Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Бешак билинг (Хожа Аҳмад Яссавий)
Facebook
Бешак билинг (Хожа Аҳмад Яссавий) PDF Босма E-mail

Бешак билинг, бу дунё борча элдин ўтаро,
Ишонмағил молингга, бир кун қўлдин кетаро.

Ота-она, қариндош, қаён кетти, фикр қил,
Тўрт аёқлигчўбин от бир кун сенга етаро.

Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема,
Киши молини ема, сирот узра тутаро.

Аҳли аёл, қариндош, ҳеч ким бўлмайдур йўлдош,
Мардона бўл ғариб бош, умринг елдек ўтаро.

Қул Хожа Аҳмад тоат қил, умринг билмам неча йил,
Аслинг билсанг, обу гил, яна гилга кетаро.

Шарҳ: Бешак билинг
Эй одам фарзанди, билгинки дунё бир меҳмонхона. Унда меҳмон бўлганлар вақти соати етган дамда уни тарк эти-шлари шубҳасиз. У дам етиб келганда чора фақат кетмоқ бўлур. Мол-дунё, мансаб-мартаба, куч-қудрат, жамийки дунё неъматлари бир бўлганда ҳам ажал сониясини ортга сура олмас. Ақл юргизиб қара, қанчадан-қанча билганларинг, билмаганларинг дунё саҳнини тарк этишди. Бир пайтлар сени эркалаб-суйган ота-онанг қани? Ўлим хақ, Унинг ташрифи тўрт оёқли чўп от қиёфасида сенга ҳам етиб келишидан ғофил қолма. Дунё ишларидан кўпам ғамгин бўлаверма, дунё ўткинчидир, Ҳақ эса абадий. Ҳаққа бўлган муҳаббату ишончинг ила ўлим ваҳимасини тарк эт. Дунё ҳаётида поклик ва иймон йўлини қаттиқ тут. Зинҳор бировнинг ҳаққига кўз олайтирма. Киши молига кўз тикканларнинг жазоси ўлимдан минг карра қаттиқроқдир. Тонгла маҳшарда биров-бировга ёрдам беролмас. Бола-чақанг, аҳли аёлинг бегонага айланур. Елдек ўтаётган умр карвонига ибрат назари билан қара, зеро, умр бир бор бериладиган имкониятдир. Уни елга совириб сўнг пушаймон бўлма. Эй асли сув ва тупроқ бўлган қул Хожа Аҳмад, бевафо умр йўлларига тоат-ибодат уруғини сепгинки, асл инсоний бахт шудир.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан