Facebook
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидин PDF Босма E-mail

Шаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга,
Бир гули раъно ғамидин боғ зиндондур манга.

Базми ишрат ичра сиз май нўш этинг, эй дўстлар
Ким, насиб ул лаъллаб ҳижронидин қондур манга.

Чиқти ақлу фаҳм ила сабру кўнгул тан мулкидин,
Чиқмайин бир лаҳза заҳмат бергучи жондур манга.

Ўқи баским тандадур, тегмас танимға ўзга захм,
Улки ўқ деб нола қилдим, эмди қалқондур манга.

Уйла расвоменки, кўю кўчада ҳолим кўруб,
Баъзи эл гирёну баъзи халқ хандондур манга.

Ҳажридин бағрим судур, ул су аро болиғ киби,
Дарду меҳнат ўқидин бир неча пайкондур манга.

Ҳур мужгонин агар суртай, деса, қилман қабул
Ким, аёғда орзу хори муғилондур манга.

Май ичиб тоатни фавт этмангки, ул ўт тобидин,
Неча боқсам баҳра ҳоло доғи ҳирмондур манга.

Эй Навоий, халқ дер: жон беру ё кеч ишқидин,
Гарчи бу душвор эрур, лекин ул осондур манга.

Бир ойдан ажралганим туфайли шаҳар менинг учун бир ғурбатхона - қайғу, алам уйидир. Бир гули раъно ғами туфайли боғ мен учун мисоли бир зиндондир.
Эй дўстлар, сиз ишрат базмида май лаззатини тотаверинг. У ёқут лаб гўзал ҳажридан менинг насибам қондир.
Таним мамлакатидан ақлу фаҳм билан сабру кўнгил чиқиб кетдилар. Фақат жоним чиқишни истамай, менга захмат еткизяпти.
Ёрнинг ўқи танамда экан, бошқа бир ўқ танимга тегмас. Ўқ деб нола қилганим энди мен учун қалқон бўлиб қолди.
Шундайин шармандаманки, кўча-кўйда ҳолим кўрган баъзи эл алам чекса, баъзи одамлар менинг устимдан куладилар.
Ёрдан айрилганим учун жигарим сувга тўлди, ўша сувдаги бир балиқ каби дарду алам ўқидан бир неча ўқ жисмимга қадалгандир.
Жаннат ҳури киприкларини менга сурмоқчи бўлса, розилик бермайман, чунки чўл ўсимлиги - муғилон тиканининг оёқларимга қадалиши менинг орзумдир.
Май ичиб тоат-ибодатни қўлдан бермангки, у ўт алангасидан умидсизлик доғигина менга баҳра беради.
Эй Навоий, одамлар ёрингга жонингни бер ё унинг ишқидан кеч дейишади. Буниси қийин-у лекин униси менинг учун осондир.

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан