Facebook
Жувонбоз (Рўмон) PDF Босма E-mail

Ҳамал ойини ўнбешлари бўлуб, баҳор аввали эди. Ҳаволар исиб, баҳор шамоллари дарахтларни ҳар тарафға эгмакда эди ва ҳар хил паррандалар дарахтларда бир-бирлари билан ўйнашиб, ёқимлик овозлар билан сайрашмакда эди. Қиши билан танчада ётиб зериккан Солиҳа ҳам офтобға қарши солинган айвониға уйидан кўчиб чиқиб ёлғуз ўзи дўфи тикмакда, баъзи ашулалардан билганича айтмакда эди. Гоҳо-гоҳо эрининг савдодан келмай кечикканиға хавф қилуб «эримға нима бўлди, савдодан ҳар йили бу вақтдан илгари келур эди ва хат ҳам ёзмади», деб қўрқуб ҳам қўяр эди. Ҳам ўғли Саъдулладан хафа бўлуб, «Саъдулла тушкур на мадрасада турмаса, на уйиға келмаса, на дадаси-га хат ёзуб омон-эсонлигини билмаса, бола бўлуб ақли кирмади. Саъдуллани қуриб кеткур Раҳим шайтон алдаб йўлдан чиқарди, унга ота ҳам керак эмас, она ҳам керак эмас, уй ҳам керак эмас, Раҳимжон бесоқоли ўлгур бўлса бўлди. Раҳимжон ўлгур мунга бир бало бўлди, кеча-кундуз самоворда, улокда, такяда, билмайман, яна қаёғларда! Наҳотки ўғлумни бир кун уйиға юбормаса, энди мундоқ Раҳимжон билан юраберса иссиқ-совуқчи домлага бориб уч танга билан ўғлумни Раҳимжондан совутиб қўймасам бўлмайдиган ўхшайди», деб хўрсиниб қўяр эди. Шул вақтда биров эшикни қоқди, Солиҳа оёғяланг югурган-ча йўлакға боруб «Кимсиз?» деди. Эшикдаги «Мен Рауфбой акамни олдидан хат келтурдим, ҳовлиси шулми?» деди. «Ҳа уйлари шул, ўзлари эсон-омон юрубдирларми?» «Ҳа, соғ-саломат юрубдурлар, сизга ва ўғлингизға салом деб юбордилар, шул ҳафта ичи келуб қолсалар ке-рак. Мана бу хатни олинг» деб эшикни тирқишидан хатни ташлаб жўнаб кетди. Солиҳа ердан хатни олуб, шошиб-пишиб очиб ўқумоққа бошлади. Солиҳани онаси катта отун бўлганликдан қизи Солиҳани ҳам ўқутуб отунбиби қилган эди, Солиҳа улкан жойларға боруб дийдиё китобларидан ўқуб авома хотунларни йиғлатиб юргани учун шаҳарда отун номи билан исми чиқған эди. Солиҳа ярим соатғача хатни ўқуб зўрға шул зайирдаги мазмунни топди.
«Дуойи салом, Рауфбой падарингиздан мулла Саъдулла ўғлимизға маълум бўлсунки, бул ерда алҳамдулиллоҳ сиҳат ва саломатдурмиз ва сизни ҳар онда худованди олам саломат сақласун. Яна сўз шулки неча вақтдан буён сизға саломатлигимизни хат ёзуб маълум қилолмаганимизнинг сабаби хат ёзадурган одам топилмаганидур. Бу хатни ҳам нўғай мактабиға боруб бир болаға ёздурдим. Биз яна ҳафталарки, Худо хоҳласа боруб қолсамиз керак. Биздан онангиз ва бошқа сўраган қавму қариндошларға саломимизни айтасиз. Меҳрибон отангиз Рауфбой ... йилда хамалда... шаҳрида». Солиҳа сўйинганидан хатни қайта-қайта ўқумокда эди. Сўнгра уй асбобларини йиғиштируб, супурмоқға ва чойнак пиёла, самоворларни ювмакға бошлади, чунки Рауфбой ифлос жойларни ёмон кўрар эди.
Саъдуллани, бу дадасидан келган хатдан хабари ҳам йўқ, мадрасадан чиққандан буён Рауфбойни рўзғориға харажатга юборган 150 сўм пулини самоворларда, гоҳо пивахоналарда, Раҳимжон бесоқоли билан сарф қилуб уйиға ўн, ўнбеш кунда бир келса келуб, келмаса самовор ва нўмирларда Раҳимжонни айшини суруб юрар эди. Бу кунлардаги айшу роҳатлари бутун бу дунёда юрганлиғини эсидин чиқарған ва ўзини бир бошқа дунёда юрған каби кўрар эди. Ҳам дадаси Рауфбойни келурини пойламакда эди, чунки 150 сўм пул 15 кунға етмаганлигидан оқчасиз қолған эди. Шул сабабдан «Раҳимжон бесақалим пул топуб бер ёки фалон жойға олуб бор, деса қандоқ қиламан, пулимни йўкдигини билуб мендан аразлаб қайтуб қолса бесоқолимдан ажралуб қоламан», деган хаёл билан «дадам келса бир ҳийла билан кўброқ пулидан олуб қолурман» деб Рауфбойни пойлар эди. Саъдуллани бахтиға Ғоиббой ака ўғли Раҳимжонни мадрасадан чақириб олған эди. Чунки мадрасада Раҳимжон совуқроқ бўлғани учун, муллабаччалар яхши кўрушуб бир-бирларига ғашлик қилуб, Ғойиббой акаға «ўғлунг фалон муллабачча бирлан мундоғ иш қилди ва фалон, фистон», деганлари учун Ғойиббой аканинг аччиғи чиқуб: «Бул вақтни муллабаччалари ҳам қурсун, ўзи ҳам қурсун, мулла бўлуб менга нима фойда қилуб берар эди, мундоғ маломат бўлуб юргандин ўқумагани яхши», деб мадрасадан чиқариб олған, эди. Саъдулла мадрасадаги муллабаччалар ичида Раҳимжонни энг яхши кўрадирганлардан эди. Саъдуллани ёши йигирма тўртларда бўлуб, тўққуз ёшида мактабға кируб, йигирма ёшида базўр саводхон бўлган эди. Рауфбой ака «ўғлум мулла бўладирганға ўхшайдир», деган хаёл билан мадрасаға берган эди. Саъдулла тўрт йилдан буён «Кофия»(Кофия — араб тили грамматикаси.) ўқумакда бўлуб, кўбда дарсға иштаҳаси бўлмай дойим умри шериклари билан бесоқолбозлик илмида ўтуб, ўқуган собокдари «фалонни ўғли хўб етилибдир. Ануни ўғлини бир кечаси базм қилишни иложи бормикан...»лардан иборат эди. Рауфбойни қариб кўрган ёлғуз ўғли бўлганликдин, мударрис афандиға «койиманг, кўнгли оғри-масун», дегани учун мударрис афанди Саъдуллани баъзи беадабчиликларини назар вақтиға олмас эдилар.
Рауфбой ўзи айткан кунида уйига етуб келди. Хотуни ва Саъдулла билан кўришди. Бонкадан тўлави борликдан олуб келган оқчасини тўлади ва ўрниға тўрт минг бешюз сўмлик вексел қўйди. Рауфбойни ёши олтмиш тўртларда бўлуб, ёшлик вақтида замонани йигитлариға ўхшаб, бесоқолбозлик, қиморбозлик... бозлик, шунга ўхшаш ичкуликларға ўрганмай топкан оқчасини туфлаб-тугиб кўпайтурган эди. Буни бахтиға хотуни Солиҳа ҳам ўзиға тузукроқ кишини қизи бўлганликдан бир минг сўмга яқин ўз меросидан келтуруб берган эди. Рауфбой уч-тўрт минг сўмлик бўлуб Туркистоннинг машҳур катта шаҳарларида савдогарчилик қилур эди, ҳамма шаҳарларға Рауфбой деб от таниткан эди. Бойлиғига мағрур бўлиб ўғли Саъдуллани карнай қўюб, неча кун ош беруб тўй қилған эди. Ва бу тўйнинг шарофатидан шаҳар бойларини саъйлари билан бир-икки бонкадан кредит ҳам очкан эди. Учўт (бонкаға кўйилган векселни кўриладурган кун) куни бўлуб бонкаға чиқиб, қўйған векселини ўткан, ўтмаганлигини сўраганида иккинчи учўтға қолганлиги учун иккинчи учўт кунини кутиб турди. Савдогарчилик қиладурган шаҳридаги дўстидан бир хат келди, мазмуни шундан иборат эди:
«Дуойи салом, камина Каримбой дўстингиздан ҳурматлу Рауфбой дўстимға маълум бўлсунки, сиз мунда эканлиғингизда бозоримиз касод эди, ҳозирда савдолар яхши бўлуб кетди, хусусан сизни баъзи матоларингизни оладурган чин (хитой) савдогарлари келдилар, мен келурингизға тўхтатуб турубман, агарда жанобингизға фойда керак бўлса, шул хатни олган замон кечани эрта олуб жўнанг. Икки-уч кун хаёллаб қолсангиз, савдогарларнинг кетуви муқаррардур, дўстингиз Каримбой. Ўнинчи хамалда Туркистон шаҳрида.» Бу хатка Рауфбой ҳайрон бўлди, беш-олти кун тўхтаб банкадан пулни олуб кетай деса кечға қолади, сўнгра Саъдуллага натариусдан даверенност (ваколат) қилуб берди ва ҳам «пулни банкадан олгандан сўнг менга юборарсан, чунки арзон баҳоға мол оламан, кўб фойда қилсам Худо хоҳласа яна келганимда сени уйлантуруб қўяман», деб таъкидлади яна Саъдуллани мадрасага боруб ўқувини, бекор юрмаслигини ўтунуб, савдоға жўнади. Учўт эртаси Саъдулла банкаға чиқиб тўрт минг сўмлик вексел ўткан экан, ҳушвақтлик билан олди. Х,ар вақт ўйлар эдики, «дадамдан кўброқ оқча олуб Раҳимжон билан томоша қилсам» деб. Лекин дадасининг кўб оқча бермаслигиға ақли етуб ноумид бўлур эди. Шул сабабдан «дадам койирмукин пул сўрасам», деб оқча сўрамаган эди. Мана энди қўлиға мўмайгина пул тушди. Саъдуллани хурсандлигиға боғит бўлди. Раҳимжонни ёниға олуб аввалги томошалариға машғул бўлдилар. Саъдуллани шаҳри мусулмонларни катта шаҳри бўлганлигидан мусулмонлар ғайрати билан бир минглаб пивахона, беш юзлаб бангихона, бир юзлаб наша, кўкнорихона, элликлаб хуфя қиморхона, ўттузлаб бачалик такия, яна бундин бошқа алланималар, чойхоналар, яна ҳар жумъа куни мусулмонлар ўзаро йиғилуб, оқча йиғиб, улоқ чопар эдилар. Раҳимжонни улоқ чопуға хоҳиши борликдан Саъдуллаға айтуб учюз сўмға от олдуруб, ҳар жума куни улоқ чопуға бошлади. Шаҳарда баъзи йигитларға «фалон бойбачча жувонига учюз сўмға от олуб берган эмиш», деган овозалар ҳам бўлуб турганиға, Саъдулла чин кўнглидан жувонбозликни ўлгунча тарк қилмасликға қарор беруб қўйган эди. Бир жумъа куни Раҳимжон улоқ чопқан вақтда оти бир нарсаға қоқилиб, йиқилиб маъюб бўлгани учун Саъдулла олган пулидан неча ҳисса камиға сотиб, яна бир от олуб берган эди. Яна бир кун улоқ чопкан вақтида оти бир нарсадан ҳуркиб, олиб қочиб йиқитди, Раҳимжонни қўли синди.
Саъдулла «бесақалимни ўлдириб қўйса қандоқ қиламан», деб отни ярим баҳосига сотиб, бир неча кун Раҳимжонни табибға кўрсатмоқға бошлаб, қанча пули табибга кетди. Раҳимжон тузалгандин кейин улоқ чопуни ташлаб, шаҳардаги такяларда, қиморхоналарда, пивахонада, нўмир рестўранларда Саъдулла иккаласи юрмоқға бошладилар. Бир неча вақтдин кейин, Рауфбойдан ўғли Саъдуллаға бир хат келди, шул мазмунда эди:
«Маълум бўлсунки, мулла Саъдулла ўғлумға, агарда бонкадан пулни олган бўлсангиз ёнингизда сақламай, тезликда почтадин менга юборинг, чунки мунда оқчаға ниҳоятда зарурмен, арзон нархлик моллар бор, шу молларни олсам кўб фойда қилсам керак, албатта шул хатни олган замон юборинг».
Бу орада Раҳимжоннинг дадасининг кўб қарзи бўлуб, пулдорлар қаттиғ қистаганликдан Ғойиббой ака Саъдуллаға «ўғлум сиз билан юруб бир тийин бўлсун фойда қилмаса? Бекор сиз билан юруб нима қиладур? Энди бир бошқа кишиға хизматка қўюб юбораман» деганида Саъдулла «менга ҳамиша бир одам керак, бўлмаса мен қарзингизни берайин», деб етти юз сўм пул бергани учун, банкадан олган оқчаси тамомланган ҳисобиға етиб қолған эди. Шул сабабдан отасиға шул равишда жавоб ёзди: «Мен ҳам мунда савдогарчилик қилуб, анчагина фойдалик бўлдум, молларимни сотиб, оқча қилуб тезлик ила сизға юбораман, мундан хотиржамъ бўласиз»дан иборат хат ёзди. Мундан сўнг Раҳимжон билан аввалғи айш-ишратда давом этмакда эди. Баъзи вақтларда рестўрандан маст бўлишиб ярим кечада қайтишларида, йўлда ёмон одамлар ушлаб, уруб, сўкуб ўттуз, қирқ сўм пулларини олур эдилар. Шундай қилуб оз вақтда банкадан олган оқчалар тамомланди. Саъдулланинг кармонидан бирда хабари йўқ эди. Яна бир кун рестўранға чиқишиб ичишиб, жўнамоқчи бўлуб, Саъдулла кармониға қараганда пули адо бўлганликдан рестўранчи Саъдулланинг тўн, камзулларини гаровға олуб қолганиға ниҳоятда тажанг бўлуб, яна Раҳимжоннинг иккинчи куни ёниға келмаганиға чидай олмай, бир неча оға-иниларидан оқча сўраганида «йўқ» жавобини эшитгач, онаси Солиҳадан беркитиб, сандуқ, самовор, намад яна бошқа нимарсаларни уйидан ўғурлаб сотмоқға бошлади, Бул оқчалар ҳам тугалғач, ноилож бўлиб, боғидаги теракни ҳеч кимға билдурмай арзонға соткани учун пулға серобгарчилик бўлуб қолди.
Жумъа куни кечқурун Саъдулла, Раҳимжон янги камзул, янги тўн, янги кафш маҳсиларини киймоқға бошладилар. Чунки Карим паҳлавон гапга таклиф қилган эди. Гапга бордилар, буларға меҳмонхонани тўридан жой тегди, таомлар ейилди, дастурхонлар кўтарилди, бир оз лутфбозлик(Лутфбозлик — қочирма гап.) ҳам бўлуб ўтди. Саъдуллаға бир ҳодиса иш рўй бердики, агар мундоғ иш бўлурини илгаридан билса, ўзи ва бесоқоли Раҳимжон, минг сўм фойда бўлганда ҳам бу жойға қадам босмас эдилар. Ва Саъдулла бир неча гапхўрларнинг «Саъдулла бойбаччаликни даврини хўб сурвотди-да, яна мундоғ чиройлик боланинг ёниға солиб юрубдур», деганлариға ва бошқа гапхўрларнинг «бу боланинг кўйида қанча минг пулни барбод берди, ҳар қанча қилса Саъдуллаға ярашадур, чунки отаси кўрган», деганлариға бирда шишинмас эди. Бу ҳодиса ҳам Раҳимжонға гапхўрларнинг кокил солулари(Кокил солиш — илгари шаръий ҳукмлар замонида эркаклар аёллардан айри бўлгани учун эркаклар қирқ кокил сочни дўппининг гирдига улаб, уни бесоқол болага кийдириб ўйинга тушириб, томоша килганлар.), Саъдулла «бесақалимға кокил солдурмайман», деганида калтаклаб, оёғ қўлини боғлаб ошхонаға ётқузиб қўюладир. Гапхўрларнинг Саъдуллаға бу қилган ишлари жуда қаттиғ таъсир қилмиш ва ўзининг урувчиларнинг «хўб сизларними?» деб янган ва уруб боғловчиларнинг бошчилари, Эшназар, Боқи саркор, Кичикхўжа жўрабоши эканликларини ҳам билиб қўймиш эди. Субҳ вақтида Саъдулланинг оёғ-қўлини бўшатиб, Раҳимжон бесоқоли билан жўнатиб юбордилар. Кечасидаги гапхўрларнинг қилган ношойиста ишларини кишиға айтмаслиқға гапхўрлардан Раҳимжон ваъда олган эди. Раҳимжоннинг бу аламларға чидолмай Саъдуллаға қаттиғ қарши сўзлар ила: «Агар мени хўрликға солучиларни ўлдурмасанг сен билан юрмайман», деганиға, Саъдулла «менга ҳам жуда таъсир қилди, сен айтмасанг ҳам буларнинг ишини бажараман», деб хотиржамъ қилмиш эди. Яна бир муҳимроқ иш Саъдуллоға рўй берган бўлса, ул ҳам гапхўрларнинг ўлдурмоқликни плонини тузмак эди. Бир куни Саъдулла билан чойхўрликда ўлтурганида юқорида исмлари зикир этилмиш чапан йигитларни кўриб сўйлашиб, чаҳоршанба куни оға-иниларини чақириб, ичкулик мажлиси қилмак бўлганлигини билдириб, буларнинг ҳам ул мажлисға чақирғанида, чапанлар Саъдуллаға узр айтиб: «йигит-чиликда, у куни сизға беодобчилик қилиб бесоқолингизға кокил солдук», деганларида Саъдулла «нима бўлмайди, дейсиз, йигитчиликда, мунга хафа бўлмайман, кишини шайтон йўлдан чиқарганда отаси бўлса ҳам кўзиға кўрунмайдур», деб, хафа бўлмаган бўлиб, боғида зиёфат қилувини ва боғга боруларини қаттиғ ўтинган эди.
Мундоғ плонни илгаридан Раҳимжонга ҳам билдуруб қўйгани учун Раҳимжон ҳам Эшназар, Боқи саркор, Кичик хўжа жўрабошиларга: «албатта боғқа чиқарсизлар чунки мен мадрасадан бир неча хушрўй муллабаччаларни олиб чиқаман», деганига чапанлар (бу ўладурган дунёга бир мазалашиб келайлик-а) деб зиёфатға бормоқға ваъда берганлар эди.
Саъдулла чойхонадан қайтиб Раҳимжонга «Хўб иш қилдимму? Худо хоҳласа ҳаммасининг тегиға етаман», деган ва яниган эди. Чапанларнинг зиёфат қиладурган куни, Саъдулла боғига чиқуб, тараддуд қилуб ва уйидаги ароқ қўшилган мусалласни хумчаси билан олиб чиқган ва Раҳимжон ҳам бир неча хил таомларни пишурмоқ ҳаракатида, қозонға оловни ёқмокда эди. Меҳмонлар ваъда қилган вақтларида келишдилар. Саъдулла, Раҳимжон қаршу олиб ўтқуздилар ва таомларни меҳмонлар олдиға қўйдилар. Таомлар ейилиб, дастурхон кўтарилди, мусалласни хумчаси билан келтуриб, Раҳимжон косагул бўлуб, меҳмонларға қуюб бермоққа бошлади. Чапанлар «хўб ўткур бўлубди-да, ҳозирим — ҳузурим», деб майни сувдек симирмоқға бошладилар Хумчадаги май тамом тугади, меҳмонлар ҳам ҳар тарафка йиқилиб ётиб қолдилар. Мундан кейинги боғда бўлган воқиъани била олмаганимиздан ёза олмадук.
Орадан бир-икки кун ўтди, Эшназар, Боқи саркор, Кичикхўжа жўрабошилар кўринмадилар, ҳам уйларига келмадилар. Оталари ҳар тарафға хабар юбориб, «кўрган кишилар бўлса хабар берилсун», деб полицияга ҳам маълум қилуб қўйдилар. Полиция тафтиш қилмоққа  бошлаб, баъзи гапхўрлар сўзига қараб, Раҳимжон, Саъдуллаларни чақируб: «йўқолганлардан хабарларинг борми?» деб сўраганида «йўқ, кўрганимиз йўқ», деб тонганликларидан, полиция «илгари йўқолганларни танир эдингларми?» деб сўради. Раҳимжон, Саъдулла «йўқ, танимас эдук» деб умрларида бир мартаба бўлсун мундоғ йигитларнинг танимаган ва гаплашмаганликларини билдурдилар. Лекин бахтга қарши, мазкур йўқолганлар билан илгари гаплашиб ва самовор-чойхоналарда бирга чойхўрлик қилуб юрганларини бир неча йигитлар маълум қилғанликдан полиция фаҳмлаб, ҳар иккисининг уйларини тафтиш қилиб, иккисидан ҳам қонлик кўйлаклар топди. Полицияга бу катта нишона бўлди. Ва Раҳимжон бунга бир сабаб кўрсатиб беролмай йиғламоқға бошлағани ва Саъдулланинг қочиб кеткани, ўлдурганликларига катта далил бўлурдай бўлуб қолғани учун полиция тўғри иккисини турмага ёпди. Иши окружной судга чикди. Раҳимжон, Саъдулла тонмоқға бошлаб, иши етти, саккиз ойға судралди. Ҳар бир сўровда суд қаттиғ-қаттиғ қийновлар билан сўраганликдан Саъдулла, Раҳимжон бу азобларга чидолмай мундан ўлумни яхшироқ билуб, «кошки ўлимга буюрилсанг эди», деб Саъдулла тубандаги сўзлар билан иқрор қилди «Йўқолганларнинг йўқолувлариға ўзлари сабаб бўлдилар, нега бировнинг бесоқолиға зўрлик қилуб, кокил соладурлар ва неча минг сўмларни бесоқол кўйида барбод беруб юрганни калтаклаб, беҳурмат қиладурлар, мундоқ беодобларнинг жазолари шу бўлса керак», деди ва Раҳимжон ҳам ўлдурганлигиға очиқ иқрор қилди.
Бу сўзлардан судга маълум бўлдики, батаҳқиқ(Батахқик, — ҳақиқатан.) шулар ўлдурганлар. Судда бир неча вақт маслаҳат қилиниб жувонбоз бирлан бесоқолни ўнбеш йилға Сибирға ҳукм қилдилар. Туркистонда мундай ишлар ҳамиша давом этуб турганини кўрувчи ва билувчи ҳар бир ақлли мусулмон киши, шариъати исломиятда манъ қилинмиш, мундоғ хунук бесоқол-бозлик одатини давом этдирувчи, Туркистон мусулмонлари аҳволларига афсуслар қилуб, бекорга неча мингча пулларни исроф қилувчи, бесоқол талашида мусулмон мусулмонга душманлик ортдирувини ва бир-бирларидан қон тўкувни, бесоқолбозлик сабаби бирлан жиноят кўпаюб ёш-ёш йигитлар ўн-ўн беш йилларини Сибирда, минг турлук азоб ва хўрлик билан зое қилувларини, ҳам дунёдаги ғайри миллатларга мусулмонлик исмини булғатиб кўрсатувларини ва ўзлари кулки бўлмоқларини яна бу дунёда хор ва охиратда худонинг қаҳр-ғазабига гирифтор, Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдиларида шармисор, ва шафоатларидан бенасиб бўлувларига ачиниб, мундоғ хилофи шаръи(Хилофи шаръи — шариъатга зид.) ишларнинг кони бўлган Туркистондан бошқа шаҳарларга қочиб кеткуси келур эди.

1915 йил
Абдулла Қодирийдан