Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада?
Facebook
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада? PDF Босма E-mail

Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва унинг асарлари борасида қарийб бир асрдан буён жиддий фикр-мулоҳазалар билдирилади, қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилади. Чунки унинг халқимиз маданияти ва адабиёти тарихида тутган ўрни бағоят салмоқлидир. Адабиётшунос олим Умарали Норматовнинг “Қодирий мўъжизаси” номли китоби билан танишиш, мени улкан ёзувчининг ана шу хизмати борасида яна бир бор фикр юритишга ундади. Тадқиқотчининг эътироф этишича, улуғ ўзбек ёзувчиси ва унинг асарлари борасида ҳали айтилмаган гап, ёзилмаган китоб, топилмаган информация тўлиб-тошиб ётибди экан: “Қодирий меросининг кўпгина соҳалари каби ёзувчи эстетик бисоти ҳам чуқур ўрганилган, чинакам баҳосини олган эмас”, деб ёзади олим.
Ушбу тадқиқот билан батафсил танишган ўқувчи Қодирийнинг ўзбек халқи маданияти тарихида тутган мислсиз ролини янада равшан тасаввур қилади: “Ёзувчи “Ўткан кунлар”да холис-объектив туриб, XIX аср ўрталаридаги Туркистон тарихининг, ўзбек халқи ҳаётининг ҳаққоний манзарасини беради, муҳим тарихий жараёнларни чуқур бадиий таҳлил этади, даврнинг етакчи ижтимоий кучлари моҳиятини очади, ўша замон кишиларининг аҳвол-руҳияти, орзу-интилишлари, қувонч ва ташвишларини фавқулодда бир маҳорат билан ёрқин образлар орқали кўрсатади. Aдиб асар ёзилган давр ҳукмрон мафкураси таъсирига, ўзининг ўша кезлардаги синфий майлларига берилмай, реализмнинг бош принциплари асосида реал ҳаёт қандай бўлса, ўшандайича кўрсатади. Назаримда, илк бор худди шу роман орқали ўзбек халқи ўзининг бўй-бастини, асл қиёфасини, ички дунёсини, кучли ва ожиз томонларини бор бўйича худди тиниқ ойнадагидек аниқ кўрди. Бу роман ўзбек адабиётида реализмнинг ҳақиқий тантанаси, катта ютуғи бўлди”.
Устоз адабиётшунос мулоҳазаларида Қодирийнинг хал­қимиз олдидаги хизмати нимадан иборат эканлиги рўйирост айтилган десам, муболаға бўлмайди. Аммо бетак­рор ёзувчининг маданиятимиз тарихидаги ўрни шулардангина иборат эмас, албатта. Қолаверса, юқоридаги таъриф ғоят умумий бир баҳодир. Биз қуйида ана шу умумийликни бирозгина “майдалаб” кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Тадқиқотнинг бир нечта ўринларида реализм масаласи Қодирий романлари билан мувозий тарзда ёдга олинади. Адиб бадиий ижоднинг кўплаб масалалари юзасидан фикр юритган бўлса ҳам ундаги “бош гап – реализм”, дейди олим. Мана шу нуқтаи назардан қаралганда, олимнинг уқтиришича, Қодирий “ўзбек адабиётшунослигида реализм принципларини ишлаб чиқишда ғоят катта иш қилди”.
Хўш, ёзувчининг реализмга доир қарашларининг моҳияти нималардан иборат? “Ҳақиқат, ҳаёт ҳақиқатига садоқат – ёзувчининг ижоддаги бош шиори”, деб ёзади олим. Албатта, ҳаёт ҳақиқати деганимиз санъатнинг яшовчан талаб ва тақозоларига доир бўлади. Йўқса, ҳар қандай реализм, ҳар қандай рўйирост юз берган воқеа бадиий адабиётнинг ҳадафи бўлиб кетавермайди. Чинакам бадиий ҳодисага айланган аксарият асарларда ижодкор “мени”нинг иштироки яшайди. Яъни, ёзувчи ўзи бевосита иштирок этган ёхуд ҳаётда кўрган, кечирган воқеаларнинг тасвири ҳам, таъсир кучи ҳам бир газ баландда бўлғуси. Бошқача айтганда, асар материалларига сабаб бўлган воқеа-ҳодиса ижодкорнинг ўз шахсий кечинмасига айланмоғи даркор. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳеч иккиланмасдан айтишимиз мумкинки, ҳақиқий ижод намунаси бу – ёзувчининг бошидан кечирганлари, юрагидан ўтказганларидир. (Бугун дунёда урф бўлган постмодерн оқими мана шу айтилганларнинг тамомила тескарисини ўз принципи даражасига кўтаради.) Баъзан адиб воқеа – ҳодисаларнинг кузатувчиси бўлиши мумкин. Лекин, шундаям ўша жараёнлар – уларнинг қувончу кадари тўппа-тўғри ижодкорнинг юрагидан ўтмоғи, уни ларзага солмоғи шарт (персонификация ҳодисаси). Акс ҳолда, ўзи ёнмаган ижодкор ўзгани ёндиролмайди. “…Мен турмушда кўрмаган, билмаган нарса ҳақида ҳеч нарса ёзмайман”, дейди Қодирий. Мана, сизга Қодирий романларининг ўқувчига кўрсатган, кўрсатаётган ва бундан кейин ҳам кўрсатгуси эстетик таъсири сабабларидан бири. Олим ёзади: “У ўтмишдан, ўтган аср воқеаларидан олиб ёзган асарларида ҳам ўзининг ҳаёт тажрибаларидан келиб чиқиб, ўзи турмушда кузатган, кўрган, яқиндан билган одамларни, халқ ичидаги типларни кўз олдига келтириб туриб қалам тебратгани, асарларига асос қилиб олинган давр, шароитни, тарихий воқеалар ва шахсларни, воқеалар юз берган маконни, ўша кезлардаги халқнинг турмуш тарзи, амал қилган удум-тамойилларни ҳар қандай тадқиқотчи олимдан ҳам ортиқроқ ва чуқурроқ билиши шундоққина сезилиб туради, бу масалада у ҳар қандай билимдон одам, мутахассис-тадқиқотчи билан бемалол беллаша олади”. Шу тарзда олим Қодирийнинг ўзбек насрида реализмнинг қарор топишида кўрсатган қиёссиз хизматларини илмий далиллар асосида исбот қилади.
Бадиий асарнинг бир қарашда, манаман деб, кўзга ташланиб турмайдиган ички хусусиятлари бўлади. Шулардан бири меъёр масалаласидир. Меъёрнинг қандайлиги ижодкорнинг оламга математик ёндашувидан улгу олади. Кўпинча биз – ижтимоий соҳа вакиллари буни, яъни, математикани суймаймиз, унга ўгайроқ кўз билан қараймиз. Аслида-чи? Аслида, тирикликнинг ҳар бир одими математиканинг қатъий қонун-қоидаларига асосланади. Ҳисоб-китобли дунё дегани – “нимани эксанг, шуни ўрасан”, деганигина эмас. У олаётган нафасимиздан тортиб, ураётган юрагимизгача шу ҳисобу китобнинг ичида эканлигига ҳам ишора. Худди шундай, бадиий асарни тутиб турган ҳар битта компоненти – композиция, сюжет, қаҳрамонлар, уларнинг характер унсурлари, турли хил бадиий санъатлар, приёмлар, конфликтлар, бадиий вақт, қўйингки, ҳамма-ҳаммасида қатъий ўлчовлар – математик мезонлар иштирок этади. Агар ана шу мезонларнинг максимал аниқлиги бўлмаганида, Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и ҳам, “Меҳробдан чаён”и ҳам эллар аро, замонлар оша бунчалар суюкли бўлмас эди. “Албатта, мен, – деб кўчирма келтиради муаллиф (Қодирий назарда тутилади – У.Ҳ), – бу сўнгги, марғуб қаҳрамонларни ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар олишга тиришдим. Чунки шундан ортиғи сохта бўлиши, устига китобнинг қадрини ҳам туширар эди”.
Умарали Норматов адибнинг бу тутумини “реализмга доир жуда муҳим фикр”, деб айтади. Ва бу ғоят тўғри гап. Айни чоғда, “ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар олиш”, “шундан ортиғи(нинг) сохта бўлиши”ни ўйлаш бу энди фақат реализмгагина хос ёндашув эмас. Мазкур мулоҳазалардаги яширин нарса бу – ўлчов. Ўлчов эса ҳамма замонларнинг измларига тааллуқли тушунча.
Тадқиқотнинг “Истиқлол қайғуси” фаслида олим ёзади: “Ўткан кунлар”нинг баҳоси, талқини масаласи бу фақат шунчаки бир асар, биргина ёзувчи устидаги гап эмас. Бу борада йўл қўйилган хатолар, чалкашликлар айрим адабиётшунос, ёзувчиларнинг хатосидангина иборат деб бўлмайди”. Олимнинг уқтиришича, мазкур асарга бўлган муносабат ўзбек танқидчилигининг кейинги ярим асрлик ҳолини англатади. “Надоматлар бўлсинки, Ойбек, Ғафур Ғулом, Асқар Мухтордек улкан адиблар ҳам ўша машъум муҳит таъсири ва тазйиқи остида бу шоҳ асар ва унинг муаллифига нисбатан адолатсизлик қилдилар”.
Ўрни билан олим Ҳомил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Иззат Султон, Ҳафиз Абдусаматов, Жамол Камол каби адабиётшуносу ижодкорлар билан мунозарага киришади. Лекин буларни бугунги кун адабиёт илми юксаклигидан туриб атайин танқид остига олмайди. Қолаверса, олим ўзи ҳам давр талабларига мос тарзда фикр юритганини тан олиб: “Ўткан кунлар” социалистик реализм асари эканини, унда тарихни синфий тушуниш ва ифода этиш мавжудлигини исботлашга уринганман”, деб хатоларига иқрор бўлади.
Кўриниб турганидек, олим биргина “Ўткан кунлар” асарига муносабатни текшириш орқали бутун бошли ХХ аср ўзбек танқидчилиги йўлини босқичма-босқич, демакки, кайфиятма-кайфият тадқиқ этибди экан.
Қизиқ, адабий танқид бу илм бўлса, илмнинг ўз принциплари, ўзгармас – умрбоқий эстетик мезонлари бўлсаю даврга қараб чумак урса! Турланаётган давр­нинг кайфияти ва қаричларига қараб буқаламундек ўзгариб-турланиб бораверса, унинг илмлиги қаерда қолди, деган изтиробли-ташвишли саволлар қийнайди кишини. Лекин Умарали Норматовнинг қуйидаги жавобидан кейин кўнгилга бир пайса тасалли инади: “Бу ҳол, бир томондан, адабий танқидчилик, умуман, танқидий тафаккуримиз ривожи, тақдири йўлидаги ожизликлар, зиддиятлар, қолаверса, ижобийлик томон ўзгаришлар аломати, оқибати бўлса, иккинчи томондан, чинакам санъат асари, хусусан, баркамол реалистик асарда акс этган ҳаёт ҳақиқатининг сержилолиги, маъно доирасининг кенглигидир”.
Яъни, танқиднинг бир жойда қотиб қолмагани ва романнинг сержило эканлиги чиндан ҳам кишига бир қадар таскин беради. Аммо, барибир, ХХ аср танқидчилигининг ўз эстетик принципларида жуда катта нуқсонлар биқиниб яшаб келганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Агар мазкур эстетик принциплардан чекинилмаганда эди (яъни, илм табиатига содиқ қолинганда эди), даврларнинг кайфият чирмандасига бу қадар ошкора ва намойишкорона мойиллик бўлмасди.
Қодирий романлари ёзилганига қарийб тўқсон йиллар бўлди. Шу вақт мобайнида, уларнинг бошидан яхши-ёмон кунлар ўтди. Лекин ҳамма вақт мазкур романлар оддий ўқувчилар томонидан кўзларга суртиб ўқилди, ўғил- қизларга: Отабек, Кумуш, Анвар, Раъно деган исмлар берилди. Хўш, бундай меҳру муҳаббатнинг сиру синоати нимада?
Албатта, ҳар бир адабиётшунос олимнинг ҳам, оддий ўқувчининг ҳам бу борада ўз фикру мулоҳазаси бор. Кимдир ҳар иккала асарда гўзал бир тарзда акс эттирилган муҳаббат достонларини рўкач қилар, кимдир унда кўрсатилган ўзбек халқининг чор Россияси босқинидан олдинги турмуш тарзининг санъаткорона ифодасини илгари сурар ва ҳоказо. Аслида, буларнинг ҳаммаси тўғри. Ушбу тадқиқотда эса, синчков олим бошқа кутилмаган бир жиҳатга ҳам эътиборингизни қаратадики, у билан танишгач: “Чиндан, Қодирий романларининг сеҳру жодуси у яратган қаҳрамонларнинг табиий, самимий хатти-ҳаракатларида ҳам кўринади”, деб ўйлай бошлайсиз. “Ёзувчи инсонни тушунишда, аввало, унинг Оллоҳ инъом этган табиий, туғма хусусиятларига эътибор беради. Шу билан баробар, кўпгина буюк реалистлар каби жамият, муҳит, шароитнинг инсон шахсига таъсири жуда кучли эканини ҳамиша назарда тутади. Унингча, жамият бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа, яъни, синфига, яна тўғриси, фардига шу касал сироат қилмай қолмайди”.
Албатта, “Меҳробдан чаён” романи билан боғлиқ ушбу кўчирмадан кўриниб турибдики, олим асарнинг икки жиҳатини урғуламоқда. Бири – инсоннинг туғма хусусиятлари бўлса, бошқаси – руҳиятнинг унга таъсири масаласи. Гарчи, адабиётшунос олим масалани бу тарзда ўрганмаган бўлса-да, унинг мулоҳазаларидан шундай хулосалар чиқадики, натижада, улуғ реалист ёзувчи Қодирий романларининг жозибаси кўз олдимизда янада тиниқлашади. Бошқача айтганда, ёзувчининг қаҳрамон яратиш маҳорати унинг эстетик принциплари билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланади. Яъни, Қодирий ўз қаҳрамонларини яратар экан, сохтагарчиликка, юзакичиликка, зўрма-зўракиликка йўл қўймайди. Қаҳрамонлар туғма, табиий хусусиятларга кўра эмин-эркин ҳаракат қилдирилади. Бир қарашда жуда оддий туюладиган бу гап­ларнинг моҳияти аслида жуда теран. Чунки улар ижодкорнинг асар яратишдаги бош принципларидан сув ичади.
Адабиётшунос олим, ниҳоят, Қодирий романларининг назарий масалаларига келади. Унинг назарида романнинг роман бўлиши учун “тил, услуб, ифода воситалари, адабий приёмлар, санъатлар, сюжет, композиция, конфликт, асар таркиби, характерлар психологизми, миллийлик каби компонентлар”дан-да муҳимроқ омиллар бор. Албатта, олимнинг бу қарашларида етмишинчи-саксонинчи йиллар рус адабиётшунослигининг таъсири сезилади. Шунга қарамай, қуйидаги фикрлар ўзбек романи назарияси бобидаги анча дадил қарашлар ҳисобланади: “Ҳозирги замон назарий тадқиқотлардаги хулосаларга таянган ҳолда романнинг, аниқроғи, реалистик романнинг бош жанр хусусиятлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

1. Асарда романга хос тафаккурнинг мавжудлиги, фикрий-фалсафий кўламдорлик;
2. Шахс ва ҳаётнинг янгича концепцияси;
3. Шахс ва ҳаётнинг худди кўзгудагидек холис-объектив ифодаси, ҳаёт ҳақиқатига садоқат, ҳақиқатнинг ёзувчи шахсий майллари, қарашларидан устунлиги – устуворлиги”.

Анча йиллар муқаддам (2008 ва 2009) “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифаларида бадиий асарнинг тили борасида баҳс уюштирилган эди. Ўртага ҳар хил фикр ташланганига қарамай, аксарият қатнашчилар билдирган мулоҳазалар тагзаминида “асарнинг тили унинг “ҳаёт – мамоти”ни, тақдирини ҳал қилади” деганга ўхшаш ҳукмнамо қарашни уқиш мумкин эди. “Ўткан кунлар”нинг тили ҳақида ҳам мақтов гаплар айтилганди. Гўё романнинг бутун кучи унинг тилида мужассамдек. Тўғри, бадиий асарнинг асосий қуроли, материали бу – тил. Бироқ, “қуроли”, “материали” дейиляпти, асло, “унинг ўзи” дейилмаяпти. Бадиий асар шу қурол воситасида кўзланган мақсадга у ёки бу даражада эришади. Лекин эътибор беринг, тил, барибир, восита бўлаяпти. Мақсад-манзил эмас. Ҳеч бир ёзувчи ёки шоир у ёки бу тилни қанчалар мукаммал билишини намойиш қилиш учун қўлига қалам олмайди, балки аксарият ҳолларда кўнглидаги дардини, қайғу ва шодлигини ўқувчи билан бўлишгиси келиб бу ишга қўл уради. Тил асарнинг шакли билан боғлиқ материал. Гап айланиб келиб, мазмун ва шакл муаммосига тақалар экан, айтиш жоизки, ҳақиқий ижодкорнинг шаклга маҳлиё бўлишдан муҳимроқ иши бор, бу – мазмун! Аввало, мазмун, у бор экан, унинг турли хил шакллари борасида ўйлаш мумкин. Албатта, ҳар қандай мазмуннинг унга энг ярашиб тушадиган шакли бўлиши мумкин. (Эҳтимол, у бир нечтадир…) Кучли мазмун одатда, худди шундай шаклга ҳам эга бўлади. Ижодкор ўша шаклни топиши керак, аслида. Унинг тилдаги ва, умуман, шаклдаги маҳорати шу ерда бўй кўрсатади. Кейинги вақтларда адабиётимизда шаклга алоҳида эътибор берилаяпти. Бу – яхши тенденция. Аммо бу ерда ҳам меъёрни унутмаслик лозимга ўхшайди. Такрор айтамиз, шакл ғоят муҳим, фақат у мазмундан табиий равишда оқиб чиққан, мазмунга бошдан-оёқ чамбарчас боғланган бўлиши жуда-жуда зарур. Уловнинг қиммати йўловчини кўзланган манзилга олиб боришга яроқлилик даражаси билан ўлчанади. Муҳими – шу. Асло, уловнинг қай усул ва даражада безатилгани билан баҳоланмайди. Назаримда, ўша баҳсда кўпчиликнинг нигоҳи уловда ва уловнинг ташқи кўриниши – безагида қолиб кетганди. Йўловчи ҳам, унинг манзил-муддаоси ҳам қайсидир маънода унутилган эди. Румийнинг подшоҳ, унинг ўғли ва олимлар билан боғлиқ машҳур ҳикоятидаги каби иш тутилиб, нарса ва ҳодисаларнинг аломатларига маҳлиё бўлинган, уларнинг ички мазмун-моҳиятидан бир қадар узоқ тушилган эди ўшанда. Ҳар ҳолда, менда шундай таассурот қолдирганди. Зеро, гапни минг айлантирмайлик, ижодкорнинг қандай мазмунни қандай шаклда айтганига кўра қандай шаклда нима мазмунни акс эттирди, деган саволнинг жавоби бирламчи бўлиб қолаверади.
Бадиий асарга баҳо берилаётганда вақт категориясини ҳам эътиборда тутиш керак, деб ўйлайман. Чунки маълум даврга оид бадиий асар лексикаси худди шу давр кишилари учун энг жозиб туюлиши, табиий. Лекин яхши биламизки, тил ҳаракатдаги ҳодиса. У худди тирик организмга ўхшайди – мудом ўзгариб, ижтимоий-сиёсий вазиятга қараб гоҳ дағаллашиб, гоҳ сайқал топиб боради. Унинг лексикасидан тортиб, грамматик қурилишию товуш товланишларигача ўзгаришларга учраши муқаррар. Бунинг натижасида бадиий асар тилига бўлган муносабат ҳам турланиши, тилнинг кеча ўзига оҳанрабодек тортган сифатлари бугун ё эртага ўз жозибасини йўқотиши мумкин. Хўш, кейин нима бўлади? Кейин бадиий асарнинг асос кучи, ўзак қадрияти – унинг мазмун-моҳияти билан юзма-юз қолинади. Шундай мазмун бор бўлса, асар (таржима ва табдил натижасида) замонлар чегарасидан ошиб ўтиб, янгидан-янги авлодларга хизмат қилаверади. Йўқса, йўқ, иккита давр ўртасидаги кўринмас деворнинг нариги томонида қолиб, унутилишга маҳкум этилади. Яъни, биз идеаллаштиришга уринаётганимиз бадиий асарнинг тили унинг бир сифати, холос. Сифатни асос дея талқин қилиш тўғри эмас. Бадиий асар тили бўйича менинг қаноатим шундан иборатки, у бир томондан асар мазмунига, бошқа томондан эса ёзувчи яшаётган замоннинг тил меъёрларига уйғун бўлмоғи керак. Яъни, асар тили ёзувчи бадиий ниятини ўқувчига бекаму кўст етказиш даражасида бўлса, шунинг ўзи кифоя. Назаримда, бадиий асар тили зиммасига юклашимиз мумкин бўлган вазифа асосан шундан иборат. Асло, асар тилига ортиқча юк юклашнинг, унинг имконларини идеаллаштиришнинг ҳожати йўқ, асар тили ҳеч қачон бадиий асарнинг ўзига тенг бўлмайди, бўлолмайди. Қанчадан-қанча шоир-ёзувчиларимиз бор, тилни “сайратиб юборишади”, таҳрирлари жуда силлиқ, лекин, минг афсуски, уларнинг ўз асарларида акс этган мазмун тўпиққа ҳам чиқмайди, ўта саёз. Шунинг учун ҳам уларнинг асарлари миллий адабиётимиз ҳудудидагина бир мунча гап-сўзларга сабаб бўладию сўнг саҳнадан тушиб кетади, кетаяпти. Агар асар тили бадиий асарнинг ўзига тенг моҳият бўлса, марҳамат, асарни қутқариб қолсин эди. Уларнинг асарлари ҳар томонлама сайқал топган гўзал тилига қарамай, Асқад Мухторнинг иборасига суяниб айтганда, ўз мазмунининг саёз жойида шиддат билан чўкишда давом этмоқда. Биргина шу мисолнинг ўзиёқ, тилнинг асар тақдирида тутган ўрни ва аҳамиятини оширмай ҳам, яширмай ҳам ғоят очиқ бир тарзда ифодалаб турибди. Бовужуд, фикримни янада ойдинроқ ифода этишга уриниб кўрай: беркитишнинг ҳожати йўқ, гоҳо улуғ Навоий асарлари тилининг мураккаблигидан бир-биримизга шикоят қилиб қоламиз, бироқ унинг асарларида акс этган теран мазмун-моҳиятдан нолиган жойимиз борми? Навоий асарлари тилининг бутун жозибаси, асосан, унинг ўз замонасида ҳис қилинган десам, ўйлайманки, кўпчилик мени қўллаб-қувватлайди. Бугун эса биз, асосан, Навоий асарлари мазмунига ошно бўлиш учун табдил ва насрий баёнлар ёзиш йўлига ўтганмиз. Мана, мисол учун яқинда профессор Нажмиддин Комиловнинг “Маънолар оламига сафар” деган китобини мутолаа қилдим. Шахсан мен ўша шарҳлар ва насрий баёнлар билан танишиб чиққанимдан сўнг ҳазратнинг маънолар оламига ошно бўлишим анча-мунча осонлашганини ҳис қилдим. Навоий оригинал асарларининг тили нақадар баланд савияда бўлса ҳам, асрлар давомида тилда юз берган лексик ва грамматик ўзгаришлар туфайли бугуннинг ўқувчисига тез етиб бормаслиги бор гап. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Навоий асарлари тилининг гўзаллигини ҳис қилиш учун ўша давр тилининг бутун нозикликларию маъно товланишлари билан билиш, билишгина эмас, уни юрак-юракдан ҳис қилиш шарт бўлади. Бунинг учун эса бу тил фаол истеъмолда бўлган ўша даврга замондошлик талаб этилади. Модомики, бугун наинки оддий ўқувчи, балки мутахассис олимлар ўртасида ҳам бундай кишининг мавжудлигига ишониш қийинлигини инобатга олсак, “хўш, нима қилиш керак?” деган савол рўпарамизда пайдо бўлади. Албатта, бошқа йўл йўқ – Навоий асарлари мазмунига ошно бўлиш, уни шарҳу баёнлар орқали тушунишда давом этиш лозим. Шу маънода, устоз адабиётшунос Нажмиддин Комиловнинг китоби, айни муддао. Тушунаман, ушбу мулоҳазаларни ҳам Навоийдан осон тушуниладиган бир-икки байтни келтириб туриб, инкор қилишга уриниш мумкин. Гап шундаки, мен бир-икки байт ҳақида эмас, Навоий деб аталган бутун бошли маънолар системаси тўғрисида фикр юритаяпман. Мазкур система моҳиятини Навоий асарлари тилини бугунги замон тилига табдил этмагунча тўлиқ тушуниб бўлмайди. Бу системага алоқадор бўлиб, уни англаш учун эса бугун “Маънолар оламига сафар”га ўхшаган тадқиқотлар керак. Тил бу – белги. Белги эса ҳар кимнинг ўз ва ўзга замонлар билан алоқа қилиш воситаси. Бироқ, инсон ўз даврида фаол қатнашаётган белгилар ёрдамида ўзга даврларни тўлиқроқ таниб боради. Шу маънода, Навоийга ўхшаш ҳамма замонлар даҳосини таниш учун ҳамма замонлар кишисига ўз даврида тушунарли бўлган белгиларга эҳтиёж мавжуд. Қолган белгилар уни асл маънодан, мақсад-муддаодан узоқлаштириши ёки чалғитиши мумкин. Бошқача айтганда, бугунги адабий тил нормалари бугуннинг белгиларидир. Таъбир жоиз бўлса, белги бу ўзига хос туйнук ҳисобланади. Биз бу туйнук ёрдамида ҳамма даврларнинг маъноларига бўйлашимиз, керак бўлганда, уларга шу туйнукдан ўтиб сафар қилишимиз мумкин бўлади. Қолаверса, биз, масалан, Навоий асарларидаги маънони ўз белгиларимиз бағрига олар эканмиз, асосан, унинг мазмун бутунлигини сақлашга ҳаракат қиламиз. Тил ва, ҳатто, шакл билан боғлиқ тароватнинг катта бир қисми таассуфки, оригинал матнда қолиб кетади. Чунки мукаммал таржима ёки табдилнинг имкони йўқлигидан ташқари, биз, аввало, асарнинг мазмун-моҳиятига талабгормиз.
Демак, юқорида профессор Умарали Норматов “Ўткан кунлар” романи муваф­фа­қиятини асосан учта – романий тафаккур, янгича концепция ва ҳаёт ҳақиқатига мувофиқликдек омилларда кўрсатиб, яна бир бор бизнинг нигоҳимизни бадиий асарнинг мазмун-моҳиятига қаратаётган экан, бу уринишларда жиддий ва катта адабиётга қаратилган улкан ҳақиқатлар яшириндир.
Тадқиқотда диққатга молик яна бир жиддий хулоса бор. “Ўткан кунлар” сўзбошисида ёзувчи: “Тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари”дан ҳикоя қилишидан сўз очади. Шу нарса асар учун бир ниқоб бўлиб, Қодирийнинг романда тасвирланган ўтмишни “энг кир” деб атаганининг сабаби собиқ шўро даврида ўзини ва асарни ҳимоя қилиш йўли деб қаралган. Нуктадон олим эса бунга бошқа жиҳатдан қараш мумкинлигини айтади: “Адиб “Ўткан кунлар” орқали “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари” – юртни мустамлака балосига гирифтор этган “хон замонлари” ҳақида сўз очиб, тарихнинг бу аччиқ ҳақиқатидан сабоқ бермоқчи бўлади”.
Дарҳақиқат, ўша тарих парчасининг “энг кир, қора” деб аталишига сабаб, озод мамлакатни босқинчилар томонидан босиб олинишига йўл қўйганида ҳам экан! Хонлик замонининг “кир” ва “қора”лиги ўз мустақил салтанатини ҳимоя қилолмагани билан ҳам белгиланар экан!
Тадқиқот майдонида олимнинг кўпдан-кўп нозик кузатишларига дуч келамиз. Хусусан, унинг қуйидаги фикрига қўшилиш-қўшилмаслик бошқа масала, лекин нуқтаи назарнинг ўзи эътиборга молик. Олим ёзади: “Фармон биби образи (Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони” комедиясинининг бош қахрамони – У. Ҳ.) асл моҳиятини Ҳожи она типидаги тимсоллар эмас, айни, Ўзбек ойим, Холнисо, Ҳамро буви, Бўстон бибилар силсиласи орқали англаш, очиш мумкин.”
Яъни, олим ўзбек адабиётида муваффақиятли чиққан “супер қайнона” – Фармон биби образининг этимологияси – илдизини бевосита Ўзбек ойимлардан топгандек бўлади. Бу ҳам мушоҳада қилишга арзигулик бир муҳим мавзу…
Китобдан жой олган “Ҳақиқат туйғуси – муқаддас” дейилган қайдда Умарали Норматов атоқли адабиётшунос олим Иззат Султон билан ораларида бўлиб ўтган ибратли мулоқотни келтиради. Унда Умарали Норматов ўзининг “Қодирий боғи” номли китобида Иззат Султонни танқид қилгани, лекин бағри кенг адабиётшунос олимнинг жавоби мардона бўлгани айтилади: “Қодирий ҳақидаги ҳақиқат сизу бизнинг наф­сониятимиздан юқорида туриши лозим. Қодирий ва ҳақиқат ҳимояси йўлида мени ҳар қанча танқид қилсалар, бундан заррача хафа бўлмайман…”
Бутун китоб давомида олимнинг улуғ ёзувчи Қодирийга бўлган чексиз муҳаббати яққол акс этиб туради. Олим адиб яратган икки ўлмас романни ҳайрат билан тўлқинланиб-берилиб талқин қилади. Бовужуд, олим ёзувчини идеаллаштириш йўлидан бормайди. Ўрни келганда, Ойбеку Ғафур Ғуломдек, Ҳомил Ёқубову Иззат Султондек забардаст олимларнинг қодирийшуносликда йўл қўйган камчиликларини рўйирост айтгани каби, Қодирийдек буюк адибнинг замонасозликка бориб, давр кайфиятига боғлиқ ишлар қилганини ҳам яшириб ўтирмайди: “Қодирий катта ақл-заковат, юксак истеъдод эгаси бўлса ҳам, барибир, ўз даврининг фарзанди эди. Инқилоб йилларининг фидойи инқилобчиларига хос муайян инқилобий бетоқатлик унга ҳам ёт эмас эди”.
Аммо, олимнинг назарида: “Қодирийнинг бахти шундаки, у муайян муддат давр таъсирига берилган, қизиллашган, замона суронлари гирдобида гоҳо бир ёқлама сўзлар айтган, давр тўзони ичра қолиб, бошига оғир савдолар тушган бўлмасин, барибир, 20-йиллар алғов-далғовларидан омон чиқди, оқибат натижада, давр тазйиқларини енгиб ўтиб, ундан юқори кўтарила олди, хусусан, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари билан замонасидан бир неча ўн йиллар олға кетди” .
Хулоса қилиб таъкидламоқчиманки, адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматовнинг ушбу асари улуғ ўзбек романнависи Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида шу чоққача ёзилган асарлар, амалга оширилган кўплаб хайрли ишлар орасида энг теран қомусий мазмун ва мундарижага эга тадқиқотлардан биттаси бўлиб, маънавий оламимизни безаб туришига шубҳа йўқ.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди