Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Барча эл коми била (Навоий ғазалига Огаҳий мухаммаси)
Facebook
Барча эл коми била (Навоий ғазалига Огаҳий мухаммаси) PDF Босма E-mail

Не бўла олдим ғами уқбо саранжоми била,
Не фараҳ топдим жаҳон саҳбойи гулфоми била,
Иш манга тун-кун таъзиму икроми била,
Ваҳки, умрим бўлди зое барча эл коми била,

Бодаи ноб ўрнига хуноби ошоми била.
Эй кўнгил, қил барча комингни ўзидин мултамас,
Истасанг роҳат замона аҳлидин пайванд кас,
Комрон ўлмоқ тилаб, шаҳ хизматин қилма ҳавас,

Кимса юз минг комронлик қилса, билким, арзимас,
Даҳр аро ҳар лаҳза бўлмоққа бирав коми била.
Фақр элига кулбаси мулки жахондин яхшиким,
Онда эски бурёким, тахти Каёндин яхшиким,

Тинчлик бирла атола нўши жондин яхшиким,
Заҳрни ўз коми бирла ичса ондин яхшиким,
Оби ҳайвон шарбатин нокомлиғ жоми била.
Аҳли дунёким, эрурлар одамийликдин йироқ,

Пешаси озору миннат, одати кину нифоқ,
Хушингўлса бу сўзимга, сидқ ила тутгил қулоқ,
Бўлмоқ итлар мунъими тан туъма айлаб яхшироқ,
Танни қилғунча семиз нокаслар инъоми била.

Ораз ўлди зард, тарк эт гулжабинлар суҳбатин,
Қомат ўлди хам, унутғил сарвиқадлар қоматин,
Огаҳийдек тинмайин ахтарма дунё ишратин,
Эй Навоий, ҳузн ила ўткар қарилиғ меҳнатин -
Ким, йигитлик борди айшу ишрат айёми била.

Шарҳ: Барча эл коми била
Надоматлар бўлсинки, охират қайғуси билан умрим йўлларини безай олмадим. Дунё роҳат-фароғатига ружу қўйдиму унинг гулранг шаробига алдандим. Улус эса мендек бир ожизга ҳурмату таъзим ила банд. Эл-улус мақсадини мақсадим, деб хаёл қилдим. Шу истагимга етарман, деб умримни зое қилдим. Поклик майи ўрнига қонли кўз ёш насибам бўлди. Эй кўнгил, мени истасанг, ўзингдан изла. Замона аҳлидан бир дўст топмоқ ниятинг бўлса, саодат топайин десанг, шоҳлар хизматини асло ҳавас қила кўрма. Ўзгалар бахтсиз бўлар экан, сенинг юз йил саодатда яшашингдан не маъни? Зеро, фақр аҳлига кулбаси жаҳон мулкидан, ундаги эски бўйра шавкатли тахтдан аълороқдир. Хотиржам ичилган атала ҳукмронлик шаробидан ортиқдир. Ўз саодати йўлида ичилган заҳар, бемақсад ичилган ҳаёт сувидан яхшидир. Аҳли дунёдан бунчалар умидвор бўлма. Улар одамийликдан йироқ. Ишлари озор бериш, миннат, гина ва адоватдан иборат. Эй инсон, эшитишга ҳушинг бўлса билиб қўйки, нокаслар инъоми билан танангни семиртиргандан итлар ялоғига шерик бўлган афзалдир. Юзлар хазон япроғи янглиғ сўлишга юз тутди, қомат долдек эгилди. Энди сарв қоматлар, гул юзлилар суҳбатини унутгин, эй Огахий. Дунё ишратидан юз ўгир. Эй Навоий, йигитлик айёми ўтиб кетди. Кексалик умрингни охират қайғуси билан ўгказишни кўзлагин.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан