Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 9
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 9 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

90
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Бир қуш шундай деди:
—    Мен умримда кўп гуноҳ иш қилдим. Бу уятдан ҳолим жуда тангдир. Ифлос ишлар билан машғул бўлиш мени нобуд қилиб, бу ғам мени эзиб юборди, энди шулар йўл босишимга тўсқинлик қилмоқда. Чунки ахлат устига қўнган чивиннинг қанчалик жирканч эканлиги ҳаммага маълум. Унинг пок Симурғга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Симурғнинг пок васлига эришмоқ учун поклик керакдир. Булғанч жиноят ичида ҳаёсизлик қилиш билан унга етишиб бўлмайди. У пок бўлса, мендаги сифат нопокликдир. Унинг васлини исташимга уят монеълик қилмоқда.

91
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
-    Сен ўзингнинг гуноҳга ботганлигингни бўйнингга олдинг. Шуни билгилки, бу дунё абадий туриш манзили эмас. Кимки майжуд бўлса, унинг ҳосили охир ўлим бўлади. Агар сен ўз гуноҳинг билан ўлмоқчи, халқ аҳволига кулмоқчи бўлсанг, жуда нодон ва ғофил, ақлли кишилар олдида жоҳил экансан.
Қилган гуноҳларингдан фориғ бўлишни орзу қилдинг, эй ҳавасманд, бу анча осон ишдир. Ундан қутулиш иложи фақат тавба қилишдир. Исён зулмати аро фақат угина чироқ бўлиб нур сочади.
Гуноҳ балчиғидан тоза киши топилмайди, бу хил бегуноҳ киши ҳали ҳеч кимга маълум бўлган эмас. Ҳақ Одам авлодини гуноҳсиз қилиб яратган эмас. Эй бехабар киши, агар сен гуноҳ иш қилмасанг, Аллоҳ афву раҳмат билан кимнинг гуноҳидан ўтади? Агар кимнинг юзи гуноҳдан сариқ бўлса, тавба уни бу сариқликдан халос этади. Раҳмат денгизи мавжланган пайтда сен ҳам худди мен каби юз минг марта пок бўласан.

92
Одам Сафий Алайҳиссалом ҳикояти

Дунёдаги барча инсонларнинг отаси бўлмиш Одам Атони одил ва мангу тирик ҳақ вужудга келтирди. Бошига тўғри йўл топиш тожини кийдириб, бу тожга пайғамбарлик гавҳарини тикди. Уни шу қадар юксак иззат ва мартаба эгаси қилдики, барча малоикалар учун унинг оёғи остидаги тупроқ саждагоҳ деб айтилди. Осмон чўққиси у юрадиган йўл тупроғи бўлиб, жаннат боғи унинг жилвагоҳи эди. У шу тариқа юксак шараф ва эътиборга сазовор бўлди. Ҳақдан унга "Сафий" - "пок" деган лақаб берилди.
Аммо қудратли Яратувчи тақдир этиб, унинг юзи гуноҳ ва исён билан қора бўлди. Ундаги шунча ҳурмат ва сажда этмоқлик қўлдан кетиб, иши номақбул ҳисобланди. Шунда унинг кўксига рад панжасини етказиб, жаннат боғидан ҳайдаб юбордилар. Унга бу хил юз қароликлар насиб қилиб, Ҳиндистон мулкига ғариб бир аҳволда келиб тушди. У йиллар давомида ҳижронда ёш тўкиб, атрофга оҳу ноладан ғавғо солиб юрди. Жони қилган гуноҳидан хас каби ўртанди. Азоб чекиб юрган маҳалда тавба қилиш уни бу қийин аҳволдан қутқарди. Раҳмат боғидан яна майин шабада эсди ва у юз минг азоб-уқубатдан халос бўлди. Тавбаси қабул этилиб, у ўзининг аввалги ҳурматли мавқеини эгаллади.
Шундай бир кишининг мушкули осон бўлгач, сен унинг олдида ким бўлибсан, эй, муродига етмаган заиф. Тавба қил ва ундан ўз нажотингга эриш, йўлга азм айлаб, мақсадингга ет!

93
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
-    Эй тож кўрки! Менинг табиатимда ўзгарувчанлик мижози майжуд. Таъб у ёки бу сифатда расо эмас. Баъзан фисқу фасод ишлар билан шуғулланаман: баъзан тақводорлик қиламан. Гоҳида эгри бўлсам, гоҳида тўғриман. Гоҳо майхона аҳли билан улфат бўлсам, гоҳо Аллоҳга муножот қилувчилар даврасига қўшиламан. Гоҳ Каъбани тавоф қилувчи Аллоҳ-парастман, гоҳ дайрда бут олдида сиғинаман. Ҳолатимда барқарорлик йўқ, шунга кўра ҳаддан зиёд изтироб чекаман. Бу ўзгарувчан шум мижозим ва бу хил нафратланарли одатим билан тўғри йўл топа олмасам керак, деб ўйлайман. Чунки бу йўлда якранг, яъни барқарор эътиқодли бўлмасам ўзимни тополмасман, дейман.

94
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
—    Дарҳақиқат, бу хил бемаъни хислат барчанинг зотида мавжуд.
Уларнинг барчасига нафс ва руҳ сабабчидир. Агар буларнинг биридан бандлар боғланса, иккинчисидан очилади. Агар кимки нафсониятни инкор қилса, унинг зотида руҳоният ғолиблик қилади. Ҳар бир киши бундай шарафга эга бўлса, у киши пок саналиб, ўз вақтини хуш ўтказган бўлади.
Борди-ю кишининг мижози ўзгарувчанликка мойиллашса-ю, сен каби шармандаликка дучор бўлса, бундай киши риёзат чекиш туфайли ушбу касалликдан илож топади ва табиати барқарор бўлади. Агар нафс кишини шундай хатарга йўлиқтирса, унинг чораси муршид тадбири орқали топилади. Чунки муршид ҳар қандай иллатларга табиб бўлиб, халойиқ уни "пир" ҳам деб атайди, эй зийрак киши. Агар сўфийлик йўлидаги толибга нафс тўдасидан турли тубанликлар юзланса-ю, натижада феълида ёмонлик пайдо бўлса (талаб аҳллари гоҳида бунга мубтало бўладилар), пир уларнинг ҳар бирига турли даволар қилиб, иллатини даф этади ва толиб шифо топади. Сен айтган нарса ҳам шундай касалликлардан биридир. Бунинг тадбири эса риёзат чекмоқдан иборат. Сен ҳам бу ишга ўзингни чоғлаб, бу қаттиқликка белингни богиасанг, умид улдирким, бир олий марҳамат кўрсатилиб, сени бу хил номусга қолишдан халос этади. Шунда сен у қийинчиликлардан хурсанд бўлиб, ҳақ йўлида пок йўловчи бўла оласан.

95
Шайх Абу Туроб Нахшабий ҳикояти

Пок табиатли ҳақиқатни аниқловчилардан бири ҳаққа восил бўлган Абу Туроб Нахшабий бир муриднинг ҳолига назар солиб, унда зебу зийнат нишонасини кўрар эди. Чунки бу мурид киядиган хирқа тоза матодан болиб, у қизил, яшил ва сариқ нақшлар билан зийнатланган эди. Унинг нафси гўзалликка, кийинишда зеболикка кўпроғ майл кўрсатарди.
Пир бундан қутулиш учун унга кўпгина риёзатлар буюрди, аммо унинг сўзлари бефойда бўлиб қолаверди. Ундаги бу сифатнинг даф бўлмаганини кўрган пир охир-оқибатда шундай буюрди: "Уни ўзининг ёмон нафсини тугатгунга қадар ҳар кун мол сўйиладиган қушхонага олиб боринглар!"
Шундан сўнг бир саватга қўйнинг ичак-чавоғини барча ахлат ва нажосатлари билан бирга солиб, мурид бошига қўйди ва маҳкам ушлаб туришларини буюрди. Токи бу машаққат ва ранждан у кўп қон ютсин. Уни шу тахлитда салласидан ифлос томчилар томаётган ҳолда Насаф бозоридан ўтказиш ҳақида кўрсатма берди.
Унинг ўжар нафсини тузатувчи ушбу тадбир бир неча кунга чўзилди. Шундан кейин унинг хирқасида гўзалликдан асар ҳам қолмай, барча зеболиги бурнидан чиқди. Бу машаққат унинг нафсини ҳалок қилгандан сўнг комил муршид яхшилаб ювиниш лозимлигини буюрди. Шу тариқа уни бу касалликдан қутқариб, бу хатардан эсон-омон ўткарди. Турар жойини васл айвонига ҳамнишин қилгандан кейин нимаики истаган бўлса, ўшанга эришди.
Сен ҳам нафсингни бирор хил ранж чекишга қўй, бунинг эвазига хазинани қўлга киритасан. Акс ҳолда ўзингни ҳалок бўлдим деб ҳисобла ва ўзгарувчанлик дўзахида ўлдим деб санайвер.

96
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Савол берувчи қуш шундай деди:
—    Эй қутлуғ табиатли! Нафс менга золимлик кўрсатиб, чексиз душманлик қилади. Нимаики буюрилган бўлса, у бунга хилоф йўл тутади, унинг ножўя ишларини ҳеч бир кечириб бўлмайди. Агар бу йўлда нафсим менга душманлик қилса, мен бу оғир йўлни қандай қилиб босиб ўта оламан?

97
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Эй ҳирсга берилган нотавон! Нафс зулми кўнглингни жароҳатлабди. Туну кун нафснинг маҳкуми бўлиб, ўзингни шу бемаъни ҳангома билан овутасан. Нафс неки амр этган бўлса, унга бўйсунгансан. У сендан баланд келиб, сен унга мағлуб бўлгансан. У буюрмасдан туриб, бирор марта ўзингча нафас олмагансан. У нима ҳавас этган бўлса,сен ўшани бажариб келгансан. Умрингни унинг фармонига сарф этгансан. У қаерни орзу қилган бўлса, унинг орқасидан эргашгансан. Нафс сени худди эшак каби нўхталаб, орқангга миниб олган. У сени қаёққа етакласа, ўша ёққа кетасан, "юр" деса юрасан, "тўхта" деса тўхтайсан. Агар сен ёш болалик чоғингда унинг асири бўлиб, беҳуда ўйин-кулги билан ғафлатга чўмган бўлсанг, йигитлик чоғингда ҳам ундан айрилмадинг, бир лаҳза ўз ҳолингга боқиб, ўйлаб кўрмадинг. Мана энди қариликка қадам қўйдинг, аммо ўз одатингни ташламай, фисқу фужур ва исён қилиш билан шуғулланасан. Бутун умринг ана шу ғафлат ва итоатсизликда ўтди. Энди юз минг армон билан ўлиш маҳалинг етди. Умринг ўтиб кетса ҳамки, Аллоҳ амрини сира ёд этмадинг, адашиш ва ёмонликдан бошқа йўлни тутмадинг! Бутун оламни қидирса сен каби умрини беҳуда ўтказган ғалати бир зот топилмаса керак! Тириклик чоғингда бу хил ғафлатга ботдинг, ўлганингдан кейин, кўр, қандай ҳолатга тушар экансан.

98
Ҳикоят

Бир золим подшоҳ бўлиб, у доимо маст-аласт юрар, ниҳоятда беҳаё, босқинчи ва қонхўр эди. Ҳаром нафси уни ҳар хил ёмон ишларга буюрар, у эса ҳеч бир бўйин товламай, уларни бекаму кўст бажарарди.
Бир куни у айш жомидан нўш этаётиб, кўчадан ўтиб бораётган жанда кийган иккита дарвишни кўрди. Улар бир-бирларига ҳам дўст, ҳам ўртоқ, ҳам ҳамдам, ҳам сирдош, ҳам ғамхўр ва шафқатли эдилар. Шоҳ улардан бирини ўз ёнига чорлаб, шериги тўғрисида шундай савол берди:
—    Айт-чи, сенинг ўртоғингга бўлган муносабатинг нимадан иборат? Дарвиш шоҳга шундай жавоб қилди:
—    Бизнинг ўртамиздаги муносабат бир-биримизга дўстлик, ҳамдамлик кўрсатиш ва ҳамфеъл бўлиб, ўзаро ҳамкорлик қилмоқдан иборатдир.
Ғофилликдан маст бўлган подшо яна шундай савол берди:
—    Эй йўл соҳиби! Айтгин-чи, мен яхшиманми ёки сенинг ўртоғингми?
—    Менга иккингизнинг ҳолингиз ҳақида нимаики аён бўлса, ўшани баён қиламан. Ҳар иккаласидан хабардор бўлгач, эй тож эгаси, улардан ўзинг ҳукм чиқарасан.
Гарчи сен бир халққа шоҳ бўлсанг-да, лекин ҳақ йўлида гумроҳсан. Ҳақ нима буюрса, сен унга хилоф иш қилиб, кечаю кундуз умрингни ғафлатда ўтказмоқдасан.
Шеригим эса гарчи дарвиш ва гадо бўлса ҳам, Ҳақ амрини жойида бажо келтиради. У бирор марта тўғри йўлдан ташқари қадам қўймаган. Вақтини ҳақ амрини бажариш билан ўтказади.
Сен шоҳсан-у, аммо нафсингга магиуб ва хорсан, у гадо бўлса ҳам, нафсини ўзига асир этган. То тирик экансиз, ҳар иккингизнинг ҳолингиз шундай кечади. У гадо ва сен шоҳнинг яшаш тарзингиз шундайдир. Оиганингиздан кейин эса у - шоҳ, сен эса -гадо бўласан. Чунки сен маст эдинг, у эса тўғри йўлдан борувчидир.
Йўл пири бу сўзларни айтгач, шоҳ сесканиб, уйқусидан уйғонди. У аввал маст бўлган бўлса, энди унга ҳушёрлик етишди, уйқуси бедорлик билан алмашди. Шундан сўнг у шоҳликнинг зарбоф кийимларидан ор қилиб, уларни ечиб ташлади ва ўрнига жанда кийди. Ҳақдан кўнглига огоҳлик етиб, дарвишлик аслида шоҳлик эканини англаб етди.

99
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи шундай деди:
—    Лаънати иблис ўз макр ва найранглари билан мени ўз домига туширмоқ учун қасд қилади. Мени бир зум ҳам ўз ҳолимга қўймай, кўнглимга турли оламларни келтиради. Ҳар лаҳза бошимга хилма-хил хаёллар солади, ундан қутулмоқликнинг ҳеч эҳтимоли йўқ. Ундан халос бўлишнинг иложи бўлмагани учун айтган ишларини бажаришга мажбурман. Унинг васвасаларидан шундай бир ночор аҳволга тушдимки, ақлим ундан қутулишга ожизлик қилмоқда.