Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Ишқни оловлантирган сув ёхуд “Қаро кўзим”
Facebook
Ишқни оловлантирган сув ёхуд “Қаро кўзим” PDF Босма E-mail

Бир донишмандцан: дунёда энг кучли лаззат нима? — деб сўраганларида, у: сўз лаззатли, сўз санъатидан ҳузурланиш, деб жавоб берган экан. Чинданам шундай. Инсоннинг маънавий камолоти, ақл ва тафаккур қудратини намойиш этувчи, ижод ва истеъдод меваси бўлмиш бадиий Сўз кишига олам-олам завқ бағишлайди, ҳайрат ва ҳаяжонимизга сабаб бўлади. Аммо мўъжизалар мўъжизаси — бадиий сўз лаззатини туйиб, руҳий ҳаловат олиш учун уни чуқур идрок этмоқ, асар маънолари-нинг бутун нозик жиҳатларини қат-қатигача тушуниб етмак лозим. Айниқса, сўз санъатини ғоят баланд қадрлаган ва тил, услуб томонидан биздан анча узоқлашиб қолган классик шоирларимизнинг мажоз ва истиоралар, ўзига хос йўсинда пардаланган маъноларга бой асарларини тушуниш, ўқиб-уқиш хийла қийинчиликлар туғдираётгани сир эмас. Жумладан, улуғ Навоий асарлари ҳам. Олимларнинг тадқиқотлари, “Хамса” достонларининг насрий баёнлари, алоҳида нашрлар учун тузилган изоҳлар, “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” мушкулимизни бир қадар осонлаштирган бўлса-да, лекин буюк шоирнинг “маънолар хазинаси”ни кашф этиш, унинг бемисл санъати сирларини очиб, шеърият ихлосмандларини ундан баҳраманд қилиш эҳтиёжи батамом қондирилган эмас. Назаримда, бу ишни янада давом эттириб, Судий Баснавий каби қадимги шарҳчиларнинг иш усулидан фойдаланиш анча самарали кўринади. Зеро, модомики Саъдий, Ҳофиз, Жомий, Навоий замондошлари учун ғазални байтма-байт, мисрама-мисра, ҳаттоки сўзма-сўз “майдалаб” тушунтириш лозим бўлган экан, бизга бу яна ҳам муҳимроқ ва зарурроқдир.
Шуларни ўйлаб, тажриба тариқасида Алишер Навоийнинг айрим ғазалларини классик шарҳ усулида тафсир қилишни лозим топдик.
Бу ғазал қуйидагича бошланади:

Қаро кўзум, келу мардумлиқ эмди фан қилғил,
Кўзим қаросига мардум киби ватан қилғил.

Аммо Тўйчи ҳофиз Тошмуҳаммедов XX аср бошида ушбу ғазални “ушшоқ” куйига солиб куйлагандан кейин у “Қаро кўзим” номи билан машҳур бўлиб кетади. Айтишларича, ҳофизнинг ёш бир фарзанди бевақт олам-дан ўтгандан кейин ушбу ғазални қўшиқ қилиб куйлаган экан, ўзининг дарду ҳасратини куйга солиб, нола қилган. Ҳа, қўшиқ ҳофизнинг илоҳий овози билан ниҳоят таъсирчан жаранглайди, Навоий сўзлари юрак қатларига сингади.
Аммо Навоийнинг сўфиёна маъноларини англаган одамга Тўйчи ҳофиз ушшоғи яна ҳам кучлироқ таъсир этади. Зеро, “ушшоқ” ошиқлар дегани, яъни ошиқларнинг ишқ дарди, айрилиқ ва садоқат изҳоридан ҳосил бўлган туйғулари ноласи, фалакка ўрлаган фиғон бу. Ушшоқ — шаш-мақом куйларидан. Шашмақом сўфийлар мақомотининг мусиқавий ифодаси. Демак, ушшоқ Илоҳга интилган руҳнинг нолаларидан бири.
Дарҳақиқат, ушбу ғазалда ошиқнинг етуклик ва камолот тимсоли — Комил инсонга муҳаббати ифодаланди. Тасаввуф луғатларида кўз — Комил инсон тимсоли деб шарҳланади, чунки у фақат ўзгаларни кўради, ўзини эса кўрмайди. Агар юз илоҳий зуҳуррот рамзи бўлса — кўз шу зуҳурротни жамлаган манбаъ — мазҳар комил-ликнинг рамзи. Кўзни севиш орқали илоҳий жамолни севиш ифодаланади. Навоий қаҳрамони ана шу Инсонни ўз кўзининг гавҳарига айлантирмоқчи — қалб чироғи этмоқчи бўлади. Шоир ишлатган сўз ўйинлари ҳам шунга йўналтирилган: “мардум” — кўз қорачуғи ва ин-сонийлик маъносида келади, “фан” — одат, ўрганиш ва тадбир.
Шундай қилиб, байтнинг мазмуни: “Қора кўзлугим (гўзал ёрим), кел энди, одамийлик мурувватини расм қилгин (ўрганиб ол); кўзимнинг қорачиғига (гавҳарига) гавҳар (қорачиғ) каби ўрнашгин (маскан тут)”. Алҳосил: “қора кўзлигим, келгин-да, лутф-шафқат, вафо расмини туз (вафоли бўл), мен учун сен кўз қорачиғидай азизсан, жойинг кўзим ичида”.
Демак, Комил инсон, пири Комил Навоий учун энг азиз, энг маҳбуб, энг қадрли ва уни кўз қорачуғидай ас-рашга интилади, унга талпинади, бутун вужуди билан шу вужудга сингиб кетмоқчи бўлади.
Бундай байтлар классик танқидчиликда шоирлик маҳоратининг баланд намунаси-ҳусни матлаъ (шоҳ байт) деб баҳоланган.
Ғазалнинг иккинчи байти:

Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан,
Қадинг ниҳолига жон гулшанин чаман қилғил.

Бу байтда сўз ўйини, мажоз йўқ, аммо бир-бирига вобаста бўлган тўртта истиорали бирикмадан фойдаланиб, ўзига хос бир илтижо оҳангини кучайтирувчи зарофатли тасвир ҳосил қилинган. Булар: юзинг гули, кўнгил равзаси (кўнгил боғи), жон гулшани иборали. Гул, боғ, ниҳол, гулшан, чаман ўзаро алоқадор тушунча-образлар. Шунинг учун ҳам мазкур байтни тушуниш унча қийинчилик туғдирмайди, воқеан кўрилган образлар ҳозирги шеъриятда кенг ишлатилмоқда. Бироқ, шунга қарамай, Навоийнинг бу сатрлари ҳам ички рамзий маънодан холи эмас. Қўлланилган иборалар фақат бир маънони ифодалайди, десак хато қиламиз. Чунончи, “Қадинг ниҳолига жон гулшанин чаман қилғил”, деганда Навоий кўриниб турган зоҳирий маъно билан бирга, араб ёзувининг хусусиятидан фойдаланиб (“жон” сўзи арабча ёзилганда алиф ҳарфи ўртада келади), қадинг алифдай жон ичида бўлсин, деган маънони ҳам қистириб кетган. Шу сингари, “кўнгил боғини гулшан қилиш” деганда, хурсандчилик (кўнгилнинг ёр юзини кўриб гулдай очилиши) ва бунинг тескариси дард-маҳзунлик (ишқ изтиробида кўнгил яраларининг яллиғланиши) маънолари мужассам.
Алҳосил: “Эй ёр, кўнглимнинг боғини юзингнинг гули учун гулшан қил, жонимнинг гулшанини эса қадинг ниҳоли учун чаман қилгин”. Ёки: “Менинг кўнглим, қалбим сенинг гул юзинг яшнаб турадиган гулшан бўлсин, қадинг ниҳоли жоним ўртасида алифдай турсин”. Ёхуд: “Сенинг гулдай юзингнинг жойи менинг кўнглим, у кўнгил яра-ларига даво, у қалбим гулларини яшнатади. Гўзал суратинг, баланд, зебо қоматинг жоним ичида, бу ерни ўзингга макон қил”.
Бу байтнинг сўфиёна маъноси эса қуйидагича: боя биринчи байтда кўз Комил инсон тимсоли дедик. Қад эса (шу каби алиф ҳам) Комил инсон ҳайкалидир. Юз, айт-ганимиздай, илоҳий гўзаллик мазҳари. Энди “юзнинг гули” — мазҳарининг порлаши, яшнаши, кўнгул равзаси (боғи) — ошиқнинг Ёрга интизор қалби. Шундай экан, шоир Комил инсоннинг порлаган нури қалбимга кирсин, яъни Ёр юзининг гулини кўнгил боғига ўтқазиб, гулшанга айлантирай, дейди. “Гулшан” эса бу ерда Пир ёки Комил инсон сўзи, дийдоридан қалбнинг яшнаб кетишини англатади.
Иккинчи мисрада биринчи мисрадаги маъно кучайтирилган: комил инсон ҳайкали ҳам жон ичида бўлсин — маъшуқа образи қалбда нақшлансин.
Учинчи:

Таковарингга бағир қонидин хино боғла,
Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил.

Таковар — тез юрадиган, йўрға от. Маъшуқ уни ми-ниб сайрга чиққанда ошиқ дарди баттар ортади, безовталанади. От ва унинг суворийси саркаш, бебок, бепарво. Бу анъанавий тасвир ҳар хил кўринишда классик шеъ-риятда тез-тез учраб туради. Бироқ ана шу анъанавий образларни Навоий халқ ичида кенг тарқалган хино қўйиб ясаниш одати билан боғлаб, чиройли, завқли поэтик маънони юзага чиқара олган. Хино қўйиш Шарқ халкдари, жумладан ўзбек халқи орасида қадимий удум. Айниқса, қиз-жувонлар, келинлар шодиёна кунлари қўл-оёқлари, юзларига хино қўйиб ясанганлар, бу шодлик ва хурсандчилик қилиш белгиси ҳисобланган. Хино махсус ўсимлик баргидан олинади. Барг қуритилиб, ях-шилаб сувга аралаштирилади ва байрам арафасида кеч-қурун қўл-оёқларга (кафтга, бармоқларга), сочга боғланади. Эрталаб турганда, хинонинг тўқ қизил ранги баданга кўчади ва узоқ сақланиб туради. Навоийнинг лирик қаҳрамони эса ўз маъшуқига мурожаат қилиб, ўзига эмас, балки отига ошиқнинг бағир, яъни жигар қонидан хино боғлашни илтижо қилиб сўрайди. Чунки у ёрини шу даражада севадики, унинг ҳар қандай жафосига чи-дашга тайёр, йўқ-йўқ, бугина эмас, у ёрга ёлвориб, хоксор ошиқни азоблаш, қийноқлар гирдобига олишни тилайди. Ахир ёр қийноқлари ошиқ учун ҳузур-ҳаловат-да! (Хино гул, гулшан сўзларига ҳамранг бўлиб, сўфиё-на тасвир ҳам ўзаро боғланган). Иккинчи мисра иборалари ҳам шунга туташиб кетади: ишқ дарди изтиробидан ингичкалашиб қолган жон ипидан (риштасидан) арқон ясаб (расан-арқон) маъшуқ ити бўйнига боғлашни хоҳлайди. Ошиқсадоқати шундай бўлиши керак. У ёр ити билан суҳбат қуришдан ор қилмаслиги, унга ҳам дил розиишқини сўйлаши, уни қучоқлаб ўпиши (Мажнун Лайли итини оғушига олгандай) ва ҳатто унга жон фидо қилиши мумкин. Навоий ана шундай садоқат тимсолидан илҳомланиб, ёрига муҳаббатини муболаға авжида изҳор этади. Хуллас, байтнинг умумий маъноси бундай: “Эй ёр, саркаш, йўрға отингнинг оёқларига менинг жигаримнинг қонидан хино боғлаб, ғамингда қийналиб, озурда бўлиб қолган жон ипини итингнинг бўйнига арқон қилиб боғла”.
Тўртинчи байт:

Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх,
Хамир этиб ани яна ул тоғда кўҳкан қилғил.

Кўриб ўтилган олдинги уч байтда лирик қаҳрамон ўз садоқатини билдириб, илтижо-ёлбориш оҳангида ёрга мурожаат қилган бўлса, тўртинчи байтга келиб у фа-лакка (чарх-фалак, осмон) қараб нола-фиғон билан му-ҳаббат қудратидан жўшиб гапиради. Лекин шуниси борки, мазкур байт мазмунан аввалги байтлардан бутунлай узилган эмас. Зеро, бунда ҳам ишқ ва ошиқлик сулуки, фидойи қалбнинг талпинишлари куйланган. “Ўқсўзлар” бу ерда фироқ тоғи ва кўҳкан бўлиб, булар Фарҳоднинг фожеали тақдирига ишорадир. Фироқ тоғи — энг оғир айрилиқ, улкан дард; айрилиқда Ширин ёдида жон берган Фарҳоднинг маскани. Фарҳод эса илоҳий ишқда садоқат кўрсатиш, ўртаниш, андуҳ ва ҳажр тажассуми. Эсингизда бўлса, Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳод исмига рамзий таъриф берар экан, уни Фироқ, Ранж, Ҳажр, Оҳ ва Дард сўзларининг биринчи ҳарфларидан таркиб топган дейди.
Кўҳкан ҳам Фарҳоднинг лақаби. Бу сўзнинг луғавий маъноси — тоғ кесувчи, тоғ қазувчи демак. Лекин адабиётда Фарҳод лақаби сифатида ёки Фарҳод исми ўрнида истиора-символ бўлиб тарқалган. Чунки тоғ кесиш, не-не машаққатлар билан ариқ қазиб, сув чиқариб, (Низо-мий сут оқизади), Ширин орзуларини ушатган, аммо муродига етмаган ошиқ Фарҳоддир. Ҳосили калом, шоир одамнинг лойдан яралганлиги ҳақидаги афсонага суяниб, дейди (байтнинг мазмуни): “Эй фалак, айрилиқ тоғида, яъни Фарҳод жон берган жойда) менинг жасадимнинг тупроғини агар топсанг (чунки мен ҳам Фар-ҳод каби ишқ йўлида тупроқман), уни қайта қориб, яна ўша кўҳкан — Фарҳод, яъни фидойи ошиқ, одамни яратгин”. Ёки: “Менинг ишқдаги дардим Фарҳод дарди билан баробар, балки ундан ортиқ ҳам. Агар мен маъшуқ ишқи йўлида жон берсам, тупроғимни янгидан қориб одам яратсалар, тағин Фарҳод каби ошиқ жисми вужудга . келади”.
Бу ерда ҳаққа бўлган ишқнинг азалий ва абадийлиги, Одам атодан қолганлигига ишора бор.
Бешинчи байт:

Юзунг висолига етсун десанг кўнгулларни
Сочингни бошдин-аёқ чин ила шикан қилғил.

Шоир яна ёрга мурожаат қилишга қайтади. Аммо ав-валгидай ёлбориш-муножот оҳангида эмас, балки унинг ошиқлар кўнглини овловчи жамолини (соч — ҳусни жамол нишонаси ва тажаллий олами) васф этиш орқали муносабат билдиради, ёрга бўлган меҳр бошқача йўсинда изоҳланади. Байтнинг мазмуни чин ва шикан сўзларини изоҳлаш воситасида очилиши мумкин. Чин ва шикан маънодош (синоним) сўзлар, яъни: чин — 1) рост, тўғри (ўзбекча маъноси); 2) ўрам, букум, ҳалқа-ҳалқа шаклида бўлиш (форсий маънолари). Навоий бу ўринда иккинчи маънони назарда тутган. Шикан — печу топ, қатқат бўлиш, ўрам-ўрам, занжирсимон шакл олиш; 3) исканжа, азоб. Мисрада шиканнинг ҳар икки маъноси ҳам акс этган. Чунки ёрнинг ҳалқа-ҳалқа бурамали зулфи ошиқ кўнглини илинтирадиган тузоқ, тузоққа тушган қуш азоблангани каби кўнгил ҳам шундай изтироб-уқубатни бошдан кечиради (сочни тузоққа, кўнгилни қушга ўхшатиш байтда зимдан англашилиб турибди). Аммо ошиқ бунга мингданминг рози. Ахир ёр зулфининг домига гирифтор бўлмай туриб, унинг висолига муяссар бўлиш мумкин эмас-да! Агар ақл зулфнинг бандида бўлиш бу қадар роҳат эканлигини билсайди, оқиллар занжиримиз изидан девона бўлардилар”, дейди Ҳофиз. Бедил бўлса “Зулфининг занжиридан минглаб дил қўзғолади” деб ёзган.
Нега шундай, нега кўнгул ёр зулфи ҳалқаларига илин-май висолга етиши мумкин эмас? Бу саволга, юқорида айтилганлардан ташқари, яна тасаввуф тимсоллари маъносига суяниб қуйидагича жавоб бериш мумкин: тасаввуф бўйича, соч — мавжуд дунё рамзи, юз эса илоҳий манбаъ рамзидир. Яъни: Мутлақруҳдунёни яратар экан, унга ўз нурини таратиб (тажалли этиб) ҳаракатга келтирган. Ҳусну жамол бағишлаган. Дунё — касрат, яъни кўпликни англатади, бунда илоҳнинг сифатлари мужассам. Дунё бепоён ва илоҳ манбасига нисбатан қоронғироқ — зулматли. Сочнинг узунлиги ва қоралиги ҳам дунёнинг бепоёнлиги ва зулматига ишора. Сочнинг ҳалқа-лари — солик руҳи овора, банд бўладиган дунё ташвишлари. Сочнинг учи — инсоннинг ўзи. Бошқача айтсак, инсон тажаллиётнинг охиридир, у асл манбага қайтишга интилади, чунки у Мутлақиятдан ажралган, ҳижронда. Лекин дунё ташвиши, зулматини — ҳалқаларини енгмасдан туриб, Мутлақруҳжамолига мушарраф бўлолмайди. Висолга эришолмайди. Навоий байти ана шунга ишора.
Ва умуман, Шарқ поэтикасида маъшуқ юзини гул, гулшан, ғунча, қуёш, ой; қошини камон, ярим ой; кип-ригини камон ўқи; лабини лаъл, ғунча, ақиқ; тишларини гавҳар, марварид, садаф; қаддини ниҳол, сарв дарахти, алиф ҳарфи, шамшод; сочини занжир, тузоқ, тун, шом; кўзини жодуга, оҳу кўзига ўхшатиш расм бўлган. Ҳар бир шоир шу анъанавий ташбеҳ — образлар таносубиятидан янги маъно, янги тоза тасвирлар яратиб, ўз маҳоратини намойиш этган. Шарҳлаётгани-миз байтда соч шунчаки тузоққа ўхшатилмаган, балки у бир жозиба манбаи, жамолнинг зуҳур этиш нуқтаси сифатида кўрсатилган. Маҳбубнинг ошиқ олдида ўзини оро беришга даъват бор. Шу тариқа, байтййнг умумий мазмуни: “Агар юзинг висолига кўнгилларнинг етишишини истасанг, сочинг (зулфинг, кокилинг)нинг ҳаммасини ҳалқа-ҳалқа, бурам-бурам қилиб юр”. Ёки: “Кўнгилларни асир этиб, васлингга мушарраф қилмоқчи бўлсанг, сочингни занжирга айлантириб, уларни боғла ёхуд тузоқ ҳалқаларидай бурам-бурам қилиб илинтириб ол”.
Ва яна: “Илоҳ жамолига, Комил инсон ҳузурига етмоқ учун жами изтироб ва азобларга розиман, эй ишқ занжиринг-ла боғла”.
Олтинчи байт:

Хазон сипоҳига, эй боғбон, эмас монеъ
Бу боғ томига гар игнадин тикан қилғил.

Бу — “Қаро кўзим” ғазалининг мураккаб маъноли тагдор байтларидан бири. Шоир ишқу ошиқлик, севги ва садоқат ҳақида ёзиб келиб, орада бирданига дунё ва унинг ишлари, умр, ҳаётнинг ўткинчлиги тўғрисида фалсафий мушоҳадага берилади, бир армон-орзиқиш, афсус-ҳасрат аралаш маҳзунлик кайфияти юзага балқийди. Ёр жамоли васфи, садоқат изҳорининг хушҳолликларидан кейин буни қандай тушуниш мумкин?
“Хазон сипоҳи” — куз лашкари, хазонрезги пайт демак. Тикан, игна билан лашкарнинг найзалари ҳам қиёсга олинган: сон-саноқсиз қўшин қўлидаги учли найзалар узоқдан осмонга қаратиб терилган игналардай кўринади. Бироқ гап фақат шу ташбеҳда эмас. Бунинг ўзи билан мазкур байтни шарҳлаб бўлмайди. Бу ўринда Алишер Навоий ўз даврида кенг тарқалган яна бир одат — боғ ва ҳовлиларнинг девори устини тиканакли буталар билан ўраб чиқишни назарда тутиб фикр юритган. Боғ ичидаги меваларни зараркунанда ҳайвонлар ва ўғрилардан қўриқлаш учун шундай қилинарди. Шоир шунга ишора қилиб, дейдики, эй боғбон, сен боғингнинг деворларинигина эмас, унинг томи устини ҳам бутунлай ҳатто игнадан тиканлар ясаб, беркитиб чиқсанг-да, уни хазондан сақлаб қололмайсан, барибир куз келади ва дарахтлар барги хазон бўлади, яъни байтнинг мазмуни: “Эй боғбон, бу боғ томини игнадан тиканаклар қилиб ёпиб чиқсанг ҳам, куз қўшинининг ҳужумига монеълик қилолмайсан”. Чунки инсон фалак айланиши, замонларнинг ўтиши, табиат қонуниятларига қаршилик қилишга ожиз. Шундай бўлгач, ёр висолига интил, ғанимат дамларини беҳуда ўтказмай умр шодликларидан баҳраманд бўл. Бунда яна ўткинчи дунёга меҳр қўйиш, олам-олам қўшин йиғиб жаҳонгирлик қилиш, молу мулк йиғишга қарши фикр ҳам мужассам. Зеро, қанча меҳр қўйма дунё бақосиз, фақат илоҳиёт абадий, ўшанинг ёдида яша. Вафоли ёр ҳам шу Оллоҳнинг ўзи. Маълум бўладики, байт оҳангида ҳазинлик сезилса-да, лекин ботиний маъно хулосаси ҳаётсеварликка ҳидоят этади ва шу асосда олдинги байтларга билвосита боғланади. Навоий ошиқ садоқати, ишқ қудратини куйлаб, ёрдан вафо тилаб (“кўзим гавҳарига жойлашиб олгин”), умрнинг ўткинчлиги муқаррарлигини далил келтирган.
Еттинчи байт:

Юзида терни кўриб ўлсам, эй рафиқ,
мени Гулоб била юву гул баргидин кафан қилғил.

Олтинчи байтдаги кайҳоний фалсафий ҳикмат бу ерда йўқ, шоир яна ишқ мавзуига қайтади. Аммо, шунга қарамай, бу байт ҳам олтинчи байтнинг бевосита давоми ва мазмун-маъноларнинг миқёсийлиги, теранлиги билан ундан мураккаброқ. Нега шундай деяпмиз? Зоҳиран қараганда, ҳамма нарса аниқ-равшан: тер, гул, гулоб нима эканини кўпчилик билади. Маҳбуб юзидаги тер гул баргидаги шабнам сингари жозибали ёхуд гулдан олинадиган хушбўй доривор ичимлик — гулобдай ёқимли. ‘Тулоб — гул суви, атиргул япроқларидан олинадиган хушбўй ичимлик” (“Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”, 1-жилд, 417-бет). Гулобни амбиқдеган махсус асбоб воситасида олганлар, у молихулиё, хафақон касалликларига даво бўлган; таомга, ичимликка қўшиб истеъмол қилинган. Беҳуш одамнинг юзига гулоб сепиб ҳушига келтирганлар. Шоирлар маҳбуб юзига томган кўз ёшини ҳам мажозан гулоб дея тасвирлайдилар. Аммо мазкур байтда бу маъно кўзда тутилмаган. Тер форсчада — “хай”, арабчада-“арақ”. Арақнинг иккинчи маъноси ичимлик эканлиги маълум, шу ҳам аниқки, у гулобга ўхшаган йўл билан ҳосил қилинган: “Арақ” — ...дориворларни пиширишда буғдан ҳосил қилинадиган сув” (“Ғиёсул-луғат”, 342-бет). Шундай қилиб, арақ ва тер сўзлари маънодош, яъни буғдан пайдо бўладиган тер томчилари йиғилиб, арақ ву-жудга келади. Шоир тасвирига кўра, ёр юзи бамисоли гул ва ундаги тер томчилари гулдан олинган гулоб. Ажиб дилрабо сурат. Боз устига, ташбеҳланувчи сўзлар яширин ра-вишда, истиора тариқасида келтирилиб, завкди санъат яратилган.
Булар ҳаммаси маъқул, бироқ шарҳимиз кишини қаноатлантирмайди, чунки байтнинг маъноси ҳали равшанлашган эмас. Масалан, нима учун ошиқ ёр юзида терни кўрганда ўлиши керак? Терда яна қандай ҳикмат бўлиши мумкин? Балки унда биз илғамаган бошқа мажозий маънолар бордир?
“Тожик тилининг изоҳли луғати”да ароқ сўзининг ҳижолат тортиш, ҳаё, уят (ҳаёдан терга ботиш, уят терларини оқизиш) каби кўчма маънолари борлиги айтилади (1-жилд, 80-бет). Бу бизни бирмунча мақсадга яқинлаштиради. Дарҳақиқат, тер инсоннинг руҳий ҳолатларидан бири — уялиш, ҳаё нишонаси, ҳаё эса энг шариф хислатлардан, кишини гўзал ва севимли, мунис, мўътабар қиладиган хислат. Носир Хусрав ёзади:

Ҳаё асл аст дар зоти инсон,
Ки дорад одамиро одамисон.

(Ҳаё инсон зотининг асл белгиларидандир, у одамни одамий қиёфасида тутиб туради). Алишер Навоий эса “Маҳбубул қулуб” асарида ҳаёни вафо билан ёнма-ён қўйиб, бундай ҳикмат дурларини тизади: “Ҳар кўнгулниким вафо маскан қилур, ҳаё ҳам қилур ва ҳар маскандаким ул топилур, бу ҳам топилур. Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ. Ҳар кимда бу икки йўқ — имони йўқ ва ҳар кимда имон йўқ — андин одамийлик келмак имкони йўқ”. Ҳаё сўзи шу тариқа ўзида, яна номус, виждон, карам ва саховат каби ахлоқий фазилат тушунчаларини жамлаган.
Навоийнинг лирик қаҳрамони севган одам ана шундай “аҳли ҳаё — комил инсонлар”дандир. Шундай маъшуқнинг жамолига етишганда у жонини фидо қилишга тайёр. Воқеан, ҳаё висол лаҳзасида, ушшоқ аҳли бир-бири билан яқинлашганда яна ҳам кучаяди. Ёр жамолининг тажаллиси, салобат ва ҳаяжон шиддати шундай ҳолга сабаб бўлади. “Ҳаё — бир-бирига яқин одамларнинг аҳволи жумласидандир ва яқинлик қанча ошса, ҳаё ҳам ортади. Ва кимдаки ҳануз ҳаё ҳолати юзида акс этмаса, бу аломат унинг яқинлик (муҳаббат) мартабасига эришмаганини кўрсатади”, дейди эронлик адабиётшунос Саййид Жаъфар Сажжодий ўзининг “Орифлар истилоҳоти луғати” китобида.
Демак, ҳаё — муҳаббат нишонаси, ёр жамолини мушоҳада этиш, руҳий-маънавий соғинч ва ташналикни қондириш сари интилишда қалб қўзғолишидан чеҳрадан ёғилган нур ва сафодирким, шоирлар буни тер образида тараннум этганлар. (Шу ўринда ўзбекча “Меърожнома”дан бир мисол келтирмоқчимиз. “Меърожнома”да тасвирланишича, Муҳаммад Мустафо Бароқи бодпойга миниб, нур нарвонидан аршга кўтарилар экан, ёр — худо дийдорига мушарраф бўлиш иштиёқи, муҳаббат зўридан терга ғарқ бўлади:

Ҳар арақким, мисли маржону гуҳар,
Айлади пайдо тани хайрулбашар,
Андин оқ гулни дарахти бош чекиб,
Яшнади бир соат ўтмай очилиб.

Балки ҳазрат Навоий айнан ана шу терни, ана шу гулни назарда тутгандир? Оқ гул ва дорулбақо кийими — кафан ранги бир хилку).
Гўзал, навқирон маҳбуб юзидаги тер уни яна ҳам дилрабо, дилкаш қилади. Мирзо Бедил: “Аз сафои оразат жон мечакад, гоҳе арақ” (Юзинг сафосидан гоҳ жон томади, гоҳ тер). Тер — сув. Раҳмат суви — обиҳаёт:

Юзунгда хай эмас, оби ҳаёт қатрасидин
Қуёш жамолига сунъ илги тақди зеварлар.
(Навоий)

(Юзингда тер эмас, балки тангри қўли оби ҳаёт — тириклик суви қатраларидан қуёш жамолига таққан марваридлардир).
Улуғ шоир наздида тер покизалик, файз ва жило, тароват, ёр жамолининг порлашидир. “Ҳар ён юзда тер оқиздингму?” мисраси билан бошланадиган ғазалида у терни яна сафо-ёғду, ой атрофидаги юлдузлар, ҳиж-рон ёшларига қиёслаган бўлса, бошқа бир ғазалида “Юзида тер фитнасидан ўлсам ажаб эрмас” деб ёзади ва терни руҳни ғалаёнга солувчи куч сифатида таърифлайди.
Сув — тер софлик рамзи экан, бу Пири Комил Қалбининг мусаффолиги ҳам.
Хулласи калом, олтинчи байт мазмунини бундай баён этиш мумкин. “Ёр юзида терни, яъни вафо аломати — инсонга розилик нишонаси ҳамда покиза қалб сафосини кўриб, шу қувонч ҳаяжони ичра жон берсам, эй дўст, мени ёрнинг гул юзидаги тер томчиларидан ҳосил бўлган муборак сув — гулоб билан ювгин-да, ўшал гўзал юзни эслатувчи гул баргларига ўраб кўмгин”. Бу ошиқнинг айни вақтда армони ва “Қаро кўзим” ғазалида куйланган садоқат ғоясининг чўққиси! Чунки ошиқ ҳар бир байтда ёрга бўлган муҳаббатининг чексизлигини билдириб келди, уни кўз гавҳари ўрнида кўриб, бағир қонидан хино қилишни таклиф этди, юракни, жонни, кўнгилни бир-бир унинг йўлига бағишлади. Шунча илтижолардан кейин агар мабодо ёр лутф этсаю муродимга етсам, ҳаётимни бус-бутун унга қурбон қилардим, дейди садоқатли ошиқ еттинчи байтда. Мазкур байт мазмунидан Навоийнинг ҳаётсеварлиги, ҳаёт ошиғи эканини ҳам англаш қийин эмас: гул ва гулоб тириклик рамзи, гулоб билан гулга ўраш эса шу маънода кишига абадий ҳаёт бағиш-лаш демак.
Саккизинчи байт:

Навоий, анжумани шавқ жон аро тузсанг,
Анинг бошоқлик ўқин шамъи анжуман қилғил.

Анжумани шавқ — шоир ошиқ қалбидаги иштиёқ-истакнинг авж олиши, ёрга етишиш орзуси тараддудини шу ибора билан ифодалаган (иборанинг луғавий маъноси — орзумандлик, кучли рағбат мажлиси, маъракаси). Бундан руҳий ҳаяжон, қўзғолиш, сурур бўронининг бошланиши ҳам англашилади. Жон ичида шундай анжуман тузиш кўнгилнинг нурли орзуларга лиммо-лим бўлишидир. Бошоқлиғ ўқ — ўткир учли, ўткир тиғли камон ўқи. Ўқ учининг бошоққа ўхшашлиги ҳам эътиборга олинган. Шундай кўринишда у чиройли киприк ва ёниб турган шамъга шаклан монанддир. Воқеан, “бошоқлиғ ўқ” деганда, Навоий ёр кипригини айтмоқчи. Чунки, киприк-муҳаббат ўқи, қайсиким, тўғри юракка бориб қадалади. Байтнинг мазмуни: “Эй Навоий, агар жон ичида шавқ-ҳаяжонли рағбат мажлисини тузмоқчи бўлсанг, ёр киприги-ўқини шу мажлиснинг шамъи қил”. Бу ерда иккинчи байтдаги китобат санъати янги деталлар воситасида қайтарилган, яъни киприк алиф ҳарфига ҳам ўхшайди, унинг жон орасидаги мажлис шамъи бўлиши — жон ўртасида алифдай жойланиши демак. Шу зайлда, улуғ шоир бир йўла бешта ашёни бир-бирига ташбеҳлаб, ҳайратомиз маҳорат кўрсата олган.
Бунда қуйидаги тасаввуфий маъно ҳам бор: киприк-ўқ соликнинг ҳол мақомидаги айни шавққа тўлишган пайтида чақин каби порлаб унинг кўнглини ёритадиган илоҳий жазба-илҳом ваҳийлик тимсоли ҳам. “Анжумани шавқ” бу ўринда ҳол мақомига кўтарилишни англатиб келади.
Алҳосил, охирги байтнинг хулосавий маъноси шуки, ошиқнинг ёр висолига интилиши чексиз бир орзу, қўл етмас идеалига талпиниш. Зотан, ахлоқий покланиш ва бу покликка муҳаббат мутассил давом этадиган, чин инсон қалбини ёндириб турадиган туйғу. Ёр дийдори орзуси юрагингни банд этиб, зўрайса, тўлиб тошсанг, унинг кипригини шу орзу авжининг чироғига айлантир, кўнгилни унинг муҳаббати шамъи билан ёритиб тур, дейди шоир. Чунки ёр ўқи дардига гирифтор юрак ҳамма вақт ёниқ, машъаладор бўлади.
Мана шу якун билан ғазалнинг умумий мазмуни ях-литлик топади, байтлар ўзаро боғланган. Асар бошида кўринган ёрга илтижо, вафога даъват этувчи муножот ва ошиқ садоқатининг изҳори бора-бора табиат, фалак ишлари ҳақидаги ўй-фикрларга уланиб кетиб, ҳаёт боқийлиги, унинг ишқ тимсолидаги эзгу ва сафоли нашидаси, Ёр жамолига чанқоқ Кўнгилнинг дардли талпинишлари куйланади.
Навоийнинг байтлари қатида яшириниб ётган маънолар шу қадар теран, шу қадар кўламлики, у дурлар тўла денгизга ўхшайди. Бу денгизга шўнғиган одам албатта янги маъно дурларини қўлга киритиб, баҳрамандлик бахтини туйиши муқаррар.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан