Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Фурқат ижоди муаммолари - 5
Facebook
Фурқат ижоди муаммолари - 5 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фурқат ижоди муаммолари
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
Ҳамма саҳифа

Фурқат ва Ғарибий (Зоҳидова Д.)

Ўзбек адабиёти тарихида Алишер Навоий ва Бобур, Мунис ва Огаҳий, шунингдек, Муқимий ва Фурқат каби ўз адабий мактабларида шогирд-издошларга ижод йўлланмасини берган ёрқин сиймолар кўпдир. Хусусан, ХIХ аср иккинчи ярми ва XX аср бошларида Муқимий ва Фурқатларга издошлик йўлини тутиб, ўз истеъдодлари билан девон соҳиби даражасигача кўтарилган шоирлар анчагинадир. Қўқон адабий муҳитининг вакилларидан бўлган Мулла Умрзоқ Абдували ўғли Ғарибий (Шуҳрат)  (1877-1961) давр адабиётининг шундай намояндаларидандир. Мазкур шоир истиқлол туфайли номи ва ижоди қайта кашф этилган адабий сиймодир.
Бир хил тарихий шароитда яшаб, маслак, савия, истаклари муштарак жиҳатларга эга бўлган ижодкорларда ҳаётий муносабатлар ҳам кўпинча ўхшаш бўлади. Буни бир адабий муҳитнинг вакиллари бўлган   Фурқат ва Ғарибийлар ижоди мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳар иккала шоир шеърияти ўртасидаги умумийлик, аввало, улар ижодига хос ғоявий йўналишга тегишли. Уларнинг асарларида  қуйидагилар жиҳатлар уйғун ҳолда акс этган:
-Шарқ мумтоз назмиётининг энг яхши анъаналарини давом эттириб, ривожлантириш;
-ХХ аср бошларидаги миллий уйғониш ва маърифатпарварлик тамойилининг ўзига хос бадиий ифодаси;
-Дунёқарашнинг фалсафий-ахлоқий замини сифатида тасаввуфга суяниш;
-Ватанга муҳаббатни ардоқ ва эътибордаги мавзу сифатида талқин этиш;
Фурқатнинг кичик замондоши бўлган Ғарибий шеърларида ҳам унинг ижодида кузатилгани каби «яхши–ёмон», «оқил–жоҳил», «доно–нодон», «мўътабар–муфлис» каби қарама-қаршиликларни жуфтлаштириш орқали ижтимоий адолатсизликлар очиб ташланади. Унинг
Мўътабар эл ичра бўлмишлар мунофиқрўйлар,
Бўлди кизб аҳли баланд, пастда қолиб ҳақгўйлар.
Бу жаҳон оқиллара мотамсародур доимо,
Аҳмақу нодонлара ҳар соате минг тўйлар. 
каби мисралари Фурқат қалами билан битилган
Чархи кажрафторнинг бир шевасидин доғмен,
Айшни нодон суриб, кулфатни нодон тортадур
байтига мазмунан ҳамоҳангдир.
Ғарибий шеърлари орасида руҳи, йўналишига кўра Фурқатнинг машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд» мусаддасига яқин турувчи бир асар бор. У шоир Камийнинг  қумрига мурожаат тарзида ёзилган ғазалига боғланган   мухаммасдир. Унда лирик қаҳрамон қафасдаги қумрига шундай мурожаат этади:
Дегил манго, недин афтодаҳолу нотавон бўлдинг?
Ниҳолин боғидин бўлгон жудо гуллар каби сўлдинг?
Тамасхур бирла ё бир аҳли дард ҳолин кўруб кулдунг?
Қафас зиндонига, бўйнингда ғул, недин асир ўлдинг?
Магар бир журм ила ҳукм ўлди жононингдин, эй қумри.
Чекилди сафҳаи гардунга ашкинг обидин марқум,
Вужудинг изтироб бирла турар, кўнглунг арому бум?
Баёни ҳоли дил эт не сабабдин бўлдуғинг мағмум,
Ки, бир сарви сиҳи қад интизорин чекдуғинг маълум
Синуқ рангинг била бу чашми ҳайронингдин, эй қумри. (Д., 81а)
Келтирилган парчада Ғарибий ва Камийнинг қумрига туйғудош бўлиб, унинг ҳол-аҳволини сўроқлашлари фақат фикр таъсирини орттириш мақсадида қўлланган бир усул эмас. Тўғри, шеърда қумри бадиий тимсол, унга қилинган хитоб лирик қаҳрамон кечинмаларининг ёрқинроқ ифодаси учун восита бўлганини инкор этиб бўлмайди. Лекин шеърнинг таъсирини оширган жиҳат фақат бугина эмас. Унга алоҳида таъсир ва шукуҳ берган нарса лирик қаҳрамоннинг табиатнинг ўзи каби тирик бир хилқати – қумрига нисбатан чуқур меҳр, шафқат, ғамхўрликка эгалиги. Қаҳрамонига шоир қалбидан кўчиб ўтган бу кечинмалар агар унинг ҳаётий муносабатларидан туғилмаганида, шеърда бу қадар самимият таъмин этилмаган бўларди.  Фурқатнинг мусаддасидаги «сайд»га ҳам эрксизлик тимсоли сифатида рамзий маъно жойланган бўлса-да, шоирнинг тутқунлик ва айрилиқ ҳақидаги фикрларини қоралов остида умумлаштиришига бундай озорли ва шафқатсиз вазиятни фақат инсонга эмас, жониворга ҳам раво кўрмаслиги туртки бўлган. Манбашунос олим Н.Жабборов мусаддаснинг ёзилиш тарихи билан боғлиқ далиллар қаторида ўзи аниқлаган бир ҳужжат мазмунини келтиради. Унда айтилишича, Фурқат шеърининг яратилишига ҳинд сайёдининг тузоғига илинган кийик воқеаси сабаб бўлган.  Бу манбада билдирилган фикр «Сайдинг қўябер, сайёд»нинг юзага келиш сабабини қанчалик холис изоҳлайди ёки йўқ, бу бизга номаълум. Лекин Фурқат мусаддасининг ҳам, Ғарибий тахмисининг ҳам яратилишида шафқат ҳисси бутун кенглиги, тўлиқлиги билан туйилгани ҳақиқат. 
Анъаналарга муносабат ва адабий таъсирнинг муҳим кўринишларидан бири мухаммас боғлашдир. Ғарибий  Ҳофиз Шерозий, Навоий, Машраб, Фузулий, Ҳувайдо, Ҳозиқ, Амирий, Нодира, Муқимий каби устоз шоирлар қаторида Фурқатнинг ҳам икки ғазалига тахмис боғлаган. Фурқатнинг тасаввуфий йўналишдаги «бўлурму» радифли ғазалига боғланган мухаммасда  ғоявий-бадиий яхлитлик сақлаб қолинган бўлиб, унда устоз ижодкорнинг анъаналари Ғарибий қаламида муносиб давом эттирилган:
Юз ўгуриб жаҳондин, хўбларга ўзни қотмай,
Сар побарахна йиллар комилга хизмат этмай,
Санги қаноат ила нафс гарданин ушотмай,
Етмиш икки маротиб бу йўлда ўзни сотмай,
Ишқини Боязиддек даъво қилиб бўлурму?
Тийғи ҳавойи бирла жисмингни қилма ранжур,
То тонумай ўзингни, эй бандадур ишинг ғўр,
Лоф урма сирри ишқдин, кўнглингда минг ҳавасдур,
Чилтан шаробин ичмай, бош ўйнамай чу Мансур,
Дор узра деб «анал-ҳақ», ғавғо қилиб бўлурму?
Дунёи бевафонинг ҳавосидин кечинглар,
Ағёрдин юмуб кўз, хақ сорига кочинглар,
Дил мазраъига тоат тухмин, аё сочинглар,
Ғофилни суҳбатидин жон борича қочинглар,
Дўзах аро, чунончи, маъво қилиб бўлурму?
Фурқат таъсирининг бадиий ифодаси сифатида яратилган Ғарибий  шеърларидан бири «Таманнои саёҳат» деб номланади. У Фурқатнинг «Истар кўнгул» мухаммасига ўхшатма тарзида битган. Ғазал Фурқат мухаммаси каби фасли баҳорда табиат ўзалликларига ошуфталик истаган кўнгул ҳақида. Ғарибий ғазали Фурқат шеъридан жанр эътибори билан фарқланса-да, радиф, қофия, вазн жиҳатлари билан унга монанд. Бадиий тасвир усуллари ҳам мухаммасникига ҳамоҳанг:
Ғуссадин ўн икки ой фасли баҳор истар кўнгул,
Ҳар тарафда сабза бирла лолазор истар кўнгул.
Моҳи мазкурдин бир ой ихрож этиб, вақти қимиз
Улфати соз ила кабки кўҳсор истар кўнгул.
Бўлса содиқ маҳраме дил сирридин огаҳ агар,
Дафъи савдолар учун сайри мазор истар кўнгул.
Ғарибий ғазалининг  якунловчи байтлари Фурқатнинг сўнгги
Мунча қилгон орзулардин муяссар бўлмаса,
Фурқатий узлат учун бир кунжи ғор истар кўнгул, –
мисраларидан мазмунан батамом янгичадир. Зеро,  тахмис ёки назира ёзишда мавзу йўналишини сақлаган ҳолда  унинг доирасини янги ғоялар билан бойитиш маҳорат белгиси ҳисобланади. Ғарибий ғазалининг охирги байтлари кўнгилда туғилган истакларнинг сабабини изоҳлайди: ўз диёридаги саргашталик туфайли шоир ўзга маъво ҳақидаги орзуларга берилган эди. Лекин шунга қарамай, унинг учун она юрт ишқи ҳар қандай истак-хоҳишлардан устун. Шунинг учун кўнгил қаерда бўлмасин, ватанга қараб талпинади:
Турфа саргашта бўлубман ўз диёримда нетай,
Кеча-кундуз булъажаб ўзга диёр истар кўнгул.
Бош олиб кетсам, Ғарибий, ҳар қаён ҳижрат қилиб,
Гоҳ-гоҳ «ҳуббул-ватан» деб Ёрмазор истар кўнгул  (Д., 56а).
Айтиш керакки, бу шунчаки шоирона таъбир эмас, балки кўп йилларини сафарларда  кечириб, ватандан ташқарида унинг ҳақиқий қадрини англаб етиш баробарида иймони чиниққан Ғарибийнинг чин иқрори эди.
Намуналари кўриб ўтилган шеърлар мисолида Ғарибийнинг Фурқатдек устоз сўз санъаткоридан мазмунни бой ва теран мундарижада, инсоний ҳиссиётларни нозик ва жозиб шаклларда бериш каби муҳим жиҳатларидан ўрганганлигини кузатиш мумкин.
Қуйида Ғарибий(Шуҳрат)нинг Фурқатнинг машҳур “Сурмадин кўзлар қаро” деб бошланувчи ғазалига боғланган мухаммаси илк марта ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда.