Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Туркий шеъриятнинг малик ул-каломи
Facebook
Туркий шеъриятнинг малик ул-каломи PDF Босма E-mail

XIV аср охири — XV аср биринчи ярми ўзбек адабиётининг забардаст намояндаси Мавлоно Лутфий 1366 йили Ҳирот чеккасидаги Деҳиканор қишлоғида туғилган. Ўз даврининг барча асосий билимларини эгаллаган Лутфий Мавлоно Шиҳобуддин Хиёбоний ҳузурида тасаввуф илми билан ҳам махсус шуғулланади. Алишер Навоий маълумотига кўра узоқ — 99 йил умр кўрган Лутфий 1465 йили вафот этади. Қабри ўзи яшаб ижод этган Деҳиканор қишлоғида.
Лутфийнинг ўзбек мумтоз сўз санъатидаги улкан мавқе-мақоми шундан иборатки, у туркий шеърият ўзигача эришган барча ютуқларни ўз ижодида мужассам этди ва ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшди, хусусан, Алишер Навоийдек улуғ шоирнинг сўз майдонига чиқиши учун замин бўлиб хизмат қилди.
Лутфий шеърияти халқона содда ва самимий руҳи, бадиий тасвир воситаларига бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айтиш мумкинки, у илҳомни халқ ичидан қидирди, чунки у халқ мақол-маталлари, халқ орасидаги турли образли иборалардан ўз ижодида маҳорат билан фойдаланади. У ташбеҳу тимсолларни ҳам кундалик ҳаётдан, атрофимиздаги нарсалардан олади, яъни унинг ташбеҳлари мавҳум бўлмай, фикр-кузатишларини аниқ нарса-ҳолатларга ўхшатади.
Қон бўлди кўнгул фироқингиздин, Жон куйди ҳам иштиёқингиздин.
Ёки:

Маҳвашим, бир назар этсанг, не ниманг ўксугуси?
Банда сори гузар этсанг, не ниманг ўксугуси? —

сингари байтлар Лутфийнинг чинакам, том маъносидаги халқона шоир бўлганлигини кўрсатади.
Алишер Навоий Лутфийни ўзига устоз деб билган, унга эргашган, ундан таъсирланган. Навоий ва Лутфий муносабатлари адабиётшуносликда кенг ёритилган. Ёш Алишернинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш, — байтига устоз шоир ўзининг бутун ижодини алмашмоқчи бўлгани, бир томондан, унинг Навоийнинг шеърий салоҳиятига тан бериб, унинг сиймосида ўзбек сўз санъатини юксак чўққига олиб чиқадиган истеъдодини кўрганидан далолат берса, иккинчи томондан, Лутфийнинг устоз сифатидаги бағрикенглиги ва тантилигини кўрсатади.
Навоий ўзининг кўплаб асарларида Лутфий ҳақида ёзади, унинг истеъдоди ва асарларига баҳо беради. Чунончи, «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида устозининг замондош туркигўй шоирлардан сенга маъқули ва мақоми баландроғи қайси деган саволига «Мавлоно Лутфий ҳоло мусалламдурлар ва бу қавмнинг устоди ва малик ул-каломидур» деб жавоб бериши бежиз эмас.
«Мажолис ун-нафоис»да ўқиймиз:
«Мавлоно Лутфий ўз замонининг малик ул-каломи эрди, форсий ва туркийда назири йўқ эрди, аммо туркийда шухрати кўпрак эрди ва туркча девони ҳам машҳурдир ва мутааззир ул-жавоб матлаълари бор, ул жумладан бири будурким:
Нозуклук ичра белича йўқ тори гисуйи, Ўз ҳаддини билиб, белидин ўлтирур қуйи.
Яна бири буким:

Сайд этти дилбарим мени ошуфта сочдин,
Солди каманд бўйнума иккн қулочдин».

Лутфий расман сулукка кирган, тариқат талабларини бажарган ва риёзат чекиб, муайян даражага етишган. Шунинг учун ҳам Навоий тасаввуф шайхлари, авлиёларга бағишланган «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасида унга ҳам ўрин ажратади:
«Таҳсил айёмида Мавлоно Шиҳобуддин Хиёбоний хизматиға етар экандур ва одоби тариқат сулукини андин касб қилур эркондур. Агарчи шоирлик тариқида маъруф ва машҳур бўлди, аммо дарвешлик тариқини дағи илкидин бермади. Бу фақир борасиға кўп илтифоти бор эрди ва фотиҳалар ўқур эрди ва доим волида мулозаматиға ва ризои хотириға тарғиб қилур эрди».
«Тазкираи Қайюмий»да ўқиймиз:
«Алишер Навоий ила мусоҳаба этмиш Ҳирот шаҳрида туғилмиш машҳур пюирдир. XV асрнинг адабиёт бобида бўлмиш буюк намояндаларидандур. Уз замонининг жаҳонгашта олим шоиридур. Бошда темурийлардан Шоҳрух Мирзонинг саройида (1404—1446) хизматда бўлди. Номаълум сабабга кўра бундан кетиб, Олтин Урдага боруб, Сарой шаҳрида турди. Бир оздан сўнгра Озарбайжонга келди. Қорабой вилоятларида саёҳат этди. Ҳар ерда ҳурмат ила қабул этилди. Ниҳоят, бу узоқ саёҳатидан сўнг, Ўрта Осиёга қайтиб келди. Бу вақтда анча қариған эрди. Сўнгра ҳаётини дарвешона ўткариб, Ҳирот шаҳрига яқин бир қасабада вафот этди.
Мавлоно Лутфий ўз номини тубандаги муаммо била кўрсатадур:

Кўрай, десанг, агар истаб отимни,
Иморатни бузуб, отни чиқарғил.

Иморат сўзини бузиб, «а» билан «т»ни олсак, от чиқадур. Қолмиш (ҳарф)ларни ёзсак, Умар бўладурки, Лутфийнинг номи Умар бўлуб чиқадур».
Мумтоз шоирлар асосан анъанавий йўлда ижод қилганлари, таржимаи ҳоллари ижодида акс этмагани туфайли биз уларнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида етарли маълумотга эга эмасмиз. Жумладан, Лутфий ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин. Лутфийшунос олим Содирхон Эркинов шоирнинг исми Лутфулла экан-лигини ёзади. Ёки яқинда Шайх ибн Худойдод Тарозий қаламига мансуб Шарқ поэтикасига бағишланган илк туркий асар — «Фунун ул-балоға» асари илмий муомалага киритилгач, адабиёт тарихига оид баъзи янги маълумот-ларга эга бўлдик. Чунончи, шу иайтгача Лутфийга нисбат бериб келинган «Гул ва Наврўз» достони аслида Хдйдар Хоразмийга тегишли экани маълум бўлди. Шунингдек, асарда Лутфий асарларидан намуналар келтирилар экан, у Лутфийи Шоший деб тилга олинади. Шунга асосланиб, Шарқ мумтоз адабиётининг билимдони, таниқли навоийшунос олим Абдуқодир Хдйитметов унинг Тошкентда туғилиб, кейинчалик илм-маданият маркази Хқротга бориб қолган деган тахминни илгари суради. Лекин Навоий, Давлатшоҳ Самарқандий ва Хондамир маълумотларида бу ҳақда бирор-бир маълумот учратмаймиз. Бинобарин, Лутфийни Шоший дейишга шошмаслигимиз керак. Зеро, Шайх Аҳмад Тарозий аниқ далилларга эмас, эшитганларига асосланган бўлиши ҳам мумкин.
Манбаларнинг маълумот беришича, Лутфий Шарафиддин Али Яздийнинг Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид «Зафарнома» тарихий асари асосида «Зафарнома»ни шеърга солган. Лутфий уни Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си йўлида ёзишни режалаштирган. Лекин бу асар ниҳоясига етмагани ва оққа кўчирилмагани сабабли шуҳрат ҳам қозонмаган, бизгача етиб ҳам келмаган.
«Шарқ маданияти тарихига оид манбаларда Лутфийнинг ахлоқ-одоб мавзуида «Машқун ул-ҳақойиқ» номи билан ҳам асар яратганлиги эсланади. Хўтанлик Мулла Исматулланинг «Тарихи мусиқиюн» асарида Лутфийнинг мусиқа тарихи билан шуғулланганлиги, куйлар басталаганлиги қайд этилади»(Эркинов С. Лутфий // Буюк сиймолар, алломалар. 2-китоб. 89-бет.).
Акбаршоҳ замонида яшаган Абдулла Кобулий ўзининг «Тазкират ут-таворих» асарида Лутфий мероси ҳақида сўз очиб, «дар форси шеъри зебо ва қасидаи ғарро дорад» («форсийда гўзал шеърлари ва порлоқ қасидаларн бор»), деб айтади».
Лутфий девони ғазал, тўртлик, қитъа, фард, рубоий, туюқ каби жанрлардаги асарларни ўз ичига олади. Шоир девони унинг ҳаётлик вақтидаёқ кенг шуҳрат қозонган, нафақат Мовароуннаҳр ва Хуросон, балки Яқин ва Урта Шарқ мамлакатларида ҳам тарқалган эди. Бундан фахрланиб, унинг ўзи бир ғазалида таъкидлаган эди:

Лутфий каломи етса Самарқанд аҳлига,
Амудан ўтмас эди Хўжандий сафинаси.

Лутфий шеърлари бадиий санъатларга бойлиги билан алоҳида гўзаллик касб этади. Шоир ижодида шунчаки баёндан иборат бирорта мисра йўқ. У энг оддий фикрни ҳам ташбеҳу тимсолларга ўраб айтади. Шоирлик моҳияти шу аслида.
Лутфийнинг содда ва халқона шеърлари айниқса ирсоли масал санъатига бой:

Кўнглумуз вайрону қошу кўзда чиндур бу масал —
Ким: «Қолур масжид агар бузулса, меҳроби анинг».

Бу ерда шоир кўнглимиз уйи вайрон бўлса ҳам, маъшуқанинг ишқи унда мустаҳкам деган фикрни тасдиқлаш учун масжид бузилса ҳам, меҳроби қолади мақолидан фойдаланган.
Инсон чорасиз аҳволга тушиб қолса, ер қаттиқ, осмон йироқ деб ўзини юпатади. Қуйидаги байтда шоир маҳбубасига қўли етмаслигини мазкур мақол билан асослайди:

Ерга кирсам кошки, чун етмас ул ойга илик,
Мушкул аҳволе тушубдур: «Ер қатиқу кўк йироқ».

Мана бу байтда эса маъшуқанинг ошиғини соғинмаслигига унинг узоқда эканлиги сабаб қилиб кўрсатилади ва фикрни далиллаш учун кўздан йироқ — кўнгилдан йироқ мақолига мурожаат қилинади:

Дилбар соғинмағон жиҳати бу фироқ эрмиш,
«Кўздин йироқ бўлса, кўнгулдин йироқ» эмиш.

Лутфийнинг «Аёқингға тушар ҳар лаҳза гесу» мисраси билан бошланадиган ғазали эса бошдаи-оёқ ирсоли масал асосига қурилгани маълум.
Оз сўз билан кўп маънони ифодалаш санъати бўлмиш талмеҳнинг гўзал намуналарини Лутфий ижодида ҳам кўрамиз:
Яъқуб бикин кўп йиғидин қолмади сенсиз Нури басарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.
Маълумки, севикли фарзанди Юсуфдан тириклай жудо бўлган Яъқуб алайҳиссалом кеча-кундуз ўғлининг фироқида йиғлаб, кўзлари кўр бўлиб қолади. Бу ерда шоир маъшуқа ҳажрида кўп йиғлаган ўз ҳолатини ўша Яъқуб алайҳиссаломга нисбат бермоқда. Шу орқали қанчалик қийналганини узоқ баён этиб ўтирмай, сўзни мухтасар қилади.
Маълумки, Хизр — зулмат қаъридаги оби ҳаёт чашмасини излаб топган ва ундан ичиб, абадий ҳаётга ноил бўлган пайғамбар сифатида кўпгина халқлар адабиётида кенг ишланган образ. Исо Масиҳ эса жонбахшлиги билан машҳур. Эмишки, унинг қўли теккан, силаган ўликка жон киради. Шунинг учун унга ал-Масиҳ — силовчи лақаби берилган. Лекин маъшуқа лабининг жонбахшлигию мангулик ато этиши олдида ўзларининг ожизлигини сезиб, Хизр ер қаърига кириб кетган бўлса, Исо кўкка чиқиб кетади:
Хизрнинг айни ёшунмуш, кўктин энмас ҳам Масиҳ, Нетсун ул мўъжиз бу дам ёқути серобиндадур.
Бу ерда ҳусни таълил санъатининг ҳам гўзал намунасини кўрамиз: Хизрнинг ер қаърига кириб, Исонинг кўк тоқига чиқиб кетишига бу икки пайғамбарга хос мўъжизалар жон ато этиш ва абадий ҳаёт бағишлашнинг маъшуқа лабида ортиғи билан мавжудлиги сабаб қилиб кўрсатилади.
Мисрда етти йил очарчилик бўлганида Юсуф ҳар куни чиқиб халққа юзини кўрсатар, одамлар унинг ҳуснини кўриб, ўз очликларини унутар эканлар. Қуйидаги байтида шоир маҳбубасини Юсуфга ўхшатиб, сен канъонлик ўша Юсуф каби етилиб, ҳусну малоҳатга тўлибсанки, сени кўрган эл Миср халқидек ақлидан озади:

Ақлиндин озар Миср элидек ким сени кўрса,
Бу даврда сен Юсуфи Канъон етилибсен.

Мана бу байтида эса ушбу фикрларни давом эттириб, маъшуқасини Юсуфданда устун қўяди. Сабаби: Юсуфни кўриб, барча тўяр эди, сени эса кўрган кишининг кўргиси келаверади:

Юсуфни кўруб, Миср эли барча тўяр эрди,
Тўймас киши сендин нечаким қилса назора.

Лутфийиинг нафақат туркий, балки форсий шеърда ҳам назири йўқ эди. У умрининг охирида «офтоб» радифли бир ғазал айтади, замон шоирларининг барчаси унга татаббуъ қиладилар, лекин уларнинг ҳеч қайсиси матлаъии унга етказа билмадилар. Мана, ўша матлаъ:

Эй зи зулфи шаб мисолат сояпарвар офтоб,
Шоми зулфатро ба жои моҳ дар бар офтоб.

Мазмуни: «Эй (сенинг) тун каби қора зулфинг туфайли қуёш (юзинг) сояпараст бўлибди. Зулфинг тунида ой ўрнига қуёш чиқибди».
Байтда Лутфий тазод санъатини ҳадди аълосига етказган. Маълумки, маъшуқанинг сочини — тунга, юзини — қуёшга ўхшатиш мумтоз шеъриятда анъана тусини олган. Шунга ишора қилиб шоир лутф этаяптики, қуёш кундузи, ой кечаси чиқса, сенинг сочинг қоронғилиги ичра юзинг қуёши тунда порлайди — зулфинг зулмати сабабли у сояпарвар — қоронғиликни севадиган бўлибди.
Лутфий умрининг охирида япа бир машҳур форсий ғазални бошлайди-ю, лекин ниҳоясига етказолмайди ва Абдураҳмон Жомийга уни тугатиб, ўз девонига киритишини васият қилиб кетади. Бу васиятни Жомий мамнуният билан адо этади. Ўша ғазалнинг матлаъи қуйидагича:

Гар кори дили ошиқ бо кофири Чин афтад,
Беҳ з-он, ки ба бадхўи бемеҳри чунин афтад.

Мазмуни: «Ошиқ дилининг иши бундай кўнгли қаттиқ ва ситамгар (маҳбуба)га тушгандан кўра, Чин (Хитой) кофирига тушгани яхши эди».
Лутфий Жомий ва Навоий билан дўстона муносабатда бўлган. Улар адабиёт ва шеър хусусида кўп суҳбатлар қуришган, баҳсу мунозаралар қилишган, бир-бирларининг ғазалларига татаббуълар битишган, мухаммаслар ёзишган. Чунончи, Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарида келтирилишича, Лутфий 90 ёшдан ўтганда Абдураҳмон Жомийга бағишлаб сажъ усулида «сухан» радифли қасида ёзади. Қасидага барча илму адаб аҳли юқори баҳо берадилар, ҳатто Жомийнииг ўзи ҳам қойил қолади. Қасиданинг матлаъи қуйидагича:

Зи ҳар ҳадиси лабат қуввату руху жони сухан,
Гул рухат зийнати чаманорои бўстони сухан.

Мазмуни: «Лабингдан чиққан ҳар бир сўз руҳнинг оғизию сўзнинг жонидир. Юзинг гули сўз бўстонининг зийнатидир».
Жомий лутф қилиб айтадики: «Бунга жавоб тариқасида сизнинг номингизга бир қасида айтай десам, бу ишнинг уддасидан чиқишимга кўзим етмайди». Лутфий камтарлик билан дейди: «Сизни бу мушкулотдан қутқар-моқчиман. Қасида эвазига сизнинг табаррук эски тўнингизни сўрайман». Тўн бағоят эскилиги учун Жомий минг бир андиша ва узрхоҳлик билан уни Лутфийнинг эгнига ёпади.
Бу буюк зотлар бир-бирларини ана шундай эъзозлаганлар, бошларига кўтарганлар, истеъдодларини эътироф этганлар.
Келтирилган мисоллар Лутфийнинг форсийда ҳам бадиий жиҳатдан юксак асарлар яратганлигини кўрсатади. Зеро, форсий шеъриятнинг мумтоз даврини якунлаган буюк форс-тожик сўз санъаткори Абдураҳмон Жомий эътирофига сазовор бўладиган шеър ёзишнинг ўзи унинг шоирлик салоҳияти баланд бўлганлигидан далолат беради.