Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 14
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 14 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

140
Ҳикоят

Хожа Абдуллоҳ Ансорийки (хиротлик шайх, 1005 -1088-й.й.), ақл у қилган ишларнинг мингдан бирини ҳам шарҳ эта олмайди, шундай деган эди: "Кўнглихушлиги ва унинг фақр йўлида ҳурматга сазовор бўлиши дилда ундан ўзга, ёдда жонондан ўзга нарса бўлмаслигидир. Ҳар бир кўнгил шундай сифатга эга бўлса, уни кўнгил деб билгил. Йўқса, денгиз ёки кон бўлса-да, ундан воз кечгил. Унга маскан бўлган кўнгил - кўнгилдир, йўқса, гулшан бўлса ҳам гулхандир".

141
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
—    Эй бахтиёр зот! Мен унинг ишқини ихтиёр этиб, ногаҳон унинг васли билан сарфароз бўлсам, ундан ёлвориб нима сўрай? Унинг васлига етган замон аввал ундан нимани сўрашни билмоқчиман.

142
Ҳудҳуднинг жавоби
Ҳудҳуд шундай деди:
—    Эй шиори хомлик, ҳуш водийсида беоромлик бўлиб, ақлингдан айрилибсан-да! Чунки у сенга мақсаду мақсуддир, ундан ўзга бору йўқ нобуддир. Талаб қилганинг муяссар бўлса, севикли ёринг оғушингга кирди, деб бил. То йироқ экансан, кўнглинг уни ҳавас қилади, жонингга ундан ўзга сўров йўқ. Орадан фироқ кўтарилиб, унинг висолига эришсанг, бундан яхшироқ нимани истайсан?! У-ку тан ва жондан мурод, ундан ўзга яна қанақа мурод бўлиши мумкин? Уни топгудек бўлсанг, бошқа тилаклардан кўнглингни уз, бору йўғингни унинг ишқи учун сарф қил!

143
Ҳикоят

Абу Саид (Аҳмад бинни Исо, 899-й.в.е.)висол дарёсига ғарқ бўлган кишилардан эди. Уни васф этишда ақл ожизлик қилади. Унинг номига Харроз — маҳсидўз лақаби нисбат берилган, кеча-кундуз қиладиган иши матлуб билан сирдош бўлиш эди.
Бир кун Маккада дуо вақтида бир гуруҳ кишилар ҳақдан мурод истамоққа майл қилдилар. Ўша авлиёсифат кишилар ҳақ сирларидан огоҳ бўлиб, тақво ва тоат-ибодатлар билан ҳақни истаб муножот қилишар, барчалари у даргоҳга ошно бўлмоқ учун юзларини Каъбага суртар эдилар.
Лекин ҳақиқат хазинасининг сири ва васл боғи гулларининг гулшани бўлган Абу Саид бу пайтда талаб аҳли ичра хомуш, кўнгли бирлик жомидан беҳуш эди. Эл дуо ўқиётган пайтда ногоҳ уларга қараб, оғзига шу сўзлар келар эди:
-    Аллоҳ! Халқ ҳар ниманики талаб қилаётган бўлса, мен машаққат чекмасдан топишга эришдим. Эл сени бизига матлуб деб, сенга етишмоқни истайди, мен эса сени аллақачон топганман. Бу ҳолатим билан гўё сени қидиришдан кўз юмган кишига ўхшайман. Мен сендан бир нафас ҳам айрилиқда эмасман, зероки, топилган нарсани орзу этиш бемаъниликдир. Мен-ку васлинг ила мақсадимга эришганман, бу талаб аҳлини муродига етказгил!

144
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи деди:
—    Эй билимдон! Бу сафар кўнглимизни жароҳатлади. Энди йўл юриб шоҳ базмига ошно бўлсак, айтгандек, унга беҳад нафис бир совға ҳам олиб боришимиз шарт. Шоҳга қандай совға маъқул келаркин, шундан бизни огоҳлантирсанг.

145
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
-    Сенинг бу саволинг жуда ҳам ўринли. Дарҳақиқат шоҳнинг олдига бирон совға билан борилса, кўнгилдагидек иш бўлади. Совға қилиш учун шундай бир нарса топиш керакки, у ниҳоятда ноёб, балки лаъл билан безалган тоза дурдан ҳам қимрнатбаҳо боисин.
Аммо у хазинада қимматбаҳо нарсалар шунчалик беҳисобки, уларнинг олдида бу дуру гавҳарларга йўл боисин? Қимматбаҳо нарсалар, деганимиз бу малакларнинг тоату тақволари, ўзини пок тутувчиларнинг шарофатли нафасларидир. У ерда зоҳид кишиларнинг ибодати кўплаб топилади. Тақвою тоат жавҳарлари у ерда бисёрдир. Пайғамбарлар чеккан риёзатлар ҳам, авлиёлар қилган ибодатлар ҳам у ерда беҳисоб. Бу ерда шарафга лойиқ бўлган нарсалар у ерда тупроқ билан тенг туради.
Лекин у ерда энг яхши совға фақат ёниш ва дард чекишдир! Бир зумлик ғамли оҳ чекишдан ортиқ совға бўлмайди. Чунки у жой иззат ва эҳтиёжсизлик кошонаси бўлиб, юз туман минг аршдан ҳам аъло туради. Унда юксаклик, истиғно ва ноз ҳаддан ташқари кўпдир. Фақат ожизлик кўрсатиш ва заифлик билан ёлвориш у ерда топилмайди.
Сен ўзинг билан бирга ёлвориш ва дард олиб бор, зор жисрнингни ва ғамли жонингни элт; чунки бу совғалар у даргоҳда йўқдир. Бечоралик ва нотавонлик билан шоҳдан уларни қабул этишини сўра. Агар сен ўзингни унга ошно қилмоқ истасанг, унинг ҳузурига ёниш, дард ва фано билан бор.

146
Ҳикоят

Шоҳларнинг шоҳи бўлган бир буюк подшо бор эди. У гўё олам аҳли бошида Аллоҳ сояси каби эди. У қуёшдек порлоқ тож эгаси бўлиб, ундаги гавҳарлар юлдузлардек порлар, мулки ҳам кунчиқишдан кунботишга қадар чўзилган эди.
Унинг бир ўгии бор эди. Бу кўҳна олам унинг каби азамат ўғлонни ҳанузгача кўрмаган эди. У ҳусн осмонининг ёруғ юлдузи, дейилса ҳам, латофат қутичасининг порлоқ гавҳари дейилса ҳам кам. У гўзаллик тунини безагувчи шам ва малоҳат гулшанидаги сарвиноз эди.
Шоҳ унинг ҳуснидан оламга ўт тушмасин деб, уни бир қаср ичида яширин сақларди. Ундан оламга офат тушишини билиб, у отланиб чиқадиган йўлни тўсиб қўйган эди. У бир гулшанда мақом тутган бўлиб, боғ аро худди товусдек хиромон юрарди. Шоҳ унинг ташқарига чиқишини ман этганидан шу чаманда ўз вақтини айшда ўтказиш билан қаноатланарди.
Ногаҳон шоҳ тахтини шаҳзодага қолдириб, ажал жомини сипқарди. Давлат хутбаси шаҳзода номига ўқилди, унинг юк-сак оти билан танга пуллар зарб қилинди.
Кунлардан бир кун кўнгил очиш учун мулкини томоша қилмоққа отланди. От билан жавлон уриб, майдонга офет солгани кирди. От чопиб майдонда чавгон ўйнади, халқ бошини гўй этиб, жон ўйнади. Тулпорини қайси тарафга сурган бўлса, ўша шаҳар ва мулк аҳлида ғавғо-тўполонлар бошланди. Уни кўрган эл девонаю зор бўлди, ишқ домига гирифтор бўлди.
Шоҳ уларга шундай улуғ офатларни солиб, худди шамол каби тезликда ўз гулшанига қайтиб кетди. Шаҳар халқи унинг орқасидан ғавғо чекиб, "Ё Раб!" деб, ишқидан оҳу фарёдларини кўкка етказишарди. Улар шаҳарда қолмай, унинг орқасидан эргашдилар, ҳаммалари унинг қаср ва боғига етиб келишди.
Золим шоҳ ўз мулкини хароб қилиб, қасридан пастга тушганча, халойиққа шундай буйруқ қилди: "Бу ғавғо кўтарганларни ҳар томонга тарқатиб юборинглар. Кетмаганларни эса жазоланг!"
Шоҳ мулозимлари кишиларни тарқатишга қанчалик ҳаракат қилмасинлар, одамлар бари бир кетишмади. Уларнинг одамларни тарқатиш учун қилган барча ҳаракат ва интилишлари фойда бермади. Шаҳар халқи бошдан-оёқ телба бўлиб, балки телбадан ҳам ортиқроқ аҳволга тушиб, кечаю кундуз ошуфта ва девонавор ҳолда шоҳ боғи атрофида қарор тутдилар. Қари ва ёш, ринд ва зоҳид, олий ва паст табақадаги барча оломон ишқ ва телбалик кўчасига кирди.
Шоҳ элнинг бу қийин аҳволга тушганини кўргач, ўз ҳолига ҳайрати орта бошлади. Бу ғавғонинг поёни йўқ эканлигини кўриб, унга чора топиш мумкин эмаслигини ҳам билди. Халойиқ томон бир элчи юбориб, унга ушбу хабарни етказишни буюрди: "Менинг ишқимга асир бўлган кишиларнинг ҳаммаси бирон касб эгасидирлар. Ҳар ким ўз соҳасида маҳорат кўрсатиб, ўз ҳунаридан бир ишни бунёд этсин. Ҳамма шу иш билан шуғуллансин. Агар кимнинг иши менинг кўнглимга хуш келса, у кишини ўз мулозимим қилай. Уни базмларимда улфатим этиб, суҳбатларимда ҳамдардим ва ҳамроҳим қилай. Агар қилган иши кўнглимга ёқмаса бўйнини узиб, кўп азоб-уқубатлар билан ўлдирай!" Касби кори зулм бўлган шоҳ шундай ҳукм этди.
Ошиқлар олдида катта имтиҳон кўндаланг бўлди. Эл унинг ваъдасидан умидвор бўлиб, ўз ишларини бажаришга киришдилар. Ҳамма фозиллар, илму ҳунар аҳллари барча ишдан воз кечган ҳолда кеча-кундуз тинмай ҳаракат қилиб, шоҳ буюрган ишга машғул бўлдилар. Олим китоб ёзмоқ ниятида, бастакор янги куй яратиш истагида бўлди. Шоир замона шоҳи назар қиҳшга арзирли мадҳия ёзишга уринди. Мунший мен ёзган номани шоҳ писанд этармикан, деган ўй билан хат ёзишга қалам олиб, шоҳни васф этишга киришди. Заргар ўз ҳунарини ишга солиб, шоҳга лойиқ олтин камар ясамоқчи бўлди. Кийим тикувчи ўз устахонасига бориб, шоҳ кийиши учун зарбоф тўн тикмоққа иш бошлади. Дурадгор, шундай бир тахт ясайки, бу тахтга саодатли шоҳ чиқиб ўтирсин, деган ўй билан тахт ҳозирлади. Камон ясовчи ёйим зора шоҳга ёқиб тушса, деб ўз санъатига банд бўлди. Ўқчи ҳам кўп машаққатлар ила эҳтимол бу шоҳ кўнглига хуш ёқармикан, деб ўқ ясашга киришди.
Хуллас, шаҳардаги каттаю кичик - барча кишиларнинг ҳар бири ўз ишига берилиб, қилган ишим зора шоҳга маъқул тушиб, у мени ўз мулозимлигига чорласа, деган ниятда ўз ишига зўр берди. Улар ўзлари чеккан шунча машаққат-лари натижасида қилган ишларининг шоҳга ёқиб, бундан мурод-мақсадларига эришмоқчи бўлдилар.
Бир кеча шоҳ халқ қилган ишларни кўздан кечириш учун ўз даргоҳидан чиқди. Бир-икки хизматкор маҳрами билан худди ўғрилар каби яширинча шаҳар томон йўл олди. Шу тарзда у эл қилган ишларни бирма-бир кўздан ўтказиб, ҳамма ишни кўриб чиқди. У олийсифатли шоҳ қайси бир ишга назар ташламасин, ўзига-ўзи: "Бундан бизнинг хазинамизда ҳам бор, балки у ерда бундан яхшироғи ҳам бисёр!" деб айтар эди.
Юра-юра охири у бир ғариб — бечора турган жойга етишди. Бу киши ошиқ бўлиб, ниҳоятда озор чеккан, афтода бир ҳолатда эди. Ишқ уни жонидан ноумид қилган, ҳажр бедоди севган кишисидан умидсиз бир кўйга туширган эди. Бу нотавон ҳар замон бағридан томаётган қонларни кўз йўллари орқали ҳар томонга оқизарди. Кўздан оққан қон ёшлари билан туфроққа беланганча ётар, бу мушкул ҳолатда қийналган кўнгли гўё ярим сўйилган қушдек изтироб чекарди. Ҳар дам ўзгача бир нолаю афғон қилар, у чеккан оҳу нола ва фарёддан эл кўнгли бузиларди. Ишқ тиғи унинг хаста кўнглини чок этган, кўнглидан ўзлигини сиқиб чиқарган эди. Ишқ жавридан у шунчалик уқубат чеккан эдики, бундан унинг вужуди йўқ бўлаёзган эди. Бу фано уни тупроққа оғушта қилиб, ҳатто баданидаги ҳар битта тукка юз шикаст етказган эди.
У шу ҳолатда ўзига-ўзи шундай дерди:
— Ҳар кимса ўз соҳасида ошуфтаҳоллик билан маҳорати камолотини кўрсатади. Эртага улар шоҳ базмида қатнашиб; шоҳ уларнинг ҳар бирига лутфу марҳаматлар изҳор этади. Менда эса оҳу дард чекишдан бўлак ўзга туҳфа йўқ. Мен уларга қандай қилиб шерик бўла оламан?!
Шоҳда ё лутф бўлади, ё сиёсат. Мен бечорага ҳам у ўз даргоҳига бориш учун рухсат берса. Аммо мен унинг лутфу эҳсонига лойиқ эмасман, ҳаттоки сиёсат қилишга ҳам арзимайман. Кошки эди у сиёсат тиғини суриб, ўз қиличини бўйнимга еткарса, менга шу шарафнинг ўзи кифоя! Бундан ўзга мақсадим ҳам йўқ...
Лекин мен шунчалик эътиборсизманки, ҳатто унинг мени қатл қилишига ҳам ишончим комил эмас. Э воҳ, мендаги дарду алам кучайиб, ҳалокатли тус олмоқда, бундан ўз ҳолимга мотам тутмоқдаман!
Шоҳ бу ғариб аҳволни кўриб, ғариби зордаги бу ҳолни билгач, бу ҳолат унинг кўнглига қаттиқ таъсир қилди ва меҳри тобланиб, бу вайронага худди қуёш каби кириб келди. Унга лутф кўргизиб, кўнглини овлади, балки руҳини жисмининг уйидан қувлагандек бўлди. Бечора ошиқ бу аҳволни кўргач, чексиз ҳайратдан гунг ва лол бўлиб қолди. Кўнгли бу қувончга тоб бера олмай, меҳмон ҳузурида ўз жонини тортиқ қилди.
Билгилки, бу хил ўлмоқ жондан ҳам яхшироқдир. Жон нима деган нарса, балки минг тирик ҳаётдан ҳам афзалроқдир. Агар кишига бу хил ўлмоқлик насиб этсаю у ўз жонидан воз кеча олмаса, у одам саналмайди. Ишқ аро бу ёниш ва куйиш унинг руҳ шамини порлаган машъалга айлантиради!
Кўрки, кўз ёш тўкиб куйгани туфайли шам қоронғу кечаларда қуёшнинг ўрнини босади!
Эй Фоний! Агар мақсадга йўл топмоқчи бўлсанг, оҳ чекиш, ёниш ва дард билан Ўзингни хурсанд қил!

147
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
-    Эй поклик, раҳбарликбобида чечан қуш. Бу йўл шиддати ҳаддан кўп бўлди, охири ҳам ниҳоясиз экан. Айт-чи, бу бало даштини қачон босиб ўтамиз? Асл манзилга қай тарзда етамиз? Бизни бу ишдан хабардор айла, йўлнинг суръат ва оромини изҳор қил. Унинг қандай бошланиб, нима билан тугашини бизга тушунтириб бер. Аввал биз чекадиган машаққатлар, сўнгра етишадиган айш ва мақсадлар ҳақида гапир!

148
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Эй бу йўлда ҳамроҳ бўлган ўртоқ! Бу саволинг нозик савол бўлди. Сен мендан бу сафар кайфиятини, ундаги манзил ва водийларда дуч келинадиган қийинчилик ва шодликлар ҳақида сўрадинг.
Билгилки, бу йўл бир неча водий ва манзиллардан иборатдир. Энди мен уларни сенга бирма-бир шарҳ қилиб берай, сен воқиф бўл.
Олдимизда еттита катта водий турибди. Уларнинг ҳар бирида хавфу хатар ҳаддан ташқари кўпдир. Бу водийларнинг ҳар қайсисида сон-саноқсиз манзиллар бўлиб, ақл уларни санаб чиқишга улгура олмайди. Лекин бу манзилларнинг ҳаммаси аслида еттита катта водийга бирлашади. Мен ана шу водийлар шарҳини баён қиламан.
Аввалги водий Талаб водийсидир, унга шарофатли тўғри йўл кўрсатувчигина бошлаб олиб боради.
Кейинги водий - Ишқ водийси. Сен бу ерда ишқ ўти ичра бору йўғингни ўрташинг лозим.
Ишқ сенинг вужудингни йўқотгач, Маърифат водийсига қадам қўясан.
Сўнгра Истиғно (Еҳтиёжсизлик) водийси келади. Бу водий бениҳоя кенг бўлиб, юксак осмон ҳам унинг олдида паст туради.
Ундан кейинги Тавҳид (Ягоналик) водийсидир. Ундан ўтиш учун киши ёлғиз бўлмоғи зарур.
Ундан ўтсанг, Ҳайрат водийсига дуч келасан, бу ерда сенга кўп шиддатлар юзланади.
Ҳаммадан сўнг Фақру Фано (Фақирлик ва йўқлик) водийси келади. Сайр қилаётган солик шу билан йўлни ниҳоясига етказади. Бунда сулук аҳли ўз мақсадига эришиб, иш ўзгача бир ҳолат билан тамом бўлади.
Лекин бу водийлардаги манзиллардан ҳеч ким хабар беиган эмас. Бу йўлдан кетганлардан ҳеч ким қайтмаган. Ҳатто бу етти водий ҳам ниҳоятда мухтасар бўлиб, уни тавсифлашда кўп чалкашликларга йўл қўйилган.

149
Талаб водийсининг сифати

Талаб водийсига қадам қўйсанг, олдингга ҳар дам юз минг дарду алам дуч келади. Ҳар дам унда юз малоллик, ҳар нафас минг ўзга ҳолат юзланади. Истамоқлик азоби кўнгулни зор этади, лекин топа олмаслик руҳни абгор этади.
Бунда жонни куйдириш маҳрумлик, васлга эришиш номаълумлик бўлади. Машаққат ва кулфатлар жисмингга ниш санчиб, беҳад улкан дард жисмингни пора-пора қилади. Сен ноёб дурни қўлга киритишни хоҳлайсан, аммо уни топа олмайсан. Бунинг учун дунё асбобларини тарк этмоқ зарурдир.
Солик ўз йўлида ғов бўладиган молу мулкъва бошқа нарсалардан воз кечиб, фонийликнинг тўрт йўлини баланд овозда улуғламоғи керак. Бу йўлда унга бўлган иштиёқдан бошқа ҳамма нарсани ташлаб, ўзни мақсад манзили томон бошлаши лозим. Агар олам матосидан бирон ашё қолмаса, сенда у дам ўзгача сифатлар пайдо бўлади. У хазинадан вайронингга ободлик келиб, зоти нуридан жонингга ёруғлик етишади. Бу ёруғлик сендаги шавқ ўтини тобора алангалатиб, талаб отингни учқур қилади. Бунда ўзингда бир талаб ўрнида юз талаб топасан. Бу пайт тоғлар сенинг кўзингга оддий даладек бўлиб кўринади. Жонингга талаб роҳати етади, машаққат чекиш шиддати сендан фориғ бўлади. Кўнглинг дур топишга қанчалик муҳаббат қўйса, сен учун ғаввослик қилиш шунчалик осон бўлади. Висол қуёши жамолини кўрсатгач, шоминг тонгга уланиб кетади. Агар бу пайт олдингга маст фил келса ҳам сен уни пашша каби назар-писанд қилмайсан. Агар йўлингни юз шер ёки арслон тўсса, уларни сен чўлоқ чумолидек кўрасан. У хазинага эришсанг, кўнглингга аждаҳодан хавф етмайди.
Куфр ва имондан қўл ювасан, шундан сўнг олдингда бир эшик очилади. Эшик очилиб, ичкари кирганингда, унда на куфр, на дин қолади, уларнинг барчасидан қутуласан.
Чунки куфр ёки имон бу йўлга кирган киши учун маслак эмас. Булар асл йўлдаги тўсиқдан бошқа нарса эмасдир.