Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгул
Facebook
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгул PDF Босма E-mail

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,
Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга!

Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгул,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.

Мен қачон дедим, вафо қилғил, манга зулм айладинг,
Сен қачон дединг фидо бўлғил манго, бўлдум санга.

Қай пари пайкарға, дерсен, телба бўлдунг бу сифат?
Эй парийпайкар, не қилсанг қил, санго, бўлдум санга.

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладим аввора бўл,
Юз бало етмасми, мен ҳам бир бало бўлдум санга.

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,
Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.

Ғусса чангидин навое топмадим ушшоқ аро,
То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.

Ҳуснингни бир кўриш учун сенга зору мубтало бўлдим, Қандай балолиғ кун эдики, сен билан ошно бўлдим. Сендан кўнгил узаман деб неча кун ҳаракат қилдим, Воҳки, кун сайин сенга баттарроқ мубтало бўлдим. Мен қачон «Вафо қилгин»,- десам, зулм қилдинг, Сен қачон «Фидо бўлгин» десанг, фидо бўлдим.
«Қайси парига ўхшаш гўзалга бу даражада девона бўлдинг»,- дейсан,
Эй пари пайкар, нима қилсанг - қил, сенга девона бўлганман.
Эй кўнгил, насиҳатга қулоқ солмадим, энди сен ҳам овора бўласан,
Юз бало етмасмиди, мен ҳам сенга бир бало бўлдим. Жамшид жоми билан Хизр суви менга насиб қилди. Эй соқий, мол-дунёни тарк қилиб, сенга гадо бўлдим. То Навоийдек сенга асири бенаво бўлмагунча, Ошиқлар ичида ғам-алам чангидан ором топмадим.

Алишер Навоийнинг"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан