Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлуб ўтган эди. Лекин, улар қуруқ махташлар ҳам анчагина фалсафалардан тўлдирилған; шунинг учун Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларини бўлғани каби тасвир қилиб бериш хизматидан ожиз мақолалар[1] эдилар. Ўзбек адабиёти тарихини ёзиб турғаним муносабати билан Аҳмад Яссавий билан анча машғул бўлушға тўғри келди. Мана шу машғулиятларнинг қисқағина бир хулосасини «Маориф ва ўқитғучи» журналининг ўқиғучилариға арз этишни муносиб кўрдим.
Тасаввуф тўғрисида
Араб бўлмаған ўлкаларни дин исмидан истило этган арабларнинг диний ҳам миллий таассублари, маҳаллий дин, маҳаллий маданиятға қаршу ислом исмидан қаттиғ курашлари, араб бўлмаған миллатларға ғўр қараб таҳқир қилишлари (айниқса, умавийлар замонида) араб-халифат саройининг оғир исрофли чиқимлари, араб волийлари ҳам шунларнинг думлари бўлуб яшаған маҳаллий хонлар, бекларнинг оғир талаблари остида халқ, айниқса, мустамлака халқи сўнг даража эзилған эди. Мана шу эзилишдан туғулған умумий норозиликлар исломнинг то бурунғи замонларидан бошлаб турли сиёсий, диний оқимларға, мухолифатларға йўл очиб, шунларнинг кенгайишига сабаб бўлған. Мана шул мухолифат оқимларининг энг каттаси, энг кенги ҳам жуда устаси ўзининг асосларини ислом таассуби остида эзилған маҳаллий эътиқодлардан олиб майдонға чиққан тасаввуф оқимидир. Тасаввуф оқимининг усталиги унинг секинлик билан, мухолифатни сездирмасдан юрушидадир. Жомий, Ибни Арабий, Абдулкарим халифа каби эътиборли тасаввуф муҳаррирларининг кўрсатганларига кўра тасаввуфнинг турли даражалари, турли манзаралари бор (ёзиб турғаним ўзбек адабиёти тарихида бу тўғрида муфассал маълумот бор)[2]. Юқорида деганим каби тасаввуф маслаги мустамлакачиларнинг маҳкумларға қилған адолатсизлиқларидан ҳам бу адолатсизлиқнинг диний таассубға, динга таянғанидан чиқған акси таъсиридир. Шунинг учун тасаввуфнинг юқори поғоналарида, юқори босқичларида диний таассубға, динға, шариъатга қаршу унсурларнинг борлиғи, кўблиғи аниқдир. Тасаввуф маслакига кирганлар биринчи босқичда исломнинг бутун ҳукмлариға, ахлоқ, ибодат, эътиқодға оид бўлған бутун дастурларини қабул қилиб кирганлари ҳолда сўнг босқичларға тўғри келгач буларнинг ҳаммасидан, ҳеч нарса сезмасдан узоқлашиб қоладилар. Қиёмат, меърож, жаннат, жаҳаннам, таҳорат, намоз каби ислом дастурларини таъвил қиладилар, уларга ўзларича маъно берадилар. Бу ишлар шунча усталик билан борадирким, «мурид» охирғи манзилга етканча қаёққа бориб турғанини сезмай қолади. Тасаввуф ислом ўлкасида то исломнинг бурунғи асрларидан кўруна бошлаған. Ҳижрий иккинчи асрда Шақиқ Балхий, Иброҳим Адҳам каби машҳур тасаввуф намояндалари Туркистон ўлкасида етиша бошлаған эдилар.
Яссавий ким бўлған?
Ҳижрий бешинчи асрда Эроннинг Ҳамадон шаҳриға яқин бир ўрунда туғулған Юсуф Ҳамадоний деган бир одам диний илмларни ўрганиб, катта шуҳрат эгаси бўлғач, тасаввуфға ҳам берилған эди. Мана шул мулла-мутасаввиф Марв, Бухоро, Самаркент (Самарқанд) шаҳарларида хонақоҳлар қуруб шайхлиқ қила бошлайди. Бизнинг Аҳмад Яссавийимиз ҳам мана шул Юсуф Ҳамадонийнинг муриди, учунчи халфасидир. Аҳмад Яссавий, бир ривоятга кўра Ясси (бугунги Туркистон) шаҳрида, бир ривоятга кўра Сайрамда туғулған. Унинг қачон туғулиши маълум эмас. Бироқ вафотининг ҳижрий 562 да бўлғанини ҳамда «Девони ҳикмат»идаги шу:
Тўрт юз йилдан кейин чиқиб уммат бўлғай, Неча йиллар юруб халққа хизмат қилғай —
байтини назарда тутиб, ҳар ҳолда унинг ҳижрий тўртинчи асрнинг иккинчи ярмнда туғулғаниға ҳукм қилиш мумкиндир. Яссавийнинг отаси Шайх Иброҳим исмли эшон бўлуб, унинг ёшлигида ўлган. Ятим қолған Яссавий у замоннинг машҳур шайхларидац Арслонбобдан (бошланғич тарбия) олған. Арслонбоб ўлгандан кейин бизнинг Яссавий пир излаб Бухорога келган, юқорида ёзғанимиз Юсуф Ҳамадонийға учраб, шунга мурид бўлған. Юсуф Ҳамадоний ўлгандан сўнг учинчи халфаси бўлуб шайхлиқ қилған. Бир оздан сўнг Бухоро шайхлигнни Юсуф Ҳамадонийнинг тўртунчи халфаси бўлган Абдулхолиқ Ғиждувонийға топшириб, ўзи Яссиға қайтған. Онда дала халқидан кўб мурид йиғиб, хонақоҳ очиб шайхлиқ қилған. Яссавийнинг форс адабиёти вазн ва услубида эмас, турк миллий вазнида, халқ адабиёти услубида ёзғани мана шул Яссига қайтиб, дала халқидан муридлар тўплағанидан кейин бошланған бўлса керак. Яссавий олтмиш уч ёшига киргач, хонақоҳда ер ости(дан) бир чиллахона қоздириб, шунга кирган ва дунёдан алоқасини кесган каби кўрунуб шайхлиқни давом эттирган ҳам шунда ўлган. Вафоти ҳижрий 562 нчи йилдадир.
Ҳикматлари
Аҳмад Яссавий шеърларининг ҳар парчасига «ҳикмат» унвони берилган, тўпланиб китоб(нинг) шаклига келтирилган. Бу кун орамизда бу китобнинг бир кўб қўлёзма нусхалари бўлғани каби Тошкент, Истанбул, Қозон шаҳарларида босилған босма нусхалари ҳам кўбдир. Аҳмад Яссавийнинг бу асари ҳижрий бешинчи-олтинчи асрнинг адабий бир емиши[3], яъни машҳур «Қутадғу билиг» китобидан бир аср сўнгра «Ҳибат ул-ҳақойиқ» китоби билан бир асрда ёзилмиш бўлғани учун адабиёт, айниқса, эл тарихимиз учун катта аҳамиятлиқ асарларидан саналса керак эди. Ҳижрий бешинчи-олтинчи асрда ёзилған туркча асарларнинг озлиғини кўзга олғанимизда бу асарнинг қиймати яна ортған бўлур эди. Лекин бахтга қаршу масъаланинг шу томони кутганимиздан бироз бошқачадир: «Девони ҳикмат»нинг бу кун маълум бўлған нусхаларининг ҳаммаси сўнг замонларда ёзилған нусхалардир. Унинг Яссавий замониға яқин бир замонда ёзилған бир нусхаси майдонда йўқ. Букун «Девони ҳикмат»лардағи парча ҳақиқатан Яссавийникими? Ундан сўнгра давом этган шогирдлари, муридлари унинг отиға баъзи парчалар ёзиб тарқатмадиларми? Бу кун(ги) «Девони ҳикмат»нинг ҳаммаси, ҳеч бўлмағанда бир қисми сўнг замонда етишкан мана шунақа шогирдларининг асарлари эмасми? «Бу кун илм дунёсида маълум «Девони ҳикмат»ларни мана шундай шубҳалар остига қолдириш мумкин. «Девони ҳикмат»нинг Яссавий замониға яқин бир замонда ёзилған бирор нусхаси топилмагунча, бу шубҳаларни йўқотиш мумкин эмас. Бу шубҳалар йўқолмағунча, маълум «Девони ҳикмат»ларни тил тарихи қарашидан текширишдан илмий бир натижа чиқмайди»[4].
Яссавийнинг таъсири
… Ўтган шоирлар, адиблар, сўфилар орасида Яссавий қадар ўз таъсирини кенгайтган бир кишини учратиб бўлмайди. Ўрта Осиёнинг шайхлари, эшонлари Яссавийни ўзларига пир, устоз деб танийдирлар. Аҳмад Яссавийдан кейин унинг услубида шеър ёзмоқ турк шайхлари орасида «мўда» шаклига кирган. Булар услуб, вазн, мафкура ёғидан Яссавийни айнан тақлид қилиб «ҳикмат»лар ёзган ва бу ҳикматларни мачитларда «жаҳр»[5] кунларида ўқутғанлар. Унинг маслагида бўлған Мансур ота, Абдумалик ота, Тож хўжа, Саид ота, Сулаймон ота, Занги ота, Узун Ҳасан ота, Исмойил ота, Исҳоқ ота, Садр ота, Бадр ота, Али шайх, Маҳдуд шайх, Қамол шайх, Ходим шайх, Ҳалил ота каби шайхлар, эҳтимолким, шу йўлда ҳикматлар ёздилар. Лекин буларнинг асарлари бу кун майдонда қолмаған. Ёлғуз ҳаким Сулаймон отанинг ҳикматлари машҳурдир. Аҳмад Яссавийни таъқиб этган[6] кишилардан бизга маълум бўлғанларидан бири ҳижрий 1263 да вафот қилған Азим Хўжадирким, ҳикматлари ҳижрий 1312 да Тошкентда «Ҳикмати эшони Азим Хўжа» унвони билан тош босмада босдирилғандир. «Девони ҳикмат»нинг Истанбул босмасида Юсуф Байзавий, Қозон босмасида Қул Ғариб тахаллуслари борким, булар Аҳмад Яссавий мактабида етишкан шоирлардир. Ёлғуз Ўрта Осиёда эмас, тоторлар орасида ҳам Яссавий билан унинг шогирдлари Сулаймон отанинг катта эътиборлари бўлған, уларнинг ҳикматлари халқ орасида қўлдан-қўлга юруб ўқулған, ҳатто неча дафъалар босилиб тарқатилған. Тоторлар орасида жуда машҳур ва мўътабар бўлган «Бадавом»да Яссавий ҳикматларининг шакли кўруниб тургани каби Яссавий ҳам Сулаймон ота услубларида халқ шеърлари ҳам бўлуб ўткан (Тотор адабиёти тарихи. Феўдализм даври. Иккинчи босма. А. Раҳим, А. Азиз, б. 140). Озари(й)ларнинг машҳур мутасаввиф шоирлари бўлған Сайид Имод Насимий, туркман халқ шоири Махтумқулининг, усмонли халқ мутасаввиф шоирларининг Аҳмад Яссавийдан таъсирланганлари илм дунёсида маълумдир. Булардан охиргисини кенг бир шаклда изоҳ қилмоқ учун усмонли олими Кўпрулузода ўзининг китобини ёзиб чиқардиким, адабиётимизнинг тарихи билан қизиққан кишиларга мутолааси лозимдир[7]. Яссавий асарларининг бунча кенг доирада ёйилиб ўқулғани ҳам тақлид этилғани, туркий халқларнинг оммаси аро ҳаёт ва онг томондан «бир турлилик»нинг давом этканига далил бўлса керак.
Яссавийнинг муҳити
Яссавийнинг ҳижрий бешинчи асрнинг охирларида етишиб, олтинчи асрнинг охирларигача яшаганин юқорида кўрган эдик. Яссавийнинг мафкурасини очиқ кўриш учун Ўрта Осиёнинг ҳижрий бешинчи-олтинчи (милодий 11 нчи—12 нчи) асрлардағи ҳолларининг хулосасини қисқача тасвир этмак лозимдир. Марказлари Бухорода бўлған сомонийлар ҳукумати ҳижрий 4-асрнинг яримларида кучсизлана бошлаған. Қашғардағи қорахонийлар ҳукумати тез-тез Ўрта Осиёға ҳужумга киришкан, сомонийлар сулоласи тамом бўлгандан сўнг Ўрта Осиё қорахонийлар томонидан идора этила бошланди. Шул кунларда Бухоро қашқарлиқ Иликхон қўлида бўлса ҳам унинг Самарқанд, Кеш (Қарши — Беҳбудий)[8] ҳам Қўқон вилоятларидағи ҳокимияти ҳеч эди. Мунда ҳар бир волий ўзбошинча ишлар эди. Баъзан бу волийлардан тўрт-бешталари бирлашиб, Маҳмуд Ғазнавийдан ёрдам олиб, Иликхонга ҳужум қилар эдилар[9]. Қорахоний сулоласи замонида ҳукмдор битта эмас эди. Кўчманчи, ярим кўчманчи халқларнинг ҳаммасида бўлғанидек, қорахонийлар хам бошда мухторияти кичкина вилоятларға бўлинған, сўнгралари булардан ҳар бири мустақил ўлкалар саналған, буларнинг ўзаро чегаралари тез-тез ўзгариб турған, кўбрак ўзаро урушлар билан ҳам машғул бўлғанлар[10]. У замонлар қорахонийлар мусулмон уруғларидан эдилар. Булар мана шул ҳолларда яшағанда «кофир» турклардан қорахитойларнинг ҳужумлариға ҳар вақт учраб келдилар. Милодий ўн иккинчи (ҳижрий олтинчи) асрда қорахитойлар Ўрта Осиёни истило қилдилар. Қорахитойлар ҳам истило қилғанлари ўлкаларни маҳаллий феўдалларға топшириб, олий ҳокимиятинигина ўз қўлларида сақлаған эдилар. 12-асрда Бухорода энг катта бой ва мулла бир оила ҳукум сурардиким, буларга «ал-Бурҳон» ёхуд «садр»лар унвони берилган эди[11]. Булар бошда қорахонийларға тобеъ эдилар. Қорахитойлар келгач, «садр» Ҳисомутдин Умарни ўлдуруб, буларни ўзлариға қаратған. Бу «садр»лар ҳукуматининг ёнида қорахи-тойларнинг бир вакили турар эди. Бешинчи-олтинчи асрларда давом этган бу тортишмалар, жанжалларнинг зарари беклар, аслзода бойлар ҳам уларнинг қуйруқлари бўлғанларға қарағанда кўбрак тубан синф, қора халқ аталған оммага зарар берар эди. Узун сурган урушларда экин ерларнинг емирилиши, чорваларнинг ёйлоқсиз қолиши, бир кўб кишиларнинг юртидан ҳайдалиши, бир кўб оилаларнинг бошлиқсиз бўлуб қолишлари табиъийдир. Анча муддат бу ҳолда қолған омманинг қайғуларға ботиб, ҳаётдан безиб, қалин бир умидсизликка тушмағанлиғини даъво қилиб бўлмайдир.
Мафкураси
Мана бизнинг Аҳмад Яссавийнинг адабий фаолияти шул жабрланиб, ҳаётдан безиб, умидсизланған синф орасида бўлди. Яссавий жамиятнинг юқоридағи воқиалардан зарарланмаған, балки фойда қилғувчи беклар, оқсуяклар, аскар бошлиқлари ҳам шунларнинг қуйруқлари бўлиб яшаған мулла, эшонлар қаторида бўлмади; мазлум синфнинг орасида бўлди. Шуларнинг қайғулари билан йиғлашга мажбур бўлди ҳам йиғлади. Яссавий у замоннинг ҳоким синфини айрим гуруҳ унвонлари билан атаб, бир гуруҳнинг адресига қаттиғ сўкушлар тақдим қилади:
Дунё маним деганлар, жаҳон молин олғанлар, Каркас қушдек бўлубон ул ҳаромға ботмишлар. Мулла, муфти бўлғанлар, ноҳақ даъво қилғанлар, Оқни қаро қилғанлар, ул томуққа кирмишлар.
Қози-имом бўлғанлар, ноҳақ даъво қилғанлар, Химор[12] янглиғ бўлубон юк остида қолмишлар. Ҳаром еган ҳокимлар, ришват олиб егонлар, Ўз бармоғин тишлабон қўрқуб, қуруб қолмишлар, Тотлиғ тахтда ўлтурған туфроқ аро ётмишлар.
* * *
Доми тасвир қўюб халқни йўлдан урдук, Шайхлиқ қилиб риё билан дўкон қурдук. Ишрат қилиб шайтон бирла даврон сурдук, Дийдориға сени не деб раво қилсун.
* * *
Эшону шайх, хўжа, мулла дунё излар, Ул сабабдин подшоҳларға ёлғон сўзлар. Оят, ҳадис сўзин қўюб молни кўзлар, (Ҳақ йўлида ҳаргиз меҳнат тортқони йўқ)[13].
* * *
Охир замон олимлари золим бўлди, Хушомадни айткучилар олим бўлди. Ҳақни айтған дарвишларға ғаним бўлди, Ажаб шумлик замоналар бўлди, дўстлар.
* * *
Подшоҳларда, вазирларда адолат йўқ, Дунё учун бир-бириға қилмас шафқат. Золимларға асир бўлуб қолдим мано. Ул сабабдин подшоҳ қилур менга жафо.
* * *
Охир замон бўлғандир; подшоҳ золим бўлғандир, Ҳаром, шубҳа тўлғандир, ҳайрон қолур Хўжаҳмад.
Яссавнй замонининг эзилған йўқсул синфига «ғариб, ятим, фақир» унвонлари беради, ўзини уларнинг ҳомийси каби кўрсатишга тиришади:
Ғариб, фақир, ятимларнинг бошин силаб, Кўнгли қагтиғ халойиқдин қочдим мано.
* * *
Ғариб, фақир, ятимларни қилғил шодмон, Хулқлар қилиб азиз жонинг қилғил қурбон.
* * *
Ғариб, фақир, ятимларни ҳар ким сўрар, Рози бўлур ул бандадин парвардигор.
Яссавийнинг бу мавзудаги парчалари орасида:
Ятимни кўрсангиз оғритмангизлар, Ғарибни кўрсангиз доғ этмангизлар.
Ятимлар бу жаҳонда хор экандир, Ғарибларнинг иши душвор экандир.
Ғарибларнинг иши доим сулукдир, Тирик эрмас, ятим мисли ўлукдир.
Ҳам:
Ғарибларни кўрган ерда оғритмангиз, Ятимларга аччиғланиб сўз қотмангиз. Заъиф кўруб, ғарибларга тош отмангиз, Бу дунёда ғарибликдек бало бўлмас
парчалари каби самимий, ёниқ фиғонлар ҳам бордир. Биз Яссавийнинг шу қадрини, албатта, тақдир қиламиз. Ёлғиз шу ёқдангина қарағанда унинг ўз замонидағи йўқсулларнинг қайғуларидан хабарли, улар учун йиғлаған, уларнинг душманларига сўкиш билан, насиҳат билан мурожаатлар қилған бир йўқсуллар шоири каби қабул қиламиз, албатта. Лекин у қадар билан қолмасдан Яссавийнинг бошқа ёқларини ҳам текширишга мажбурмиз. Бир шоирни, айнуқса, Осиёнинг кенг бир қисмига таъсир қилиб, 7 ярим асрдан бери яшаб келган — бир шоирни текширганда, масъалани бир ёқли қўймоқ — тўғри илмий бир натижа бермайди. Йўқсуллар учун қайғуриб, уларнинг дардларини куйламакчи бўлған Яссавий уларнинг қутулиш, нажот йўлларини ҳам излаганми, улар(га) қутулиш учун бир дастур, бир йўл кўрсатганми? Албатта, кўрсатган! Кошки кўрсатмаган бўлса эди! Қўлимиздағи «Девони ҳикмат» китобларининг Яссавий отидан қилиб берганлари таълимот жамиятдағи оҳангсизлиқдан, адолатсизлиқдан қутулмоқ учун унинг кўрсаткан чоралари шу қадар ярамас, шунча зарарлидирки: унннг таълимотига чин кўнгулдан ишониб, самимий суратда эргашган бир миллат топилса эди, у миллатнинг дунёда «тирик экан ўзига гўр қазмоқ» дан бошқа бир вазифаси қолмаған бўлур эди[14]. Яссавийнинг золимларға қаршу камбағалларга берадиған насиҳатлари мана шу йўлдадир: Золим агар жафо қилса «Аллоҳ» дегил, Илкинг очиб дуо айлаб бўйунсунгил. «Ҳақ» додингға етмас бўлса «гила» қилғил[15], «Ҳақ»дин эшитиб бу сўзларни андим мано! Ким ҳиндустонли Гандининг «яроқсиз, қуролсиз қаршилик» деган шиорига жуда ўхшайди. Аҳмад Яссавий бу қадар билан қолмайди. У ҳоким синфнинг адресига юқоридағи қаттиғ сўкушларни юбормоқ билан, камбағал синфни ҳаяжонга ке(л)тирган, қайнатғандек бўлғандан кейин фурсатнинг ғанимат эканини англайди, камбағалларнинг шул чоқдағи руҳий ҳолатларидан фойдаланмоқчи бўлуб, ўзига «мурид» қилиб олиш планини қуради. Гўё юқори табақанинг зулм-адолатсизликларига сабаб камбағалларнинг ўз гуноҳлари Худодан узоқлашганларидир. Яссавий Худо томонидан вакил бўлуб, камбағалларга қаратиб мана шундай дейди:
Сенга жазо яратганга ёлбормадинг, «Аллоҳ» дебон тунлар туриб игранмадинг. Ҳақиқатдан сўзлар айттим, эшитмадинг, Золимларнинг илгин узун қилдим мано!
Яссавий камбағал халқни ўзига мурид қилиб олмоқ учун у қадар ҳирс кўрсатадики, юқоридағи сўзлари билан бу сўзлари орасида бўлған кенг, чуқур мантиқсизликни англамай қолади ёки ўзини англамасликга солади[16].
Ҳақиқатан, Яссавийнинг юқоридағи шикоят ва сўкушлари билан бу теран фикри орасида каттакон бир мантиқсизлик бор. Бир киши туруб Яссавийға: «Модомики, феўдаллар ҳам уларнинг қуйруқлари томонидан камбағалларга қилинган зулмлар Худонинг амри билан бўлар экан; модомики, Худо у зулмларни камбағалларнинг бошига «жазо» қилиб юборған экан, «сен нега боя уларни шунча сўкуб ташладинг? Уларнинг гуноҳи йўқ экан-ку!» — деб қўйса. Яссавийнинг ҳеч бир жавоб қайтара олмаслиғи аниқдир. Лекин у замонларда Яссавийға ҳеч бир томондан мундай бир эътироз бўлмайди. Камбағаллар томонидан шундай эътироз бўла олмайди. Чунки у вақтларда уларнинг онглари бу масъалаларгача юксалмаган, феўдаллар, умуман, ҳоким табақа ҳам бундай эътирозни қилмоқ истамайди. Чунки Яссавийнинг бу мантиқсизлиги унинг учун фойдалидир. Унинг Яссавийга у томонидан ёрдам қилиши керак (шуни унутмайликки, бу мантиқснзлик Яссавнйғагина махсус эмас, Худога ишониб ҳар ишни ундан билган ҳар мўъмин бандага бу эътироз тегади). Яссавий ўзининг бу мантиқсизлиғига қаршу ҳеч бир томондан эътироз бўлмаслигини билгани учун фурсатдан истифода қилади. Ўзининг юқоридаги мантиқсизлиғидан ўзига кераклик натижалар чиқаришга киришади. «Ғариб эсанг, йўқсул, ятим, эзилган мазлум эсанг, мана шундай қил!» дейди.
«Зикр»ин айгил қонлар оқсин кўзларингдан, «Ҳикмат» айгил дурлар томсин сўзларингдан —
дейдирким, бунинг очиқ маъноси менинг «халқа»мга кириб ҳикматларимни эшитиб, «жаҳр» қил демоқдан бошқа нарса эмасдир.
Саҳарлари эрта туриб қон йиғлагил, «Пири муғон» этагини маҳкам туткил. Ҳаққа ошиқ бўлған бўлсанг жондин ўтгил (албатта, молдин ҳам)
Жондин кечган чин ошиқлар урён[17] бўлур. Бу дунёда фақирликда одат қилған, Хўрлик тортиб машаққатни роҳат билған, (Қул Хўжаҳмад!) яхшиларға хизмат қилған, Қиёмат кун андоғ киши султон бўлур.
Бундаги «пири муғон» сўзидан мақсад, «пир, шайх, эшон» эканини айтишга ҳожат йўқ, ўзи англашилади.
Демак, камбағал синф ҳалиги золимларнинг зулмларини Худодан, ўзининг гуноҳларидан кўради. Шунинг учун уларга бўйунсунади. Саҳарлар туруб, қонлар йиғлаб «тавба қилади, хўрликка одат қилади; фақирликка қаноат қилади; машаққатларни роҳат билади; пир муғоннинг этакини маҳкам тутади (яъни Яссавийга мурид бўлади), бўлмаған жойдан «тангри ишқи» ҳам тўқуб чиқаради-да, шу билан яшайди!.. «Нўви платўнизм» фалсафасидан бизнинг тасаввуфга ўткан бу ишқ масъаласи Яссавий ҳикматларида жуда катта ўрин тутади. Ҳикматнинг лирика қисми тамоман шул тасаввуф ишқига бойлангандир. Яссавийга кўра, бу ишққа берилиб, шу билан яшамоқ учун пирга инобат қилиш, «пири муғон»нинг этакини тутиш, албатта, лозим, чунки:
Қилавузсиз биёбонда юрганлар, Муҳаббатнинг қадрини қачон билур?
Яссавий мана шу фикрини ҳаммага тақдим қилади, унинг назарида:
Ишқсизларнинг ҳам жони йўқ, ҳам имони.
Ҳолбуки, яна, унга кўра, тасаввуф ишқиға берилгач, ҳаётдан алоқани кесиш лозим:
Ошиқларнинг суннатидир тирик ўлмак, Оқил ўлсанг гўристондан хабар олғил, Мен ҳам шундоғ бўлурман деб ибрат олғил, «Мавту қабла анта мавту»га амал қилғил[18].
Мана сизга қатъий бир дастур: «мавту қабла анта мавту» — «ўлимнингиздан бурун ўлингиз!..» Мана Аҳмад Яссавий томонидан таклиф этилган «тангри ишқи» нинг олиб борадиган жойи! Аҳмад Яссавий шу «дастур»га ўзининг амал қилғанини кўрсатмак учун кўб тиришади. Ўзини жуда қизиқ сўзлар билан таҳқир қилади:
Ўлганимда йиғилиб уринг юзминг таёқ,
* * *
Жанозамнинг орқасидан тошлар отинг, Оёқимдан тутиб, судраб гўрга элтинг. Ҳаққа қуллуқ қилмадинг деб янчинг, тепинг, —
дейди. Яссавий ўлгандан кейин муридлари, албатта, шундай қилмағанлар. Уни иззат, ҳурмат билан кўмганлар[19]. Ишнинг шундай бўлишини унинг ўзи билмаган эмас, билган. Бироқ диндор, содда халқни қайнатмоқ, уларнинг ихлосини ортдирмоқ тилаги билан буларни айтади. Ул юқоридағи «дастур»ига содиқ қолғанига бизни ишондирмоқ учун умрининг охирларида ер остига киради; хонақоҳида ер ости бир ҳужра қоздиради, олтмиш учга киргандан сўнг шунга кириб гўё ташқи дунё билан алоқасини кесади, «ўлгандан бурун ўлади!..»
Шул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.
* * *
Субҳи содиқ душанбе кун ерга кирдим.
* * *
Шул сабабдин ер остига кирдим мано
деганлари шуни кўрсатади. Омма орасида «қудсий[20] бир эътибор қозонған, даланинг содда элидан ўттуз-қирқ минглаб кишини ўзига мурид қилиб олғандан сўнг 63 ёшга кирган бир кишининг ер ости бир уй қозиб, шунга кириб ўтуруши, унинг таъмин этилган ҳаётига зарра қадар ҳалал бермайди. Ҳатто бу иш билан унинг эътибори ортади. Шуни қабул қиламизким, у замонлар ташкилотдан, бирликдан, синфий онгдан маҳрум бўлған, эзилған, мазлум камбағалларга Яссавийнинг бу ҳикматлари бир оз тасалли берган, уларни овутгандир. Лекин масъалага ҳаёт нуқтайи назаридан қарайлик: бир ўлкада яшаған халқнинг ҳаммаси ё кўбчилиги Яссавийнинг шу таклифларини қабул қилиб, ер ости чиллахоналари қозиб, кириб ўтурғанда шу ўлканинг ҳаёти нима бўлур эди!.. Яхшики, Яссавийга ишонғанлар бу жинниликни қилмағанлар, қилмағанлари билан уларнинг мияларида бу ташвиқотнинг ҳеч бир турли излари қолмаған деб даъво қилиб бўлмайди, албатта, қолған. Тунов кунгача, ҳатто қисман бу кунгача ҳам, айниқса, камбағалларимизнинг ҳаётга яқинлашмасдан «ярим тарки дунё» вазиятида яшағанлариға Яссавий ҳам унинг муридларининг таъсирлари бўлмади, деб ким даъво қила олади?! Тузук, Яссавийнинг тилга хизмати жуда каттадир. У мундан етти ярим аср бурун туркча шеърлар ёзған, камбағалларнинг дардларини куйлаган. Унинг асари тилимизнинг етти ярим асрдан қолған бир нишонаси. У асар тилимизнинг етти ярим аср бурунғи ҳолларини, қоидаларини кўрсатмак нуқтасидан жуда муҳимдир. Лекин бахтга қаршу биз бу кун орамизда мавжуд босма, ёзма «Ҳикмат» нусхалари билан бу масъалага яқинлаша олмаймиз. Юқорида айтганим каби Яссавийнинг ҳаётига яқин замонларда ёзилған бир нусха «Девони ҳикмат» топилмагунча, биз Яссавий ҳикматларини тил тарихи қарашидан текшира олмаймиз. Лекин унинг фикрлари, тирикчилик учун — тўғриси, ўлмак учун!.. халққа кўрсатган йўллари, буддизмдан олиб бизга ютдирмоқ истадиги дастурлар(и) қатъиян, айниқса, йигирманчи асрда зарарлидир. Унинг таъсирига қаршу курашмак инқилоб қарашидан, халқимизни ҳаётга аралаштириш қарашидан жуда ҳам лозим.
Яссавийда тасаввуфнинг даражаси
Мақоламиздаги баҳсларнинг робитасини, боғини йўқотмаслик учун юқорида тасаввуф тўғрисидағи муқаддимамизни қисқача такрорлаб ўтайлик: Исломда тасаввуф мустамлакачи арабларнинг мустамлака аристократлари билан бирлашиб, айниқса, мустамлака халқини эзишларидан ва бу эзишларнинг исломий ҳам араблик таассубиға таянғанидан чиқған бир акси таъсирдир. Шунинг учун тасаввуфда исломиятга қаршу унсурларнинг бўлуши табиийдир. Лекин бу унсурлар маслакга янги кирган кишиларга берилмаган, тасаввуфни даражаларға, босқичларға тақсим қилиб, биринчи босқичда исломнинг амирларига тамоман содиқ қолишни шарт этканлар. «Мурид» бу босқичлардан юқори чиқған сайин исломий асослардан узоқлашиб борған, унинг назарида дин, шариат, ибодатнинг аҳамияти қолмай бошлагандир. Масалан, теран бир мутасаввиф Абдулқодир Бедил динларнинг каъбаси билан бутхонасини бир-бирларининг ёнига қўйуб сўкади:
Гаҳе ба каъба мадаваму гаҳ ба суйи дебар, Девонаям зи-ҳар тарафан санг мезанад… Каъбаву бутхона нақши маркази таҳқиқ нест, Ҳар кўжо гум гашт даҳе сар манзеле орастеанд[21]
дейди. Машҳур тасаввуф шоирларидан Файзий Ҳиндий эса:
Бар фату йил руҳбан кадуҳи бода бекушим Исин хийлаки рийи футахар анашеноским[22]
деб қичқиради. Ҳижрий 297 да дорға осилған Мансур Ҳалложнинг воқеаси маълумдир.
Тузук, Яссавий ҳикматлари орасида Мансур Ҳалложга бағишлаб ёзилған бир-икки парча бор, унда:
Эсиз Мансур хўрлик бирла бўлди адо, Бир сўз бирла ёронлардин бўлди жудо —
деб қайғуради.
Шоҳ Мансурнинг «Анал ҳақ»и бежо эмас, Йўлни топқон, бизлар каби гумроҳ эмас, Ҳар ножинслар бу сўзлардаи огоҳ эмас.
* * *
Анал ҳақни маъносини билмас нодон
деб Мансур Ҳалложни оқлайди ҳам унинг душманлари бўлған, уни кофир деб остирған шариъат муллаларини сўкади. Яна Мансур Ҳаллож воқеасига ба(ғи)шланған бир парчада:
Афсонадир шариат, фарзонадир тариқат, Дурдонадир ҳақиқат ошиқларға муносиб
дегани каби бошқа бир ҳикматида:
Шариатдир ошиқларнинг афсонаси
деб тасаввуф қарашида шариатнинг бир афсонадан бошқа нарса бўлмағанини такрорланди. Лекин, бундай сўлликлар Аҳмад Яссавийда, умуман, оздир. Кўрсатганимиз мисоллардан бошқаси йўқ.
Шунинг билан баробар ул меърожға ишонади; жаннат, жаҳаннамға ишонади, одамларни охират азоблари билан қўрқутади, намоз ўқуйди, рўза тутади:
Рўза намоз қазо қилиб бўлди коҳил[23],
деб ўкунади.
Қиёматни шиддатидан ақлим ҳайрон, Сирот отлиғ кўпругидин танам ларзон,
деб ваҳималар тарқатади.
Демак: Аҳмад Яссавий сўфилар каби таъвилға ёношмайди[24]. Исломда бўлган нарсаларнинг ҳаммасини бўлған(и) каби қабул қилади. У юқори босқичдағи мутасаввифлардан эмас, зоҳиддир[25].
Адабий қиймати
Аҳмад Яссавий бизнинг халқ шоирларимиз каби мукаммал таҳсил кўрмаган бнр киши эмас. У бошланғич тарбияни Яссида Арслонбобдан олғандан кейин Самарқанд, Бухороға келиб таҳсил қилған. Шайх Юсуф Ҳамадоний каби ўз замонининг энг катта дин олими, энг улуғ шайхи бўлған бир кишига шогирд бўлған ҳам унинг учунчи халфаси бўлуб олған. «Ҳикмат»даги шеърларга ишонилса, Яссавийнинг Хуросон, Ироқ, Шом каби у замоннинг машҳур илмий марказларига ҳам бориб турғани англашилади:
Хуросону Шому Ироқ ният қилиб, Ғарибликни кўб қадрини билдим мано.
Шунинг учундирким, Яссавийнинг ўз замонида мўътабар бўлған илмларни, адабиёт қоидаларини жуда чайнаған бир киши бўлғанига ҳукм қилмоқ янглиш бўлуб чиқмайди. Шундай бўлса ҳам унинг адабиётда тутған йўли сода халқ шоирларимизнинг тутған йўлларидир. Унда Навоийнинг ингичка истиоралари, Бобирнинг форсча ёнишлари йўқдир. Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиётн аталған шеърлар билан баробар юради. Халқ адабиётимиздағи достонлар қисмининг «Қиссаи Иброҳим Адҳам», «Достони Зайн ул-араб»[26] каби мавзуъ эътибори билан мусулмонлиғлари бор. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматидағи «лиризм» (юракчилик) улардаги «лиризм»дан кучсизракдир. Масалан, «Достони Зайн ул-араб» даги шул:
Сал чекгунча ҳижрон жавру жафосин, Ман нега қурбонинг бўлмадим сани? Сан кўргунча зиндон дарду балосин, Ман нега қурбонинг бўлмадим сани?
парчаси борким, кучли «лирик» бир парчадир.
Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларида эса, шундай кучли парчаларга учраб бўлмайди.
Шундай бўлса ҳам Аҳмад Яссавий «лирик» бир шоирдир. Унда ҳам «Яссавийнинг мафкураси» баҳсида кўрсатганим:
Ятимлар бу жаҳонда хор экандир, Ғарибларни(нг) иши душвор экандир. Ғарибларни(нг) иши доим сўлукдир, Тирик эрмас ятим мисли ўлукдир.
каби самимий, ёниқ фиғонлар йўқ эмас, бордир.
––––––––––––– Мақола матни «Маориф ва ўқитғучи» журналининг 1927 йил 6-сонн (29—35-бетлар) ҳамда 7—8 (бир муқова остида, 39—44-бетлар) сонида эълон этилтан, ана шу манба бўйича нашрга тайерланган. Кейингн йилларда ушбу мақоланинг қатор қайта нашрлари амалга оширилди; Фитрат. Аҳмад Яссавий, «Санъат» ж„ 1991, 8-сон (нашрга тайёрловчи С, Аҳмедов), Яна китобда: Яссавий ким эди? —Т. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994. Б 18—33 (нашр муаллифи Б. Дўстқораев).
———————
[1] Фитрат бу ўринда қуйидаги мақола ва тадқиқотларни назарда тутади: А. Саъдий. Яссавий ким эди? «Инқилоб» ж., 1922, 5-сон; А. Саъдий. Имом Ғаззолий. «Инқилоб» ж., 1922, 6, 7, 8 ва 9— 10-сон. [2] «Ўзбек адабиёти намуналари» ҳақида фикр юритиляпти. Унда жумладан, шундай ёзилганди: «Биламиз; яссавийлар тасаввуф вакиллари. Тасаввуфнинг Аҳмад Яссавийдан бурун ҳам Ўрта Осиёда борлиги маълум. Бирақ тасаввуф маслаги Ўрта Осиёда Аҳмад Яссавий билан Абдухолиқ Ғиждувонийга эргашиб иккига ажраладир: бири Абдухолиқ Ғиждувонийга мансуб оқим бўлиб, иккинчиси Аҳмад Яссавийга мансуб оқимдир. Яссавий оқими далада яшаган кўчманчи халқлар орасида иш кўрган. Бу икки оқим тасаввуф орасида анчагина рақобат туйғуларининг ҳукм сургани «маноқиб» китобларидан маълум бўладир» (Фитрат. Ўзбек адабиёти намуналари. I жилд, Тошкент — Самарқанд, 1928, 74—75-бетлар). [3] Емиши — меваси. [4] Тирноқ орасидаги сўзлар прўфессўр Кўпрулузоданинг фикри бўлуб, жуда тўғридир — Ф(итрат). [5] «Жаҳр» сўзининг луғавий маъноси «ошкора», «овоз чиқармоқ» бўлиб, зикр (садр) тушиш жараёнида ошкора, баланд овозда Аллоҳнинг номи тилга олинади ва турли ҳаракатлар билан қалб тозаланади. Бу сўз ҳозирги ўринда «яссавия» тариқатининг иккинчи номи сифатида тилга олинмоқдаки, нақшбандийлар уларга қарши ўлароқ зикри пинҳон ёки қалб зикри билан шуғулланганлар. [6] Яссавийнинг ҳикматларини таъқиб этган, демоқчи, «ҳикматларини» сўзи тушиб қолган. Таъқиб этмоқ — эргашмоқ. [7] Фитрат тавсия этаётган китоб Туркияда саккиз марта нашр этилган бўлиб, сўнгги нашрига қаранг: Проф., доктор Фуод Кўпрулу, Турк адабиётида илк мутасаввифлар. 8-босқи. (Нашрга тапёрловчи ва шарҳлар муаллифи доктор Ўрхон Ф. Кўпрулу Анқара. 1993, 415-б.) [8] Қарши — Беҳбудий деб юритилишинииг сабаби Қарши шаҳри улуғ аллома ўша ерда қатл қилингани учун 1920 йилдан 1937 йилга қадар бу шаҳар Маҳмудхўжа Беҳбудии номи билан юритилган. [9] Вамберининг «Бухоро тарихи». Фотиҳ Каримий таржимаси, ж. I. [10] Бартольд. Туркистон тарпхи. Фотиҳ Каримий таржимаси, 36-б. [11] «Садр» сўзининг луғавий маъноси «бош бўлмоқ» ёки «бошлиқ» бўлиб, тасаввуфда шайхлардан кейинти мартаба ҳисобланган. Бу ўринда Бухородаги ал-Бурҳон, яъни бурҳонийлар хонадонига нисбатан қўлланиляпти. Бу оила Бухорони идора қилаётган мўътабар хонадон саналиб, бирор босқинчи уларга тегмаган. Унинг асосчиси, «Китоби муллазода»да кўрсатилишича, Абдулазиз ибн Умар бўлиб, бурҳонийлар ёки «садр» унвони уларга салжуқий ҳукмдори Султон Санжар томонидан берилган. [12] Химор — эшак демакдир. [13] Бу сатр Фитратнинг мақоласида нимагадир тушиб қолдирилган. Камол Эраслоннннг 1983 йили Анқарада чоп этилган «Девони ҳикматдан сочмалар» кптобидан олиб парча тўлдирилди. Қиёслаш учун қаранг: Ахмад Яссавий. Ҳикматлар. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, Т., 1991. Нашрга тайёрловчи, сўз боши ва изоҳлар муаллифи Иброҳим Ҳаққул. [14] Мақола иккинчи қисмининг услубидан сезиладики, унда айрим фикрларнинг баёни аввалги сондагига нисбатан кескинроқ айтилган, ҳатто уларга зид келиши ҳам мумкин. Фитрат замондошларининг хотирлашича, мақоланинг дастлабки қисми эълон этилгандан сўнг, олим таъқиб этилган ва унга «Яссавийни марксистик установкада туриб текшириш» таклиф қилинган. Шунинг учун айни шу ердан бошланаётган қатор мунозарали фикрларни тўғри қабул қилмоқ керакка ўхшайди. [15] Гила қилмоқ — шиква, яъни шикоят қилмоқдир. (Ғиёсул луғот, Душанбе, «Адиб», 1987, жилд 2, саҳ. 197). [16] Яссавий ҳикматларида бири иккинчисини рад этадиган фикрлар бўлиши табиий. Чунки, бизгача асарнинг асл матни етиб келмаган, у 17-асрга ннсбатан оғзаки равишда оғиздан оғизга кўчгани учун ҳам бундай зид фикрларни кузатиш мумкин. Бироқ Фитрат негадир уни мантиқсизлик деб атайди. Айни шу фикрни Фитратнинг ўзига нисбатан ҳам қўллаш мумкинки, бир ўринда шоирнинг айни фикрларини ёқтирса, кейинроқ уларга нисбатан танқидий муносабатда бўлади. Бунинг сабабини Фитратга буюрилган «марксистик установка»дан излаш керакмикин? [17] Урён — яланғоч. [18] «Мавту қабла анта мавту», яъни «ўлмасдан бурун ўлмоқ». Яссавий таклиф этган бу дастурни Жалолиддин Румий шундай шарҳлайди: «Ўлимга юз бургилу пардани чок эт. Лекин лаҳадга элтувчи ўлимнимас, янги руҳ туғдирувчи ўлимни танла». Қаранг: Радий Фиш. Жалолиддин Румий. Тошкент, 1986 (русчадан Жамол Камол таржимаси). [19] Яссавий ўлгандан кейин… ҳурмат билан кўмганлар. Гарчи тарихий воқеа бу айтилганга зид келса ҳам, Фитрат бунда қаршилантириш усули орқали «кўммоқчи бўлганлар» ўрнига «кўмганлар», деб айтмоқда. [20] Қудс — муқаддас, пок. Бу ўринда поклик билан ном қозонган, муқаддас деб тан олинган маънода ишлатилган. «Қудс» сўзининг иккинчи маъноси «эшитилган», «кўз билан кўрилган»га қарши «эшитилган» маъноси ҳам бор. [21] Бедилнинг ушбу байтини Фитрат «Бедил (Бир мажлисда)» рисоласида шундай шарҳлайди: «Ҳақиқатни Каъба билан бутхонадан излаб, унга-бунга югуриб юрганларни ҳар ёқдан тош билан урилмоқда бўлган девоналарга ўхшатадир. Каъбаси-да, бутхонаси-да ҳақиқат уйлари эмас, йўлчилар қаерда йўли адашган бўлсалар, шунда бир манзил ясаб кетганлар», Фитрат. «Бедил (Бир мажлисда)» Т., Абдулла Қодирий номпдагн Халқ мероси нашриёти, 1996, 23-б. (нашрга тайёрловчи Ҳ. Болтабоев). [22] Файзий Ҳиндий — Акбаршоҳ даврида яшаган форсигўй тасаввуф шоири. Бу шоир ҳақида ушбу манбага қаранг: Дж. Неру. Взгляд на всемирную историю. Т. I, М., 1989, 60-б. [23] Коҳил — суст, бўш, танбал. [24] Таъвилга ёвдошмайди ёки таҳвилга ёндошмайди, яъни нарсаларни ўзгартириб қабул қилмайди, рамзий-тимсолий маъно бермайди. [25] Зоҳид — дунё ишларидан воз кечиб, тақво йўлига кирган киши. [26] «Достони Зайн ул-араб» — Шарқда машҳур «Жангномайи Имом Ханифа» сюжети, асосан, мана шу достон воқеасидандир. «Зайн ул-араб» мавзусида достон ёзған ўзбек шоирлари орасида Нурмуҳаммад Андалиб ва Собир Санқалий Ҳисорий (1730—1798) кабилар бор. Қуйида келтиралажак парча Андалиб достонидан олинган.
Манба
|