Facebook
Бурун ва ҳозир PDF Босма E-mail

(Қаламкашлар ҳаётидан)

Ҳар бир замоннинг ўз олдиға оч девоналари, дамбалсиз(Иштонсиз.) шармандалари бўлғанидек, иккинчи томонда шаҳзода ва киромандалари(Кироманда — азиз, иззатли.) ҳам бўладир. Бизнинг ҳозирги кунимизда аксар мисолни ўз касбимиздан олсақ мухбирлар борки, бир-икки сўм оладирған гонорари (қалам ҳаққиси) учун эртадан кечкача идорадан идорага, чуқурдан чуқурга тушиб, итдек ҳориб, ўша пешона териси бўлған уч ярим пақирни ҳам жанжал ва оворагарчиликсиз ололмайдир. Ёзғучиларимиз борки, эртаю кеч матбааларнинг тақ-туқи, қўрғошинларнинг заҳри, бахтсизликнинг қаҳри остида ишлаб, кези келганда нон, деб кесак тишлайдирлар ва идоралар марҳаматидан ҳар ўн беш кунда белларига тугиб берилган беш-ўн тангани ҳам кўпинча уйга еткунча йўлда тушуриб қўядирлар. Одамлар борки, мўйлабини бураб, қорнини силаб, ҳузур ва ҳаловат деганингни икки ямлаб бир ютқани ҳолда яна ойиға фалонча червонни белига туфлаб тугадир.
Бу ўринда ёзған гапларимизнинг муносабати шунга боғликдирким, идорамизга наманганлик «Ғиқ»(«Ғиқ» — адиб ва муқбир Рафиқ Мўминнинг тахаллуси.) рафиқимиз ўткан асрнинг Қўқон шоирларидан марҳум Абдураззоқ девонанинг(Абдураззок, девона — Абдураззоқ Бимий, халқ шоири, Фарғонанинг Ойим қишлоғида 1917 йил вафот этган.) ўз асрининг шаҳзодасига салла сўраб ёзған бир парча туталини юбориб «шуни журналингизга боссангиз экан, аслидан кўчириб юбордим» дейдир. Биз тутални ўқуб чикдиқ ва бобомиз девона марҳумнинг фожиъаси кўз ўнгимизда гавдаланди.
Бечора бобо муҳтож ва шу эҳтиёж бахтсиз бобони «девона» ясаған. Меҳнаткаш елкасида кун кўргучи «бахтлилар» шоирнинг муҳтож-лигидан истиъфода қилиб, унинг талантини ўз кайфларига, эрмакларига қурол қилғанлар ва ўзини «девона»лар қаториға киритканлар. Уларнинг арзимаған инъомлари ва эҳсонлари учун кўрингиз бечора бобо нималарни ёзадир:
«Саййидим, тожисарим, нуктарасим, аҳди қадим бандага бир салла карам қилған эдилар, магарам хотири ашрафларидан маҳв ўлуб кеткан учун ёди муборакка солай, деб баҳри тавил(Баҳри тавил — узун дарё демакдир, ғазалнинг бу вазнида жуда кам шоир ёзган.) айладим иншо:
Маликаи доди расо, муҳташамо, онглаки, калламдаги саллам титилиб қиймаю парча қийилиб, илма улоқ, лахлаху равзан, кўзанинг тешиги, утра ювуқ, бурда чувиқ, кўҳна кафандек чириган, эски ямоқ солғали бўлмас, ярамас ҳам сузук, афсурда тугун, зўрға турган, куя урган, чириги хўрда надомат, ипи чандима чилтари гадодек ўралиб, балки юзубошимға тушиб, суфра-сочуғдек осилиб, бу эрта-ю кеч боди сабо қиладир. Нолаю фарёд ила қулоғимға уриб наъраи ҳайдар урушиб, қичқиришурларким бориб ҳазрати шаҳзодага арз эт, йўқ эса энди сани хар қиламиз, елкангда самоълар тепишиб жаҳр қиламиз, охири басар қиламиз, деб ҳама он турфа тумав айлади, бизни бу сабабдан ҳамаи сурати аҳволни умидгаҳим меҳри ваҳим хизматига равшан этурман. Масалан, рўдаи чиркин монанди лўлийи ҳаромзодаи шовқунчийи бирав каби йиртиқ кафан, кўҳна ватан, диққи расандин қутилиб эски дасторларин ёки анинг харжини марҳамат айлаб карамингиз етишиб, сўнгра халос этмасалар уч йилги жанас рўда фалокат зададин қутилмас киши асло!»
Шаҳзоданинг эски салласини сўраб баҳри тавил иншо қилған Абдураззоқ девонанинг ҳоли билан бу кунги «девоналаримиз» орасида бўлса озғина фарқ бордир. Ул ҳам Шўролар ҳукуматининг кейинги «девоналар» турмишини тузатиш ниятидалиги.

Шилғай,
«Муштум» — 1926 йил, 24-сон.
Абдулла Қодирийдан