Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти» Орифлар султони
Facebook
Орифлар султони PDF Босма E-mail

Абу Фазлуллоҳ ибн Абулхайр Муҳаммад ибн Аҳмад Меҳнавий 967 йили Хуросондаги Ховарон вилоятининг Шарқда машҳур Меҳна қишлоғида туғилади. Унинг сўфийлик йўлига киришига отаси сабаб бўлган. Асли касби атторлик эканига қарамай, Абулхайр тасаввуф аҳлини дўст тутар ва уйида сўфиёна мажлислар уюштирар эди. Бундай мажлислар уларнинг доимий иштирокчиси бўлган Абусаидни Ҳақ ошиғига айлантиради.
Зеҳни ўткир ва тиришқоқ Абусаид 11 ёшидаёқ хушовоз ҳофизи Қуръон, зукко шеър мухлиси сифатида тилга тушади. У 30 минг байт арабча шеърни ёд билар, ўқиган китобларини шарҳлаб ва тушунтириб беришда тенги йўқ эди. Кейин Марвга бориб, Абу Абдулло Ҳазрий ҳузурида араб тили ва ислом асосларидан таҳсил олади. Унинг вафотидан сўнг Абу Бакр Қаффол ёнида беш йил давомида фиқҳни ўрганади. Шу даврда шеър ёзишни ҳам бошлайди. 22 ёшида Марвда Абу Али Шабуъий қўлида «Саҳиҳи Бухорий»ни ёд олади. 30 ёшида Сарахсга бориб, замонасининг буюк алломаси Абу Али Зоҳирдан шариат асослари, тафсир бўйича таълим олади. Илмини камолга етказгач, у ўз хонақоҳини очиб, муридлар тарбиясига машғул бўлади. Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож каби машҳур тариқат пирларини ўзига устоз санаб, уларнинг анъаналарини давом эттирган Абусаид Абулхайрнинг ўзи ҳам юзлаб шогирдлар етиштиради. Улар орасида Абу Али Фарюмадий, «Ҳужжат ул-ислом» Муҳаммад Ғаззолий, Озарбайжонда 400 хонақоҳ қурдиргаи Абу Наср Ширвоний сингари ислом ва тасаввуф оламида машҳур арбоблар бор. «Алломанинг бутун умри Бишр Ёсин, Ҳасан Сарахсий, Бобойи Ховароний, Абдураҳмон Суламий, Абулҳасан Машшоний, Абу Али Сиёҳ, Абу Али Даққоқ, Абулқосим Гургоний, Айнулқуззот Ҳамадоний, Абулаббос Шаққоний, Абумуслими Форсий, Абу Жаъфар Банжирзуҳий, Абу Исҳоқ Козуруний сингари юзлаб алломалар даврасида ўтди. Абулхайр замонасидаги диний ва дунёвий билимлар пешволари Абулҳасан Харақоний ҳамда Абу Али ибн Синолар билан бир неча бор учрашиб, суҳбатлашган, дунёвий, руҳий-илоҳий билимлар бўйича баҳслашган, Ибн Сино билан доимий мукотабада бўлган»(Хомидий X- Тасаввуф алломалари. Тошкент, 2004 йил, 86 —87-бетлар.).
Нақл қилишларича, бири — зоҳирий (дунёвий), иккинчиси — ботиний (илоҳий) илмларда тенгсиз бўлган бу икки улуғ зот бир-бирининг овозасини эшитиб, Ни-шопур шаҳрида учрашадилар. Олим ва Шайх суҳбати уч кеча-кундуз давом этади. Шундан кейин шогирдлари Ибн Синодан: «Шайх ҳақидаги фикрингиз қандай?» — деб сўраганларида: «Ҳар неники, мен билсам, у ҳис қилади», — деб жавоб беради. «Аллома ҳақидаги фик-рингиз қандай?» — деб муридлари Абусаидга мурожаат қилганларида эса: «Ҳар неники, мен ҳис қилсам, у билади», — дейди.
Абусаид Нишопур ва Омул шаҳарларида ҳам бир муддат яшаб, халқни Ҳақ йўлига ҳидоят қилган, оташин ваъзлар ўқиб, минглаб мухлислар орттирган.
Султон ул-орифин — Орифлар султони деган шарафли унвонга сазовор бўлган, Абусаид Абулхайр, Шайх Абусаид Меҳнавий (кўпгина адабиётларда Майҳаний) номлари билан мусулмон оламида шуҳрат қозонган бу улуғ инсон 1049 йили она қишлоғи Меҳнада вафот этган. Унинг қабри устига салжуқ султонлари томонидан тикланган мақбара ҳозир ҳам мавжуд — маҳаллий аҳоли уни «Мона бобо мозори» деб аташади.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳикоя қилишларича, Шайх Абусаид Абулхайрдан: «Жанозангиз олдида қайси оятни ўқисинлар?» — деб сўраганларида, ул зот шундай жавоб қилибдилар: «Оят ўқимоқ улуғ ишдир. Бу байтни ўқисинлар:

Чист аз ин хўбтар дар ҳама офоқ кор —
Дўст расад назди дўст, ёр ба наздики ёр.

Мазмуни: «Дунёда дўстнинг дўст, ёрнинг ёр наздига етишишидан ҳам ортиқ яхши иш борми?»
«Қутби олам Абусаид Абулхайр қаддасаллоҳу сирруҳу барча акобир ва машойихлар қалбининг подшоҳи эди. Бу дунёда ҳеч кимдан бу қадар кўп каромату риёзат нақл бўлган эмас. У — фонийи мутлақ, у — боқийи барҳақ, у — илоҳий маҳбуб, у — ниҳоятсиз маъшуқ, у — мамлакат нозанини(Бу иборани, бизнингча, «Худонинг суюклиси», «Олло.ҳнинг эркаси» тарзида талқин қилиш лозим. (Э.О.)), у — маърифат бўстони, у — фалакни сайр этувчи арш»(Бу иборанинг мазмуни: «Илохий оламни сайр этувчи улуғ зот», демакдир. (Э.О.)), — деб васф этган эди уни Фаридиддин Аттор «Тазкират ул-авлиё» асарида. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да бу таърифни давом эттириб, уни «шариат султони», «тариқат султони», «замона султони», «тариқат аҳлининг ҳусни», «қулуб мушрифи», яъни «қалбларни ўзига қаратган зот» каби сифатлар билан улуғлайди. Унинг замонида барча машойих Абусаидга тобе эдилар, дейди.
Нақл қилишларича, Абусаид Абулхайр нафақат до-нишманд, балки яхшигина табъи назми бор, ўзи дилкаш ва суҳбати ҳузурбахш киши бўлган. Эронда унинг 720 рубоийси ва пароканда шеърларини ўз ичига олган «Суханони манзуми Абусаид Абулхайр» тўплами ҳамда шайхнинг сўзлари ва ҳолатлари баёни, у ҳақдаги ҳикоятлар асосида тартиб берилган «Асрор ул-тавҳид» номли икки жилдли маноқиб нашр этилган. Хусусан:
Ҳавро ба назораи нигорам саф зад, Ризвон ба ажаб бимонду каф бар каф зад, Он холи сияҳ бар он рух мутраф зад, Абдол за бим чанг дар Мусҳаф зад(Маъноси: «Ҳурлар нигоримни кўриш учун саф тортдилар. Жаннат ҳам ҳайратланиб, қарсак чалиб юборди. У қора холли маҳбуба юзларига парда тортганида абдол (Худонинг хос бандалари, яқинлари) қўрқувдан Қуръонга чанг солди».), — рубоийси шоирга фавқулодда шуҳрат келтирган.
Бу рубоийни соҳибқирон Амир Темур ҳам ёд билган. Гап шундаки, Темурнинг ўғли Мироншоҳ ичкиликка берилиб, кўпгина номатлуб ишларни содир этади. Амирнинг фармонига кўра шаҳзоданинг бундай ёмон йўлга киришига сабабчи бўлганлардан Мавлоно Муҳаммад Коҳий билан Устод Қутб Нойининг боши танидан жудо қилинади. Аммо улардан бири — Хожа Абдулқодир қочиб кетади ва бегона юртларда ўзини девоналикка солиб юради. Темур Ироққа юриш қилганида қочоқни тутиб келадилар. Шунда Қуръонни ёд билган ва яхшигина қироати бўлган Хожа Абдулқодир бир Қуръон ўқимоқ қиладиким, Соҳибқироннинг қаҳри меҳрга айланиб, кўнгли юмшайди, атрофидагиларга қараб қуйидаги машҳур мисрани ўқийди:

Абдол зи бим чанг бар Мусҳаф зад.

Мазмуни: «Дарвеш қўрқувдан Қуръонга чанг солди».
Мазкур воқеани ҳикоя қилар экан, Алишер Навоий Темурнинг бу мисрани жуда «бавақт», яъни айни мавридида ўқигани, «бундоқ латиф сўз нафақат йиллар, балки асрларда ҳам воқеъ бўлмаслигини(Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами.13-жилд (Мажолис ун-нафоис). Тошкеит, 1997 йил, 163—164-бетлар.) таъкидлайдиким, Шамс ул-миллатнинг айни сўзини яхши англамаганимиз туфайли яқин-яқингача ҳам ушбу сатрни жаҳонгирга нисбат бериб келардик. Ҳолбуки, у Абусаид Абулхайр қаламига мансуб бир рубоийнинг сўнгги мисраси бўлиб, Темур даврида ҳам машҳур эди. Мазкур рубоий шарҳига бағишлаб Сайид Неъматуллоҳ Валий уч рисола ёзган. Амир Сайид Қосим Анвор, Шайх Озарий ва Хожа Аҳрор Валий ҳам унга махсус рисола бағишлаганлар.
Абусаид Абулхайрга «қабул назари» Шайх Абулқосим Бишр Ёсиндан тушгап: у Абусаиднинг келажагини башорат қилиб, «олам анинг била тирилгусидур»(Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд. (Насойим ул-муҳаббат). Тошкент, 2001 йил, 207-бет.), деган эди. Сўнг Сарахсда Шайх Абулфазл Ҳасан Сарахсийга мурид бўлиб, ундан тариқат одобини ўрганади. Устозининг даъватига кўра Нишопурга бориб, ўз даврининг машҳур олими Абдураҳмон Суламий қўлида диний илмларини камолга етказиб, иршод даражасини олади. У шайхлик хирқасини Шайх Абулаббос Қассоб Омулий қўлида кияди.
Тасаввуфга оид манбаларда Абусаид Абулхайр тариқатга шеъриятни омихта этган шайх сифатида тилга олинади. Сўфиёна ғояларни акс эттирган илк қитъа ва рубоийлар ҳам унинг қаламига мансуб. Улар муридлар томонидан ўртага қўйилган масалаларга жавоб тариқасида дунёга келган ҳамда «Асрор ут-тавҳид» китобида жамланган. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, тариқат шайхларининг шеъриятга мурожаат қилиши Абусаид Абулхайрдан бошланган.
Абусаид Абулхайр самоъ (арабча: эшитиш) мажлисларини қизитиш учун дастлаб ишқ-муҳаббат мавзуидаги халқ тўртликларидан фойдаланган бўлса, кейинчалик ўзи ҳам рубоийлар ижод қилиб, уларда тасаввуф ақидаларини баён қилган. Абусаидга эргашган тариқат пирлари бу анъанани ривожлантириб, янада мустаҳкамлаганлар. Маълум бўладики, Абусаид Абулхайр шайхлик ва шоирликни — тариқат ва шеъриятни ўзаро омихта этган илк тасаввуф нирларидан бўлиб, ўзидан кейинги тасаввуф адабиётига катта таъсир ўтказган.
Илоҳий ишқ васфи, эзгулик ва эзгу амаллар, яхши ахлоқ тарғиби, вафо ва садоқат, ҳижрон туйғулари, замонадан ва нафсдан шикоят ва бошқа мавзулар Абусаид Абулхайр рубоийларининг асосини ташкил қилади. Бу намуналар, аввало, жозиб оҳанги, шавқангез руҳи ва дақиқ маъноси билан кишини ўзига тортади. Улар халқ оғзаки ижодига яқин, равон ва енгил услубда ёзилган. Чунончи, халқ йўлида битилган қуйидаги рубоий ҳам мазмунининг оддий ва теранлиги, ифода тарзининг содда ва гўзаллиги, оҳангининг жозиб ва ўйноқилиги билан кўнгилда завқ уйғотади. «Гўзалларга нега дил бердинг?» — деган саволга лирик қаҳрамон: «Менку кўнглимни берган эмасман-а, лекин сулувларнинг ўзлари уни олиб қўйдиларда», — деб жуда нозик ва тагдор, чуқур мазмунли сўз ўйини қилади:

Ҳушам на мувофиқону хешон бурданд,
Ин кажкулаҳони мўпарешон бурданд.
Гўянд, чаро ту дил бад-эшон доди?
Валлоҳ, ки ман надодам, эшон бурданд.

Таржимаси:

Кўнглимни у ўтли сўзлари олдилар-ей,
Хам зулфлари, оҳу кўзлари олдилар-ей.
Дерлар менга: — Дил бердинг уларга не учун?
Мен берган эмасман, ўзлари олдилар-ей!(Рубоийлар муаллиф таржимасида берилмоқда.)

Абусаид Абулхайр рубоийларининг асосан худди шундай савол-жавоб, ўзаро сухбат йўсинида яратилганлиги ҳам уларнинг халқ ичида шуҳрат қозонишига сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас.
Ёки:

Ди зулфи абирбези анбарсоят,
Аз тарфи баногўши суман симоят.
Дар пои ту афтоду ба зори мегуфт:
«Сар то поям фидои сар то поят!»
Таржимаси:

Хушбўй ҳидига мушк ила анбарни гадо
Қилгувчи у сочинг кеча, эй нозик адо,
Тушди оёғинг остига-ю, қилди нидо:
«Бошдан-оёғим бошдан-оёғингга фидо!»

Рубоийни ўқир экансиз, кўз ўнгингизда сочи тақимини ўпган гўзал бир қиз намоён бўлиши шубҳасиз.
Мана бу рубоийда эса шоир ўзининг бадиий маҳоратини намоён этган: ҳам моҳирона ўхшатиш, ҳам кучли қаршилантириш — тазод орқали маъшуқа таърифини берган:

Бикшуд нигори ман ниқоб аз тарафе,
Бардошт сапедадам ҳижоб аз тарафе,
Гар нест қиёмат зи чи рў гашт падид
Моҳ аз тарафеву офтоб аз тарафе.

Таржимаси:

Очди ўша дилбарим ниқоб бир ёкдан,
Хам тонг кўтарди-ку ҳижоб бир ёқдан,
Қўпган эмаса қиёмат юз очди нега,
Бир ёқдан ул ойу офтоб бир ёқдан?!

Рубоийда бир неча бадиий санъатлар ишлатилган: ўхшатиш, муболаға, тазод, тажоҳули орифона. Умуман, Абусаид рубоийлари бадиий санъатларга бойлиги билан ажралиб туради. Бу шайхнинг шоирлик истеъдоди ҳам баланд бўлганлигини кўрсатади. Чунки бошқа шайх-шоирлар ижодида биз бу нарсани кўрмаймиз.
Ҳаёт қадрига етиш, умрни мазмунли ўтказиш ғояси барча улуғ инсонлар ижодида асосий ўрин эгаллайди.

Ин умр ба абри навбаҳорон монад,
Ин дида ба сели кўҳсорон монад.
Эй дўст, чунон бизи, ки баъд аз мурдан,
Ангушт газидани ба ёрон монад.

Таржимаси:

Бул умр баҳор абри — дўлига қолсин,
Бул дийдами — тоғларни селига қолсин.
Шундай яшаким, кўз юмсанг, ҳайрат қўлини,
Тишламак иши башар элига қолсин! —

деб ёзади бу ҳақда Абусаид Абулхайр. Ҳақиқатда ҳам, умрни эзгуликлар, савоб ишлар, кашфиётлар ва боқий асарлар қатига жо этиш лозим, токи авлодлар аждодларининг серқирра ва сермаҳсул ҳаёт йўлини кўриб, ҳайратдан бармоғини тишласин. Лекин фақат тасаннолар ўқиш, қойил қолиш билан кифояланмай, ундан ибрат олсин, ўз ҳаёти ва фаолиятини улуғ салафларига мувофиқлаштиришга интилсин.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан