Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Лайло шеъриятнинг Мажнун шоири
Facebook
Лайло шеъриятнинг Мажнун шоири PDF Босма E-mail

Оташнафас шеърлари билан туркий халқларнинг муштарак шоирига айланиб кетган, асрлар давомида туркий шеъриятга кучли таъсир кўрсатиб келган Муҳаммад Сулаймон ўғли Фузулий 1498 йили Ироқнинг Карбало шаҳрида туғилган. Отаси Озарбайжоннинг Баёт қабиласидан бўлиб, XV аср ўрталаридаги сиёсий нотинчлик туфайли кўплаб қабиладошлари қатори ўрта асрнинг маданий марказларидан бўлган Бағдодга кўчиб боради.
Фузулийнинг ёшлиги шоҳ ва шоир Исмоил Хатоий ҳукмронлик қилган, озарбайжон тили, адабиёти ва маданияти гуллаган даврга тўғри келади. «Бу адабиёт туркий халқлар адабиёти орасида Навоий адабий мактабидан кейинги энг илғор адабий мактаб эди»(Расул X. Муҳаммад Фузулий (Сўзбоши) // Муҳаммад Фузулий. Асарлар. Икки жилдлик. 1-жилд. Девон. Тошкент, 1968 йил, 8-бет.). У Карбалодаги бошланғич мактабда саводини чиқариб, сўнг Бағдод мадрасаларида таҳсилини камолга етказади, ўзи ҳам мударрислик қилади. Унинг бир ўғли бўлиб, Фазлий тахаллуси билан шеърлар ёзган ва ўз замонида анча шуҳрат қозонган.
Жуда ёшлигидан қўлига қалам олган Фузулий бой адабий анъанага эга бўлган форсий ва туркий адабиётнинг Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Хоқоний Ширвоний, Мужрим Байлаганий, Салмон Соважий, Ҳофиз Шерозий, Камол Хўжандий, Имодиддин Насимий, Атойи, Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби атоқли сўз санъаткорлари ижодини меҳр билан ўқиб-ўрганиб, уларнинг маҳорат сирларидан баҳраманд бўлади. Унинг шеъриятдаги илк устози озарбайжон мумтоз адабиётининг таниқли намояндаси Ҳабибий эди. Шоир ижодига, айниқса, Лутфий билан Навоий кучли таъсир кўрсатган.
Фузулий нуқтаи назарига кўра, шоир барча диний ва дунёвий илмлардан хабардор, халқ тарихи ва маданияти, қадрият ва анъаналарини чуқур биладиган, дунёқараши кенг, донишманд ва аллома даражасидаги киши бўлиши керак. «Зероки, илмсиз шеър асоси йўқ девор ўлур ва асоссиз девор ғоятда беэътибор ўлур», — дейди шоирнинг ўзи бу ҳавда девонига ёзган дебочасида. Шунинг учун у шоирлиги муқаррар бўлгач, умрининг бир қисмини сарфлаб, турли илмларни эгаллаганини айтади. Асарларининг мазмунан теран, фалсафий жиҳатдан қуюқлиги, ҳикмат даражасидаги фикр-мулоҳазаларга бойлиги Фузулийнинг ўз даврининг ҳар жиҳатдан етук, фозил ва мутафаккир кишиси бўлганлигидан далолат беради. Замондошлари уни бежиз Мавлоно деб атамаганлар.
Фузулий бутун умр моддий жиҳатдан қийналиб яшаган. У шоҳу амалдорлар, ҳокиму дин арбобларига бағишлаб кўплаб қасидалар битганига қарамай, ўзи кутган ёрдамни ололмаган. «Масалан, 1534 йилда Бағдод шаҳрини фатҳ этиши муносабати билан усмонли турк султони Қонуний Султон Сулаймонга бағишланган «Келди буржи авлиёйа подшоҳи номдор» дея бошланувчи қасидаси машҳур. Шунингдек, усмонли салтанати давлат арбоби — садри аъзам Мақбул Иброҳим Пошшо, қозиаскар Абдулқодир Чалабий, нишончи Жалолзода Мустафо Чалабий, Бағдод ҳокимлари Иброҳим Хон Мусулий, Увайс, Жаъфар, Аёз ва Муҳаммад Пошшоларга ҳам қасидалар битган»(Жўрабоев О. Фузулийнинг «Сув қасидаси» // «Ўзбек тили ва адабиёти», 2006, 5-сон, 45-бет.). Султон Сулаймон марҳамат кўрсатиб, шоирга кунига 9 ақчадан нафақа тайинлаган бўлса-да, у бу пулни ололмаган ва Мустафо Чалабий номига ўзининг машҳур «Шикоятнома»сини ёзган. Форсий қасидаларидан маълум бўлишича, у диний доираларга яқин бўлган ва асосан уларнинг қўллаб-қувватлашп ҳисобига тирикчилигини ўтказган.
Ироқнинг Бағдод, Ҳилла, Нажаф каби қатор шаҳар-ларида бир қанча муддат яшаган Фузулий она шаҳри Карбалога қайтиб, 1556 йили шу ерда вабо касалидан вафот этган.
Фузулий ўзидан бой адабий-фалсафий мерос қолдирган: шеърий девони, «Лайли ва Мажнун» достони, «Матлаъ ул-эътиқод» («Эътиқоднинг бошланиш жойи») фалсафий рисоласи, «Ҳадиқат ус-суадо» («Бахтиёрлар боғи»), «Суҳбат ус-асмор» («Мевалар мунозараси»), «Шикоятнома», «Банг ва бода», «Анис ул-қалб» («Қалб дўсти»), «Етти жом» («Соқийнома» деб ҳам юритилади), «Ринд ва Зоҳид», «Сиҳҳат ва Мараз» («Соғлиқ ва Беморлик») каби ўнлаб назмий-насрий, фалсафий-дидактик асарлар. Шунингдек, у араб ва форс тилларида ҳам маҳорат билан қалам тебратган забардаст зуллисонайн шоир ҳисобланади. У бадиий юксак асарлари билан озарбайжон адабиётини янги босқичга кўтарди.

Ғазал билдирур шоиринг қудратин,
Ғазал орттирур нозиминг шуҳратин, —

деб ёзган Фузулий ижодида ғазал етакчи ўрин тутади: уиинг девонидан 300 га яқин ғазал, 75 рубоий, 42 қитъа, бир неча таржеъбанд, таркиббанд, мухаммас ва мураб-баълар ўрин олган. У Шарқ мумтоз сўз санъатидаги забардаст қасиданавислардан бири ҳам ҳисобланади — шоирнинг туркий девонида — 27, форсий девонида — 46, арабий девонида — 12 қасида мавжуд. Қасидалари ғазаллари ва бошқа жанрдаги асарларидан тил ва услуб жиҳатидан бир қадар мураккаблиги билан ажралиб туради.
Маълумки, ҳар бир пайғамбарнинг бир мўъжизаси бўлган. Исо алайҳиссаломнинг мўъжизаси эса ўликларга жон ато этиш эди. Шунга ишора қилиб, Шарқ мумтоз адабиётида ўзининг ҳассос, оташнафас шеърлари билан кўнгилларга ўт соладиган, муз юракларни эритадиган шоирларни «Исонафас» деб улуғлашган. Чунончи, Навоий ўзининг ғазалчиликдаги устозларини санар экан, «Бири Исонафаслик ринди Шероз» деб, Ҳофиз Шерозийга ишора қилади. Ўзининг оташин шеърлари билан туркий адабиётнинг Ҳофиз Шерозийси номини олган Фузулийни ҳам айни жиҳатдан «Исонафас» деб таърифласак, муболаға бўлмас. Чунки Фузулий шеърлари турмуш таш-вишлари, ҳаёт машаққатлари гирдобида ҳалокатга маҳкум дилларни уйғотиб, уларга қайта ҳаёт бахш этади, занг босган юракларни муҳаббат, олийжаноб туйғулар ўтида поклаб, юксак самовий ҳисларга ошно қилади.
Фузулий — дилўртар шоир. Унинг шеърларини хотиржам, сокин ўқиб бўлмайди. Бу шеърлар қатида яширин ўтли туйғулар, шоирнииг ҳароратли нафаси, ишқ тандирига айланган ошиқ қалбининг қайноқ ҳовури сизни ҳам чулғаб олади.
Фузулий шеърияти — буюк бир ишқ чашмаси. Шоир ғазаллари ана шу чашмадан тўлдирилган лиммо-лим май қадаҳига ўхшайди. Бу май ўз ичкучисини масту хумор қилмай қўймайди. Шунинг учун ҳам у асрлар давомида ошуфта кўнгиллар куйчиси сифатида ардоқланиб келади.
Фузулий шеъриятининг асосий мавзуси ҳам, ҳаракатлантирувчи кучи ҳам, бу шеърларни ичдан нурлантириб турган қувват манбаи ҳам, уларни жозибали ва севимли қилган ҳам — барча-барчаси ишқ. Шоир учун ишқ — устоз, ишқ — шогирд, ишқ — дўст, ишқ — маҳрам, ишқ — ҳаёт мазмуни, ишқ — яшаш шарти, ишқ — инсонийликдан мақсад, ишқ — камолот калити, ишқ — Оллоҳга етиш кафолати, ишқ — қалбдаги гавҳар, ишқ — бошдаги афсар (тож), ишқ — кўзлардаги нур, қўйингки, ишқ — ҳамма нарса!

Сарманзили ҳар мурода раҳбардир ишқ,
Кайфияти ҳар камола мазҳардир ишқ,
Ганжинаи коинота гавҳардир ишқ,
Ҳар зоҳир ўлан нашъая масдардир ишқ.

Бу ишққа соҳиб бўлиш учун унинг беҳадду беҳисоб синовлари, чек-чегарасиз ранжу машаққатлари, ибтидою интиҳоси йўқ азобу ҳижронларидан қўрқмайдиган, уларга сабр эта биладиган, маъшуқанинг барча нозу карашмаларини кўтара оладиган ва бундан инжимайдиган, бу йўлда тақдирнинг найранглари, чархи кажрафторнинг турфа ўйинларига матонат билан чидайдиган мард ва танти, олийжаноб ва ҳимматли, журъатли ва шижоатли ошиқ бўлиши керак. Фузулий ўзини ана шундай ошиқ ҳисоблайди ва бу ошиқлик қошида Фарҳоду Мажнунларни бор-йўғи бир шогирдвачча санайди. Менинг ишқ йўлидаги шижоатим олдида Фарҳод ўз куч-қудратидан лоф урмаса ҳам бўлади, чунки у битта тоғни қазиш учун мингта тешани ўтмас қилган бўлса, мен мингта тоғни биттагина тирноғим билан қўпоришга қодирман, дейди:

Кўҳкан кунд айламиш минг тешайи бир тоғ илан,
Ман қўпоруб солмишам минг тоғи бир тирноғ илан.

Жоним чиқса ҳам, ўзим ишқ йўлидан чиқмайман, дейди шоир бошқа бир шеърида, шунинг учун менинг қабримни ишқ аҳли ўтиб-қайтадиган йўл устида тикланг:

Эй Фузулий, чиқса жон, чиқмам тариқи ишқдин,
Раҳгузори аҳли ишқ узра қилинг мадфан манго.

У ишқ йўлида шунчалик содиқки, қани мингта жоним бўлса, уларни битта-битта сенга фидо қилардим, дейди:

Минг жон ўлайди кошки ман дилшикастада,
То ҳар бир ила бир гез ўлайдим фидо санга.

Ишқнинг мумтоз шеъриятида бу қадар улуғланишининг сабаби — унинг камолот воситаси эканлигида. Чунки бу ишқ Оллоҳга аталган ва ўз Парвардигорини севган ҳамда унинг васлига интилган, рози-ризолигини истаган банда ўзидаги қусурлардан қутулишга ва фазилатлар касб этишга ҳаракат қилади. Зеро, Парвардигори олам фақат комил инсонларни севади ва уларни ўзига яқин тутади. Шунинг учун ҳам Фузулий айтадики, мен ишқни сира тарк этмайман, зеро, у пировард-натижада мени камолга эриштиради:

Эй Фузулий, қилмазам тарки тариқи ишқким,
Бу фазилат дохили аҳли камол айлар мани.

Ишқ асири дунё бандига тушмайди. Ишқ дарди дунё ғамини ўзига яқин йўлатмайди. Ишқ шундай бир ўтки, унинг алангасида тирикчилик ташвишлари, кундалик икир-чикирлар ғами, ҳою ҳаваслар ёниб кул бўлади. Мумтоз адабиётда ўтнинг ишққа нисбат берилиши, улуғланиши, ошиқнинг Яратгандан қалбидаги ишқ ўтини янада сарбаланд этишини сўраши шундан. Фузулий бу ҳақда ёзади:

Ишқа то душдинг, Фузулий, чекмадинг дунё ғамин,
Билки, қайди ишқ эмиш доми тааллуқдин нажот.

Барча мумтоз шоирлар каби Фузулий ҳам инсонни ҳақ йўлдан оздирувчи, унинг камолотига тўсиқ бўлувчи, қалбини ўлдирувчи сифатида дунё, нафс, молу давлатни қаттиқ мазаммат этади. Бу дунёга кўнгил бериб, охирида пушаймон бўлмаган киши йўқ. Шунинг учун ҳам ўтмиш сўз санъатида дунё нозу ишва билан ҳаммани йўлдан урадиган, ўзига ошиқу шайдо этадиган, лекин ҳеч кимга вафо қилмайдиган бевафо маъшуқага ўхшатилади. Фузулий ҳам салафлари анъанасини давом эттириб, рубоийларидан бирида дунёнинг аввали ҳирсу охири ҳасратдир дейди:

Адвори замон доираи ҳайрат эмиш,
Асбоби жаҳон маҳолику меҳнат эмиш.
Дунёя тамаъ этмамак-этмакдин йиг,
Чун аввали — ҳирсу охири — ҳасрат эмиш.

Мана бу машҳур байтида эса шоир дунёни ҳар ким ўзида борини — дунё аҳли сийму зарини, ҳунар аҳли фазлу камолини намойиш қиладиган бозорга қиёс этади:

Даҳр бир бозордур — ҳар кас матоъин арз эдар:
Аҳли дунё — сийму зар, аҳли ҳунар — фазлу камол.

Албатта, Фузулий мутасаввиф шоир бўлган. Шоир шеъриятини тасаввуфдан ажратиб олиб ўрганиш мумкин эмас. Бир қатор шеърларида у еру кўкнинг соҳиби Оллоҳ таолони мадҳ этади, унга муножотлар қилади, зоҳидларга таъна-маломат тошларини ёғдириб, сўфий ва дарвешларни улуғлайди, фақру фанолик мақомига интилади, илоҳий маҳбубани таъриф-тавсифлаб, ваҳдат шароби мастлигидан сўз очади, ишқу ошиқликни тараннум айлаб, дунёга берилишни қоралайди ва ҳоказо. Чунончи, сўфийлар маҳшарда Оллоҳ жамолини кўриш умиди билан яшайдилар. Оллоҳ ўз жамолини кўрсатса, улар учун дўзах ҳам жаннатдан афзал, аксинча, Оллоҳ ўзини кўрсатмаса, жаннат ҳам дўзахдан баттардир. Бу ҳакда шоир ёзади:

Маҳшар куни кўрам дерам ул сарвқомати,
Гар онда ҳам кўрунмаса, кел, кўр қиёмати!

Оллоҳга — илоҳий маҳбубага жондан кечмай туриб етиб бўлмайди. Бу ишқнинг ҳақиқий қурбонлари абадий барҳаётдирлар. Шоирнинг мана бу байти шу хусусда:

Вермаян жонин санго бўлмас ҳаёти жовидон,
Зиндаи жовид анго дерларки, қурбондир санго.

Тасаввуф аҳли нуқтаи назарига кўра кўнглидан дунё меҳри, тирикчилик ташвишлари, турфа ҳою ҳавасларни қувиб, ёлғиз Оллоҳ ишқи билан қолган кишининг қалби ойинадай мусаффо бўлиб, унда Парвардигор жамол кўргизади. Комиллик истаган киши ана шу мақомга етиши керак. Фузулий ҳам айни мақомга кўтарилганлигини таъкидлаб ёзади:

Пок қилди хотиримдан заъф даҳр ойинасин,
Ўйла маҳв ўлдимки, бир зарра ғуборим қолмади.

Яъни, ўзликдан кечиб, Ўзи билан қолдим, демоқчи шоир.
Фузулийнинг бир қатор рубоийлари хайёмона чуқур фалсафий мазмунга эга. Чунончи, қуйидаги рубоий Умар Хайёмнинг бу дунёда доим масту аласт юраман, у дунёга ҳам кайфи тарақ ҳолда кетаман, менинг ҳатто қабримдан ҳам май иси келиб, унинг ёнидан ўтганлар хумор бўлади, вужудим тупроққа айланса-ю, ундан кўза қилсалар, ундан ҳам май ҳиди анқийди каби фикрларига ҳамоҳанг:

Хуш улки, дами ажал чекуб бодаи ноб,
Сармаст ётам қабрда то рўзи ҳисоб.
Ғавғои қиёматдадурам масту хароб,
На фикри ҳисоб ўла, на идроки азоб.

Албатта, мумтоз шеъриятда май ҳам, мастлик ҳам мажозий маънода қўлланилиб, илоҳий ишқ ва унга мубталолик назарда тутилади.
Мана бу рубоий эса Хайёмнинг у дунё — нася, бу дунё, мавжуд ҳаёт, шу тириклик — нақд. Шундай экан, хаёлий дўзаху жаннатни орзу қилиб, беҳуда ғам чекма, жаннатда нима бор-йўқлигини билмайсан-ку, қабилидаги рубоийлари руҳида:

Май манъини айлаюб шиор, эй воиз,
Дутдинг раҳи таъни ишқи ёр, эй воиз.
Тарки маю маҳбуб эдариз жаннат учун,
Шарҳ айлаки, жаннатда на вор, эй воиз?

Қуйидаги рубоийсида ўткинчи умрни қадрлашга, фурсатни бой бермай, илму ҳунар эгаллаш, эзгу ишлар қилишга ундайди. Бағрида гавҳари бўлмаган садафнинг қиммати бўлмаганидек, инсонни ҳам илму ҳунари улуғлайди:

Илму адаб аст мояи иззу шараф,
Гавҳар ки набошад, чи бувад қадри садаф?
То фурсати кор ҳаст, бекор мабош,
Мапсанд, ки беҳуда шавад умр талаф.

Шоирнинг форсий ижодига мансуб мазкур рубоийнинг мазмуни қуйидагича: «Иззат ва шарафнинг асоси илму адаб ҳисобланади. Гавҳар бўлмаса, садафнинг қадри нима ҳам бўлар эди? То ишлашга фурсат бор экан, бекор ўтирмай бирор иш билан машғул бўл. Умрнинг беҳуда ўтиб кетишига йўл қўйма».
Ёниқ бир эҳтирос, ёруғ бир ҳасрат, самимий кечинмалар, нафис туйғулар билан йўғрилган, фалсафий теран ва бадиий мукаммал бу шеърлар ҳар қандай сўз ошиғини ўзига мафтун этади. Илоҳий бир илҳом бўлмаса, бундай жозиб мисраларни ожиз бандасининг яратганига ишонмайсиз. Фузулий ҳар бир мисрасини образлилик асосига қуради, ҳар бир фикрини бадиий санъатлар билан безайди. Аслида шоирликнинг ўзи гўзал ва теран фикрни нафис ва мукаммал шаклда ифода этмоқдир. Шу маънода, шоир ижодида шунчаки тизилган сатр, оддий қилиб айтилган фикрлар йўқ. Бутун бошли шеърини биттагина ташбеҳ, деталь ёки фикр асосига қурадиган ҳозирги ўзбек шеъриятининг навқирон авлоди учун Фузулий ижоди айни жиҳатдан буюк маҳорат мактаби, улкан тажриба устахонасидир. Чунончи, ҳавода маъшуқа сочининг иси, сувда оразининг акси бўлганлиги учун ҳам ҳубоб (кўпик) елни бағрига босиб, сувга кўз тикмиш, дейди шоир бир шеърида:

Елда бўлмиш бўйи зулфинг, сувда акси оразинг —
Ким, ели бағрина босиб, суя кўз дикмиш ҳубоб.

Кўпикнинг фақат сув юзида бўлиши-ю, ҳавода шишиб туришини қандай гўзал ташбеҳ билан таърифлайди шоир. Бошқа бир ўринда эса, маҳбубанинг гавҳар каби тишларининг таърифини сабо денгизга сўйласа, денгиз қаъридаги садаф ичида турган дур ҳам уни берилиб тинглайди дейди:

Баҳра лўълў дишларинг васфин магар сўйлар сабо —
Ким, қулоқ тутмиш садаф ичра дури ғалтон анго.

Алишер Навоий каби туркий халқлар орасида Фузу-лийнинг оташин шеърияти кириб бормаган хонадон йўқ. Маълумки, Шарқ халқлари орасида асрлар давомида қиссахонлик ва шеърхонлик кечалари анъана тусини олган эди. Бу ўзига хос адабий давраларда, хусусан, ҳофизхонлик, навоийхонлик, фузулийхонлик, бедилхонлик машҳур бўлган. Фузулий ғазаллари ва «Лайли ва Мажнун» достони туркий халқлар ўртасида кенг тарқалган. Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» ва «Бўстон», Ҳофиз Шерозийнинг «Девон», Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон», Алишер Навоийнинг «Чор девон» китоблари қаторида, Фузулий асарлари ҳам мадрасаларнинг ўқув дастурига киритилган.
Шоир асарларининг халқимиз орасида қанчалик кенг тарқалгани, ота-боболаримиз унинг ижодини севиб ўқиганлари, ҳикматли байт ва мисраларини такрорлаб юрганларини атоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Уткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларидаги лавҳаларда ҳам кўришимиз мумкин. Ота-она орзу-ҳаваси туфайли Зайнабга уйланиш мажбурияти остида қолган ва бу билан севгилиси Кумушнинг қайғусига сабаб бўлган Отабек Фузулийнинг «маънолик шеърлари»дан нажот ахтаради.Шунинг устига келиб қолган Кумуш:
« — фузулий яхши китоб, мен ҳам ёлғиз қолған кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим, сизамми?» — дейди.
Маълум бўладики, Фузулий шеърлари дардманд юрак-ларга малҳам, ёлғиз кўнгилларга ҳамдам, ишққа ташна, илмга ошно қалбларга доимий маҳрам бўлиб келган. Ўзи саводсиз бўлса-да, адабиёт муҳиби бўлган оддий халқ вакиллари ҳам бундай шеърият давраларига қатнашиб, улардан баҳраманд бўлганлар. Натижада буюк шоирлар-нинг ҳикматларидан айримлари уларнинг ҳам қалбига маҳкам ўрнашган. Улар бу ҳикматларга амал қилганлар, бир-бирларига сўйлаб юрганлар, ўз нутқларини безаганлар. Чунончи, «Меҳробдан чаён» романида оддий қоровул Тоҳир ака Фузулийнинг «Даҳр бир бозордур — ҳар кас матоъин арз эдар» мисрасини келтириб, олам ва одам ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини тасдиқлайди.
Ёки «Лайли ва Мажнун»даги:

Гул ғунчалигида хор иландур,
Очилса, бир ўзга ср иландур, —

мисраларини такрорлаб юрмайдиган шоир мухлиси топилмаса керак. Айни жиҳатдан, халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов «Озарбайжон» шеърида:

Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,
Ўзинг айт, Фузулий битган девонни, —

деб ёзганида ҳақ эди.
Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонида фалсафий мазмун ва руҳ қуюқ, кучли. Шунга мувофиқ равишда, асар композицияси ҳам бирмунча мураккаб. Тили ва услуби ҳам оғир. Уни теран тушуниш учун муайян тайёргарлик ва мушоҳада тақозо қилинади. Шунинг учунми, халқ орасида Фузулийнинг «Лайли ва Мажнун»и кўпроқ машҳур бўлган. Бу достон содда ва халқчил услубда ёзилган. Тили ҳам енгил ва тушунарли. Ҳассос руҳи, жозиб оҳанги, ҳароратли мисралари билан ўзига тортади. Достоннинг эл ичида бу қадар машҳурлигига сабаб қилиб баъзи мутахассислар Фузулий ўз асарини Мажнун бўлиб ёзганлигини кўрсатадилар. Ҳамид Олимжоннинг қуйидаги мисралари ҳам шоир достонининг халқ орасида қанчалик машҳур бўлганлигидан далолат беради:

Фузулийни олдим қўлимга,
Мажнун бўлиб йиғлаб қичқирди.

XVII асрдан бошлаб Шаркда, жумладан Мовароуннаҳрда форсий шеъриятга Бедил, туркий шеъриятга Фузулийдек таъсир кўрсатган шоир бўлмаган. Биз кейинги асрлар ўзбек мумтоз шеъриятида Фузулийдан таъсирланмаган, унга у ёки бу даражада эргашмаган, ғазалларига татаббуъ ёзмаган, тахмис боғламаган, шоирнинг «вор», «вер», «чўх», «йўх», «бох», «бинг», «этмаз», «қилмаз», «ўлмаз», «бенгзатдим», «душти», «этмазмидим», «дагил», «сақин», «верар», «дутмишлар», «керакмазми санго», «айлар бани» каби озарбайжонча талаффуздаги сўз ва ибораларидан фойдаланиб, ғазаллар битмаган шоирни деярли учратмаймиз. Бу таъсирнинг изларини биз Турди ва Машрабдан тортиб, Андалиб, Вафоий, Мунис, Огаҳий, Роқим, Равнақ, Мужрим-Обид, Увайсий, Маҳзуна, Нодира, Амирий, Гулханий, Ғозий, Шавқий, Асирий, Маъдан, Ҳижлат, Хон, Муқимий, Фурқат, Завқий, Дилшод-Барно, Юсуф Сарёмий, Комил Хоразмий, Аваз каби мумтоз, Ҳамза, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Чустий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Жамол Камол сингари замонавий шоирларгача давом этиб келгани ва давом этаётганини кўрамиз. Чунончи, Машрабнинг қуйидаги ғазали озарча талаффузда:

Не савдолар боша солдинг, бу савдолар туганмазму?
Ки банд эттинг аёғларни, яна бандлар ёзилмазму?

Мунис девони дебочасидаги устоз шоирлар шогирдлик эҳтироми билан тилга олинган ғазалида ироқлик ишқидан ботиним нашъа топди, деганда, Фузулийни кўзда тутган:

Топибон ишқи ироқийдан замирим нашъае,
Ҳосил аҳли ишқнинг шўри тамомидур манга.

Фузулийнинг, айниқса, «керакмазми санго» радифли ғазали ниҳоятда машҳур бўлиб, Мунис, Огаҳий, Увайсий, Амирий каби кўплаб шоирлар унга татаббуъ ёзганлар, тахмис боғлаганлар.
Хон тахаллуси билан ижод қилган Маъдалихон Фузулий таъсирида битган ғазалларидан девон тузибгина қолмай, буюк салафининг «Лайли ва Мажнун»ига ўхшатиб, шу номда достон ёзган.
«Фузулийнинг «Банг ва Бода», «Ҳафт жом» каби форс тилида битилган асарлари Аҳмаджон Табибий ва Мирзо каби шоирлар томонидан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилинган. Ҳатто андижонлик номаълум шоир Фузулийнинг «Баиг ва Бода» асарига ўхшатиб «Чой ила Кўкнор» номли мустақил асар ёзгани илм аҳлига маълум»(Хасанхўжа Муҳаммадхўжа ўгли. «Фалаклар ёнди оҳимдин» // «Жаҳон адабиёти», 1998, 7-сон, 107-бет.).
Фурқатнинг буюк салафининг «Сурмадин кўзлар қаро, аллар ҳинодин лоларанг» мисрасини тазмин қилиб олиб ғазал битганини биламиз:

Сурмадин кўзлар қаро, аллар ҳинодин лоларанг,
Ғозадин юзларда тобу, ўсмадин қошлар таранг.

Ёки Гулханийнинг машҳур:

Кўнгул озодадур, дунёға арзи эҳтиёж этмаз,
Тариқат солики бу йўлда майли издивож этмаз, —

байти билан бошланадиган ғазали ҳам Фузулий таъсирида ёзилган.
«Ҳамдардликни куйлаган ғазал» мақоласида:
«Қардош озарбайжон халқининг оташнафас фарзанди Муҳаммад Фузулий туркий ғазал услубини камолот чўққисига кўтарган буюк сиймолардан бири саналади. Унинг ғазаллари равон ва мусиқийлиги, ўйноқилиги билан, гўзал ташбеҳларга бойлиги билан кўнгилларни банд этади. Фузулий ўзбек халқи учун ҳам севимли ва қадрлидир. Бизнинг ота-боболаримиз Фузулий байтларини бошланғич мактабдан ёд олиб, кўнгилга жо қилганлар. Лайли ва Мажнуннинг ўтли муҳаббатига маҳлиё бўлганлар, бир қанча ўтмиш шоирларимиз Фузулий оҳангида ўғуз лаҳжасида ғазаллар битганлар», деб ёзган Эркин Воҳидовнинг «Фузулий ҳайкали қошида» шеърида мана бундай ўтли эътирофларни кўрамиз:

Ошиқлар ухлайди саҳарга томон
Фузулий девонин бошига қўйиб.
Мажнун севгисидан ўқилса достон,
Булбуллар тинглайди бутоққа қўниб...
Ғазал ҳам бўлурми шунча дилрабо,
Бунчалар серишва, бунчалар серноз.
Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо,
Фузулий шеърига ошиқлигим рост.

Эркин Воҳидовнинг ўз ижодида ҳам Фузулий таъсири кучли. Масалан, шоирнинг «Дилга ёз дилбар сўзини, жонон сўзини жонга ёз» мисраси Фузулийнинг «Жонни жононая этдим, дили дилдора фидо» мисрасини ёдга солади.

Бу жаҳонда, дейдилар, ҳар кимда бор бир ўзга табъ,
Менга — май, булбулга — тонг, гул баргида — шабнам ширин, —

мазмунидаги байти эса Фузулийнинг:

Ҳар киминг оламда миқдоринчадир табъинда майл,
Ман лаби жононими, Хизр оби ҳайвонин севар,

байти таъсирида ёзилгани кўриниб турибди. Ёки буюк салафининг:

Оқибат расво ўлуб, майтак тушар эл оғзина,
Кимки бир сармаст соқий лаъли хандонин севар, -

байтининг таъсири шоирнинг «узум» радифли ғазалида шундай акс садо беради:

Кимки ошиқликни даъво айласа, шулдир жазо,
Оқибат хум ичра бўлди махкуми зиндон узум.
Хум ичида неча йил хун бўлмоқ эркан қисмати,
Лабларингга етди охир бир пиёла қон узум.

Фузулий ижоди жаҳон миқёсида кенг кўламда тадқиқ ва таржима қилинган. Шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишни Латифий, Аҳдий Бағдодий, Сом Мирзо Сафавий, Содиқбек Афшор, Ҳасан Чалабий, Мустафо Баёний, Риёзий, Қиётий каби XVI —XVII асрлар тазкиранавислари бошлаб берганлар. Асрлар ўтган сари шоир шуҳрати янада ошиб бораверган — асарлари қўлёзмалари қайта-қайта кўчирилиб, халқ ўртасида кенг тарқалган. Фузулий асарлари қўлёзмалари, шоир шеърлари киритилган баёз ва мажмуалар дунёнинг кўплаб мамлакатла-ри кутубхоналари, музейлари, қўлёзмалар фондларида сақланаётгани ҳам унинг қанчалик машҳур сўз санъаткори бўлганлигидан далолат беради. Т. Жалоловнинг маълумот беришича, Фузулий асарлари Октябрь тўнтаришига қадар Ўзбекистонда 24 марта чоп этилган. Фузулий девонининг 1581 йили кўчирилган мўътабар нусхаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланади.
XIX асрдан Фузулий ғарб шарқшунослари эътиборини тортди. Ҳаммер Пургшталь, Гибб, Э. Броун, В.Д. Смирнов, А. Кримский, Е.Э. Бертельс, Ф. Кўпрулизода, М.Д. Пошоев, Ҳ. Арасли, И. Ҳикмат, К. Адиб, А.Н. Тарлан, А. Гулпинорли, Муаллим Ножий, А. Тавфиқ, Ф. Рашот, Ф. Оғазода, А. Қорахон, X. Мозиўғли, М.Ф. Охуидов, А.Т. Сур, Ф. Кечерли, А. Шоиқ, Б. Чобанзода, Ж. Жабборли, М. Жалол каби Европа, рус, турк ва озарбайжон олимлари Фузулий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарларини нашр этишда эътиборга молик ишларни амалга оширганлар. Чунончи, XIX асрда арман шоири Раффи «Лайли ва Мажнун» достонини арман тилига таржима қилган. Арман адабиётшуноси Георгий Тарзибанян Фузулий ҳақида уч жилдлик тадқиқот яратган — унинг дастлабки икки жилди 1928 — 1929 йилларда Истанбулда босилиб чиққан, учинчи жилди муаллиф вафоти туфайли тугалланмай қолган. Атоқли озарбайжон бастакори Узайр Ҳожибеков 1908 йили «Лайли ва Мажнун» достони асосида биринчи озарбайжон операсини яратган. 1958 — 1961 йилларда Озарбайжонда таниқли адабиётшунос олим Ҳамид Арасли раҳбарлиги, иштироки ва таҳририда Фузулий асарларининг беш жилдлик илмий-танқидий матни нашр этилган. Ўзбек адабиётшунослигида Абдурауф Фитрат, Воҳид Абдуллаев, Воҳид Зоҳидов, Тўхтасин Жалолов, Мунирхон Муинзода, Холид Расул, Абдуқодир Ҳайитметов, Азиз Қаюмов, Хасанхўжа Муҳаммадхўжаев, Иброҳим Ҳаққул, Отабек Жўрабоев, Зебо Қобилова каби олимлар шоир ҳаёти ва ижоди бўйича у ёки бу даражада тадқиқотлар олиб борганлар.
Фузулийнинг «Ўландан сўр», «Ғамзасин севдинг, кўнгил...», «Ҳосилим барқи ҳаводис...», «Фалаклар ёнди оҳимдин...», «Этмазмидим», «Бу кеча», «Изҳор эт», «Ихтиёрим қолмади», «Азал котиблари ушшоқ бахтин қора ёзмишлар», «Ниҳон этмиш» ва бошқа кўплаб ғазал ва мураббаълари куйга солиниб, асрлар давомида халқ ҳофизлари томонидан севиб куйланиб келмоқда.
Фузулий ўз асарларининг таъсири ва такдири хусусида фикр юритар экан, уларнинг даврлар талотўпида йўқолмаслиги, вақт шамолида соврилмаслиги, билъакс абадулабад боқий қолиши ҳақида фахр билан гапирган эди. Шоирнинг бу башорати ҳақ бўлиб чиқди: асрлар ўтган сари унинг шуҳрати ортса ортиб боряптики, асло камаяётгани йўқ. Чинакам бадиият дурдоналарининг умрбоқийлиги ҳам шунда.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан