Facebook
Рубоийнавислар устоди PDF Босма E-mail

Умар Хайёмнинг номи тилга олинганда барчанинг кўз олдига Шарқ мумтоз сўз санъатининг энг машҳур жанри рубоий гавдаланса, рубоий деганда бу жанрнинг беназир устаси Умар Хайём намоён бўлади. Бу бежиз эмас. Абулқосим Фирдавсий маснавийни, Ҳофиз Шерозий ғазални қанчалик такомилга етказган бўлсалар, Умар Хайём ҳам рубоийни шунчалик юксак мақомга кўтарди. Мана, орадан салкам X аср ўтсада, рубоийда ҳали хеч ким Хайёмнинг олдига туша олган эмас.

Тафаккур ва туйғуни ажойиб бир тарзда ўзида омухта этган рубоий асрлар давомида Шарқ мумтоз шеъриятининг етакчи жанри бўлиб келди. Унинг шаклланиши, ривожланиши ва шуҳрат қозониши Абу Абдулло Рудакий, Абу Али ибн Сино, Абусаид Абулхайр, Умар Хайём, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий, Хоқоний Ширвоний, Фаридиддин Аттор, Жа-лолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фузулий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Мирзо Ғолиб каби дунёга машҳур шоир ва мутафаккирлар номи билан боғлиқ. Рубоийнинг Шарқ адабиётида қанчалик катта ўрин тут-ганини шундан ҳам билса бўлади.
Олам ва одам муаммоларини фалсафий жиҳатдан акс эттириши туфайли рубоий шеъриятнинг фалсафий жанри сифатида машҳур. Зеро, салмоқли мазмунни чукур фалсафийлик қатига ўраш орқалигина уни ихчам шакл бағрига жо этиш мумкин. Шунинг учун ҳам академик Ғафур Ғулом рубоий хақида: «...олам-олам мазмунларнинг жавҳарини йиғиб, тўрт сатрга сиғдира олиш маҳоратидир. Қатрада — уммон, учқунда — қуёш мазмунини бериш рубоийга хос хусусиятдир», — деб ёзган эди. Ҳикмат ва фалсафа рубоийнинг мағзи бўлганлиги учун ҳам у жаҳон шеъриятининг довруқдор жанрларидан бирига айланди — хозирги кунда дунёнинг барча бурчагидан рубоий мухлисларини топиш мумкин.
Буюк математик, мунажжим, файласуф, ҳаким ва мутафаккир шоир сифатида донг таратган Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий 1048 йил 18 майда Нишопурда чодир (хайма) тикувчи косиб оиласида туғилади (Унинг тахаллуси ҳам отаси шуғулланган касб номидан олинган: Хайём — чодир ясовчи уста, чодир тикувчи, чодирчи). Ёшлигида Балхга келиб, ўша даврнинг таниқли уламоларидан Муҳаммад Мансур қўлида таҳсил олади. Салжуқий шаҳзодалар ўртасида тож-тахт учун курашлар авжга минган даврда Балхни тарк этиб, аввал Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир, кейин Бухоро ҳокими Шамсулмулк Қорахоний даргоҳида яшайди. У ҳақда маълумот берилган деярли барча қадимги қўлёзмаларда фавқулодда истеъдоди, кучли қувваи ҳофизаси ва олдиндан башорат қилиш қобилияти хусусида сўз боради. Чунончи, «Исфаҳонда эканида бир китобни етти дафъа ўқуған. Нишопурга қайтғанда шуни ёддан ёзған. Асл нусхаси билан ёддан ёзилғанини ҳеч фарқи бўлмаған»(Абдурауф Фитрат. Форс шоири Умар Хайём // Танланган асарлар. 2-жилд. 146-бет.).
Низомий Арузий Самарқандий қуйидагича ҳикоя қилади:
Балх шаҳридаги бир зиёфатда ҳужжат ул-ҳақ Умар Хайёмнинг шундай деганини эшитдим:
— Менинг қабрим шамол ҳар баҳорда устимга гуллар сочиб турадиган жойда бўлади!
Ўшанда менга унинг сўзлари бир оз ғалати туюлган эди, аммо шундай улуғ одам беҳуда гапирмаслигини ҳам билардим.
1135 йили йўлим Нишопурга тушганида Хайёмнинг менда устодлик ҳақи борлиги учун бир жума куни Ҳийра қабристонига — унинг зиёратига бордим. Қабристонни ўраб турган боғ деворидан нок ва ўрик дарахтлари бош чиқариб, қабр устини гулга кўмган эди. Шунда Балх шаҳрида ундан эшитган сўзларим ёдга тушиб, йиғлаб юбордим. Ҳақиқатан ҳам, дунёнинг бирор ерида унинг учун бундан муносиброқ жой топилмас эди.
Умар Хайём 26 ёшида салжуқий ҳукмдор Жалолиддин Маликшоҳ ва унинг маърифатпарвар вазири Низомулмулк даъватига биноан Исфаҳонга келиб, расадхона ташкил этади. Расадхонада фаолият кўрсатган олимлар Хайём бошчилигида 1074—1079 йиллар мобайнида янги ва нисбатан мукаммал йил тақвимини ишлаб чиқадилар. Бу тақвим Европада ундан 500 йил кейин жорий қилинган Григориан календаридан ҳам аниқроқ бўлган.
Умар Хайём илмда ҳам, ижодда ҳам ўзини Шайх ур-раис Абу Али ибн Синонинг ҳассос ва садоқатли шогирди ҳисоблаган. Ибн Сино асарларини тушунмаган кишилар уларни изоҳлаш ва шархлашни ундан сўраганлар. У устозининг бир қатор асарлари (жумладан, «Хутба» фалсафий рисоласи) ни арабчадан форсчага таржима қилиб, шарҳлаб беради, унинг ғоя ва қарашларини давом эттиради ҳамда тарғиб қилади. «Рисолат ул-кавн ват-таклиф» («Коинот ва унинг вазифалари ҳақида рисола»), «Рисола фи-л-вужуд» («Борлиқ ҳақида рисола»), «Рисола фи куллиёти вужуд» («Борлиқнинг умумийлиги ҳақида рисола») каби фалсафий асарларида Ибн Сино-нинг вориси ва издоши сифатида намоён бўлади. Унинг Ибн Синога эътиқоди шунчалик баланд бўлганки, ҳатто «Аш-шифо» китобини қўлида тутиб жон берган (1123 йил 12 декабрда).
1077 йилда у юнон олими Эвклид китобидаги бир неча геометрик шаклларни шарҳлаб ёзган «Рисола фи шарҳи мо ашкала мин мусодарат китоб ул-Иқлидис» («Эвклид китоби муқаддималаридаги мушкулотлар шарҳи ҳақида рисола») асарида бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб берган. «Рисола фи-л-бароҳийн ала масойил ал-жабр ва-л-муқобала» («Алгебра ва муқобала (қаршилик назарияси) исботлари ҳақида рисола»), «Мушкулот ул-ҳисоб» («Арифметика мушкулотлари») асарларида у юнон олимларининг аниқ фанларга оид фикрларини араб тилида кенг шарҳлаш билан бирга, уларнинг қарашларини ривожлантирган, математик, фи-зик тенгламаларнинг муодилларини топган. Байҳақийнинг лутф этишича, у айниқса фалсафий илмлар, математика ва мантиқни жуда ўзиники қилиб олган эди.
XII аср форс-тожик насрининг нодир намунаси ҳисобланган «Наврўзнома» асарида Наврўзнинг келиб чиқиш тарихи, Шарқ халқларининг бу байрам билан боғлиқ анъана ва маросимлари кенг ёритилган, кўплаб ҳикоят ва ривоятлар келтирилган.
Қисмат ўйинини қарангки, олим ўз умрининг асосий қисмини сарфлаган фаннинг турли соҳаларидаги буюк кашфиётлари бир чеккада қолиб, у илмий изла-нишларидан чарчаган пайтларида турли дафтарларнинг ҳошияларига битган ва иккинчи даражали ҳисоблаган рубоийлари Хайём номини дунёга танитди.
Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрича, рубоийга биринчи бўлиб Абу Али ибн Сино ўзининг чуқур фалсафий қарашларини сингдирган. Кейин Умар Хайём азал ва абад, олам ва одам муаммолари хусусида теран фалсафий рубоийлар яратиб, бу жанрнинг пири устодига айланди, Шарқ шеъриятида фалсафийликнинг чуқурлашишига катта таъсир кўрсатди. У ўзигача яратилган рубоийлардан таъсирланди, бу борадаги тажрибаларни умумлаштирди ҳамда ўзининг беқиёс истеъдоди ва теран билими туфайли рубоийда сифат ўзгаришларини ясаб, жанрни янги ва юксак тараққиёт босқичига олиб чикди. Нафақат улкан инсоний дард ва теран ички кечинмаларни, балки ўша давр ақл соҳибларини қийнаган ўткир ижтимоий ва фалсафий масалаларни рубоийга олиб кирганлиги учун ҳам таниқли шарқшунос И.С. Брагинский Хайём шеъриятисиз нафақат Шарқ, балки «жаҳон шеърияти юксаклигини ҳам тасаввур қилиб бўлмайди», — деган эди. Рубоийнинг маз-мунан бойиши, янги фалсафий истилоҳларнинг вужудга келиши, рубоий мавқеининг ортиши ва Шарқ шеърияти жанрлари ичида мустахкам ўрин эгаллаши Умар Хайём номй билан боғлиқ.
Хайёмона оҳанглар Абусаид Абулхайр, Бобо Кўҳий, Абулҳасан Харақоний, Абдуллоҳ Ансорий, Аҳмад Ғаззолий, Муҳаммад Ғаззолий каби шайх-шоирлар рубоийларида ҳам учрайди, ҳатто айрим рубоийлар ҳам уларга, ҳам Хайёмга нисбат берилади. Чунки Хайём бу пюирлардан ўрганган, таъсирланган, уларга эргашган. Умар Хайём рубоийларини мазкур шоирлар рубоий-лари билан қиёсий ўрганиш шундан гувохлик беради. Масалан, Абусаид Абулхайр рубоийлари ичида кўплаб хайёмона рубоийларнинг мавжудлиги мавзу ва услуб эътибори билан улар орасида муайян яқинлик борлигини кўрсатади. Форсий адабиётдаги рубоий тарихи ва ривожланиш босқичларини ўрганган арман олимаси А.К. Козмоян ҳам сўфиёна рубоийларнинг баъзи бир муҳим хусусиятларини четлаб ўтиб, Умар Хайём рубоий-ларига ҳар томонлама ҳаққоний баҳо бериб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Н. Комилов эса: «Хайём ижодини батамом тасаввуфдан холи деб ҳам айта олмаймиз. Чунки айрим рубоийларнинг мазмунида бу нарса ўта фалсафийлашган кўринишда ифодаланган», — деб ёзади. Шоирнинг ўзи ҳам фалсафий рисолаларидан бирида сўфийларга эргашган кишигина Худони англашга энг яқин туришини таъкидлаб ўтган эди. Шунга қарамай, Умар Хайём ижодига асосан икки мутафаккир шоирнинг кучли таъсирини сезиш мумкин: фалсафий-тасаввуфий жиҳатдан — Ибн Сино, ғоявий-бадиий жиҳатдан - Носир Хисрав.
Юнон мутафаккирлари асарларининг араб тилига таржима қилиниши туфайли араб халифалиги қўл остидаги мамлакатларда фалсафий фикрлар жуда ривожланганли-ги маълум. Бунинг устига, Умар Хайём даврида аниқ ва табиий фанлар ўз тараққиётининг юксак чўққисига чиққан эди. Бинобарин, «Умар Хайёмнинг фалсафий қарашлари нафақат унинг салафлари бўлмиш Шарқ файласуфлари таълимоти заминида, балки ўша даврда араб ва форс тилларига таржима қилинган юнон мутафаккирларининг ишлари билан танишиши натижасида ҳам шаклланган»(Аминов А. Жанр рубаи и советская лирико-философская поэзия. Душанбе, 1988 г. С. 29.). У «кўпчилик рубоийларида ўзининг математика, мантиқ, астрономия, нотиқлик санъати соҳаларидаги кашфиётлари натижасида келган хулосаларини бадиий талқин қилади»(Ўша ерда. 24-бет). Зеро, «Умар Хайём рационализмнинг, ақлий мўъжизалар даврининг шоири эди»(Комилов II. Хайёмнома // Тафаккур карвонлари. 189-бет.).
Шоирларнинг турли-туман кайфиятлари, руҳий оламидаги эврилиш ва ўзгаришлар, тафаккуридаги зиддиятлар кўпроқ рубоийда ўз аксини топган. Чунки рубоий ҳар қандай фикр, туйғу туғилиши, оҳорли ташбеҳ ёки мавзу топилиши биланоқ уни ифодалаш мумкин бўлган осон ва қулай жанр. Таржимаи ҳол билан боғлиқ реал туйғуларнинг асосан рубоий жанрида ифодаланиши ҳам шундан. Шунинг учун ҳам Р. Ҳодизода рубоийларни «шоирнинг поэтик кундалиги» деб атаган эди.
Фалсафий мушоҳадалардан тортиб табиат ва жамиятнинг мураккаб масалаларигача, шоир шахсий ҳаётидаги энг кичик лавҳаларгача — ҳамма-ҳамма нарса рубоийнинг мавзуи бўлиши мумкин. А.Аминов ёзганидек, «ҳаётий ҳодисалар турли-туман бўлгани каби, рубоий мавзу доирасининг ранг-баранглиги ҳам чегара билмайди». Табиийки, рубоийда бу масалаларнинг барчаси аниқ, лўнда, ихчам, ҳикмат даражасида ва айни пайтда, юксак бадиий шаклда ўқувчи хукмига ҳавола этилади. Рубоийда ҳар бир сўз, ибора муайян салмоққа эга бўлади, у ёки бу поэтик мақсадни очишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам И. Брагинский ва Д. Комиссаровлар: «Рубоий — бутун бир ҳаёт, чек-чегарасиз инсоний кечинмалар тўрт мисрага жо бўладиган ўзига хос мўъжаз санъат асари», — деб ёзган эдилар.
Албатта, барча шеърий жанрлар каби, рубоий ҳам узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтиш жараёнида шаклан мукаммаллашиб, мазмунан бойиб борди. Дастлаб ишқий кечинмалар, панд-насиҳат, табиат тасвири, ҳазил-ҳажв мавзуларида яратилган бўлса, бора-бора теран фалсафий фикрлар, тасаввуфий рамзу тимсоллар, ранг-баранг бадиий усул ва санъатлар унда ўз аксини топа бошлади. Рудакий ва замондошларининг нисбатан содда услубдаги рубоийлари Ибн Сино ва Умар Хайём ижодида чуқур фалсафий мазмунга эга бўлди. Кейин сўфий шоирлар жанрга тасаввуфий рамзу тимсолларни сингдириб, унинг услуби ва тилини мураккаблаштирдилар. Сўз санъаткорлари қалами билан эса рубоий бадиий мукаммалликка эришди.
Умар Хайём рубоийларида фикр қанча теран, мазмун қанча чуқур, мушоҳада қанча кенг, фалсафа қанча салмоқли бўлса, ифодаси шунча содда, тушунилиши шунча осон, ўқилиши шунча енгил, таъсири шунча кучли. Шунинг учун ҳам Абдурауф Фитрат: «Хайёмнинг рубоийларида бўлған ифода очиқлиғи, услуб гўзаллиги, фикр ўткурлиги уни бошқа Шарқ шоирларидан юқориға чиқарадур. Хайёмнинг фикр ифода қилишдағи усталигидан фойдаланиш ҳар бир шоир учўн кераклик бир ишдир», — деб ёзган эди.
Аввал тафаккурда туғилиб, кейин қалб қўрига йўғрилган Умар Хайём рубоийлари, бир сўз билан айтганда, олам ва одам ҳақида. Шоир дунё эврилишларига донишмандона босиқлик, таассуф аралаш лоқайдлик билан қарайди:
дунёни ўзгартиришки қўлингдан келмас экан, уни деб қайғуриш беҳуда. Унинг учун туғилиш ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, зулм ва адолат... ҳаммаси ўз табиий қонуниятига асосланади:

Биз бўлсагу бўлмасак, жаҳон бўлғусидир,
Биздан на бирор ном, на нишон бўлғусидир.
Биз илгари йўқ эдигу етмовди халал,
Энди яна бўлмасак, хамон бўлғусидир(Шоир рубоийлари муаллиф таржимасида берилмоқда.).

Бу рубоийлар ҳаётийлиги, реал инсоний интилишлар, дарду туйғуларни акс эттиргани учун ҳам кўнгилга яқин. Шоир ҳақиқатнинг кўзига тик қараб гапиради. У дунёнинг моҳияти, ҳаётнинг мазмуни, тирикликнинг маъноси хусусида аниқ-тиниқ фикр юритади. Бу рубоийлар шоирона тасаввур-тахайюл, мавҳум самовий хаёллар, анъанавийлик, романтика маҳсули эмас, балки қайноқ турмуш тафтида пишган ҳаётий кечинмалар ҳосиласи:

Дунё дегани азоб, тириклик эса ғам,
Тақдир дегани бало, замон — зулму ситам.
Хуллас, бу жаҳон ҳолига боқсам кўраман:
Тинч-осуда одам йўқ, агар бўлсада кам.

Умар Хайём яшашга лойиқ уй-жойи, тирикчиликка етарли нони бўлиб, шунга қаноат қилган, бировга қул ҳам, хоким ҳам бўлмаган оддий инсоннинг турмушини ҳақиқий хур, озод ҳаёт сифатида улуғлайди, чинакам инсоний бахт ҳам, ҳузур-ҳаловат ҳам шунда эканлигини таъкидлайди:

Ҳар кимсани бор бўлса ейишга нони
Ҳам ўзига лойиқ уйию ошёни,
Ул қул-да эмас бировга, хоким-да эмас,
Бас, қандини урсин ўша — хуш даврони!

Умар Хайём нигоҳи билан дунёга боқсак, бир ўзгача манзаранинг гувохи бўламиз: оёғимиз остидаги тупроқ — «ота-боболар хоки», «сулувлар кўзииинг қорачиғи»; гулу кўкатлар — бир маҳаллар «гўзал бир чеҳра» бўлган; шабнам - «моҳлиқолар юзидаги тер» эса, чанг — «санамлар оразини қоплаган гард». Ҳеч нарса бегона эмас, ҳаммаси кўнгилга яқин - барчаси ўзимизники!

Ҳар сабзаки, сувнинг бўйидан жой олмиш,
Ул талъати ҳур хаттини ёдга солмиш.
To сабза сари ташла оёғингни аяб,
Ул сабза санам чехрасидаги холмшп.

Табиатда бўлгани сингари ҳаётда ҳам ҳамма нарса - туғилиш ва ўлим, шодлик ва қайғу, ёшлигу кексалик, орзую армон... ўзаро ўрин алмашиб туради. Шу сабабли, айтайлик, кўклам кайфияти ҳадя этган оний сурурдан илҳомланиш шоир учун нишоннинг бир томони бўлса, иккинчи тарафи - юракни кўтаринки ҳисларга тўлдирган бу қувончнинг, бу шукуҳнинг ўткинчилиги. У хар қаидай қувонч қатида қайғу, ҳар қандай ғам ортида шодлик кўради:

Боқ, тонг елидан гул этаги чок бўлади,
Булбул етишиб ғунчага қувноқ бўлади.
Гул соясида ўтир, у қумга сингса,
Бизнинг-да вужуд эртага тупроқ бўлади.

Лаҳза — Хайём ижодида кенг ишланиб, образ даражасига кўтарилган. Унингча, бу дунё қошида, мангулик қаршисида бизнинг умримиз — ялт этган бир лаҳза. Уз навбатида, инсон ҳаёти олдида туғилишу ўлим, қувончу қайғу, орзу-интилиш — ҳамма-ҳаммаси лаҳза қатига жо:

Куфр оламидан дингача бир лаҳза эмиш,
Шак манзилидан чингача бир лаҳза эмиш.
Бас, сен бу азиз лаҳзани хуш ўтказгил,
Умр ўзи шу — ўлгунгача бир лаҳза эмиш.

Лекин инсон лаҳзада абадиятни кечириши, ҳатто уни яратиши мумкин. Унинг буюклиги шунда.
Вақтни мангуликка муҳрласа бўлади. Бунинг учун ўтаётгаи ҳар бир лаҳзанинг қанотига нимадир илиб ул-гуршп керак. Чунки елкасида юки бор лаҳзалар абадият, икки қўли бўм-бўш дақиқалар эса йўқлик сари равона бўлади:

Бўстон сари йўл олди ўшал булбули маст,
Май жомию гул чеҳрасини топди, абас.
Ул дам унутиб ўзни, қулоғимга деди:
«Қайтмас сира, билгил, ғанимат ушбу нафас!»

Ҳа, вақтдан бўлак ҳамма нарсани топса, қўлга киритса бўлади. Баҳор қайтади, майсалар ниш уради, гуллар ҳар йили очилаверади, булбуллар сайрайверади, лекин инсон «ўргач, қайта кўкармас гиёҳ», у «олтин эмас, кўмганларидан кейин қайта қазиб олйшмайди». Шу тариқа, Хайём рубоийлари асосида дунёнинг ўткинчилиги, бинобарин, умрнинг қадрига етиш, хар дақиқани ғанимат билиш, чунки ўтган лаҳзанинг ортга қайтмаслиги, инсонга ҳаёт бир марта берилганлиги, шундай экан, шод-хуррам яшаш кераклиги каби ғоялар ётади. Бунинг учун у инсоннинг ўлиши, ўлгандан сўнг тупроққа айланиши, бу тупроқдан кулол кўза ясаши, кўзага май қуйилиши сингари тимсол-тушунчалардан кенг фойдаланади. Ҳар қандай мавжудот пайдо бўлиши, ўсиб-униши ва заволга юз тутиши, унинг ўрнини янгиси эгаллаши — ҳаёт абадулабад шу тарзда давом этиши бу рубоийларнинг моҳиятини ташкил этадп. Шунинг учун ҳаётдаги бир лаҳзалик қувончни қўлдан чиқармасликка, хуш-хурсанд яшашга, тирик туриб ўзига қабр қазимасликка даъват шоир рубоийларида қизил ип бўлиб ўтади.

Тонг чоғида ул гулки, кулиб тўкилади,
Ел бирла ҳикоятни қилиб тўкилади.
Ун кун ичида гул ниш урар, ғунча тугар
Ҳам очилар ул, ҳидга тўлиб тўкилади.

Кулол, кўза, тупроқ... Хайём ўз ижодида қайта-қайта мурожаат қиладиган образлар. Улар воситасида файласуф шоир, кўпчилик тадқиқотчилар таъкидлаганидек, материянинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши, эскининг емирилиб, янгининг пайдо бўлишинигина ифодаламайди. Шоир дунёқарашидаги энг дардли нуқталар боғлиқ бу образлар билан. Унинг талқинича, инсон жисм ва руҳнинг буюк бирлиги. Лекин у ўлади, тупроққа айланади, бу тупроқдан кўза ясаш мумкин, афсуски, кўза ҳеч қачон одамга айланмайди:

Бул кўза менингдек ошиқи зор эрди,
Бир сочи узун малакка хуштор эрди.
Бул дастаки, кўза бўйнида — эрди-ю қўл
Ҳам ўрни мудом гардани дилдор эрди.

Умар Хайём май куйчиси сифатида машҳур. Лекин май мумтоз шеъриятда кенг ишланган анъанавий тимсол бўлиб, у орқали, бир томондан, илоҳий муҳаббат тараинум этилса, иккинчи томондан, ҳаёт лаззатлари улуғланади. Аслида Хайём рубоийларида ўзининг юксак такомилига етган кўпгина образ ва мотивлар салафлари ижодида у ёки бу даражада ишланган эди. Жумладан, май мавзуси ҳам дастлаб Рудакий ва унинг издошлари ижодида учрайди. Ёки май абадий умр гарови, ёшлик завқининг сармояси, ғамни маҳв этувчи омил эканлиги ҳақидаги фикрлар, соқий, жоми Жам, май соқийси каби тимсол ва истилоҳлар, май ичиш пюҳ, донишманд ва ринд кишиларга раво эканлиги тўғрисидаги тавсиялар Ибн Сино рубоийларидаёқ мавжуд. Азрақий, Муиззий, Адиб Собир Термизий каби салжуқийлар саройи шоирлари ҳам майни таъриф этганлар. Лекин бу шоирлар ижодида май ҳали тимсол даражасига кўтарилмаган эди. Ҳаётдан лаззатланиш, ҳар бир дақиқани нашъу намога тўлдириб, умрни хуш-хуррам ўтказиш ғояларини ҳеч бир шоир Умар Хайёмдай авж пардаларда қойилмақом қилиб куйлай олмаган:

Гар бўлса муяссар мснга буғдой нони,
Бир кўза шароб билан семиз қўй сони.
Вайронада ёрниким бўлиб қурбони,
Топмас бу сафони ер юзин султони!

Рубоийда фалсафийликнинг чуқурлашувини тасаввуф билан боғлайдилар. Бу — бежиз эмас. Тасаввуф шеъриятида май, ишқ ва бошқа кўплаб тимсол-тушунчалар фалсафий моҳият касб этади. Чунончи, бу таълимотга кўра, олам ҳам, одам ҳам ишқ туфайли яралган, ишқ туфайли барқарор ва бир куни адам сари юз тутса, бунга ҳам ишқ сабаб. Бугун биз биламизки, бу дунё оламнинг ўзаро тортишиш кучлари туфайли пойдор. Сўфийлар зса буни Ҳусн ва Ишқнинг бир-бирига интилиши тарзида тасаввур қилганлар. Уларнинг ақидасича, оламнинг уйғунлиги, коинотнинг мунтазамлиги ишқ туфайли. Улар «тошнинг ерга тушишини ҳам, сайёраларнинг куёш атрофидан айланишини ҳам ишқ билан изоҳлашади»(Радий Фиш. Жалолиддин Румий (Тарихий-биографик роман). Жамол Камол таржимаси. Тошкент, 1986 йил, 86-бет.). Шунинг учун ҳам Жалолиддин Румий: «Олам бир вужуд бўлса, ишқ — унинг жони», — деган эди. Зеро, ишқ бўлмаса, одамнинг ўликдан, оламнинг қабристондан фарқи йўқ. Ишқнинг дунё, ҳаёт ва инсоннинг бутун мазмун-моҳиятини белгилашини назарда тутиб, Умар Хайём ёзган эди:

Ишқ — боши жаҳон дафтарининг, маъноси,
Ёшлик ғазалин матлаъси — муддаоси.
Эй, англа, хабарсиз юрган ишқ оламидан,
Ишқ бирла яралган бу башар дунёси!

Тасаввуф адабиётида кўнгил улуғланиб, ҳатто Каъбадан-да юксак қўйилади. Бунинг сабаби: дунё ва нафс ғуборларидан покланган кўнгилда Худо акс этади. Шунга мувофиқ, синган кўнгилни кўтариш — Каъбани обод қилишга тенглаштирилади. Синиқ кўнгил — рамз: у дунё ва нафс алойиқларидан қутулган ва илоҳий ишқдан бохабар, маърифат сирига ошно бўлган дардли кўнгил. Шоир бу анъанавий ташбеҳнинг миқёсларини кенгайтириб, бир ғариб кўнглини шод айлаш нафақат Каъбани, балки бутун оламни обод этишдан-да афзал, дейди:

Билгилки, ғариб кўнглини бир шод этмоқ —
Создир нечаким — жаҳонни обод этмоқ.
Лутфинг била айласанг асир бир дилни
Ҳеч қошида мингта қулни озод этмоқ.

Дунёнинг номукаммаллиги, инсоний ҳаётнинг мураккаб ва машаққатлилиги, замона адолатсизликлари Умар Хайём рубоийларининг етакчи мотивлари ҳисобланади. Шоир бунинг учун гоҳ Яратганга шикоят айласа, гоҳ чархи фалакдан ҳасрат қилади, гоҳ замондан нолиса, гоҳ нокасларни мазаммат этади. Албатта, буларнинг барчаси дунёни тўкис, ҳаётни фаровон, инсонни баркамол, жамиятни етук кўриш орзусидан. У номукаммаллиги, қусурлари учун ҳеч кимни, ҳеч нарсани аяб ўтирмайди: дунёни ҳам, замонни ҳам, одамларни хам, ҳатто ўзини ҳам!

Эй дил, бу замондан сира эҳсон тилама!
Тартибни фалак чархидан, эй жон, тилама!
Дармон сўрабон ортади дардинг баттар,
Кўн дардига ҳар лахза-ю, дармон тилама!

Унинг нуқтаи назарига кўра умр шунчалик қисқаки, шошилмаса инсон на яшашга улгуради, на камолот касб этишга! Ҳолбуки, умр яшаш учун берилган: қисқа умрни айш-ишратга ҳам, аксинча, таркидунёчиликка ҳам сарф этмаслик керак.
Маънавий-ахлоқий мавзу Шарқ адабиётида ҳамиша етакчи бўлиб келган. Маълумки, панд-насиҳат қанча ихчам ва ёрқин ифодаланса, шунча таъсирчан ва жозибадор бўлади. Айни жиҳатдан рубоий ҳикматли сўзлар, фалсафий мазмунни ифодалашга жуда қўл келади: бу ихчам ва лўнда шакл шоирларга катта маърифий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган турли-туман панд-насиҳатларни унга сингдиришга имконият яратди. Қомусий билим, катта ҳаётий тажриба, беқиёс истеъдод соҳиби бўлган Умар Хайёмнинг кўпчилик рубоийлари ҳам ҳикмат каби жаранглайди. Зеро, улар дунё, ҳаёт, инсон устидан ўқилган ўзига хос фалсафий ҳукмлардир. Шоирнинг ўзи ҳам буни эътироф этиб, рубоийларидан бирида ижоди мисолида ҳикмат чодирини тиклаганини айтган эди.
Бегона яқин менга вафо қилса агар, Ёт ҳатто қариндош-да жафо қилсалар ёқмаса бол — борми заҳардан фарқи? Бол ўрнидадир заҳар даво қилса агар.
Хеч кимсани ранжитма илож топсанг агар, Оғритма бирор дилни, сира сочма заҳар. Гар мангу фароғатдан умидинг бўлса, Чек слғиз ўзинг учраса ҳар қанча кадар.
Умар Хайём ўзидан кейинги Шарқ адабиётига кучли ўтказган. Фақат рубоий ёзган ёки ижодида рубоий етакчи ўрин тутган кўплаб рубоийнавис шоирлар етишиб чиққан. Чунончи, Фаридиддин Атторнинг «Мухторнома»си 5000 га рубоийни ўз ичига олади. Мирзо Бедил 3861 га рубоий ёзган. Абдуллоҳ Ансорийга 2000 дан зиёд ру-боийни нисбат берадилар. Жалолиддин Румий девонида 1994 та рубопй мавжуд. Амир Хусрав Деҳлавий рубоийлари 700 тадан 1200 тагача деб кўрсатилади. Соммирзо Сафавийнинг Шайх Рубоий номли шоир (XVI) ҳақида ёзишича, у «шеър навларидан рубоийга ниҳоятда майл кўрсатган ва шунинг учун уни Шайх Рубоий дейдилар». Мутрибий Важеҳий Ахсикатий мероси ҳақида тўхталар экан, «ёзганлари асосан рубоий эди» деб маълумот бе-ради ва Хаким Рукноий Кошоний пжоди ҳақида хам «кўпроқ рубоий жанрида қалам тебратарди» деб қайд этади. Бундай маълумотни Мутрибий Азизий Самарқандий хусусида ҳам келтиради. Ҳиндистонда Файзи Фаёзий «Хуршиднома» номли рубоийлар девони тузган бўлса, Саҳобий Астрободий «иккинчи Хайём» деб улуғланган.
Умар Хайём рубоийлари дунёнинг деярли барча тилларига таржима қилинган. Илк бор 1859 йили Эдуард Фитцжеральд томонидан инглиз тилига ўгирилган шоирнинг 75 рубоийси XIX асрнинг ўзида катта ададларда 25 марта, 1925 йилгача 139 марта нашр этилган. Бутун Британияда Хайём рубоийлари кириб бормаган хонадон қолмаган, Хайём клублари очилган. Кейинчалик унинг сафини А. Арберри, Ф. Розен, Уинфильд, П. Эйври, Ж. Хезетабз каби мутаржимлар тўлдирган ва рубоийлар миқдори 100 тадан 1000 тагача етди.
Америкада Умар Хайём рубоийлари асосида театрлаш-тирилган саҳна асари, Лондонда махсус хайёмсеварлар клуби мавжуд. Уларда шоир рубоийлари хам аслида, ҳам таржимада бадиий сўз усталари, моҳир нотиқлар томонидан ўқилади.
Умар Хайём рубоийларини XX аср бошларидан ўзбек тилига таржима қилишга киришилган. Олимжон Идрис 1914 йили «Шўро» журналининг 4-сонида шоирнинг бир неча рубоийсини мисрама-мисра таржима қилиб, нашр эттирди. Журналнинг 1917 йилдаги 2-, 4-, 13-, 14-сонларида «М.С.И.Ч.» имзоси билан унинг яна бир қатор рубоийлари таржимаси эълон қилинган. Абдурауф Фитрат «Форс шоири Умар Хайём» номли рисоласида (1929) унинг 35 та рубоийсини насрий таржимада келтиради. Кейинчалик Фаттоҳ Абдуллаев унинг 14 та рубоийсини шеърий таржима қилади. Умар Хайём рубоийлари таржимаси асосан форс-тожик адабиётининг билимдон тадқиқотчиси ва моҳир таржимони Шоислом Шомуҳамедов номи билан боғлиқ: файласуф шоир рубоийлари унинг таржимасида бир неча марта босилиб чиқди ва халқимиз орасига кенг кириб борди.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан