Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Булбулни мот айлаган шоир
Facebook
Булбулни мот айлаган шоир PDF Босма E-mail

Шарқ мумтоз адабиётининг бешигини тебратганлардан бири Низомий Ганжавий ҳисобланади. Унинг тўлиқ номи Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд бўлиб, 1141 йили Ганжа шаҳрида туғилган.
Баъзи тазкираларда маълумот келтирилишича, Низомийнинг ота-боболари Эроннинг Қум шаҳридан бўлиб, илм аҳлига мансуб эдилар. «Иқболнома» достонида буни шоирнинг ўзи ҳам қайд этиб ўтади. Унинг онаси Ганжа атрофидаги қишлоқлардан бўлиб, курд саркардаларидан бирининг қизи эди.
Низомий ота-онадан ёш етим қолади. Уни боқиш ва тарбиялашни тоғаси Хожа Умар ўз зиммасига олиб, имкон қадар жиянининг илм эгаллашига кўмаклашади. У турли илмларни ўзлаштиришга иштиёқманд бўлиб, Қуръонни ёд олади. Кейин фиқҳ, тарих, жуғрофия, фалсафа, мантиқ ва адабдан таълим олиб, уларнинг ҳар бирида устод даражасига етишади. Табиий фанлар, хусусан, табобат ва илму нужум (астрономия)ни тамомила ўзиники қилиб олади. Замонавий илмлардан ташқари, қадимги Юнон фалсафаси ва адабиёти, эроний халқларнинг исломдан олдинги сўз санъати, халифалик даври илмий-адабий асарлари, яҳудий ва насроний халқлар тарихи, Кавказ халқларининг ўтмишидан ҳам етарли маълумотга эга эди. Уни етук математик сифатида эътироф этардилар. Кимё фанини чуқур билар, ҳозиқ табиб ҳам эди. Гален, Гиппократ, Закарнё Розий, Абу Али ибн Сино каби тиб соҳаси билимдонларининг асарларини ўқиб-ўрганганди. У деҳқончилик ва боғдорчилик илмларидан ҳам хабардор эди. Умуман, шоир шеърияти унинг турли илмларни чуқур билганлигидан далолат бера-ди. Шунинг учун ҳам замондошлари уни ҳаким деб улуғлаганлар.
Низомий даври ўзининг талотўплари, нотинчликларига қарамай, Кавказ, Эрон ва Ўрта Осиё халқлари тамаддуни даври эди. Жумладан, XII асрда Абулаъло Ганжавий, Изиддин Ширвоний, Маҳастий, Мужириддин Байлақоний, Хоқоний Ширвоний, Апварий, Рашидиддин Ватвот, Жа-молиддин Абдураззоқ, Фаридиддин Аттор, Камолиддин Исмоил каби шоирлар яшаб ижод қилдилар. Низомий уларнинг аксарияти билан алоқада бўлиб, Хоқоний билан қалин дўст эди.
Бу даврда Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг кўплаб шаҳарлари, жумладан, Ганжада ҳам жавонмардлик ёки ахийлик номи билан машҳур ҳаракат кенг ёйилган. Ҳаракат аъзолари асосан косиб ва ҳунармандлардан иборат бўлиб, улар золим ҳукмдор ва амалдорларга қарши курашар, кенг халқ оммасининг манфаатларини ҳимоя қилар, камбағал ва бечораларни қўллаб-қувватлар эди. Эзгулик, адолат, инсоф, мурувват, саховат, лутфу карамни шиор қилиб олган бу тоифа илму маърифатга катта аҳамият берган. Низомий бу ҳаракат қоидаларини ҳурмат қилар ва уларга мойил эди. Низомий шахсияти, дунёқараши ва ижтимоий ақидалари шу ташкилот ғоялари, косиб ва ҳунармандлар таъсирида камол топди. Шоир асарларидаги жавонмардлик ғоялари тасвири шунинг маҳсулидир.
Низомийнинг ҳаёти бошдан-охир Ганжа шаҳрида ўтди. Бир гал Ироқ султони Туғрулшоҳнинг даъватига биноан Табризга сафар қилди, бироқ у ерда уч кундан ортиқ туролмади. У сарой хизматига кирмай, ўз умрини эркинлик ва хилватнишинликда ўтказди. Лекин ўша давр хукмдорлари унга совға-саломлар юбориб турганлар. Чунончи, Дарбанд ҳокими Бойбарс ибн Малик Музаффар 1169 йили туҳфалар қаторида унга Офоқ исмли бир канизакни ҳам туҳфа қилади. У шоирнинг чўриси эмас, балки умр йўлдоши, маслаҳатчиси, илҳомчисига айланди. Низомийга Муҳаммад исмли ўғил ҳадя этган Офоқ 1180 йили бевақт вафот этади. Шоир энг азиз кишиси бўлган бу аёл ёдини бир умр хотирасида сақлаб, «Хусрав ва Ширин» достонидаги Ширин тимсолида унинг ёрқин сиймосини абадийлаштиради.
«Низомий «Хамса»нинг илк достони «Махзан ул-асрор»ни 1173—1180 йиллар орасида ёзган ва Кичик Осиёдаги Эрзинжон шаҳрининг ҳокими Баҳромшоҳга йўллаган. Достон Баҳромшоҳга маъқул тушиб, шоирга талай инъом-эҳсон жўнатган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Низомийнинг мухолифлари бу туҳфани талон-торож этганлар. Шунинг учун ҳам шоир-нинг моддий аҳволи умрининг охиригача оғирлигича қолган»(Хомидий X- Кўҳна Шарқ дарғалари. 138-бет.).
Қизил Арслон ҳам ҳеч қандай даромад келмайдиган Ҳамдўён қишлоғини Низомийга муҳрлаб беради. Буни эшитганлардан бири узунлиги ва эни ярим фарсаҳ келадиган бу қишлоқнинг йиллик даромади унинг харжига ҳам етмаслигини писанда қилади. Шоир шу ернинг ўзидаёқ ушбу ёрлиқни дуч келган бир кишининг қўлига бериб, жўнаб қолади.
Шоирнинг таассуф ва алам билан мана бундай мисраларни битишига балки сабаб шудир:

Ман, ки қонеъ шудам ба донаи хеш,
Сарварам чун садаф ба хонаи хеш.
Сарвари беҳ, ки ёри ман бошад,
Сариарасти чи кори ман бошад.
Шер аз он пояи бузурги ёфт,
Ки сар аз тавқи сарпарасти тофт.

Ш Шомуҳамедов таржимаси:
Ўз ризқим донидан қилиб қаноат,
Садафдек хонамда сарварман фақат.
Бировларга муҳтож бўлгандан, минг бор —
Яхши-ку қаноат бўлса менга ёр.
Ўзга ҳомийлигин шер этиб инкор,
Мавжудот ичинда бўлди улуғвор.

Низомий 1209 йили 12 мартда вафот этади.
Низомийнинг номини жаҳонга машҳур қилган унинг беш достонни ўз ичига олган «Хамса»си бўлди. Бу достонлар — «Махзан ул-асрор» («Сирлар хазинаси»), «Хусрав ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт пайкар» («Етти гўзал») ва «Искандарнома»дан иборат. Абдураҳмон Жомий таъбири билан айтганда, шоирнинг «Хамса»да «қўлга киритган назокати ва латофати ҳеч кимга муяссар бўлмаган, балки, умуман, одамзод қудратидан ташқари». Алишер Навоий эса «ул назмлар агарчи зоҳир юзидин афсонадур, аммо ҳақиқат юзидин ҳақойиқ кашфи ва маориф баёниға баҳонадур», деб таърифлайди.
Низомийнинг шеърлар девони бизгача етиб келмаган. Шоирнинг лирик шеърлари турли баёз ва тўпламлардан топиб жамланган. Чунончи, унинг Эронда нашр этилган биринчи девонида 12 қасида, 137 ғазал, 9 қитъа, 46 рубоий мавжуд бўлса, иккинчи нашрида 16 қасида, 192 ғазал, 5 қитъа, 68 рубоий ва 17 байт пароканда шеърлар бор. Шу икки нашр асосида Тожикистонда Ж. Додалишоев ҳам Низомий девонини нашр этган. Душанбеда нашр этилган шоир асарларининг 5 жилдлигида эса 55 ғазал, 5 қасида, 2 қитъа, 9 рубоийси мавжуд. Ҳолбуки, Давлатшоҳ Самарқандий Низомий девони 20 минг байт шеърни ўз ичига олган, деб кўрсатади.
XV асрда Низомийнинг лирик шеърлари кенг ўқувчилар оммасига маълум бўлмаган бўлса керакки, Навоий Низомийни маснавий устаси сифатида баҳолагани ҳолда, лирик шоир сифатида тилга олмайди. «Маҳбуб ул-қулуб»даги шоирлар таснифотида ҳам унинг номини учратмаймиз. Лекин «Хамса» достонларидан барчасининг муқаддима қисмида ва «Садди Искандарий» хотимасида Навоий Низомийни устоз шоир сифатида мадҳ этиб, унинг шеърий маҳорати ва бадиий балоғатини таъриф-тавсиф қилади. Чунончи, «Ҳайрат ул-аброр»да Низомийга алоҳида боб бағишлаб, уни, жумладан, қуйидаги сўзлар билан таърифлайди:

Ганжа қуёшики кўтаргач алам,
Айлади сўз мамлакатин якқалам...
Кўп киши ҳам килди татаббуъ ҳавас,
Сарву гул ўтрусиға келтурди хас...

«Фарҳод ва Ширин» достонида ҳам Низомий ва Деҳлавийга алоҳида боб бағишлайди. Жумладан, Низомийни — фил, ўзини — пашшага ўхшатиб, «Хамса» яратишда унинг руҳидан мадад сўрайди:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ.

«Лайли ва Мажнун»да бу таърифларни қуйидагича давом эттиради:

Назм аҳлининг афсаҳ ул-каломи,
Сўз дурриға мунтазим Низомий.

«Сабъаи сайёр»да ёзади:

Қойили хушкаломи зебогўй — Ким,
бу майдон элидин элтти гўй.

«Садди Искандарий»да:

Тутуб ганжи бу чархи нўҳ тоқни,
Нечукким, қуёш нури офоқни.
Бу янглиғки ганжи маоний тўкуб,
Жаҳон аҳлиға жовидоний тўкуб.

Достон ниҳоясида шоир бир туш кўргани ва Низомий уни «Хамса» ёзганини қўллаб, муборакбод этганини ёзади.
«Насойим ул-муҳаббат»да Низомийни шайхлар қато-рида тилга олади:
«Машҳур мундоқдурки, агар сулук айёмида қирқ арбаъин чиқарибдурлар ва тўрт арбаъинни бир дарахт устида чиқарибдурлар. Ҳар ойина бу навъ муфрит риёзатлар тортмағунча бу навъ беш ганжки, аларға насиб бўлубдурки, кўп абъёти алфоз жазолатидин ва маъною таркиб салосатидин деса бўлурки; эъжоз сарҳадига етибдур, кишининг илкига кирмак имкон эмас ва умрлари олтмишдан ўтган экандур...»(Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд. 471-бет.).
Низомий шеърлари фақат бадиий жиҳатдан гўзал ва мукаммал бўлибгина қолмай, уларда ўз замонининг барча илму ҳунарларини эгаллаган мутафаккир олим ва ҳаётда катта тажрибага эга бўлган донишманд инсоннинг теран ва пурҳикмат сўзлари ўз аксини топганлигини кўрамиз. Уни нафақат форс-тожик ёхуд Шарқ, балки жаҳон сўз саиъатининг устозлари даражасига кўтарган жиҳатлардан бири шунда. Зеро, шонр шеърларида биз гўзал шеърий санъатларни ҳам, ҳар тарафлама кенг ва чуқур илмий фикр ва мулоҳазаларни ҳам, ҳаётий ку-затиш ва ҳикматларни ҳам учратамиз — улар кўпинча ўзаро омихта бўлиб, бу шеърларнинг юксак бадиияти ва теран мазмундорлигини таъминлаган. Чуноичи, қуйидаги рубоий нафақат замонасининг барча илғор илмларини эгаллаган мутафаккир олим, айни пайтда, ҳаётнинг бутун аччиқ-чучугини тотган, катта турмуш тажрибасига эга, жамиятнинг тараққиёт қонунларини теран тушунадиган донишманд инсоннинг қалби қаъридан чиқиб, қоғозга тўкилган доно фикрлардир:

Адл аст, ки бунёди зафарҳо бошад,
Зулм аст, ки мўжиби зарарҳо бошад.
Жуд аст, ки пардадори ҳар айб бувад,
Бухл аст, ки сарпўши ҳунарҳо бошад.

Ш. Шомуҳамедов таржимаси:
Адолат фарзанди зафардир, зафар,
Зулмнинг меваси зарардир, зарар.
Сахийлик айбингни ёпади осон,
Аммо бахт асоси ҳунардир, ҳунар.

Барча ўтмиш мутафаккирлари каби Низомий ижодида ҳам инсонга бир марта бериладиган умрни қадрлаш, уни эзгу ишларга бағпшлаш, бу жаҳон айвонида ўзидан яхши ном қолдиришга даъват этиш мотивлари етакчи ўрин тутади:

Ба ҳарза медиҳи барбод умри нозанин,
к-аз вай Ба ҳосил метавон кардан ҳаёти жовидониро.
Ба жон нахридаи жонро, аз он қадраш намедони,
Ки ҳинду қадр нашносад матои ройгониро.

Мазмуни: «Шундай гўзал умрни елга совурасан-а, ахир, у орқали абадий ҳаётни таъминлаш мумкин-ку?! Худди ҳинду текин нарсанинг қадрини билмагандай, жонингни жон эвазига қўлга киритмаганинг учун ҳам унинг қадрига етмайсан».
Ғазалларидан бирида шоир бу ўткинчи дунё, нотанти замон инсоннинг улуғвор мақсадлари, илоҳий муҳаббати ва улар йўлидаги эзгу интилишлари олдида ҳеч нарсага арзимаслигини айтади. Чунки инсон ўзининг ибратли ҳаёти, эзгу ишлари, сермазмун ижоди билан номини мангуликка нақш этиши мумкин — ғаддор замон ва ёвуз одамлар эса унга халақит беришдан бошқасига ярамайдилар:

Хуш зи, ки замона ғам наярзад,
Андешаи бешу кам наярзад.
Вазнаш ҳама нимжав насанжад,
Додаш ҳама як ситам наярзад.

Ш. Шомуҳамедов таржимаси:
Шод яша, бу замон ғамга арзимас,
Қисилмагил, кўпу камга арзимас.
Арпа донича ҳам турмайди ўзи,
Ситами кўз ёшу намга арзимас.

Шарқ шоирлари ҳамиша у ёки бу фикрни ҳеч ким кутмаган гўзал ва оҳорли ташбеҳлар орқали ифодалашлари билан машҳур. Жумладан, қуйидаги байтда Низомий ҳам куним — сочингдек қора, дилим — оғзингдек тор, дейди:

Жоно, ба жони ту, ки наям бенишони ту,
Рўзам чу зулфи туст, дилам чун даҳони ту.

Бу ерда шоир ўз оғир аҳволини баён этибгина қолмай, айни пайтда маъшуқасининг сочи қоп-қоралигию оғзи кичкиналигини ҳам таъкидлаяпти. Санъаткор шоирлар шеърида ҳамиша маъно ана шундай қават-қават бўлади.
Мана бу байтда эса шоир маъшуқасига лутф билан мен кўрган кўнгилнинг сенга гирифтор бўлишини хоҳлаганим ҳолда, сен қаердаки ғам кўрсанг, менга илинасан дейди:

Ҳар жо, ки ғаме бини, хоҳи зи барои ман,
Ҳар жо, ки диле бинам, хоҳам зи барои ту.

Учига заҳар сурилган бўлса-да, ҳар бир ўқингни шакар ўрнида қабул қиламан, дейди мана бу байтида:
Тири ғамзатро чу шаккар мехўрам, Гарчи пайконаш ба заҳр олудаи.
Маъшуқа ҳарчанд айрилиқ ўтига ташламасин, синовлар майдонига отмасин, чин ошиқ ишқ машаққатларидан чўчиб, тутган йўлидан қайтмайди. Чунки бу мангулик ғам бўлиб, уни минг шодликка ҳам алмашиб бўлмайди:

Ғами ту хужаста бодо, ки ғамест жовидони,
Надиҳам ғами чунинро ба ҳазор шодмони.

Бу мисралар муқаррар тасаввуфий мазмунда бўлиб, бу ерда сўз илоҳий маҳбуба ҳақида кетаяпти. Шунинг учун ҳам Низомий сенинг хизматингга ҳиммат камарини белимга маҳкам боғладим, чунки сенинг манглайингда икки жаҳон саодатини кўраяпман, дейди:

Низомий, аз сари хидмат камар ба пеши ту бандад,
Ки дар жабини ту бинад саодати ду жаҳони.

Шунинг учун ҳам шоир мен жону дил билан сенинг хизматингни қилай дейман-у, лекин кўнгилдагидай қилолмайман, сен эса менинг дардимга даво қила олганинг ҳолда қилмайсан, дейди:

Манам он, ки хидмати ту кунаму наметавонам,
Туи он, ки чораи ман накуниву метавони.

Бунинг сабаби мен сени дўст тутганим ҳолда, сен мени душман ҳисоблайсан, мен сендан фахрланганим ҳолда, сен мендан ор қиласан:

Туро ман дўст медорам, ту медори маро душман,
Ман аз ту фахр медорам, ту аз ман ор медори.

Маълумки, Шарқ мумтоз шоирлари ижодида ўзининг шеъриятда тутган ўрнидан, ўз маҳорати ва балоғатидан фахрланиб ёзилган шеър ва байтлар кўп учрайди. Чунончи, Низомий ёзади:

Басе кўшид булбул бо Низомий,
Чу бишнид ин ғазал, минқор барбаст.

Мазмуни: «Низомийга етаман, деб булбул жуда кўп саъй-ҳаракат қилди, лекин ушбу ғазални эшитди-ю, хомуш бўлди».
Дарҳақиқат, Низомийни устоз деб билган, унга эргашган, унга тақлид қилган шоирлар кўп, лекин уларнинг ҳеч бири Низомий кўтарилган шоҳсупага кўтарилолмаган. Зеро, Навоий таъбири билан айтганда:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ!

Низомий Ганжавий номи қадимдан халқимиз орасида машҳур, таъбир жоиз бўлса, у ўзбекнинг ўз шоирига айланиб кетган. Алишер Навоийдан тортиб, барча мумтоз шоирларимиз уни ўзларига устоз деб билишган. XVI аср ўрталаридаёқ Қутб Хоразмий унинг энг машҳур достони — «Хусрав ва Ширин»ни тилимизга маҳорат билан таржима қилган эди. Орадан бир аср ўтгач, Ҳайдар Хоразмий хамса асосчисининг «Махзан ул-асрор» достонига жавобан «Гулшан ул-асрор» асарини яратади. Забардаст шоир ва моҳир мутаржим Муҳаммадризо Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни эркин насрий таржима қилади. «Искандарнома» достони ҳам ўтмишда илму адаб аҳлииинг диққатини ўзига жалб этган. Жумладан, «Шоҳнома» таржимони, шоир ва адиб Шоҳи Ҳижрон «Қиссаи До-рои Зарринкамар» асарида «Иқболнома»нинг мухтасар мазмунини баён этган. Нурмуҳаммад Бухорий, Мулла Фозил Хомушийлар ҳам Низомий «Хамса»сини шарҳлар эканлар, «Искандарнома»ни батафсилроқ таҳлил қилишга ҳаракат этишган»(Ҳомидий Ҳ. Ганжалик пир // «Сино» журнали, 2002 йил, 7-сон, 31-бет.).
1983 йили таниқли таржимон, форс-тожик адабиёти билимдони Шоислом Шомуҳамедов шоирнинг 2 қасидаси, 20 ғазали, 8 қитъаси, 49 рубоийси, 74 ҳикмати ҳамда «Махзан ул-асрор» ва «Ҳафт пайкар» достонларидан парчалар таржима қилиб, «Низомий шеъриятидан» номи билан чоп эттирди. Форс-тожик шоирлари асарларининг ўзбекча таржималаридан тартиб берилган «Инжулар ум-мони» тўпламида (1988) Ганжа пирининг яна 2 ғазали ва «Хусрав ва Ширин» достонидан Ширин таърифига бағишланган парча Ш. Шомуҳамедов таржимасида берилган. Жонибек Сувонқулов «Иқболнома» маснавийсини ўгирган. Олимжон Бўриев шоирнинг «Панж ганж»ига кирувчи «Лайли ва Мажнун» ҳамда «Хусрав ва Ширин» достонларини ўзбекчалаштирди.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан