Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Бадий матн ва таҳлил муаммолари
Facebook
Бадий матн ва таҳлил муаммолари PDF Босма E-mail

Шоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай билишдир. Чунки шеърнинг гўзаллиги, авва-ло, ана шу мусаффоликда акс этади. Шеърдаги софлик-туйғу ва тушунчадаги софлик демак. Шеър билан шеърхон орасидаги давомли ички алоқа шундан бошланади. Тўғри, бевосита матнга диққатни қаратиш, уни тадқиқ ва таҳлил қилиш адабиётнинг барча муҳим жиҳати, ўзига хос ҳолатларини ёритишга тўла-тўкис имкон беролмайди. Аммо у адабиёт илмини умумий, бир ёқлама, гоҳо фаросатсизларча тўқилган фикр-мулоҳазалардан ҳимоялаши шак-шубҳасиз. Зеро, ҳақиқий адабиёт - санъаткорлик завқи ила яратилган асардан бошқа бир нарса эмас. Унинг билан тўғридан-тўғри муносабат ўрнатишгина шахсий таассурот ва тасаввурни юзага келтиради. Бироқ ҳеч қандай адабий матн, муайян бир усул, тушунча ва ҳақиқатга таянилиб ўқилмагунча, ўз-ўзидан туйғу ва фикр уйғотолмайди.

Мукаммал асар матнини табиатга қиёслаш мумкин. У ҳам ўзига хусусий саволлар билан мурожаат қилинганда, фақат ва фақат ана шундай ҳолатда ўқувчига сир-асрорини кенг очади. Шунда матн таҳлили аталмиш усулнинг афзалликлари, кўп нарсани юза ва чала билишдан ниҳоятда фойдали экани ҳам равшанлашади. Бундан ташқари, энг гўзал, энг оригинал адабиёт намуналарини ўжарлик ва ўзбошимчалик чангалидан қутқазишнинг бир чораси ҳам матн таҳлилидир. Тарихий-қиёсий ё биографик методда бажарилган илмий ишларнинг афзалликларини қадрлаш, яхши жиҳатларини, албатта, ривожлантириш керак. Қуруқ инкорчилик, ёқимсиз бир чечанлик билан илмда ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Шу билан бирга, илм-фанда очиқлик, янги изланишлар зарурлигига бепарво қолмаслик жоиз. Бизда поэтик матн тадқиқи дейилганда, асосан, ғоя ва мазмундан баҳс юритиш, вазн, қофия, бадиий санъатлар хусусида сўзлаш тушунилади. Рости гап, бу бир қадар жўн қаноат ва қолиплашган тажриба. Ҳолбуки, чинакам таҳлил ва талқин матнда мавжуд ҳамма нарсани, ҳаттоки, ҳарф товушлари, оҳанг, ранг товланишларини ҳам маънолаштириш, муаллифнинг шахсий ҳолат, кайфият, руҳоний сезимлари билан алоқадорликда ёритишни талаб қилади. Ахир, давр руҳи, замон нафаси, жамият дарди ҳам дастлаб ижодкор шахсига таъсирини ўтказиб, ундан сўнг асарларига кўчади. Шарқлик буюк шоир ва адиб борки, деярли ҳаммаси ўзининг нафс ва характерига бир санъат асари янглиғ сайқал бериб, уни бутун шахсият ҳолига кўтарган. Мутасаввиф санъаткорлар учун бундай шахсият орзуси инсоннинг башарий иродасини илоҳий ирода мақомига юксалтириб, уларни ўзаро бирлаштира олишдир. Бундан инсон ҳеч нима ютқазмайди ва ҳеч қанақа зиён ҳам кўрмайди. Аксинча, вужудидаги кучсизлик, чиркинлик ва ёвузликлардан бир йўла қутулади.
Ажабланарли жойи шундаки, ҳанузгача бизда кенгроқ ўйлаб ҳам кўрилмаган бу мураккаб муаммо, Ғарб шарқшунослигида ўтган асрнинг биринчи ярмидаёқ ўрганила бошланган. Диққатга молик иш сифатида улкан инглиз олими ва румийшуноси Рональд Никольсоннинг "Тасаввуфда илоҳий шахсият тушунчаси" номли тадқиқотини эслатиш мақсадга мувофиқдир. Ушбу асар ҳақиқатда катта меҳнат ва билимдонлик билан ёзилган. Унинг Мансур Ҳаллож, Имом Ғаззолий ва Жалолиддин Румийга бағишланган фасллари кишида кўп мулоҳаза, мушоҳада уйғотади. Аммо араб алломаси, Никольсоннинг содиқ шогирди Абул Аъло Афифий устозининг китобларидан бирига ёзган мазмундор сўзбошисида ўша тадқиқотнинг асосий камчилиги тўғрисида, "Муаллиф, бутун куч-қувватини, христиан илоҳиётидан олинган шахсият тушунчасини умумлаштириш ва унинг муқобилини тасаввуфдан топишга сарф қилган. Ҳолбуки, христиан нуқтаи назари билан, ислом нуқтаи назари ўртасида жуда катта фарқ бор", дейди. Айнан шу фарқ билан ҳисоблашмагани туфайли Алишер Навоий лирик қаҳрамонлари дўнёқараш ва шахсияти ёритилган айрим тадқиқотларда шеърий матндаги асл моҳият ва ҳақиқатга ҳеч мувофиқ келмайдиган фикр-қарашлар илгари сурилган. Бунинг бош сабаби эса матннинг ғоявий-бадиий таркибини тўғри ва теран мушоҳада этмасдан рус адабиётшунослигидаги илмий-назарий тушунча ва хулосаларни унга татбиқ қилинганлигидир. Бунақа тажриба эҳтимол ўша замонларда зарур бўлгандир. Ҳозир эса унга ҳеч зарурият йўқ. Шахс ва шахсият комиллигини Навоий қандай англаб, қанақа миқёсларда талқин қилган бўлса, илмда худди шундай тарзда кўрсатиш лозим, вассалом.
Модомики, гап шахсият ҳақида экан, ижодий шахсиятга дахлдор бир ҳақиқатга ҳам тўхталиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Чунки, хусусий услубга эга бўлиш - бу хусусий бир шахсиятга эга бўлиш демак. Масалага кенгроқ ёндашилса, ижодий шахсиятни ёрқин намоён қиладиган аломат, туйғу ва тушунча эмас, балки услубдир, деган хулосага келинади. Ижодкор мавзу, завқ, гоҳо хаёлларнинг маълум бир қисмини бошқалардан олмоғи мумкин. Бу унинг улуғлигига асло монелик этмайди. Улкан санъаткорлар кўп мавзуларни ўзгалардан ўзлаштиргани адабиёттарихидан яхши аён.Ҳамма гап,у ёки бу ғояни қандай шаклда англатиш, қандоқ ҳарорат ва моҳирлик ила тасвирлаш, яъни услубдадир. Шунинг учун ижодиётида қатор ўхшашликлар мавжудлигига қарамасдан, Алишер Навоийнинг бунэк ва қудратли шахсияти, услуби барча салафлари, замондош қаламкашлардан ажралиб туради. Унинг руҳий ҳаёти, шеърни руҳнинг тили, мусиқаси ҳолига етказиш маҳорати бутунлай ўзгача. Навоий шеърлари таҳлилида шуларни ёритишга уриниш зарур. Афсуски, кўпинча, бунга яқин ҳам борилмайди. Сабаб нима? Сабаб кўп. Биз улардан фақат айримларига эътиборни қаратмоқчимиз.
Мавлоно Жалолиддин Румийга кўра, "тадқиқ" бир ноқисликнинг тазаҳҳури саналади. Шу боисдан гўзаллик текширилмайди, қуруқ ва совуқ бир мантиқ билан чайналмайди, балки кашф этилади. Бу алоҳида диққатга лойиқ фикр.
Ғарб психологлари "эстетик туйғу" деб номлаган туйғуни Шарқ шоирлари одамнинг ўзида бўлмаган ёки унинг табиатига бегона гўзаллик туйғусини йўқдан бор қилиш эмас, аксинча, инсонда мавжуд гўзаллик ҳиссиётини уйғотиш, онг ва идрок остидаги латифликларни ҳаракатлантириш деб билишган ва ёзилган ҳар бир асар шунга мўлжалланган. Демак, хулоса аниқ: инсон моҳиятда гўзаллик туйғусига молик бўлмаса, санъат асари қаршисида у ҳеч ким. Адабиёт ва дин, фалсафа ва бади-ий ижод, санъаткорлик ва тарихнавислик алоқаларини бехато фарқлашга ҳатто илм ҳам унга кўмак беролмайди. Мукаммал бадиий матн йўқ жойда - адабиёт йўқ. Адабиёт ва санъаткорлик йўқми, демак у бошқа бир нарса. Уни ўз номи билан аташ, ўз характер хусусиятларига мувофиқ усулларда тадқиқ қилиш керак. Жуда кўп соҳа вакиллари хусусий мақсадлари йўлида адабиётдан фойдаланишга уринишган. Жумладан, дин ва тасаввуф арбоблари ҳам. Вазн ва қофиядан бўлак шеъриятга асло алоқаси бўлмаган диний-тасаввуфий асарлар бадиий матн мезонлари бўйича баҳоланмаса, мумтоз адабиётимизни хас-хошокдан асраш яқин йилларда жуда қийинлашиб қолади. Чунки бир хато ҳеч кутилмаган ўзга бир хатога ҳамиша замин ҳозирлаб, йўл очади. Биз истаймизми, истамаймизми, Шарқ адабиётида инсонни дунёга таҳқир ва нафрат кўзи билан қарашга чорлаган, банданинг ожизу нотавонлигидан баҳс этиб, тафаккур ва ҳурлик шуурини сўндиришдан ором топган қаламкашлар бўлган. Диний бир бадбинлик ва маҳдудлик из-лари ўзбек адабиёти тарихида ҳам назарга ташланади. Бундан ташқари, ботинийлик тушунчалари суқулиб кирган тасаввуф тармоқлари ва фалсафий тасаввуф ошуфтаси бўлиб қолганлар ҳабибийлик, воқифийлик, авлиёийлик, ҳолия, илҳомия каби тариқатлар тарғиб этган мақсад ва ҳаракатлар инсон ахлоқи, маънавий мақсадларига нечоғлиқ мувофиқ келишини, албатта, ўйлаб олишлари керак. Акс ҳолда бир найрангдан қутулиб ғайриихтиёрий равишда бошқасига тутилиш ҳеч гапмас.
Шўро давлатининг қитмирлик ўйинларидан бири - Шарқ мумтоз адабиёти, санъати ва мусиқаси маъно-моҳиятини тарихий руҳи ва нафасига мувофиқ тарзда англашга тўсиқ қўйгани эди. Шу маънода иккита мисол келтирмоқчимиз. Дунёвий адабиёт деган тушунча ўзбек адабиётшунослигига қандай ва нима мақсадда олиб кирилган, деган саволга, бизнингча, бугун ҳеч ким аниқ жавоб беролмаса керак. Дунёвий адабиёт тушунчаси ҳам, атамаси ҳам дастлаб олмонлар орасида пайдо бўлиб, кейин бошқа ғарб ўлкаларига тарқалган. Дунёвий адабиёт, завқ ва ҳузур манбаи бўлмиш моддий ва зоҳирий оламни идеаллаштириб, ҳаётнингдин билан, илоҳиёт билан алоқасини бутунлай узиш ғоясини илгари сурган. Шу нуқтаи назардан қаралганда, дунёвий адабиёт дегани - бу мумтоз шоирларимизнинг моддий дунёга муносабати. Ундан туғилган қалб ҳақиқатлари ва энгэътиборли ирфоний, ишқий ҳиссиётларини инкор этиш дегани. Модомики, шундай экан, Навоий ғазалиёти билан туркий тилда қалам тебратган устозлари шеъриятини ғоявий-бадиий вобасталикда тўғри талқин қилиш мумкинми? Бунинг иложи йўқ. Шунинг учун илоҳий ишқ завқи ва ҳолатлари тасвирланган ғазаллар таҳлили хатолар билан тўлиб-тошгандир. Аммо адолат юзасидан баҳоланадиган бўлса, бошқа жойлардаги аҳвол янада ёмон. Масалан, тасаввуфий маслак ва илоҳий ишқ сирларини ёритишга уринган бир китоб муаллифи Жон Белдек: "Илоҳий ишқ мавзусидаги шеърларни хато англаш ва нотўғри шарҳлаш юз йиллардан буён давом этиб келади. Ҳозирги кунда ҳам аҳвол аввалгидан фарқланган эмас", - дейди. Бу гапга ишонмоқ лозим. Алишер Навоийда шундай бир байт бор:

Фиғонки, ишқ ҳадиси дақиқ эрур андоқ
Ки, қосир ўлмиш ани англамоқдин идроким.

Кўнгли муҳаббат оташида ловиллаб ёнган Навоийки, ишқ асрорини англашда қосирликни тан олган экан, ишқнинг туб моҳиятини ёритиб берувчи ҳол илмини четлаб, нима учун биз хаёлга келган гапларни ёзаверишимиз керак? Мустақиллик даври навоийшунослиги ўзини-ўзи муҳофаза қиладиган даражада билим, ўзини-ўзи хато ва камчиликлардан қутқазадиган савияда ўткир дид ва мушоҳадага эришмоғи шартдир. Бу қуруқ даъват эмас, албатта.
Йигирманчи аср бошларида мумтоз шеърият олтин тахтидан қулатилгач, асрий ҳақ-ҳуқуқини ҳам у бой берган эди.
Унга қандай муносабатда бўлишни эса сиёсат белгилаб бергани ҳеч кимга сир эмас. Партиявийлик, синфийлик, дунёвийлик каби - ғоялар шундан яралган. Даҳрийлик маслаги адабиётни дин ва тасаввуфдан йироқлаштирувчи хоҳлаган фикр-мулоҳазани айтишга изн берган. Бугун бизда мафкуравий қўрқув ёки тазйиқ йўқ. Классик адабий меросимизни энди шошилмасдан, эркин, теран ўрганишга йўл очилган. Лекин имконият ва имтиёзлардан тўла-тўкис фойдаланиш учун гоҳ талант ва илм чуқурлиги, гоҳо қилаётган ишимизга танқидий қараш етишмаётганга ўхшайди. Ваҳоланки, Навоийнинг биргина байтини ҳар жиҳатдан ўрганиб, зоҳирий ва ботиний маъноларини, санъатини қойиллатиб талқин этиш, ўнлаб ғазалларга битилган саёз таҳлиллардан афзалдир.
Машҳур француз адиби ва мунаққиди Поль Валерининг эътирофи бўйича: "бадиий матннинг қиймати, ҳар шахсга кўра алоҳида бир тафсирга имкон бера олишидадир". Дарҳақиқат, асосан, шахсий бир фаолият ва ифода тарзининг ҳосили бўлган адабий асар ҳар бир ўқувчига айри-айри таъсир ўтказиши табиий. Айни бир матннинг ўзга муҳитда, ўзгача бир усулларда амалга оширилган талқинлари, айтайлик, бизникидан фарқланмайди деёлмаймиз. Аммо бир ҳақиқат аниқ: шеърда туйгу ва маъно фақат тил, шакл ва услуб орқали таъсирли бир мақомга келтирилади. Шу боисдан таҳлилда биринчи галда тил руҳи ва сўз ҳаётига диққат-эътибор доимо ўзини оқлайди. Оқлагани шуки, рамз, мажоз, тимсоллар ҳам тил измидан четга чиқиб кетолмайди. Донишманд Хоразмий: "Зоҳиру ботин хабари сўздадир", - мдеганда тўла ҳақ эди. Тасаввуф ва тасаввуф шеъриятидаги ўзига хос янгиликлар ҳам, аввало, тил кўмагида жорий қилинган. Хуллас, тасаввуф тарих майдонида қад ростлаб, ўз тилини шакллантиргач, юзлаб истилоҳ ва калималар қатори ғам, алам, ғариб, ғурбат, васл, ҳижрон, дард, бало, сир каби кўпдан-кўп сўзлар ҳам олдингисидан тамоман бошқа мақсад ва маъноларда ишлатилган. Навоийда шундай ғазаллар ва:

Кўнгул ичра ғам камлиги асру ғамдур,
Алам йўқлуғи дағи қаттиқ аламдир, -

каби юзлаб байтлар борки, уларнинг тўғри таҳлил ва талқини учун ҳатто тасаввуф луғатлари ҳам ёрдам беролмайди. Бошқа чора, бошқа йўл топишни Навоийнинг ўзи кўрсатади. Биз эса Навоийнинг ўзига қаттиқ суяниб Навоий шеърларини талқин қилишга ҳамиша ҳам амал этолмаймиз.
Алишер Навоий асарларини ҳаққоний тарзда тадқиқ этиш, хатою камчиликлардан сақланишнинг асосларидан яна бири, албатта, тарих, айниқса, Навоий даври тарихидир. Улуғ шоирнинг турли шаклдаги шеърлари, насрий асарларида тарихий воқеалар, кундалик ҳаёт ҳодисалари, у ёки бу ижтимоий тоифага мансуб шахслар ҳақида ҳам етарлича баҳс юритилган. Булар ўшанда замонавий маъно касб этган бўлса, секин-аста тарихий қийматни акс эттирган ва шеърдан - тарихга ёки тарихдан - шеърга бир йўл излаш эҳтиёжини юзага келтирган. Албатта, Навоий асарларида ифодаланган тарихий ҳақиқатларнинг ҳаммасини тўғри аниқлаб, ана ундан кейин матн талқини ва таҳлилига киришиш жуда қийин. Лекин имкон даражасида бунга интилмаслик қандай асоссиз, хаёлий фикр-мулоҳазаларга бошлашини ҳам унутмаслик керак. Шу маънода характерли бир масалага тўхталсак. Маълумки, соқийнома аталмиш жанр Шарқ шеъриятида, хусусан, форс-тожик поэзиясида шуҳрат топган. Шу боисдан соқийноманинг шаклланиш ва тараққиёт тарихи Эронда, Тожикистонда махсус ўрганилиб, мақола ва китоблар чиқарилган. Навоийгача бирорта ҳам ўзбек шоири бу жанрда асар ёзмаганлиги илмда қайд этилган. Навоий ҳам бор-йўғи битта соқийнома яратган. Аммо бадиий ижодда сон эмас, сифат, мисра ва қофия тизими эмас, балки моҳият ва маҳорат аҳамиятга эгалигини Навоийнинг соқийномаси тўла тасдиқлайди. Қарийб беш юз байтдан иборат бу асар "Хазойин ул-маоний"нинг сўнгги девони -"Фавойид ул-кибар"га киритилган. Бир неча навоийшуносларимиз уни ўрганиб, ўз хулосаларини ҳам билдирганлар.
Илм аҳли орасида, соқийнома ёзишдан асосий мақсад - бу фоний дунёдан кетган энг яқин кишиларни хотирлаш, ғам-андуҳни унутиб, вақтни ғанимат билиб, умрни ардоқлашга чорлашдир, деган қараш анча барқарорлашган. Хориждаги айрим шарқшунослар, жумладан, Е.Э.Бертельснинг фикрлари ҳам шундай бўлган. Навоий соқийномаси ҳам бир ёднома - хотира талабидан туғилган ижод намунаси сифатида ўрганилган. Ҳолбуки, уни ёзишда Навоийнинг илҳомчиси хотира ва тахайюл эмас -ҳар кун аччиқ-чучугини тотган, шодлик ва қувончни шоирдан қизғаниб, ғаму ғуссани фаровон айлаган ҳаётнинг айнан ўзи эди.
Тарихий маълумотларга кўра, 1485 йилда Султон Ҳусайн Бойқаронинг синглисига уйланган Олтин Ўрда хони Аҳмадхон (Кичик Муҳаммад)нинг ўғли Баҳодир Султон сингиллари би-лан Ҳиротга меҳмон бўлиб келади. Ҳусайн Бойқаро улар-нинг шарафига "чингизийлар усулида" катта бир анжуман, яъни қурултой ташкил қилади. Шоҳона зиёфат берилиб, қимиз ва май тортилади. Қадимий куй-қўшиқлар янграйди. "Соқийнома"да Навоий бу ҳақда шундай деган:

Соқиё, май туту қўйғил сўзни,
Хон қурултойиға еткур ўзни.
Соф май жом аро гар дилкашдур,
Тўстуғон ичра қимиз ҳам хушдур.
Эй йиров, сен ҳам ишингни кўргуз,
Ётуғон бирла улуғ йирни туз...

Албатта, соқийнома ва унинг талқинига тегишли мулоҳазаларимизни атрофлича баён қилиш имкони йўқ ҳозир. Бироқ унинг ёзилиш тарихи ва маъно-моҳиятини аниқ белгилашга хизмат этувчи яна бир фактни изоҳлаш зарурдир. Гап шундаки, Навоий ўзининг гўзал ва фавқулодда таъсирли бу асарини Бойқаронинг жияни, яъни Баҳодир Султонга бағишлаб яратган эди. Ундаги мана бу сўзлар олис Дашти Қипчоқдан ташриф буюрган навқирон хонга қаратилгандир:

Шаҳға меҳмону, азизу дилбанд,
Ҳам қариндош, яна ҳам фарзанд.
Кўрки, сен ким сену қайдин келасен,
Қайси мулк ичрасену ким биласен.
Ҳеч шаҳ топмади бир хон сендек,
Бу улус кўрмади меҳмон сендек.

Хулласи калом, масала қўйиш, муаммо санаш унча қийин эмас. Уларни зўриқмай бажаришга қодир куч ва имконият бўлмаса - бу оғир.
Баъзан шеър таҳлили ва талқинини мураккаблаштиришга не ҳожат бор, деган савол аралаш эътирозлар эшитилиб қолади. Талқинни атайлаб мураккаблаштириш, таҳлилда ўтлаб кетиш, албатта, сунъийлик, албатта, бемаънилик. Бундай иш гоҳо ақл қосирлиги ёки қалб хасталигидан ҳам далолат беради. Лекин аслда таҳлилнинг мақбул ё номақбул эканига шеърнингҳам роли бор. Ҳар қандай тадқиқотчи яроқсиз шеърни яхши ва фазилатли этиб кўрсатишга нечоғлик уринмасин, барибир ҳеч натижага эришмайди. Бунинг акси бўлса-чи? Жаҳондаги бир қанча шеършуносларнинг эътирофлари бўйича, шеър камида икки маъно қатламига эга бўлмоғи керак. Бундан ташқари у оддий, дейлик газетадаги хабардан фарқланмоғи лозим. Таассуфки, биз газета хабаридан фарқланмайдиган шеърларни ўқийвериб, классикларимиз тажрибаларидаги кўп маънолилик сирларини очишга умуман уринмай қўйганмиз. Ваҳоланки, оғзаки тилга қараганда юксак, оҳангдор ва сербўёқ бўлган шеър тили сўзларнинг асосий маъноларидан кўпроқ ён маъносига суяниши, шу тарзда калима илк мазмунидан узоқдаги бир маъно қийматига ҳам эриша олишини улар амалда қайта-қайта исботлаб кетишган. Маънонинг бешиги ҳам, эшиги ҳам илм-маърифат. Муҳаммад Фузулий туркий девонининг дебочасида: "Илмсиз шеър асоссиз девордир. Асоси йўқ девор беэътибордир", - деб ёзган. Навоийнинг олимлигини шоирлигидан, шоирлигини мутафаккирлигидан, мутафаккирлигини буюк ва бетимсол шахсиятидан ажратиб кўринг. Кўз ўнгингизда тамоман бошқа шоир пайдо бўлади. Ҳазрат Навоийнинг ижод олами, хусусан, санъатхонасига эркин ва ишонч билан интилишнинг бош йўли ҳам илм, ирфондир.

Иброҳим Ҳаққумнинг
"Навоийга қайтиш" китобидан