Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?
Facebook
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга? PDF Босма E-mail

Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга,
Ғам эмас васлинга уммид агар бор манга.

Бир бузуғ узра жунун қушлари қўнған кибидур,
Тошким, ёғдурур ул шўхи ситамкор манга.

Зоҳид учмоғни этар васфу мен ул ой кўйин,
Гулшани хулд анга, ул гули рухсор манга.

Телба андоғки пари жилвасидин олдарағай,
Ўт солур ҳар тараф ул турфа намудор манга.

Баски қонимни яларлар, адади кўп ярадин,
Итларин қилди мулойим тани афгор манга.

Кўнглум истар яна мақсуд жамоли аксин,
Соқиё, тут қадаҳи ойинакирдор манга.

Субҳа торини йиғ, эй шайхки, бир лаҳза бурун
Тақтилар муғбачалар риштайи зуннор манга.

Солғил, эй ишқ, вужудимға фано ўтиниким,
Ёпти мақсуд юзин пардайи пиндор манга?

Чун вафо аҳли замон зотида йўқтур, не ажаб,
Ҳар замон қилса жафо ул бути айёр манга?

Ғаразим бир неча кун шоҳиду майдур, йўқ эса,
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?


Агар ҳажрингдан юз ғаму озор чексам ҳам, висолингга умидим бўлса, ғамим бўлмагай.
У шўхи ситамкорнинг менинг устимга ёғдирган жафо тошлари бир вайрона устига девоналик қушлари қўнган кабидир.
Зоҳид жаннатни мақтайди, мен эса у ой кўчасини васф қиламан, жаннат унга-ю, у юзи гул менга бўлсин.
Девона пари жилвасини кўрганда довдираб қолганидек, у гўзалнинг кўриниши менга ҳар тарафдан ўт солади.
Ёр итлари қонимни ялар эканлар, сон-саноқсиз яралар туфайли менинг ярали таним у итларни мулойим қилди.
Кўнглим яна тилаганим жамоли акс этишини истайди, эй соқий, менга ойнадек тиниқ қадаҳ тут!
Эй шайх, тасбиҳинг ипларини йиғиб ол, чунки бир лаҳза бурунроқ май ташувчи болалар менга зуннор чилвири-ни бойлаб қўйдилар.
Эй ишқ, менинг вужудимга йўқлик ўтини солгил, чунки мағрурлик пардаси мақсадим йўлини тўсиб қўйди.
Замона аҳли зотида вафо йўқ экан, у айёр санам ҳар замон менга жафо қилса, ажабланарли эмас.
Мақсадим бир неча кун ёр билан майдир, бўлмаса, эй Навоий, бу йўқлик майхонасида менга нима бор?!

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан