаддас жойлар, уларнинг ҳаёти ва ижодига бўлган эътибор халқларимиз ўртасида сўнмас экан, келажакда бундан-да қамровли мақола ва қизиқарли рисолалар ёзилаверади, албатта.
|