Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб
Facebook
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб PDF Босма E-mail

Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб,
Биридур айни хумор ичинда, бири масти хоб.

Тийғ тортиб дам ола олмай етиштинг бошима,
Гўйиё хуршид янглиғ йўлда кўргуздунг шитоб.

Офариниш баски аҳволимға йиғлар ҳар кеча,
Ашк дарёси эрур гардуну кавкаблар - ҳубоб.

Толпинурмен ашк аро ҳар дамки тишлар лаълини,
Ким тенгизга тушса, жон ваҳмидин айлар изтироб.

Ранжу заъфим бўлмиш андоқким сўрар келган улус,
Ҳолим айларлар савол, аммо эшитмаслар жавоб.

Неча тасбиҳинг ҳисоби, зоҳидо, ич бодаким,
Сену мендекларга худ бу коргаҳда не ҳисоб?!

Гар карам дарёсининг мавжи будурким, чоғладим,
Қони ўз бўйниға, ким ишратдин этса ижтиноб!

Ич, Навоий, майки фаҳм эттук табиби ишқдин,
Ғуссаву ғам заҳриға тарёк эмиш ёқути ноб.

Хосса базмиким қуёш жомин шафақ роҳи била
Элга тутқай хусрави анжумсипоҳи Жамжаноб.


Икки ўтли наргис кўзинг жигаримни кабоб қилди, уларнинг бири хуморда бўлса, яна бири маст уйқуда.
Тиғ кўтариб, дамингни ҳам олмай, бошим устига етиб келдинг, гўёки қуёш мисоли йўлда росаям шошилибсан.
Яратувчи фалак ҳар кеча менинг аҳволимга шундай йиғлайдики, гардун унинг кўз ёши дарёси, юлдузлар эса унинг устидаги кўпиклардек кўринади.
Маҳбубам лаъл лабларини тишлар экан, худди денгизда қолиб, жони ваҳмида изтироб чекаётган одамдек кўз ёшларим ичида талпинаман.
Аламу дардим шу даражага етдики, ҳол сўрашга келган одамлар аҳволимни сўраб савол берадилар-у, жавоб ололмайдилар.
Эй зоҳид, тасбиҳингда нечта дона бўлса, шунча қадаҳ бода ич, зеро сену мендекларга бу оламда ҳисоб-китобнинг нима ҳожати бор?!
Карам дарёсининг мавжи шу бўлса, айш-ишратдан ким ўзини тортса, қони унинг ўз бўйнига деб биламан.
Навоий, май ич, чунки ишқ табибидан билиб олдикки, ғусса-ю ғамга тоза ёқут дори бўлар экан.

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан