Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурур
Facebook
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурур PDF Босма E-mail

Қаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга,
Лутфунг ўлса, юз менингдекдин фароғатдур санга.

Эй мени саргаштадин гаҳ фориғу гоҳи малул,
Қаҳринг ул, лутфунг бу, ё Рабким, не одатдур санга?

Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурур,
Булъажаб ҳоледурур, оё не ҳолатдур санга?

Панд эшитмай севдинг они, эй кўнгул, чек дарду ранж,
Оздурур ҳар лаҳза гар юз мунча офатдур санга.

Ваҳм эт оҳим ўтидин, эй гулки, даврон боғида
Кўз ёшимдин бу қадар лутфу тароватдур санга.

Эй қуёш, меҳр аҳлини куйдурма бу водийдаким,
Гармравлар оҳидин мунча ҳароратдур санга.

Эй Навоий, истама васл ул қуёшдин заррадек,
Чун неча ул қилса истиғно, ҳақоратдур санга.

Эй гўзал, қаҳринг келганида, менинг барча ишим сенга малол келади, яхшилик қилганингда менга ўхшаган юзлаб одамларнинг иши сенга роҳат бағишлайди.
Эй гўзал, сен мендек девона туфайли гоҳ хурсанду гоҳида хафасан. Қаҳринг ундай, яхшилигинг бундай бўлса, |Оллоҳ ҳақи, қайси бири сенинг одатинг?
Яхшилигинг ози жон олади, қаҳрингнинг кўпи ҳам ўлдиради. Ажиб бир аҳвол — буни қандай тушунса бўлади?
Эй кўнгил, насиҳатга қулоқ солмай, у гўзални севдинг, энди дарду алам чекканинг чеккан. Ҳар лаҳза юзта офат бошингга келса ҳам сенга озлик қилади!
Эй гул, оҳим ўтидан қўрққин, зеро сенинг бу қадар гўзаллигингу яхшилигинг менинг кўз ёшларим туфайлидир.
Эй қуёш, бу водийдаги муҳаббат аҳлини куйдирма, зеро, сендаги ҳарорат иссиқ юзлилар оҳидандир.
Эй Навоий, у қуёшдан заррадек бўлсин васл истама, чунки у ҳар қанча ноз қилса, сенга ҳақорат бўлиб туюлади.

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан