Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 4
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 4 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

40
Ҳудҳуднинг Булбулга жавоби Ҳудҳуд бу афсонани эшитгач, шундай деди:
— Сен ўз ишқинг ҳақида бунчалик кўп ғавғо қилаверма! Айтганларинг ишқ эмас, бошдан-оёқ шунчаки бир ҳавасдир. Бас, у ҳавас бўлгач, эй бехабар, у ҳақдаги гап-сўзингни йиғиштир! Оламда сен каби нафсга бўйин эгувчи бирон-бир нодон бўлмаган.
Сен ўзингни зўрлаб ошиқ сифатида кўрсатиб, ишқ аро ҳар хил ғавғолар кўтардинг. Йилда бор-йўғи беш кун чаманда очилиб турадиган, ўн кун ўтмай тупроқ узра хазон бўлиб сочиладиган вафосиз ва умр боғида бақосиз бир чечак учун шунчалик ғавғоми?!
Киши бу хил гўзалликка ошиқ бўлмагани яхши, чунки у ошиқ бўлишга лойиқ эмасдир. Шундай нарсани маъшуқ деб билки, юз хастаҳол ўлса ва йўқолиб кетса ҳам у завол нималигини билмасин. Гарчи сенинг бу ишқинг шайдолик бўлиб кўринса ҳам, барибир охири расволик билан тугайди.

41
Ҳикоят

Бир шоҳ отда сайр қилиб ўтиб бораётганда унга бир ҳавойи гадо ошиқ бўлиб қолди. Халқ ичида оҳу вовайло билан афғон бошлаб. ғавғо-тўполон қила бошлади. Худди сенга ўхшаш у ҳам минг турли нолалар қилар эди. Бир масканда телбалардек муқим тура олмас, ўзини гулхан кулига булғар эди.
Шоҳга бу хил ишқ ва девоналик маълум бўлгач, ошиқни синамоқчи бўлди. Бир кун у ўзининг безатилган отига миниб, имтиҳон қилиш мақсадида отини гадо ётган гулхан томон ҳайдади. Ва мулозимларига айтдики: "У гумроҳни судраб олдимга олиб келинг ва ҳузуримда бўйнини узиб ташланг!"
Шундан сўнг гадони судраб, шоҳ олдига келтирдилар, ишқида ўзи орзу этган тилакка еткурдилар. Бахтиёр шоҳ уни қатлга ҳукм этди. Бундан гадо ваҳимага тушиб, беихтиёр орқасига қараб қоча бошлади. У қўрққанидан ҳуши бошидан учиб, ҳар томонга зир югурар эди. Одамлар унинг орқасидан тутмоқ учун қувлар эдилар. У энтиккан бир ҳолда гулхан томон чопди ва ўзини йўқотган ҳолда ўтга тушиб, куйиб кетди.
Шоҳнинг бу имтиҳондан мақсади шундай эди: агар гадо чиндан ҳам ошиқ болиб, ўз даъвосида содиқ бўлса, қатл ҳукмини қабул этиши керак эди. Шунда шоҳ отидан тушиб, ундан узр сўрамоқчи, аҳволидан огоҳ бўлмоқчи ва садоқати эвазига уни ўзига мусоҳиб ва яқин улфат қилиб олмоқчи эди.
Аммо гадонинг ишқи сохта бўлгани учун ҳоли расволикдан машҳур бўлди. Борди-ю сенга ҳам ўша ўзинг севган гулдан бир тикан озори етса, сенинг ҳам масканинг чаман эмас, гулханда бўлади.

42
Қумри узри
Қумри айтдики:
-    Эй доно! Ғафлатда қолган, йўлдан адашганлар раҳнамоси! Мен шундай бир қушдирманки, умрим бўйича ҳеч қачон чамандан чиқмаганман, дашту водийлар бўйлаб сайр қилишдан зерикмаганман. Ўз заифлигим ва ожизлигим билан машҳурман. Мен ўз уямни дарахт шохлари ва барглари орасига қураман. Жаҳонда на совуқ кўрганман, на иссиқ. Бошимга на машаққат тушган ва на қаттиқлик тотганман. Доимо у боғдан бу боққа, у шохдан бу шохга ўтиб кўнглимни чоғ қилганман. Шундай бир ҳолатда бундай қийин йўлга чиқишга ҳавас қилиб, бу йўл азобларини кўтаришга ярай оламанми?! Агар жонимни бу машаққатга қўйсам, мажбуран ўз қонимни ўзим тўккан бўлиб чиқмайманми?!

43
Ҳудҳуднинг Қумрига жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
-    Эй ожизлиги билан юз тубан келган Қумри, кўнглингни дард ва шавқ билан яралагин! Агар сен минг йил боғ ичида манзил тутсанг ҳам, бу тарзда шох ва барглар орасида учиб юришингдан не ҳосил?! Барибир йўлингни бирон-бир мушук пойлаб, ғиппа бўғади, қорнингни ёриб, қонингни ичади. Ёки биров камон ўқи билан сени отиб туширади ёки палахмон тоши билан жонингни олади. Сен айтаётган айшу ком бундан ўзга нарса эмас. Сенга гулшан ичра шундай "еҳтиром" кўрсатишади. Ғафлатга ботиб, бу хил ҳаром ўлиб кетгандан кўра, ўзингни айрилиқ шуиаси билан ўртаб, ҳақиқий эрлар каби асл мақсадни истасанг-чи! Ёр васлини излаб йўлга туш! Агар сен бу йўлда зор жисму ғамга пайванд жонингни фидо қилиб дарду машаққат ила олиб кетсанг, бундан ҳеч бир афсус чекма, чунки сенинг шу вақтгача ор қилишга сазовор офатли аҳволингдан бу оиим юз қатла яхшироқдир!

44
Ҳикоят

Бир уқувсиз боғбон бор эди. У боғбонлик санъатидан бехабар эди. У на дарахтга пайванд қилиб, ундан ҳузур-ҳаловат берувчи мева олишни, на дарахтларни парвариш қилиб ўстиришни ва на ўз вақтида гули ҳосилга кира оладиган дон сепишни биларди. Боғ аро хас-хашак териш билан хурсанд эди. Аслида уни боғбон эмас, хашакчи дейиш керак эди. У шу тарзда заҳмат чекиб, ўз умрини ўтказар эди. Яқин ўртоқлари унга бу хил самарасиз ишни ташлаб, ўзингни фойдали иш билан овут, деган тарзда панд-насиҳатлар қилар, у эса буларга сира қулоқ солмас эди. Жоҳил боғбон бу машаққатли иш билан шуғулланишни тарк этмади. Кунлардан бир кун у жўяклар оралаб ток кесиб юрганида, уни илон чақиб ўлдирди.

45
Кабутар узри

Сўнгра Кабутар ўз арзи ҳолини шундай шарҳ этди:
-    Эй тўғри йўл кўрсатиш бобида камолот соҳиби! Барча қушлар орасида Аллоҳ мен учун халқ қўлидан овқат ейишликни қисмат этди. Халойиқ мен учун маскан ва кошоналар қуради, кишилар олдимга сув ва донлар келтириб қўйишади. Жаҳонда мен одамлар тузоғининг маҳбусиман, шу сабабдан уларга одатланиб, ўрганиб қолганман. Аллоҳ менга бу ҳолатни насиб этиб, қисмат дастурхонидан менга шу иш тушибди. Ҳақ шуни раво кўрган экан, ундан бўйин товлаш ақл қонунига мувофиқ келадими?! Қисматга шукр қилиб, бу машаққатли ҳаётга юз қўймаганим авло эмасми?!

46
Ҳудҳуднинг Кабутарга жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
-    Эй турли баҳонани ўзига касб қилиб олган! Сенга макр ва ҳийлалар уяси маскан экан! Қушлар сенинг бу ҳолатингдан ҳайратга тушмоқдалар. Сен каби бирорта ғайратсизни топиб бўлмайди.
Аллоҳ сенга бутун коинотни учиб ўтгудек қанот насиб этган. Сен бўлсанг халойиқ олдида зору интизор болиб ўтирибсан! Кишиларнинг берган суву донларига асир бўлдинг. Одамлар ёғочнинг учига латта боғлаб, тўдангизни қувиб юришади-ку! Улар сиздек бефойда галани қувлаб, томларини сиздан ҳоли айлайдилар-ку! Улар сизга шунчалик жабр кўрса-тишади-ю, сиз эса тамагирлик билан уларнинг ёнидан жилмайсиз, уларнинг томидан бўлак бошқа жойга бора олмайсиз!

47
Ҳикоят

Халқ орасида бир ишёқмас, танбал киши бор эди. Одамлар унинг беғайратлигидан ҳайрон қолар эдилар. У одамлардан мушт, шапалоқ ёки тепки ер, бунинг эвазига улардан бир бурда нон ёки таом олиб, кун кўрарди. Кишилар уни қувиб юборсалар ҳам, ҳеч қаерга кетмай, ўзининг ёмон қилиқларини тарк этмасди. У тортадиган жафоларга маълум бир нарҳ тўғрилаб қўйган эди. Қайси бир киши уни бир тепса ёки урса, у ўша кишидан бунинг ҳақини талаб қилиб олар, қўлига туслиган нарсани дарҳол оғзига солар эди.
Кунлардан бир куни кимдир унинг қўлига бир парча нон бериб, шундай мушт туширдики, натижада танбал ер тишлаб қолди. Гарчанд у шапалоқлар еб, қорнини тўйғазиб юрган бўлса-да, бир мушт билан энди қайта ўрнидан турмайдиган бўлди.

48
Тоғ Каклиги узри

Яна тоғ Каклиги ожизлик кўрсатиб, шундай деди:
-    Эй барча қушларнинг етакчиси! Мен тоғда манзил қургаии қушман. У ерда тилим Аллоҳга мадҳу сано ўқиш билан банддир. Шу тариқа олам элидан этак силкиб, тоғ этагида ором ва ҳаловат топдим. Бу хил узлат чўққисини ихтиёр қилиш сабабли менга толе ўртоқ, бахт ёр бўлди, тоғ хазинаси эса омонлик жойига айланди. Бас, шундай экан, ҳолимга бундай сафар муносибми? Юришим доим кон устида бўлгандан кейин бу ишда орзуим гавҳардир. Маънавий гавҳарни қоига киритиш ҳамон қийин иш бўлиб қолмоқда. Шундай экан, бу йўл менга бемаъни сайрдан бошқа нарса эмас-ку!

49
Ҳудҳуднинг тоғ Каклигига жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Эй беҳуда хаёлларга берилган! Димоғингда беҳуда хаёлдан бошқа нарса йўқ экан. Тоғ орасида узлатга чекиниб, одамлардан узоқлашдим, деб айтдинг. Аслида бу гўшанишинлик эмас, нафсу ҳавога берилишдир. Тоғ ва чўққилар устида у ёқдан ҳу ёққа тинмай югурганинг-югурган! Ҳар лаҳза телба кишилар каби беҳуда қаҳқаҳа отишинг ҳам ўринсиз. Маънавий гавҳар ҳақида ҳам номуносиб сўзлар айтдинг. Эй, жаҳл билан маст бўлиб, фақат ўзини ўйловчи, сен қаёқдаю маънавият қаёқда! Бу хил ёлғон сўзлар билан муттаҳамлик қилиб, маъно гавҳари ҳақида оғиз очма! Ўз сўзларинг билан асл зотинг пастлигини, бемаъни ва бадбахтлигингни кўрсатдинг. Сен шунчалик ёлғонга мубтало бўлдингки, улардан бошингга юз бало келгусидир.