Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Яссавий ижодида ишқ тавсифи
Facebook
Яссавий ижодида ишқ тавсифи PDF Босма E-mail

Покиза илоҳий муҳаббат шавқу завқини куйлаш Хожа Аҳмад Яссавий ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. Ишқ — руҳни дунёвий ғуборлардан тозалайдиган, қалбга бир олов — нур бўлиб кириб, уни Парвардигор васлига ҳидоят этадиган қудрат, маърифат ва ҳақиқатга ошно этувчи, кишига ўзлигини англаш, инсонийлик моҳиятини кашф этиш-га ёрдам берувчи куч, мис вужудни олтинга айлантирувчи кимё. Ишқ ҳам дард ва ҳам дармон, ҳам азоб ва ҳам роҳат. Тариқатнинг барча масалалари — ҳол ва фано, ботин ва зоҳир, ҳайрат ва тавҳид, бехудлик ва девоналик ва ҳоказолар ишқ тушунчаси орқали англашилади ва тушунтирилади. Чунки илоҳий муҳаббат моҳиятини англамаган одам тасаввуфни ҳам тушунмайди, тасаввуф талаблари, тариқат йўлига кирган кишининг ақида ва ғоялари, ҳолатини идрок этолмайди. Яссавий ижодидаги тарки дунёчилик, узлат, садоқат ва шафқат ғоялари айни шу муҳаббат ғояси билан узвий вобаста бўлиб, уларни бир-биридан айри тасаввур қилиш мумкин эмас. Зеро, кўнглида ишқи бор одамгина туну кун поклик ва ҳақиқатнинг олий тимсоли бўлган Аллоҳга интилади, нафсга қарши юриш бошлайди, бу йўлдаги не-не азоблар, хорлигу хўрликларга чидайди.
Кейин эса... Кейин руҳий ҳолат лаззатини топади.
Аҳмад Яссавий ўзини “ҳақ таоло партавидан” баҳраманд бўлган, гўдаклигида илоҳий ишқ “жазбаси” теккан киши эканини фахр билан тилга олади. Маълум бўладики, валийлик, кашфу каромат истеъдодининг нишона бериши ҳам ишқдандир. Яъни чин ошиқ — чин сўфийдир, бошқача қилиб айтганда, ишқ илоҳни севиш, унга сиғиниб, нола-муножотлар қилишгина бўлмасдан, балки Аллоҳни таниш ва, демак, ўз аслини таниш, камолотга етишиш йўлидир.

Ишк; боғини меҳнат тортиб кўкартмасанг,
Хорлик тортиб, шум нафсингни ўлдирмасанг,
Аллоҳ деюб ичга нурни тўлдирмасанг,
Валлоҳ-биллоҳ, сенда ишҳнинг нишони йўҳ.

Ҳа, ошиқликнинг белгиси — хоксорлик, камтаринлик, сидқу садоқат. Ошиқ бўлган одам ўзини барчадан кам деб ҳисоблаши, бошига келган балоларга мардонавор чидаши, манманлик, ғурур ва такаббурни, ҳасад-ҳирс каби салбий хислатларни тарк этиши керак. Бугина эмас, тамаъ ва манфаат тимсоли бўлмиш дунёни ҳам тарк этиш керак. Чунки то дунёнинг ўзини тарк этмаса, нафс тамаъидан халос бўлолмайди киши. Илоҳ ошиғи тариқат талабларини сўзсиз бажариб, фақр мартабасидан фано сари интилади. Илоҳиёт оламининг чексиз гўзалликлари, абадият қудратидан ҳайратга тушади, руҳи тиниқиб, мусаффо ҳолга киради. Аммо бу йўл ғоят оғир ва машаққатли: “Ошиқ куяр, жондан тўяр, ҳақни суяр”. Чин ошиқларнинг кўзи гирён, дили бирёндир, деб ёзади Яссавий. Ҳақ зикрини мағзи жондан қила олган, муҳаббат шавқидан “уч юз олтмиш томирлари” тебранган кишигина чин ошиқцир. Дунё роҳатини афзал билган, молу мулкка, дунёга берилган киши ошиқман деса, унга ишонмаслик керак, у риёкор, “ёлғон ошиқ”дир, деб ёзади Аҳмад Яссавий:

Ишқ даъвосин менга қилма, ёлғон ошиҳ,
Ошиҳ бўлсанг, бағринг ичра кўз ҳони йўҳ.
Муҳаббатни шавҳи бирлан жон бермаса,
Зоеъ кечар умри ани— ёлғони йўҳ!

Яссавий ошикдарни зоҳид ва обидга қарама-қарши қўйиб тасвирлайди. /Умуман, тасаввуф шоирларида бу анъанага айланган эди/. Нега шундай? Ахир зоҳидлар тасаввуф аҳлига буткул бегона эмаслар-ку? Тасаввуфнинг талабларидан бири ҳам зуҳд ва вараъ /парҳез/дир. Аммо шунга қарамай, зоҳидлар билан ошиқлар бир-бирига зид табиатли кишилардир. Чунки зоҳидлар тақво ва ибодат билан шуғуллансалар-да, бироқ тамаъдан холи эмас эдилар, бунинг устига худони ёниқ ишқ билан севиш, илму ирфон асроридан бохабарлик улар ақидасига сиғмас эди. Шунинг учун тасаввуф аҳли зоҳидлар, инчунин обид ва муллаларни ҳам зоҳирбин кишилар, яъни зоҳирий дунё билан, расму русумлар билан ўралашиб қолган калтафаҳм кишилар деб ҳисоблаганлар. Ошиқ сўфийлар эса, тамаъ-дан мутлақ холи эдилар, улар учун Аллоҳ дийдори ҳамма нарсадан афзал ҳисобланган ва шунинг учун ботиний оламни ривожлантириш, кўнгил ойнасини поклаш билан маъшуқ — Илоҳга мушарраф бўлиш иштиёқида ёнганлар.
Хожа Аҳмад Яссавий ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломни, Боязид Бистомий ва Мансур Ҳалложни чин ошиқна-мунаси қилиб тасвирлаган. Муҳаммад пайғамбар бутун вужудлари билан Аллоҳ ошиғи эдилар, ул зотнинг кўкка кўтарилиши, Меърож туни Парвардигор билан мулоқоти, фақрнинг нурли ҳайкалини кўриши, ерга тушиб, фақир, ғарибларнинг бошини силаши ҳаммаси ошиқвикнинг боисидир, дейди Яссавий.

Ул Буроққа боқуб анда ҳайрон қолур,
Ошиқ бўлмай ул Буроққа миниб бўлмас.

Ҳазрати Муҳаммад Яссавий учун буюк идеал, камолот, эзгулик ва хайру эҳсон, имону эътиқод, садоқат ва муҳаббатни жамулжам этолган мукаррам зот. Умуман, Аҳмад Яссавий тариқати — бу шариат ва тасаввуфни ажаб-товур омухта этолган, исломий ғояларни сўфиёна таъли-мотлар қатига сингдириб, туркона руҳ билан қувватлан-тирган тариқатдир.
Яссавий кўп марта тилга олган ва ҳаяжон билан куйлаган сифатлардан бири ҳазрати Пайғамбарнинг меҳрибонлиги, шафқат кони эканлигидир. Пайғамбар “ғариб, фақир, етимларнинг кўнглин овлашни” ҳаётининг мазмуни деб билган, “кўнгли қаттиқ халойиқдан қочган” Яссавий бу ишда ҳам пайғамбарга эргашганини баён этади:

Ғариб, фақир, етимларни Расул сўрди,
Ўшал туни меърож чиқиб ҳақни кўрди,
Қайтиб тушиб, ғариб, фақир ҳолин сўрди,
Ғарибларни изини излаб тушдум мано!

Ҳазрати Муҳаммад бутун умри давомида умматим деб ёнди, умматнинг ғамини еди, бағридили қон бўлиб, умматлари гуноҳини кечиришни худодан нола қилиб сўради, кечалари тоат-тиловат қилиб чиқди. Умматларига қиёмат куни шафеъ бўламан, шафоат келтираман деб ваъда берди:

Яланғочлик, очликка қаноатлик Муҳаммад,
Осий, жофий умматга шафоатлик Муҳаммад,
Тунлар ётиб уюмас, тиловатлик Муҳаммад,
Йўлдин озгон гумроҳга ҳидоятлик Муҳаммад.

Аҳмад Яссавий Аллоҳ ошиғи, аммо унинг Аллоҳга муҳаббати Пайғамбарга бўлган муҳаббат орқали ўтади. Аллоҳнинг ҳабиби Расули акрамни шоир қайноқ қалб билан севиб мадҳ этар экан, Муҳаммад нурида барча ҳақиқатларни мушоҳада этади. Яссавий ақидасига кўра, олам бошида Муҳаммад нури ётади. Тангри таоло аввал шу Нурни ато этиб, кейин ўзга оламларни яратган. Бу Нур олам жамоли ва камолида мужассам. Яссавий ўз руҳини ҳам ана шу Нур билан пайваста деб билади. “Меърож узра ҳақ Мустафо руҳим кўрди”, деб ёзади у. Бу Меърож кечаси Пайғамбар кўкда кўрган фақр нурига ишорадир. Шоир айтмоқчики, мен ҳам ўша нурдай покман, ўша нурданман — фақирман, Пайғамбарнинг давомиман, менинг ишқим ўша Расулуллоҳ ишқининг давомидир. Ахир Яссавийнинг пири бузургвори Арслонбоб тўрт юз йилдан кейин тилининг остида асраб Аҳмадга етказган хурмо ҳазрати Пайғамбарнинг улуши эди, яъни Яссавий Муҳаммад фақрнинг, Муҳаммад суннатининг ва Муҳаммад тариқатининг меросхўри.
Шу боис Аҳмад Яссавий гарчи Арслонбобдан, Хожа Юсуф Ҳамадонийдан таълим олган бўлса-да, лекин ҳақиқий пири муршид деб Муҳаммад Мустафони тилга олади. Шоир Пайғамбар ғоялари, ҳақиқатини бир маст этувчи шароб деб ва рамзий маънода Пайғамбарнинг ўзларини Пири муғон деб атайди:

Бихамдуллоҳ пири муғон май ичурди,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.
Пири муғон ҳақ Мустафо бешак билинг,
Қайга борсанг васфин айтиб таъзим қилинг.

“Девони ҳикмат”да ҳазрати пайғамбарга бағишланган бир туркум ҳикматлардан ташқари қарийб барча шеърларида пайғамбар номи тилга олинади. Биринчи ҳикматдаёқ улуғ шоир ва султонул орифин Расулуллоҳни поклик тимсоли, ибрат ва намуна қилиб кўрсатади. Пайғамбарнинг шахси, доим ҳазрати Пайғамбаримизни “Ҳақ Мустафо” унвони билан тилга олади. Бу билан биринчидан, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам пайғамбари барҳақ эканини таъкидлаш бўлса, иккинчидан ҳақ васлига етиш, Аллоҳ амрини адо этиш пайғамбар йўлини тутиш, пайғамбар суннатига садоқат кўрсатиш орқали боришини айтишдир.
Худди шу аснода Аҳмад Яссавий Мансур Ҳалложни ҳам Илоҳ ошиғи, ҳаққа етган улуғ инсон сифатида куйлаган. “Девони ҳикмат”да Мансур мадҳига бағишланган алоҳида шеър бор. Маълумки, Мансур Ҳаллож илоҳий ишқ авжида бехуд бўлиб, “Аналҳақ” / мен Худоман, ҳақман/ дегани учун шариат аҳли томонидан қатл этилган эди. Лекин қизиғи шундаки, тариқатни шариатсиз тасаввур этолмаган, Муҳаммад Мустафонинг муҳиби Аҳмад Яссавий Мансурни кофир деб билмайди, муллаларга қўшилиб уни ёмонотлиққилмайди. Аксинча, Мансур ғоялари чин илоҳсеварлик ғояси сифатида талқин этилади. Яссавийнинг фикрича, муллалар Мансурни тушунмадилар, уни ноҳақ қатл этдилар. Аҳмад Яссавийнинг ёзишича, Мансур “ҳақни топган девоналардан” биридир, ундайлар “беҳуш сўзлайди”. Аслида Мансур Ҳаллож аршни кўзлаган мақомлари баланд зотлардан бўлиб, маломат юзасидан “халққа ўзин” атайлаб расво қилиб юрар эди. Яссавий бир қизиқхалқона ривоятни келтирган: Мансурни қатл этганларидан сўнг, унинг жасадини куйдирадилар. Олов кўкка чиққанда, малоикалар бўзлаб ҳаққа нола қиладилар, жаннат ҳурлари ё Мансур деб аза тутадилар. Подшоҳ Мансурнинг кулини йиғиб дарёга отишни буюради. Қишда дарё тошиб, халқ чора истаб шоҳ олдига келадилар. Подшоҳ нима қилишини билмай, Зуннун Мисрийга одам юборади. Зуннун Мисрий Мансурнинг қатл олдидан қилган башоратига биноан, унинг кулидан бир ҳовуч олиб қолган эди. Зуннун “Ё Мансур” деб шу кулни дарёга ташлаганда, дарё орқасига қайтиб, халқ омон қолади. Подшоҳ Зуннунга катта бойлик туҳфа бермоқчи бўлади, аммо у “зоҳир гадо, ботин ичра ман шаҳаншоҳ” деб мукофотни рад этади. Аҳмад Яссавий бўлса, хулосада ёзади:

Ботил кўзлар хос валини танимаслар,
Ким яхшидур, ким ёмондур, танимаслар.

Дарҳақиқат, илоҳ ошиғи бўлган валиуллоҳ зотларнинг амали ва сўзини англаш, уларни таниш осон эмас. Мансурни, Насимийни, Айнулкуззотни, Суҳравардий ва Машрабни қатл этганлар “кўзлари ботил”, қалбсиз ва зоҳирбин кишилар эдилар. Афсуски, бундайлар яқин-яқингача, мавжуд бўлиб келдилар. Илгариги зоҳирбинлар дин номидан тасаввуф аҳлига тош отган бўлсалар, коммунист ақидапарастлар динга қарши кураш васвасасига берилиб, Яссавий ва унинг маслакдошларини бадном қилишга уриндилар. Золим бойлар, порахўр қозилар, нодон-жоҳилларни нафрат билан мазаммат этган улуғ шоирни “феодализм” куйчиси, “диний-мистик шоир” деб, унинг таълимотини халққа зид, ғайриинсоний деб талқин этдилар.
Ҳолбуки, Яссавий энг халқчил, энг инсонпарвар шоирларимиздандир, фақат бу улуғ авлиёнинг нияти ва мақсадини тўғри англаб, тўғри тушунтириш керак. Унинг фикр андозаси кенг, қамрови бепоён. Бу андоза бизнинг ўлчовларга тўғри келмайди. Яссавий зулм ва золим ҳақида гапирар экан, бутун инсоният тарихини, дунё ва илоҳни, руҳ ва жисмни назарда тутиб фикр юритади. Одамлар орасига адоват ва қасду қасос уруғини сепган синфий кураш назариясига, албатта, Яссавийнинг нафс ҳақидаги, ўз-ўзини поклаш ва маънавий камолот ҳақидаги, илоҳий ишқ ҳақидаги қарашлари мос келмас эди. Яссавий муҳаббат билан одамларни бирлаштириш, одамлардаги одамийликни ярқиратиш, ҳайвоний сифатларни йўқотиш ҳақида қайғурди. Бу чин гуманизм эмасми, ахир? Яссавий ҳикматларининг халқимиз ичида асрлар давомида яшаб келаётганига боис шудир балки?

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан