Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан манга
Facebook
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан манга PDF Босма E-mail

Ул малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,
Уйладурким, жондин айру юз яролиғ тан манга.

Меҳр ила маҳ партавидин кўзни равшан қилмадим,
Бўлғали меҳри рухунг моҳияти равшан манга.

Бўлди равзан-равзан ул қотил хадангидин кўнгул,
Жон қуши чиқмоққа бир йўл англа ҳар равзан манга.

Мен ўлармен ғамдину, йиғлаб куюб бошимда шамъ
Дудидин чирмаб қора ҳар тун тутар шеван манга.

Раҳм этиб ҳолимға душман дўст бўлмоқ, ваҳ не суд,
Дўст чун раҳм айламай бўлмиштурур душман манга.

Ғам туни зулмида хандон бўлмади ҳолимға субҳ,
Субҳдек не тонгки, бўлғай чок пироҳан манга.

Эй Навоий, ишқ мушкил деб нечук таркин тутай,
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан манга.

У ёқимлилик хазинасидан айрилиқ туфайли вайрона масканим менинг учун жонидан айрилган, юзта яраси бўлган танга ўхшайди.
Рухинг қуёши моҳияти менга равшан бўлиши учун қуёш ва ой нури билан кўзимни равшан қилолмадим.
У қотилнинг ёйи ўқидан кўнгул илма-тешик бўлиб кетди, ҳар бир тешикни жон қуши чиқиб кетишига бир йўл, деб англагин.
Мен ғамдан ўляпману, шамъ бошим устида йиғлаб куйиб, тутунидан қора чирмаб, ҳар тун мен учун нола қиляпти.
Ҳолимга раҳми келаётган душманнинг менга дўст бўлишидан не фойда, чунки дўстим раҳм қилмай менга душман бўляпти.
Субҳ ғам туни зулматида ҳолимга хурсанд бўлмади, шу туфайли субҳдек кўйлакларимни пора қилсам, не ажаб!
Эй Навоий, ишқ қийин деб уни қандай тарк этай, чунки бу иш элга ҳунар бўлса, менга илму санъатдир.

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан