Facebook
Сенинг васлинг муяссардур манга PDF Босма E-mail

Менмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга?
Бахти гумраҳдин қачон бу қисса бовардур манга?!

Ҳақ тонуқтурким, тирикликдин менга сенсен мурод,
Йўқса оламнинг йўқу бори баробардур манга.

Эй кўнгул, ғаввоси баҳри васл ўлубмен, не ажаб,
Гар насиб эмди ўшул покиза гавҳардур манга.

Не учун базми висол ичинда ичмай бодаким,
Кўзию оғзи бугун бодому шаккардур манга.

Ою хуршидингни йиғ, эй чархи гардунким, бу дам
Ҳамдам ул ой чеҳралиғ хуршидпайкардур манга.

Сарвни ўртаб, суманни елга бер, эй боғбон, Ким,
бугун ҳамсуҳбат ул сарви суманбардур манга.

Қўрқарам ҳирмон саҳобин ёпмағай фаҳм этса чарх
Ким, шабистон меҳр шамъидин мунаввардур манга.

Эй Навоий, ҳеч билмонким топибмен васлини,
Ё магарким жумлаи олам мусаххардур манга.

Наҳотки сенинг васлинг менга муяссар бўлган бўлса? Йўлдан адашган бахтим қачон бу афсонага ишонсин?
Оллоҳ гувоҳдирки, менинг тириклигимдан мурод сенсан. Бўлмаса менга оламнинг йўқлигию борлиги баробардир.
Эй кўнгил, васл денгизининг ғаввоси бўлибман, шундай экан, ўша тоза гавҳар менга насиб бўлса, не ажаб?!
Нима учун висол базмида бода ичмайин? У гўзалнинг кўзи-ю, оғзи бугун мен учун бодому шаккар-ку!
Эй фалак, ой билан қуёшингни йиғиштириб ол, зеро бу чоғ ул ой чеҳрали қуёшмисол маҳбуба менга ҳамдамдир.
Эй боғбон, сарвни ёқиб, суманни елга совур, негаки у сарви суманбар маъшуқам бугун менинг ҳамсуҳбатимдир.
Фалак сезиб қолса, умидсизлик булутлари билан бахтимни тўсиб қўймасин деб қўрқаман. Чунки қоронғу тун менга меҳр шамъидан мунаввардир.
Эй Навоий, ёр васлини топганимга ҳеч ишонгим келмайди, наҳотки жумлаи олам менинг истагимга бўйсунган бўлса?

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан