Facebook
Яна бир Ҳофиз PDF Босма E-mail

Ҳофиз Хоразмий номи фанга XX аср 70-йилларнинг охирида маълум бўлди. Мумтоз меросимиз намуналарини излаб дунёнинг турли мамлакатларига илмий сафарлар уюштирган машҳур матншунос олим Ҳамид Сулаймон 1975 йили Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Саларжанг музейида — Шарқ қўлёзмалари бўлимида 4298-рақами билан сақланаётган шоир девонини топади. Бу 586 варақдан иборат мукаммал девон бўлиб, 37264 мисра ёки 18632 байт шеърни ўз ичига олади. Қўлёзманинг охирги варақлари тушиб қолганлиги туфайли унинг қачои ва ким томонидан кўчирилгани маълум эмас. Лекин палеографик белгиларга кўра у XV асрнинг 80-йилларида Шерозда китобат қилинган. Мазкур девон туркий ва форсийда ижод қилган Ҳофиз Хоразмий меросининг ягона нусхаси бўлиб, ҳозирга қадар шоир ижодидан бошқа намуналар ҳам, унинг таржимаи ҳоли ҳақидаги янги маълумотлар ҳам топилган эмас.
Хофиз Хоразмий девонини нашрга тайёрлаб, чоп эттирган Ҳ. Сулаймон унинг таржимаи ҳолини шеърларига асосланиб бир қадар тиклашга ҳаракат қилган. Чунки шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи бирор-бир манба топилган эмас: тазкираларда шоир номи учрамайди, баёзларга шеърлари киритилмаган. Лекин ўзидан мукаммал ва салмоқли девон қолдирган шоир шеърлари билан танишиш унинг салоҳияти баланд ижодкор бўлганлигидан далолат беради.
Ҳофиз Хоразмий Хоразмда туғилиб ўсган, шу ерда таҳсил олган, шоир сифатида танилган. Амир Темурнинг Хоразмга қилган юришлари давридаги нотинчдиклар туфайли Шерозга кетиб, ўша ерда турғун бўлиб қолган. XIV асрнинг иккинчи ярми — XV асрнинг ўрталаригача яшаб ижод этган шоирнинг исми Абдураҳим эканлиги шеърларидан маълум бўлади:

Хос ўз қулингға лутф этиб, раҳм қилса ёр,
Мухлис қадимий қул анга Абдураҳим эрур.

Шоирнинг форсий ғазалларида ҳам Раҳим ёки Абдураҳим исми тез-тез учрайди. Унинг Ҳофиз тахаллусини танлашини Ҳ. Сулаймон икки сабаб билан изоҳлайди: «биринчидан, Ҳофиз Хоразмий ўзининг машҳур замондоши Ҳофиз Шерозий бадиий даҳосида тарбияланиб, уни ўз пири-мураббийси сифатида эътироф этиши ҳақиқатга яқин кўринса, иккинчидан, ёш Абдураҳимнинг ўзбек тили, адабиёти ва маданиятининг тўла ҳуқуқи учун курашувчи, жасоратли ва оташин ватанпарвар экани билан изоҳланади. Аниқроғи, шоир Абдураҳим ўзбек шеъриятида ҳам Ҳофиз Шерозийдек забардаст санъаткори бўлишини орзу қилган. Узбек халқи ҳам ўз она тилида яратилган ишқий, фалсафий шеъриятдан кенг кўламда баҳраманд бўлмоғи лозим, деган эзгу тилаклари унинг дунёқарашидаги халқчиллик ғоялари билан боғлиқ кўринади. Кейинчалик Абдураҳим Ҳофиз тахаллусини қабул қилган»(Сулаймон Ҳофиз Хоразмий (Сўзбоши) // Хофиз Хоразмий. Девон. 1-китоб. Тошкент, 1981 йил, 6 —7-бетлар.). Бу хақда шоирнинг ўзи ғазалларидан бирида шундай ёзади:

Ҳофизни кўрунг ушбу замон турк тилинда,
Гар кечди эса форсда ул Ҳофизи Шероз.

Асарларини Ҳофиз тахаллуси билан ёзган шоир икки ўринда Ҳофиз Хоразмий номини қўллайди:

Валоёту каромоту карам ўзиндин издаю,
Бўлибдур Ҳофизи Хоразмий жони бирла Кирмоний.
Иноят бирла сўз бобинда ёри кўргузур бўлса,
Ошурғай Ҳофиз Хоразмий шеърин фарқи шуародин.

Шу икки байтга мувофиқ шоир номи Ҳофиз Хоразмий деб аталади. Бу ном уни буюк Ҳофиз Шерозийдан ажратиб ҳам туради.
Ҳофиз Шерозийга эргашиб, унинг панжасига панжа уришни мақсад қилган Ҳофиз Хоразмий «ринди Шероз» анъаналарини биринчи бўлиб ўзбек адабиётига олиб кирганлардан дейиш мумкин. Бу ҳақда шоирнинг ўзи шундай ёзади:

Шерозий туркларга элтунг бу шеърникнм,
Сурдум бу тавр узра Ҳофиз бикин каломе.

Ҳофиз Хоразмий XIV асрнинг охири ёки XV аср бошларида Хоразмдан чиқиб кетган, деб тахмин қилиш мумкин. Шеърларидан маълум бўлишича, у асосан Ше-розда яшаган. Шаҳар отабегининг оқилона сиёсати туфайли мўғуллар истилосидан омон қолган, бошқа феодал урушларига тортилмаган Шероз нисбатан осойишта бўлиб, илму ижод учун муносиб жой эди. Шунинг учун ҳам бу даврда илму адабиёт, санъат аҳли Шероздан паноҳ топган. Ҳофиз Хоразмийнинг ҳам Шерозга бориб қолиши сабаби шунда бўлса керак. Шоирнинг:

Гулистон юзлу, эй соқий,
санинг ишқинг манга жондур,

Ичалим боданиким, даври Иброҳим Султондур, - мисралари, бир томондан, шоирнинг Шерозда яшаганлигини тасдиқласа, иккинчи томондан, ҳаётининг сўнгги йиллари Иброҳим Султон даврида кечганлигини кўрсатади. Иброҳим Султон — Амир Темурнинг набираси, Шоҳрухнинг кичик ўғли бўлиб, 1414 йили Шероз тахтига ўтирган. Бу ерда 21 йил ҳукмронлик қилиб, 1435 йили вафот этган.
«1435 йили Султон Иброҳим вафот этганида Ҳофиз Хоразмий унга атаб махсус марсия ёзади. Шу марсия туфайлигина биз шоирни 1435 йилда ҳали ҳаёт эканини аниқлаймиз. Ҳофиз яна қанча умр кўрган, қачон вафот этган ва қаерда дафн этилганлиги ҳозирча номаълум. Аммо Темурнинг Хоразмга юришлари даврида Хоразм аҳли олдида қадрсизлигидан шикоят қилган Ҳофиз, шубҳасиз, XIV аср охиридаёқ етук шоир бўлиб, ёши 30 — 40 атрофларида бўлмоғи керак. Агар биз унга XV асрдан яна 35 йилни қўшсак, у Султон Иброҳим вафоти чоғида мўйсафид бўлиб, ёши 65 — 70 атрофида бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Шоир Шерозда турғун бўлиб қолганидан ўша ерда вафот этиб, ўша ерда дафн этилган, дейиш мумкин»(Сулаймон X. Ҳофиз Хоразмий. 9-бет.).
Амир Темур 1379—1388 йиллар давомида Хоразмга бир неча бор юриш қилгани маълум. Бундай шароитда тирикчилик қилиш, илму ижод билан шуғулланиш мушкул бўлиб қолади. Уз олдига катта шоир бўлиш, туркий шеъриятнинг ўрнини тайин этишни мақсад қилиб олган Абдураҳим ижод учун тинч жой излаб, Шероз сари йўл олади:

Ҳофиз, санинг қадрингни гар Хоразм аҳли билмаса,
Азми Ироқ айлаб равон, оҳангги Шероз этгасен.
Ҳофизға наво тегмаса Хоразмда, андин
Қилғай эди оҳанги Ҳижоз ила Сипоҳон.

Иброҳим Султон вафот этганида унга бағишлаб марсия ёзиши, шеърларида унинг номнни зикр этиши Ҳофиз Хоразмийнинг у билан анча яқин, эҳтимолки, ҳукмдорнипг сарой шоири бўлганлигини кўрсатади.
Ҳофиз Хоразмий девони Алишер Навоийгача ўтган шоирлар ичида бизгача етиб келган мукаммал девон эканлиги билан ҳам диққатга сазовор. Девон мутолааси унинг Атойи, Гадоий, Саккокий, Лутфий даражасидаги юксак истеъдод соҳиби эканлигини кўрсатади. Шеърларидан маълум бўлишича, у Ҳофиз Шерозийдан ташқари, Камол Хўжандий, Имодий, Хусрав Деҳлавий, Ҳасан Деҳлавий каби забардаст форсий шоирлар ижодидан баҳраманд бўлган, таъсирланган:

Ул туркнинг камолу жамоли сифотида
Ҳофиз эмасдур ушбу Камоли Хўжанд эрур.

Ширин лабининг васфида жонбоз бу Ҳофиз,
Ҳусравсифат эрур, тақи шеъри Ҳасани бор.

Камол таврида Ҳофиз ғазаллар айтур эрди
Вале бу бир неча шеър ичра бор таври Имод.

Тавр — усул, йўл демакдир, яъни у ёки бу шоир йўлида, унга эргашиб шеър айтишдир.
Қуйидаги байтда ҳам «нори Хўжанд» ибораси Камол Хўжандий шеъриятининг Ҳофиз Хоразмий кўнглига солган «шеър ўти»ни англатса керак. Шоирнинг «Камол таврида ғазаллар айтар эдим», деган эътирофи ҳам унинг Камол Хўжандий шеъриятидан жуда таъсирланганлигини тасдиқлайди. Аввал Хоразм, кейин Шерозда яшаган шоирни Хўжанд билан фақат Камол шеърияти боғлаган бўлиши мумкин:

Оташи ишқни Ҳофиз кўнглиндин изданг,
Чун анинг кўнглида бордур бу замон нори Хўжанд.

Ўзининг баланд истеъдодини ўзи ҳам эътироф этган Ҳофиз Хоразмий барча Шарқ шоирлари каби қатор фахрия байтларни ҳам битиб қолдирган. Чиндан ҳам у бундай фахру ифтихорга муносиб:

Казиб гул юзи ишқинда булбултак равон сайрар,
Кўрарман ушбу даврон ичра Ҳофизтак ғазалхон йўқ.
Кўзунг била юзунг сифатин Ҳофиз айғали,
Чин шеъри янгли туркий Хитову Хўтанда йўқ.

Албатта, шоир шеърларидаги айрим ишоралар орқали таржимаи ҳолининг баъзи нуқталарини ойдинлаштириш мумкин. Чунончи, узлат кунжини макон тутиб, фақат ижод билан шуғулланса эдим, маъно хазинасига йўл топардим, деган эътирофидан Ҳофиз Хоразмийнинг қайсидир хизмат билан банд бўлиб, шеър ёзишга ҳамиша вақт тополмаганлигини билса бўлади:

Ганжи маънога тамом элтгай эрдим роҳе,
Даст берса эди Ҳофиз бики кунжи узлат.

Шоир шеърларида баъзида дуч келадиганимиз якранглик, фикрлар такрори ҳам унинг бир ўтиришда бир неча шеърни қоралаганидаи далолат беради.
Мана бу байт унинг Хоразмдан чиқиб кетишидан олдин ёзилган:

Кеч бу Хоразмдан равон, Ҳофиз,
Тилар эрсанг Ироқу ҳам Шероз.

Бу мисралар, шунингдек, шоирнинг Хоразмдаёқ Ҳофиз тахаллуси билан шеърлар ёзганидан далолат беради.
Шоир ғазалларидаги шоҳга ишоралар ҳам унинг қайсидир ҳукмдор даргоҳига яқин бўлганлигини кўрсатади. Юқорида келтирилган байт ёки қуйидаги мисралар бунинг исботидир:

Камол Ҳофиз агар топса ушбу тавр нчра,
Ғариб эмас, чу назар қилди шоҳи комилимиз.

Камар қуллуқ қилурға боғла, Ҳофиз,
Чу ҳолингни сўрар султон етишди.

Камол Хўжандий шеърияти Ҳофиз Хоразмийга жуда кучли таъсир ўтказган. Қатор шеърларида буни шоирнинг ўзи эътироф этади:
Кўрса эди бу шеърни туркий тилин билиб, Юз офарин ўқиғай эди шоҳимиз Камол.
Камол Хўжандийнинг ўз даври шоирларига кучли таъсир ўтказгани маълум. Мавлоно Лутфий шеърияти ҳам бу таъсирдан холи эмас. Ҳофиз Хоразмийнинг ушбу байтидан маълум бўладики, Камол Хўжандийни ўша давр шоирлари шеърият шоҳи деб билишган.
Ҳофиз Хоразмий девонининг топилиши ўзбек адабиётида кўп нарсаларга ойдинлик киритади. Чунончи, Алишер Навоийгача тўлиқ девон тузган Ҳофиз Хоразмий бўлиб чиқмоқда. Ҳар ҳолда, ҳозиргача бошқа бирор шоирнинг мукаммал девони бизга етиб келмаган. Ёки жанрнинг барча талабларига жавоб берадиган рубоий Навоий томонидан яратилган, деб келинар эди. Маълум бўладики, бу борада ҳам Ҳофиз Хоразмий биринчиликка даъво қилади. Чунки шоир девонидан ўрин олган рубоийлар ҳазаж баҳрида ёзилган бўлиб, ҳам шаклан, ҳам мазмунан жанр талабларига жавоб беради:

Парвона бўлур юзунг кўриб шамъи фалак,
Ҳар бандаи эҳсонинг эрур мулку малак.
Сўруб унутар эсам лаби лаълингни,
Тутсин мани, эй жони жаҳон, ҳаққи намак.

Шоир рубоийлари асосан муҳаббат мавзуида. Уларда ишқ-муҳаббат улуғланади, маъшуқа таъриф-тавсиф этилади, унинг жабру жафоси, айрилиқ азобларидан шикоят мотивлари ифода қилинади.

Чун ишқи кўнгулнинг ичра бунёд айлар,
Ғам бирла хароб мулкин обод айлар.
Жон бирла анинг ғаминга бўлсам банда,
Ул дамда мани ғаминдан озод айлар.

Маълумки Маҳмуд Ғазнавий ва унинг хос надими Аёз ўртасида жуда яқин муносабат, ўзаро муҳаббат бўлган. Бу мумтоз шеъриятда шоҳ ва гадо яқинлиги, муҳаббати рамзи сифатида авж пардаларда куйланади. Маҳмуд ва Аёз образи Ҳофиз Хоразмий ижодида ҳам турли нуқталардан «кўб ва хўб» қаламга олинади. Буни, бир томондан, тасаввуфий мазмун билан изоҳласа, иккинчи томондан, шоирнинг Иброҳим Султон билан ўта яқинлиги ёки шундай яқинликка интилгани сифатида талқин қилса бўлади.

Маъною сурат ичра чун сансан бу дам Маҳмуди вақг,
Тесанг не бўлғай раҳм этиб: «Ҳофиз — Аёзим қандасан?»
Мақоми оқибат Маҳмуд бўлғай,
Агар тесангки, Ҳофиздур Аёзим.

Албатта, шоир ғурбатни чуқур ҳис қилган, ёр ва диёр соғинчи уни ўртаган. Лекин ўша давр анъанасига кўра ватан ишқи ҳам, қариндош-уруғлар меҳри ҳам ёрга муҳаббат ва айрилиқ азоблари тасвиридан иборат ишқий ғазаллар қатига сингдириб юборилган. Шоирнинг фақат бир қитъасидагина ватангадолик кечинмалари тасвирини учратамиз:

Таажжуб айламангиз издасам диёримни,
Ватан чу жон эруру барча жонини издар.
Нечаки сувни олиб баҳрдин булут кўкка
Етурса, оқибат ул ўз маконини издар.

Баҳо гуҳар била жавҳар топар чиқиб кондин
Вале ниёз била баҳру конини издар.
Ғариб шоҳи замоннинг вазири ҳам бўлса,
Ҳамиша жон била ўз хонумонини издар.
Агарчи шоҳи замон илгидур нишимани боз
Вале кўнгул била боз ошёнини издар.

Шоир балки туркий шеъриятнинг Ҳофизи Шерозийси бўламан, унинг нуфузини ошираман, Шарқ сўз санъатидаги ўзига муносиб ўрнини тайин этаман, деган эзгу мақсадда ўзига Ҳофиз тахаллусини танлагандир. Бу жиҳатдан Ҳ. Сулаймон ҳақ. Лекин шеъриятда у Ҳофиз Шерозий эмас, балки Камол Хўжандий, Имодий, Хусрав Деҳлавий, Ҳасан Деҳлавийларга эргашганини, улар йўлида қалам тебратгаиини кўрамиз. Чунки шоир шеърларида «ринди Шероз» ижодидаги каби исёнкорлик, ҳур фикрлилик, фалсафий қамровдорлик, мазмун серқатламлигини эмас, балки номлари зикр этилган шоирларга хос нозик лутф, гўзал ифода, бадиий санъатларга мойилликни, илоҳий ишқ тараннумини кўрамиз. Ҳофиз Хоразмий шеъриятида дунёвий муҳаббат тасвири эмас, балки илоҳий ишқ тараннуми устун. Унинг ғазалларида ижтимоий, фалсафий, панд-насиҳат мазмунидаги байтлар ҳам деярли учрамайди — сидирғасига муҳаббат тасвири кетади. Ишққа ниҳоятда берилиб, атрофдаги ҳаётни унутгандай таассурот туғилади. Шоир яшаб ижод қилган давр тасаввуфнинг энг ривожланган, ўзининг авж нуқтасига кўтарилган даври эканлигини назарда тутсак, бунинг сира ажабланадиган жойи йўқ. Бу ғазалларда фақат баъзи-баъзида таржимаи ҳолга оид ва фахрия байтларни учратиш мумкин.
Илоҳий ишқ толиблари учун мақсад жаннат ҳам, дўзах ҳам эмас, балки Худонинг ўзи: агар у бўлмаса, жаннатнинг дўзахдан фарқи йўқ, аксинча, Ҳақ ваъдаси бўлса, дўзах жаннатданда афзал. Шоирнинг бир қатор ғазалларида ана шу ҳақиқат ўз аксини топган. Чунончи:

Биҳишт ичра агар бўлмаса ёди — қаъри дўзахдур,
Анинг ёди била дўзах эрур чун жаннати аъло.

Тасаввуф фалсафасига кўра, бу дунёдан кўнгил узмай туриб, у дунёдан насиба истаб бўлмайди, ўзликни маҳв этмай, илоҳий асрорни дарк этиш мумкин эмас. Узликдан кечиш — инсонни Парвардигоридан ажратиб турган дунё, нафс, одамлардан узилиш бўлса, Ўзликни топиш — илоҳий маърифатга етиш. Шоирнинг қуйидаги мисралари шу хусусда:

Кўзни юмсанг жамъи ашёдин,
Кўринур эрди маънойи ашё.
Ўз-ўзунгдин тамом маҳв ўлсанг,
Очилур эрди санди сирри Худо.

Оғиз мисолида тасаввуф адабиётида ғайб асрорига ишора қилинади. Илоҳий асрорни англаб, унга етиб бўлмайди, фақат Худонинг баъзи бир хос бандаларигагина бу саодат иноят қилинади. Шунинг учун ҳам сўфиёна адабиётда оғиз жуда тор, кичик, ҳатто кўриб бўлмас даражада тасвирланади. Оғиз тимсоли шоир ижодида ҳам кўп учрайди. Чунончи, қуйидаги байтда у оғзини излаб йўқ бўлдим — илоҳий маърифат йўлида фано бўлдим, зеро борлиқни топиш учун йўқ бўлиш керак, дейди. Тасаввуф таълимотига кўра бу дунё — йўқлик олами, ҳақиқий дунё — борлиқ у дунё:

Оғзини издадиму йўқ бўлдум,
Нест бўлмай, чу топулмади ҳаст.

Тасаввуф фалсафасига кўра бу дунёда илоҳий маҳбубага етиб бўлмайди — бунинг учун руҳни камолга етказиш ва жисмдан фориғ бўлиш керак.Чунки илоҳий маҳбуба билан инсоннинг жисми эмас, балки руҳи қовушади. Шунинг учун ҳам мутасаввиф шоир ёзади:

Кўрганда юзин бўлмаса хушдур тани хокий,
Хуршиди жаҳонтобға девор на ҳожат.

Бу таълимотга кўра бутун олам У туфайли яралган. У туфайли пойдору Унинг ўзи оламда йўқ, яъни Ўзида оламни аён этгану Ўзини ниҳон айлаган:

Нишон эрур қаму олам анинг вужудиндин,
Валек мунча нишон аро бенишон борадур.

Сўфиёна шеъриятда ошиқнинг оҳига алоҳида эътибор берилади. Хусусан, ошиқнинг тонг чоғида урадиган оҳи Парвардигор даргоҳига бориб етади, деб ишонилади. Лекин муҳими бу эмас: ошиқ кўпинча бир кучли оҳ уриш билан жонини ҳам Жабборга топшириб, Яратган васлига восил бўлади:

Ишқиндин анинг ошиқеким, оҳ қилибдур,
Ул оҳ ила жонини ҳамроҳ қилибдур.

Мутасаввиф шоирнинг нуқтаи назарига кўра, унинг жони ҳам ҳақиқий маъшуқага етиш йўлида ҳижоб ҳисобланади:

Бу хаста жонни тиларман анга равон қилсам,
Чун ушбу жон ўшанинг йўлинда ҳижобтурур.

Албатта, барча Шарқ шоирлари каби Ҳофиз Хоразмий ҳам бадиий санъатлардан маҳорат билап фойдаланган. Хусусан, ташбеҳ, муболаға, тазод, талмеҳ, тажнис, лаффу нашр, ирсолу масал, фахрия, ташхис санъатлари шоир ижодида кўп учрайди. Ҳар қандай шоирда бўлгани каби ташбеҳ — Ҳофиз Хоразмий шеъриятининг ҳам етакчи хусусияти. У имкон қадар ташбеҳсиз бирор байт тизмасликка ҳаракат қилади. Шоир ижодида гоҳ анъанавий ташбеҳларга, гоҳ ташбеҳлар такрорига дуч келсакда, унинг шоирлик истеъдодини ўзи томонидан топилган янги ва гўзал ташбеҳлар белгилайди. У ўзи кашф этган баъзи бир ташбеҳларни севиб, қайта-қайта қўллайди ва ҳар гал уларнинг янги бир қиррасини очади. Чунончи, булбулнинг нола-фиғони доимий эканлигига сабаб гулнинг тиканни бағрида тутиб, булбулни ўзидан узоқлатгани:

Гули нозанин хор ёнин тутиб,
Гулистонда булбулни нолон қилур.

Маъшуқанинг кўнгилни асир қилишини шоир мана бундай образли тилда ифодалайди:

Тутди кўнгул вилоятини нозу ғамзадан,
Оре, тутар жаҳонни шаҳаншоҳ сипоҳ ила.

Подшоҳ жаҳонни қўшинлари билан истило қилганидек, маъшуқа нозу ғамзаси билан кўнгил вилоятини забт этди.
Қуйидаги байтда ишқ дардини — тоққа, ўзини — сомонга ўхшатади: тоғни сомон билан қўпориб бўлмаганидек, мен каби заиф кишининг ишқдай улуғ дардни чекиши имконсиз:

Бўлдум заиф, оҳ, анинг дарди бирла ман,
Чун кўҳни киши чека олмади коҳ ила.

Аслида ошиқни сомон даражасида заифлаштириб қўйган маъшуқанинг ишқи. Ошиқнинг ишқ дардида ўртана ўртана ориқлаб кетиши — сомон, хас, барг, чўп даражасига келиши тасаввуфда асосий шарт. Фақат шундагина илоҳий ишқ чақмоғи чақиши билан у лов этиб ёнади-ю, маъшуқи азалга қўшилиб-сингиб кетади. Шунинг учун ҳам сўфиёна шеъриятда хас, чўп, сомон, барг тимсолларига кўп дуч келамиз.
Ўтмишда гўй ва чавгон ўйини машҳур бўлган. Гўй — тўп каби юмалоқ, чавгон — учи қайрилма узун таёқ. Маъшуқанинг сочини — чавгонга, ошиқнинг боши-ни — тўпга ўхшатиш мумтоз шеъриятда машҳур бўлган. Чунки маъшуқанинг қоп-қора, узун, гўзал ва хушбўй сочи ошиқни шайдо қилиб, бошини айлантиради, ўйнайди. Чунончи, Ҳофиз Хоразмий ҳам сочининг чавгонини кўриб, бошимни тўп қилиб, оёғинг остига ташлагим келади, дейди:

Анинг чавгони зулфини кўруб майдони ҳусн ичра,
Бошимни тўп бикин солсам не хуш бўлғай адоқингға.

Шоир ташбеҳлари кўпинча ҳаётдан олинади: ўт тафтида кабобнинг сели оққани каби фироқ ўтида қон йиғласам, ажаб эмас:

Қон ёш йиғласам, не ажабдур, фирокдин,
Иғлар зарурий ўтнинг устинда чун кабоб.

Шарқ мумтоз шеъриятида машҳур бўлган талмеҳ санъатини Ҳофиз Хоразмий ижодида ҳам кўп учратамиз. Бу борада у ўз фикрини тасдиқлаш учун асосан диний қиссалар, ошиқ-маъшуқлар ҳақидаги афсоналарга мурожа-ат қилади. Чунончи, мана бу байтда ўзини севгани (ўғли) ҳажрида дардга чалинган Яъқуб пайғамбар, маъшуқасини Юсуф алайҳиссаломга нисбат бериб, агар Юсуф Яъқубни сўраб келса, байт ул-аҳзон, яъни ғамхонам — айшхона бўлар эди, дейди:

Айшхона бўлур эрди манга байт ул-аҳзон,
Хаста Яъқуб сўра Юсуфи Канъон келса.

Яъқубнинг ошиққа нисбати — унинг ҳам кўзининг оқу қораси ҳажрида ранжу азоб чекиб, хаста бўлиб қолгани, Юсуфнинг маъшуқага ўхшатилиши — ҳусну жамолда беназирлиги. Ана шу ўзаро ўхшашликдан шоир ўз бадиий мақсадини амалга ошириш учун маҳорат билан фойдаланган.
Қуйидаги байтда шоир ўзининг маъшуқасидан айрилганлигини Яъқуб пайғамбарнинг Юсуф алайҳиссаломдан жудо бўлганига ўхшатади — энди мен ҳам ғам кулбасига кириб олиб, кеча-кундуз зор-зор йиғласам, айб эмас, дейди:

Ўш эмди кулбаи аҳзонда Яъқуби ҳазин янглиғ,
Қилурман зоре, чунким Юсуфи Канъон жудо тушди.

Маълумки, Исо пайғамбар Шарқ адабиётида нафаси ўликни тирилтирадиган, сўзи жонсиз жисмга жон бағишлайдиган зот сифатида таъриф-тавсиф этилади. Кўпинча маъшуқа Исо Масиҳга нисбат берилади ва ҳатто, ундан устун қўйилади. Оллоҳнинг пайғамбаридан устун қўйилдими, билингки, бу ерда сўз илоҳий маҳбуба хусусида бораяпти. Зеро, ҳаёт гўзалини мусулмон шоирлар Оллоҳнинг пайғамбаридан устун қўйиши мумкин эмас. Жумладан, қуйидаги байтда Ҳофиз Хоразмий ҳам шаккар сочувчи лабинг сўзга келди-ю, кўз Исо ўрнига мўъжизотни кўра бошлади, дер экан, уни сира дунёвий мазмунда талқин қилиб бўлмайди:

То лаби шаккаршифонинг сўзга келди, эй санам,
Кўз кўра бошлади Исо ўрнини, бас, мўьжизот.

Мана бу байтда эса маъшуқа лаби — оби ҳаётга, унинг хати — лаби устидаги майин туклари оби ҳаётни ўраб турган зулматга ташбеҳ этилади:

Лаби лаълингким, эрур ошиқингға оби ҳаёт,
Хизри хаттинг кўрунур теграсида чун зулумот.

Севганимнинг ҳажрида йиғлай-йиғлай менинг ҳам кўзим Яъқуб каби кўр бўлиб қолди. Бу ҳолни маҳбу-бамга — Юсуфи Канъонга ким етказади? Яъқуб-ку, бошқа ўғиллари туфайли жонажон Юсуфидан хабар топди, улар отанинг аҳволини ўғилга етказдилар. Лекин бу ошиқнинг аҳволини маъшуқага билдирадиган киши йўқ — шоир оҳу фиғони чегара билмаслигининг сабаби шунда:

Яъқубсифат ҳоле — кўзум тийра бўлибдур,
Бу ҳолни ул Юсуфи Канъонга ким айтур?

Шоир шакли биру маъноси ҳар хил сўзларга асосланган тажнис санъатидан ҳам ўз ижодида кенг фойдаланади. Хусусан, ғазалларининг матлаъини кўпинча тажнис асосига қуради.
Муболаға санъатидан ҳам шоир маҳорат билан истифода этади. Чунончи, қуйидаги байтида шоир оҳим ўти сандонга асар қилди-ю, маъшуқамнинг тош кўнглига таъсир ўтказолмади, дейди:

Оҳим ўти сандонға асар қилди ва лекин,
Қилмади анинг кўнглина бир зарра сироят.

Маъшуқанинг сеҳри шунчалик кучлики, у назар қилган зарра қуёш қадар юксалади:

Агар заррага зарра қилсанг назар,
Ўшул зарра хуршиди рахшон бўлур.

Ҳофиз Хоразмий ирсоли масал санъатини ҳам моҳирона қўллайди. Масалан, «Ганж вайронада бўлади», деган халқ таъбиридан фойдаланиб, мана бундай гўзал мисралар тизади:

Холи эрмас ул лаби лаъли хаёлиндин кўнгул,
Ганжнинг, оре, мақоми гўшаи вайронадир.

Бу ерда маъшуқа лаби — ганжга, ошиқ кўнгли — вайронага ўхшатилмоқда: ганж вайронада бўлгани каби менинг хароб кўнглум ҳам сенинг хаёлинг билан обод.
Ҳофиз Хоразмий Қуръон оятлари, диний мавзулар, пайғамбар ҳадисларидан ҳам ўз поэтик мақсадини амалга ошириш учун маҳорат билан фойдаланади. Чунончи, қора танли Билолнинг (пайғамбар саҳобаларидан) ислом дини йўлидаги хизматларини улуғлаш, Оллоҳ олдидаги юксак нуфузини тасдиқлаш мақсадида Муҳаммад алайҳиссалом: «Қиёматда Билолнинг ранги жаннат ҳурларига хол қилиб берилади», — деб лутф этганлари маълум. Қуйидаги байтида шоир шунга ишора қилади:

Юзи узра холмудур, жаннат ичра ё Билол,
Ё гулистони Эрамни сақлаған бир зоғ бор.

Муҳаммад алайҳиссалом ўлимларидан олдин мураққаъ (кийим)ларини Яман саҳросидагн оддий чўпон Увайс Қаранийга васият қилганлар. Чунки пайғамбаримиз кўнгил кўзи билан ундан «Оллоҳ ошиғининг иси» келишини, қалбида илоҳий ишқ доғи борлигини кўрганлар. Шоир бундан фойдаланиб, оддий саҳройи бир чўпонга Оллоҳ пайғамбарининг меҳри тушгани каби мендай бир бечоранинг кўнглида ҳам сендай ҳусн шоҳининг ишқи доғи бўлса, не ажаб, дейди:

Кўнглумда бўлса доғи нишонинг, ғариб эмас,
Чун Мустафо нишони Увайси Қаранда бор.

Шоир учун ёри шунчалик азиз ва муқаддаски, ундан шикоят қилиш жоиз эмас. Агар Қуръон битилган варақ ўзидаги илоҳий оятлардан шикоят қилган такдирдагина, мен ҳам ўз ёримдан нолишим мумкин, дейди у ўта муболаға, нозик лутф ишлатиб. Варақ юзига ёзилган илоҳий оятлардан шикоят қилмаслиги аниқ, бинобарин, шоирнинг ҳам ўз маъшуқасидан зори йўқ:

Қилур эрдим шикоят — қилса эрди
Варақнинг ҳарфи Қуръондин шикоят.

Мумтоз шеъриятда тажоҳули орифона деган санъат бор: бу бир нарсани билиб-билмасликка олиш, ўзини бехабардай кўрсатишдан иборат. Агар у ситамгар динсиз бўлмаса, ошиғига мунча жафо қилади, дейди шоир ўзини тағофулга солиб. Ахир динда бировга зулм қилиш тақиқланади:

Агар динсиз эмас ул турки бадкеш,
Жафо қилмоқи жонға бас нединдур?

Табиат манзаралари тасвирига бағишланган, хусусан, баҳор таърифидаги шеърларида олам гўзалликларидан завқланиш, ҳаёт лаззатидан баҳраманд бўлишга чақиради. Бу ўринларда унинг эркин фикрлилиги, исёнкорлиги очиқ намоён бўлади:

Биҳишту ҳавзи кавсар сўзи бас дуру дароз эрур,
Чаманнинг гаштини айлаб, канори жўйбор изда.
Насими жонфизони олам ичра топмадинг эрса,
Топар вақтини айталим — ани фасли баҳор изда.

Маълумки, шоирларнинг ўз истеъдод кучи, асарлари, шуҳрати билан ифтихор қилиб ёзган шеър ва байтларида кўпинча камтарлик билан менинг ёзганларим улуғ сўз усталарига ҳам маъқул бўлади, агар фалончи шоир ҳаёт бўлганда истеъдодимга таҳсин ўқирди, қабилида фикр юритадилар. Баъзида шеърларининг довруғи атрофга ёйилганлигини фахр билан маълум қиладилар. Бундай фахрия байтлар Ҳофиз Хоразмий ижодида ҳам кўп учрайди. Чунончи, қуйидаги байтда у ўз-ўзига мурожаат қилиб, сен Хоразмда ўз-ўзинг билан овора бўлиб юрма, шеърларин шуҳрати Табризгача етди, дейди:

Қолмағил дар банд Хоразм ичра, эй Хофиз,
мудом, Сўзларинг овозасидан тўлу чун Табрез эрур.

Ҳофиз Хоразмий девони 1052 ғазални ўз ичига олади. Шундай қилиб, Ҳофиз Хоразмий Алишер Навоийгача бўлган ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан ҳисобланади. Шоир ижодини тадқиқ этиш, таржимаи ҳолига оид маълумотларни топиш адабиётимизни бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан