Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Жасорат — айб эмас!
Facebook
Жасорат — айб эмас! PDF Босма E-mail

Биз жасорат сўрар эдик. Лекин бериш қаерда — жасоратимизнинг қолған-қутғанини ҳам олмоқ муддаосида эдилар. Биз сўз эркинлиги сўрар эдик. Лекин тилимизни тек-тугидан кесмоқчи эдилар. Жасорат биткан эди, тил кесилган эди... Юрагимиздаги бир оз умидни истисно қилғанда бошқа нарсалар юлинуб-юлқинған эди.

Ниҳоят: фиғон ва нолаларимиз арши-аълоларға етканда умидимиз қуёши Ўктабрдан туғди. Жасорат бўғмагарларининг оёғлари осмондан, тил қассобларининг манфур гавдалари жаҳаннам тегидан келди.
Ўктабрдан биз бошлиқча жасорат олдиқ. Сўз эркинлиги олдиқ. Чиндан ҳам Буюк Ўктабр инқилобининг ишчи ва камбағаллар синфига берган емиши жасорат эмасми эди?!
Қарангиз:
Бутун умри рутубатлик ишхонада ўткан бир ишчи, ўлтуриш-туриши, ошаш-ичиши, ёлғуз меҳнатни — кетмоннинггина тасаввур этмакка мажбур бўлған бир деҳқон бу кун бизнинг тушларимизга кирмаган фикрларни сўзлайдир, ҳайрон қолдирарлиқ даражада хат-ҳаракатлар кўрсатадир, буниси кифоя қилмағандек уста дипломатларнинг етишмаган ерларини туртуб тўғрилайдир!!!
Нега бу мундоқ? Дорулфунун битирганми эди бу ишчи? Сиёсат билан шуғулланғанми эди бу деҳқон. Ва ё сосиализм элчиси буюк Карл Марксдан беш-ўн йил дарс олғанми эди бу иккиси?
Бу эҳтимолларнинг биттаси ҳам эмас: Буюк Ўктабр инқилоби уларга жасорат берди, онг берди, ҳақ берди!!! Шахсият кирлари, аксил ҳаракат ғуборлариға мулаввас бўлмаған(Мулаввас бўлмаган — бўлғанмаган, беланмаган) жасорат Шўролар ҳукуматининг негизидир — асосидир. Шунинг учун ҳалигидак пок жасоратлар учун бепоён таажжубланмакка, ҳадсиз ҳайрон қолмоқға ҳеч бир кимсанинг ҳаққи бўлмаса керак.
Биз миллат ва миллатчилик дарёсида сўзғучи бир жасур бўлуб танилубмизки, бизни кечирсунлар!
Истанбул қаҳвахоналарининг мужассам типи бўлған бир норгилахўрнинг(Норгилахўр — чилимкаш) миллатчилик ва миллат масалалари билан неча ғрўшлиқ(Ғрўш — қуруш (арабларда майда пул бирлиги) грўш) иши бўлсун! Қувваи ақлиясини Истанбул қаҳвахонасидан бошқа бош оғри-ғиларға нега юборсун?!(Истамбул қаҳвахоналари доим одамлар билан гавжум бўлиб, гурунг қилиб ўтираверадилар, бу одат ҳозир ҳам шундай.) Тузук, унинг бир оз айби, кечирилмаслик бир қусури бор: у арайишчи(Арайиш — тартиб), ҳажв эмас латойиф(Латойиф — нозик маъноли сўзлар.) билан орамиздағи баъзи камчиликларни тузатмакчи!
«Қизил байроқ»нинг 186-нчи сонида бирдан бир ўзбекча, «Инқилоб» журналиға ўзбек ёшларининг эътиборсизликларини кўрсатиб журнал ҳақида кўча-кўйларда маъносиз айб тақиб юрган баъзи ёшларимизни тасвир этуб ўткан эдик. Лекин «Паспўрт йўқотдим» саҳифасидаги бу мақола журнал муҳаррири ўртоқ Тўрақулға қатгиғ теккан, маънони бошқа ёққа буруб ифодани, таркибни, мақсадни иккинчи томонга йўйилган. Шу муносабат билан мақола ёзғучиғағина эмас, бошқа шоир, муҳаррир, драматург, «Қизил байроқ» ва тағин алла кимларга, ҳатто шу мақолани ўзига жойлаған қоғоз-сиёҳга довр ҳайф дейилган, афсус ейилган!
Ортиқ қизилған, адаб доирасидан чиқиб бўлсада сўкуб қолмоқ кўзда тутулған, шаънга лойиқ келмаган ҳаракатлар ҳам бўлған. Кўча сўкишларини келтуруб, тақдиси эҳтиром зиммамга юклатилиб қолдирилған, матбуот риоясини ҳам эсдан чиқарилған.
Ёш ёзғучиларимизни илмсизлик, ишсизлик билан айблаб таъна тошлари отасиз. Лекин бундай таъналар бизнинг каби ишка янги бошлаған бир миллат учун ўринсиздир. Биз мутараққий миллатларнинг тараққий тарихларини текширсак, кўрамизки, бошда уларда ҳам матбуот ишлари билан юргучилар сизнинг таънангизга маҳкум ёшлар бўлғандирлар. Бир жиҳатдан сизнинг таънангиз эндигина матбуотға яқинлашиб келмакда бўлған ёш талантларни маюсиятга туширмакдан бошқаға фойдаси тегмас.
Таънангизга маҳум ёшлар янги адабиётимиз учун такдирга лойиқ нарсалар бердиларки, майдондадир. Лекин даъвоси тоғ-тошдан ҳам улуғ бўлған зотлардан ҳали адабиётимиз арзуғулук, бир нарса ҳам кўрмади...
Энди жавоб берайлик: бу кунгача биз Муҳиддин Арабийгагина эмас, ҳатто ўзимизнинг Абдуллатифларга(Подшоҳ Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф кўзда тутиляпти; адашган, жоҳил маъносида) ҳам тил тегизиш ҳамоқатида(Ҳамоҳат — аҳмоқлик) бўлмалиқ ва бўлмаймиз. Арабий билан ўз даражамизни яхши билиб Арабий олдида офтобдан бир зарра ҳам бўлмағанлиғимизни яширмаймиз. Ҳали жаҳли мураккабга(Жаҳли мураккаб — мутлоқ нодонлик) қолғунимизча йўқ. Лекин шуниси бор: Арабийнинг кўрган тушларига, олам мисолига (олам мисол)(Олам мисол — оламнинг яратилиши) ишонмак мажбурияти бизда йўқ. Бу эрса номашруъ(Номашруъ — шариатга хилоф) бир жасорат бўлғани каби бунинг билан бизни ҳеч кимса айблай олмас. Йиғи билан кулмак орасида мутараддид(Мутараддид — иккиланмоқ) қолмоқнинг асло лузуми йўқ!
Адабиётимизга Аёз Исҳоқов, Фотиҳ Амирхонлар, танқидчилар ва ҳажвкашлигимизга Олимжон Иброҳимовлар тилагида бўлинубсиз. Бу зарарсиз ҳайрихоҳлик бўлса ҳам орада бир оз онглашилмовчилиқ бор. Оналаримиз отини Аёз Исҳоқов, Олимжон Иброҳимов қўюб болалар туғуб берсунларми? Ва ёки туғулған болаларнинг қайси бириси Аёзға ва қаюси Олимжонға ўхшар экан деб умр ўздирайлукми?
Бизнинг кичик ва қисиқ миямиз бу масала тўғрисида шуни демакка мажбурдир: муҳитимиз ва ўзимизга яраша Аёзларимиз, Камолларимиз, Олимжонларимиз бордир. Бизнингча, Аёз ва ё Олимжоннинг ҳудда ўзи бўлмоғи шарт эмасдир.
Танқид сўзига берилган маъно ҳам бизнингча дуруст эмас. Танқиднинг маънойи луғавийси саралаш, арайишини олмоқ деган сўздир. Наинки ер билан яксон этмак! Бу кунгача биз танқид қилмоқ билан асарликдан чиққан ва ер билан яксон булған бир нарсани ҳам кўрмадик, балки мукаммаллашканларинигина кўрдик...
Бизни қадрношунослик ва нонкўрлик билан ҳам айбламакчи бўлғанлар.
Мусо Жоруллоҳ, Ризо ва Рашид қозиларнинг ҳам Исмоилбекларнинг қадрларини, туз ҳақларини лозимича билмаган шарқ йигити ичимизда турмасун демакчи бўламан. Уларнинг хизматларини такдир этмагучи мажнундир,(Мажнун — ақлсиз) бошқа эмасдир.
«Хангги» дейсиз. «Уят-уят! »ларни ўзингиз қатор-қатор чизасизда, лекин амалга келганда ўзингиз уялмайсиз. Бу уятсиз хитобингиз матбуот билан бизга янгилик бахш этмайдир. Нечукким собикда ўруснинг мустабид тўраларидан «хангги» хитобини кўб эшитуб келгандирмиз. Бу кун бу таъбирни (таъбирми-таҳқирми!) ўзимизнинг «мана» деган бир йигитимиздан эшитар эканмиз, бизнинг учун зиҳи саодат!(Зиҳи саодат — қандай бахт) Шиъий ва ё суннийлик даъвоси ёки иғвогарлик муддаоси хошо ва калло(Хошо ва калло — мутлақо йўк,) бизда йўк,. Дуо қилингизки, бу балойи осмонийдан(Балойи осмоний — такдир) ҳаммамиз ҳам эмин(Эмин — тинч, ҳавфсиз) бўлайлиқ!
Сиз «ҳаммамизга ҳам афсус» деб гувранасиз(Гувранмок, — минғирламоқ.), лекин ман «ҳаммамизга ҳам баракалла!» деб сўзимни тугатаман.

Жулқунбой «Қизил байроқ» — 1922 йил, 1 июл 191-сон 2—3 бет.
Абдулла Қодирийдан