Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Гар Навоийнинг куюк бағрида қондур
Facebook
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондур PDF Босма E-mail

Қошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб,
Деди: кўрким, Қавс буржидин туғуптур офтоб.

Бир лабинг жон олди андоқким, бириси билмади,
Эмдиким билди: ароларида бордур шаккароб.

Гар фалак қошинг била баҳсе ҳилолидин қилур,
Бир деса, пайваста, жоно, эшитур икки жавоб.

Гул киби юзунгда тер фард этти ҳушумдин мени,
Гарчи беҳуш элга ҳуш учун муқаввийдур гулоб.

Ким сиришким кўрди маълум этти ишқим ҳосилин,
Дона бирла уйлаким эл нақдини айлар ҳисоб.

Не чамандур буки ҳасрат суйию дард ўтидин
Парвариш топмиш қаю бир гулдаким, бор обу тоб.

Гар Навоийнинг куюк бағрида қондур, не ажаб,
Хомсўз ўлур ёлин узра тушуб куйган кабоб.


Қошинг билан кўзингни ниқобсиз кўрган мунажжим «Қавс буржидан) офтоб чиқибди»,- деб айтди.
Бир лабинг жон олди-ю иккинчиси буни сезмай қолди, энди билсам, уларнинг ораларига низоъ тушган экан.
Фалак қошинг билан ўз ҳилоли — янги чиққан ой ҳақида баҳс юритар экан, уларнинг икковини бир хил, туташ деса, «икки хил» деган жавобни эшитади.
Одатда гулоб беҳуш одамни ҳушига келтириш учун ёрдам берарди, лекин сенинг гулдек юзингдаги тер мени ҳушимдан жудо қилди.
Одамлар доналар билан ўз пулини ҳисоб қилганидек, кўз ёшимни ким кўрган бўлса, ишқим ҳосили унга маълум бўлди.
Кўнглимни ўқингга шишлаб, ишқинг ўтига қўйган бўлсанг, бундан жаҳлинг чиқмасин: сих ҳам куйгани йўқ, кабоб ҳам!
Бу не чаманки, ҳар бир гул ҳасрат суви билан дард ўтидан парвариш топиб етилади.
Навоийнинг куйган жигарида қон бўлса, бунинг ажаб-ланарли жойи йўқ, ахир аланга устига тушиб куйган кабоб хомсўз бўлади-да!

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан