Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузар
Facebook
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузар PDF Босма E-mail

Эй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро
Ганжи ҳуснунг жавҳари бу хотири вайрон аро.

Кулмагинг ичра малоҳат уйладурким, шўхлар
Ўйнамоқдин юз ёшурурлар гули хандон аро.

Гар каломингни Масиҳ анфоси дедим, эй ҳабиб,
Айб қилмаким, ғалат гоҳе тушар қуръон аро.

Ўқларингдин жон топармен, гўйиё пайконлари
Су ичарда ғўта топмиш чашмайи ҳайвон аро.

Хаста кўнглум оҳи кўнглунгга, дедим, қилғай асар,
Қайда ўлтурсун дили бемор ўқи сандон аро.

Бошта гавҳар гўйининг фикридин ортар дарди сар
Кимки, кечти бошидин гўй урди бу майдон аро.

Уйки, адно тебранур, сокинга хотир жамъ эмас,
Не ажаб, гар амн йўқтур гунбади гардон аро.

Лаълинг олған кўнглум аҳволин мунажжим чун кўрар,
Айтур ул аввора бўлған ғойибингдур қон аро.

Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузар,
Ҳар харошеким, унунг зоҳир қилур афғон аро.


Эй гўзал, сенинг алиф ҳарфи каби қоматинг хароб бўлган жисмим ичидаги милдир, вайрон бўлган хотиримда ҳуснинг хазинасидаги энг қимматбаҳо тошдир.
Сен кулган чоғдаги гўзаллик болалар ўйин пайти очилган гуллар ичида юзларини яширган кабидир.
Сўзларингни Масиҳ нафасига қиёс қилган бўлсам, эй дўстим айб қилма, баъзан Қуръонда ҳам хато ёзилган сўзлар учраб қолади-ку!
Ўқларинг гўё унинг пайконлари сув ичаётганда тириклик булоғи ичига шўнғигандек.
Бемор кўнглим оҳи кўнглингга таъсир қилар деб ўйладим, лекин бемор ўқи сандон ичида қайдан ўрин топарди?
Бошимда гавҳардек гўйи (тўпи) фикри билан бош оғриғи кучайиб кетди, бу майдонда бошидан кечган одамгина гўй (тўп) уради-да!
Уй озгина қимирласа ҳам унда ўтирган одам хотиржам бўлолмайди, бу осмон гумбази остида осойишталик йўқ бўлса, не ажаб!
Кўнглимни олган лабингнинг аҳволини кўраётган мунажжим: «Сенинг саргардон бўлиб юрган ғойибинг (кўнглинг) қон ичида кўриняпти»,- деди.
Эй Навоий, оҳу фарёд чоғи овозинг ишқ дардини кўрган эл кўнглини бузяпти.

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан