Facebook
Шаллақи PDF Босма E-mail

Халқда бир мақол бор: «Ўғри кулиб енггар, ғар йиғлаб.» Шунга ўхшаш ўртоқ Ғози Юнус ҳам шаллақилиқ билан енгмақчи!
Ўқумаған бўлсангиз «Қизил Ўзбекистон»нинг 193-нчи сонидан «Муштум» деган сарлавҳа тегини кўриб чиқингизда ундан сўнг ўшани 201-нчи сонидағи «Танқидми, тош отиш» мустазодига(Мустазод — илова.) солишдирингиз!
Қизиқ гап: «Мен нима дейману эшагим нима дейди?» деган экан бир бечора!
Мен мўътабар Ғози Юнусдан бунчалик таназзул кутмаган эдим. Тузук, куткан эдим: салмоғлиқ жавоб, саноғлиқ мулоҳаза! Наинки тутканда тутдек тўкилиб, ютканда йўқдек сафсата.
Муддаъининг (Муддаъи — даъвогар) даъвосича демагогиядан (Демогогия — сафсата) соф, юмруққа (Юмруқ — мушт.) ёпишмоқдан ҳоли бўлған бу баённомани ўқуғанда дафъатан жавоб бериб ўлтуришни қаламим учун эмас, қимматлик ва муқаддас газета саҳифасига, ундан кейин ўқуғучилар вақтиға ҳайф билган эдим. Бироқ Мулла Ғозининг бу падарона тараҳҳумномасининг (Падарона тараҳҳум — оталарча меҳрибонлик) фожиаи алимасига(Фожиаи алима — аламли фожиа) дафъатан тушунгучи аҳли басират (Аҳли басират — ўткир кўзли, сезгир одамлар) бармоқ билан санарлиқ, аммо қурбон бўлғучи ёш-ялан аксарият эди. Ана шу кўбчиликни мулоҳаза қилиб яна жавоб бериш фикрига келдим.
Жавобдан илгари бир оз кейинга қайтайлиқ: мен ёзғанда сарлавҳа остиға «танқид» деган гапни туширдим. Чунки муддаъининг ҳақиқат кўзи бир оз оқсағанини ва елмай-югурмай демагогия, деб бақиришини билар эдим. Хақиқатан шундай бўлиб чикдида, ахир!
Матбуоткагина эмас, ҳаётнинг ҳар бир кўчасига кириб юргучи ва аксар ўз сўзини ўтказгучи «танқид» отлиқ чапаннама бир махлуқ бор. Бу махлуқнинг холиқи ҳаётнинг ўзи ва лекин отасиға йўлбошчилиқ қиладир. Чунки ҳаётнинг узоқ муддатлик тажрибалари ва аксар хатолари ана шу ўз сўзлик, аччиғ тиллик нафсоният, ғараз ва шахсият оғриқларидан тоза «танқид» махдумни туғдирғандир. Хаётни янгидан янги муваффақиятларга судрағучи, маърифат деган муаммонинг калиди, маданият дунёсининг бешиги ана шу «танқид»дир. Мен танқидни шу маънода тушуниб бирнеча йиллик ярим-ёрти тажрибаларим устига ва ўша тўғрилардағи назариётлар асосига (тўғрими, эгрими, лекин холисона) маълум фикрлиримни тердим. Лекин Ғози Юнус ўртоқ «танқид» истилоҳини бошқа маънода юритиб келган бўлса керак, хесиз ва бесиз кишини қовоқ арига чақдирмоқчи (Биров орқали жабр бермоқ.), шиш устини «тибби Юсуфий»нинг кенгашича қора балчиқ билан чапиб яна нахс босдирмоқчи бўладир...
Танқидга бир нима демасдан туриб лўли кўчасига кириб кетадир: «Ҳа, Жулқунбойга тарелка тута-тута (Тарелка тутмоқ — лаганбардорлик, ялинмоқ.) тарелкаларим синиб кетти, шаҳарнинг бир бурчагидаги ҳовлисига қатнай-қатнай кавшимизнинг чакаги йиртилди...» дейдир. Ўйлаб кўрилсин, бу нима деган маънисизлик? Бу сўз замирига нимани яширмакчи? Агар мақсад: «Жулқунбой келса журнал яхши бўлар эди», бўлса камоли эҳтиром билан айтаманким, буни кимга уқдирган бўлса ҳам шайтоннинг уйи ёнсин!
23-нчи йилнинг февралида шекиллик, «Туркистон» газетасига ўртоқ Абдулҳай Тожи муҳаррир белгиланди ва шу ўртоқ бир кулки журнали чиқарингиз, деб мен билан Ғозини чақирди. (Бу вақтда Ғози газетанинг мудири эди), биз иков ишга киришдик-да, натижада саккиз сонча «Муштум» чикди. Шу ўртада Абдулҳай газетадан кетди, унинг кетиши билан (идоранинг оқчасизлиғидан бўлса керак) мен ҳам ишдан озод қилиндим. Журналга четдан ёрдам бергучи, яъни озод ёзишғучи сифатида кирдим. Маълумки, ҳар бир кишининг (жумладан Ғозини ҳам) ўзига яраша даҳмазаси бўладир ҳам томоғинг қаердан тўйса ўша жойнинг ашуласини айтишка тила, тилама мажбур қоласан. Шунга ўхшаш мен ҳам баъзи идоралардан иш олиб, эртадан-кечкача матбаада ишлай бошладимки, Ғозининг кўзи юмилган эмас, аммо шунда ҳам «Муштум»ни унутмадим, масалан Ғози бўлмаған вақтларда баъзи сонларни ўзим чиқардим ва биринчи йилнинг 15-нчи сонидан бошлаб то 35-нчи сонғача давом эткан «Калвак маҳдум хотираси» ва бошқалар уста Ғози айткандек, тарелка ва ялинишлар натижаси эмас, маҳзи (Маҳз — фақат) самимият тўлқинидир. Заказ ва тарелка билан айниқса таълифотда (Таълифот — асар ёзиш.) бир иш чиқариб бўладир, деса номаъқул бузоқнинг гўштини есин, Ғози! Тарелка қаердан келар экан, деб қаламингни йўниб ўлтурсанг мешдек шишиб ўласан, садаға!
Энди Ғозининг шалоқ жавобиға ўтайин:
— Ғози «олимус-сирри-валҳафиётдир»(Олимус-сирри-валҳафиёт — ошкора ва маҳфий нарсалардан хабардор, билувчи, бу хусус фақат Оллоҳгагина хосдир.), чунки Жулқунбойнинг унга очиқ белгилик бўлған бир сирри бор! Ўзи хўб яхши биладир. Аммо ҳозирча очмайдир. Негаки, бу сир Жулқун қўрқоқни чўчитиб, тилини қисиқ қилиши учун кўб мужарраб(Мужарраб — синалаётган, текширилаётган) доридир. Ҳой, мулла Ғози! «Мард бўлсанг майдонда ҳангра!» деган гапни эшитканингиз борми? Ахир юракка жуда ёмон ваҳма солдингиз-ку? Диндор демакчимисиз, миллатчи дейсизми? Нима ахир?
Агар фақат сизгагина маълум бўлған фақирнинг мудҳиш мақсадим шу иккининг бири бўлса яна карнайчига яхтак-иштон йўқдир(Илгари карнай-сурнайчига тўйдан кейин тугунда сарпа берилган.). Отингизни бу ердан «чуҳ» денгки қоровулнинг кураги бўш эмас!(Бу қочирим ибора: сиз кўтарган масала (от) — матбуот майдонини ифлос қилади, уни
тозалашга вақтимиз йўқ, мазмунида.)
Бўш вақтингиз бўлса, ўткан асрда эмас, шу 20-нчи асрнинг 20-нчи йилида нашр қилинған асари ожизонангиздаги «ҳамд»ни ўқингиз:
«Ҳамд айтарман йиғлаб-йиғлаб худойимға
Тўкиб ёшим роз айтарман Оллоҳимга
Жоним бирла наът айтурман расулиллоҳ
Ҳабибингни хурматидан бергил паноҳ».
(«Турма хотираси». Ғози Юнус асари)
Ғози Юнус дабдурустдан кишини элаб ташлайдир: «Муштум»нинг мавзуъи бир, дейсан; бунга исботинг қани?» — дегач «йўқ, бу демагогия», деб ҳукм ҳам бериб қўядир. Ўша 20-нчи йилда ҳамдни айтканингизнинг ҳурматига кўзингизни каттароқ очиб лоақал 13-нчи сон «Муштум»ни бир кўздан кечирингда, мавзуъларни бир-бирига чақишдирингиз ва ундан кейин ғўлдираш воқиъ бўлмаса жавоб берингиз! Кундуз куни чароғ кўтаришдан безорманки, бу мақсадим ҳам сизга маълум!
Ғози Юнус ажойиб бир тил олимидир. Ўзининг даъвосига тўғрилаб тил қоидалари ҳам тузадир: «Муштум»да жиддий танқидлар ҳам бўлаберадир. Устида ҳам сиёсий, ижтимоий, танқидий, деб ёзилған», дейдир. Дуруст, шундай дейилган. Бироқ шу тавсифлар кетига уланған «кулки журнали» хабарига нима дейсиз? Мундан чикдики, сизнинг тил қоидангизда «сиёсий кулки, ижтимоий кулки, танқидий кулки» деб ёзилмоғи керак экан-да?! Агарда шу даъвонгиз дуруст бўлса, нега шу чоққача на сиёсатдан ва на танқид ва ижтимоиётдан бирорта мақола ёзиб ўқуғучиларни сероб қилмадингиз?
— Ҳақиқатдан қочиб, тилга янги қоидалар тузиш разолатдир, ўртоқ!
Ғози Юнус ўзини қўруғлашда танҳодир. Мен: «атроф ёзишғучиларини тўғри йўлға сололмади», деб ўткан мақоламда ёзған эдим. Лекин бу сўз ўртоқ Ғозининг уста сиёсатига қурол бўлаёзибди. Шундоғки, бир неча янги ёзабошлаған ёшларни бағриға босиб: «ануни қара, санларни фалон деяпти-я!» демакчи ва ўзининг соясидан ҳуркиб «ўғри!» деб бақирмоқчи, соддалавҳларни (Соддалавҳ — гўл) ишдан қўймоқчи! Аммо шу ёш қаламларнинг ҳомийси бўлиб кўринган Ғози, ўз бағриға олғанларнинг бири ўртоқ «Пайтава қош»ни раҳмсиз суратда ўз манфаатига қурбон чалиб айтадир: «Пайтава қош»қа ишлаш учун берилган материаллар бир оз тузини йўқотадир»! Ғозининг бу ҳолини ўқуғучилар муҳокамасига бериб, мен ўз томонимдан бундай дейман: агар сиз китоб сўзига ишонсангиз виждонингизнинг сал обияти (Обият — сув, камаймоқ мазмунида.) қочибдир!...
Ғози Юнус ўзининг жаҳлига мункирдир(Мункир — инкор этувчи.), аммо жаҳолати қавийлашканда(Қавий — кучаймоқ, жўшмоқ, қувватланмоқ.) тешиб чиқиб хўжасини шарманда қиладир. Мен «сўзда иқтисодсизлик», деб «Муштум»нинг ниҳоятда серсўз ва кам маъно эканини мурод туткан эдим. Мулла Ғози бўлса «иқтисодсизлик» замирида тилимизнинг ишланмаганини, услубсизликни ва тағин алланима балоларни кўрсата келиб: «бу кун имлочиларнинг ҳар бири бир бошқа имло билан ёзғанда бир жумла сўзни ўн киши ўн хил тузадир», деб ўзини кулги бир ҳолға қўядир. Сизга муаллимлик қилолмайманку, бироқ, айтиб ўтаман: бир жумла сўзни албатта ўн киши ўн хил тузадир. Сиз буни бир хил ёзмайди, деб айтмангки, уят. Агар қабул қилсангиз бир маънони онглатқан бир жумлани ўн киши тарафидан ўн турлик ёзилиши сиз айткан имлонинг тузалишига ҳеч бир вақт қарамайдурған табиъий бир қонундир. Имло тузалгач, кишилар бир тус, бир сурат ва бир бўйда туғиладирлар, деб кутиш айниқса сизга — Ғози Юнусга келишмайдир... Бунчалиқ ҳам ўзингизни, ҳам бошқани овора қилиб ўлтурғандан билмаган масалангизга сукут қилсангиз нима бўлар эди. Ва шу қизғанч (Қизғанч — ачинарли.) ҳолингиз устига «кўб кеккаяберма!» деб тумшуқ чўзишдан уялмадингизми?
Ғози ўзи майдонға чиқарған ихтиродан ҳам тонмоққа моҳирдир. Мен «Муштум»дан айнан кўчириб айтаман! «Рад бўлинг, фалагимизга тушкан шунғиялар!» дейсиз. «Бу тўғри эмаску», деб Ғози қарайдирки, ҳақиқатан иш чатоқ! Шундан сўнг: «деҳқонлар ҳам палагимиздан шунғия чиқди, демасдан, палагимизни шунғия бости, деб айтадурлар» дейди ва елмай югурмай «тушкан» сўзни «бости»га алмашдириб қўядир-да, майдонда ётқан ўн минг нусха «Муштум»даги «тушкан» сўзини «бости»га оғдариб чиқишқа вақт тополмайдир...
Эзмалик бўлса ҳам яна бир тўғрида Ғози айтканча «изҳори фазл» қилайлиқ: «шунғия чиқди» деган сўз озчиликка айтиладир, аммо «шунғия бости» сўзи ғалабаликка дейиладир. Масалан: «шунғия чиққан эди» (битта-ярим) «палакни бости» (чиқачиқа кўпайиб) шунга ўхшаш «ёв келди» (уришмоқчи ёки уришиб турибдир) «ёв бости» (ёв кучайиб бости, қутулишқа чора қолмади) бўладир. Демак, сиз мени айткан «чиқди» сўзини қабул қилмай туриб «бости»ни ўзлаштиролмайсиз. Бу бурма бичиғингиз ҳам ўзингизга тан бўлсин!
Ғози ўртоқ! Агар даъвонгиз сиёсий саводлилиқ бўлса жавоб берингизчи: шўролар ҳукумати ва фирқанинг шарқда туткан сиёсати билан ички русиядаги сиёсати орасида фарқ борми, йўқми? Русия ишчи-деҳқонлари орасида юргизилган бир кампания бизнинг Ўзбекистонда ҳам ўтказиладими, йўқми? Истиснолар, фалонлар?(Албатта фарқ бор эди. Болшевизм ғояси миллатни, динни, маҳаллий шарт-шароитни тан) Бас, сиз билан мен ишчи — деҳқон ходими бўлатуриб, нега валинеъматимизга(Валинеъмат — бу ерда Сталин назарда тутиляпти.) оёқ хизматини(Оёқ хизмати — чалмоқ, тўсиқ бўлмоқ.) ўтаймиз?
Бултур, Масковдаги собиқ «Бухоро билим юрти»да ўртоқ Исталин отиға «қулуб» очилатурған бўлиб расми кушодга(Расми кушод — очилиш маросими.) ҳалиги ўртоқ билан Калинин бўбой (Калинин М. И. — СССР МИК раиси.) таклиф қилинған эдилар. Мажлиска Масков ўқуғучиларимизнинг кўблари иштирок қилиб, ўртоқ Калинин раислик этди ва ярим соатлик насиҳатомуз нутқида «Масковга маърифат истаб келган сиз мазлум шарқнинг деҳқон болалари биринчи галда билим олмоққа, ундан сўнг шу олған билимингизни ўзингиз туғилиб ўскан ердаги онгсиз, мазлум, динда мутаассиб (Мутаассиб — динга кўр-кўрона берилувчи, фанат.) ишчи-деҳқонларингизға силлиқлик билан юкдиришқа ҳаракат қилингиз. Русия шароитидан тамоман бошқа бўлған бир муҳитда жуда нозик масъулиятни ўтагучи қаҳрамонлар эканингизни унутмангиз!» деди.
Бу улуғ раҳбар Шарққа келмай туриб мундаги таассуб билан ғойибона ҳисоблашар, биз шогирдларига энг маъқул ва ҳассос(Хассос — сезгир.) васиятини сўзлар эди. Бу васият умуман Шарқ халқларида кўрилган ҳалиги хусусиятни яхши билганликдан ва мавзуъ ниҳоятда эҳтиёткор иш кўришни талаб қилғанликдан сўзланар эди. Агар бизнинг кўҳна адибимиз бўлган Ғози катта раҳбарнинг ҳалиги васиятига қулоқ солмағанда ҳам ўткан йиллардагина номозини ўқуб, рўзасини тутиб юргучи ва матбуот орқалиқ ҳамду-наът тарқатқучи — ўзидан ўрнак олса «салласига яраша ақли ҳам бор экан», деб катта-кичик баракалла ўқур эди.
Раҳбарнинг сўзи: Русия шароити бошқа, сизники бошқа бўлиб турған бир замонда икки асрлик маданият эгаси «Безбожник»ка(«Безбожник» — 1922—41 йилларда Москвада чиққан «Худосизлар» атеистик газетаси ва 1925—41 йилларда чиққан журнали, бу ерда Русияда матбуотнинг пайдо бўлган вақти назарда тутиляпти.) тақлид қилиш «бутим йиртилиб ўламан» дейишдир. Йигирма беш йиллик тажриба эгаси ва элли йиллик маданият соҳиби бўлған «Мулла Насриддин»(«Мулла Насриддин» — 1907—1932 йилларда Озарбайжонда чиққан сатирик журнал. Кейинчалик «Кирпи» деб номланган.) тўғрисида маним фикримни сўраш, яна рухсат бермасангиз ҳам ҳамоқатдир. Ўзим кўрмаган, билмаган ноошно бир ўлканинг чўпига ҳам кўр-кўрона такдиддан ҳазар қиламан, ўртоқ!

Жулкунбой,
«Қизил Ўзбекистон» — 1925 йил, 25 август.