Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 7
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 7 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

70
Ҳудҳуднинг Ўрдакка жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
—    Айтган сўзларингнинг ҳаммаси хатодан иборат. Сенинг ақлингни сув мутлақо ювиб кетибди. Сувда жойнамоз солдим дединг, Бойўғли ҳолидан балки ғофил эдингми?! Мен сувда
доимо покман деб лоф урма! Сувда ўзингни гуноҳлардан ҳоли деб ҳам ҳисоблама! Агар чиндан ҳам пок бўлсанг, унда нега кеча-кундуз сувга шўнғийсан?! Кимки ўз нафси учун фисқ тухмини сепса, улардан қутулмоқ учун сувга шўнғийди. Ахир бу қандай гап, қандай ҳолки, сен тун-кун сувга шўнғигину пок бўлмасанг. Агар ҳақиқий эр бўлсанг, олдингда фано (йўқлик) денгизи турибди, унга шўнғигину ўзингни ёрга ошно қил!

71
Ҳикоят

Ҳинд денгизида бир савдогар бор эди. У савдо-сотиқ ишларида жуда моҳир эди. Унинг димоғига савдо мояси ўрнашиб олиб, сувга ғарқ бўлиш хаёлига ҳам келмасди. Бир мамлакатда ўн кун турмас, савдоси тугагач, яна сув сари йўл тутар эди. У денгизни ҳар хил офатлардан ҳоли деб ўйлаб, йиллар шу янглиғ сафар қилди. У Макка атрофини сувда неча бор айланиб ўтган бўлса-да, унинг яқинига етгач, ўз фарзииви адо этмай қайтарди. Кишилар унга ҳажни ҳам бажариш керак, деб айтар эдилар. Аммо пул ҳирси савдогарни у томон боришга йўл қўймас эди. ,
Бир кун денгизда бўрон кўтарилди. У тушган кема гоҳ осмонга сапчир, гоҳ пастга тушиб кетар эди. Савдогар савдо ишларига ғарқ бўлганидек унинг кемаси ҳам денгизда ғарқ бўлди. Денгизда сузиш хаёли ҳаж сари йўл бермади. Охир-оқибатда у катта бир балиққа ем бўлди.

72
Хўроз узри

Хўроз ўз узрини шу тарзда ошкор этди:
—    Эй қушлар ичра раис ва тож эгаси! лккаламизга ҳам ҳақ тож насиб этган бўлса-да, лекин ҳар биримизга бошқа-бошқа ишни белгилаган. Сенга у раҳбарликни ато қилиб, қушларга раису пешво қилди. Менга эса элни тонг ва оқшомда муттасил тоат қилишга чорлаш учун дилкаш куй берди. Бутун ёввойи ҳайвонлар ва қушларни яратувчи мени бир ерда муқим турадиган, сени эса сайр қилиб юрадиган қилди. Чунки хўрознинг эрликда омади юришиб, бу соҳада илғор бўлганидан ҳақ унга бир неча гўзал келин ато этди ҳамда унинг учун ҳар томонга кезиб юришни тақиқлаб қўйди. Шундай бўлгач, у киму Симурғни излаб Қоф тоғига бориш нима?!

73
Ҳудҳуднинг Хўрозга жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Агар киши ўз ҳолидан баён қилиб, бир сўз айтса, бу бесабаб бўлмайди. Дарҳақиқат, шундай қуш ҳам борки, у қанот қоқиб учмасдан туриб, еттинчи
осмондаги сидра дарахтининг шохи устида макон тутади. У анжуманни ўзига хилватгоҳ этади, лекин сайр этадиган ери доим ўз ватани бўлади. Гарчи у зимдан Аршга парвоз этиб, сидра дарахтига қўнса-да, ўзининг бу парвозини элга ошкор этмайди. У Симурғдан бир нафас ҳам айрилиққа эмас, унинг васлидан кўнглида ўзга олам жилваланади. Унинг ҳажридан жонига шикаст етмайди, шакли эса унинг васлида доим нақшланиб туради. Боши узра эҳсонли тожу ўзи васл меърожида жилва қилади. Васлдан мамнун бўлади, аммо дамини ичига ютади ва ўзгалардан ҳолини яширин сақлайди. Васлнинг юз минг дурридан кўнглида жўшқинлик содир бўлса-да, оғзи садаф янглиғ ёпиқ туради.
Аммо лекин, сен, эй овози ёқимсиз қуш, ундай қуш эмассан! Балки ҳар хил ёлғон ва беҳаё сўзлами сўзлагувчисан! Кеча-кундуз ҳаддан ташқари фисқу фужурга берилиб, асоссиз ғавғо ва қичқиришлар билан вақтингни ўтказасан. Юз хил ёмонликлар кўрсатасану яна ўзингни яхшиларга нисбат берасан. Бугун эса шунчалик сусткашлик аён этдингки, бу ишинг билан, сен, эй макиён, ўзингни хўроз деб атама!

74
Қушлар Ҳудҳуддан ўзларининг Симурғга бўлган нисбатларини сўраганлари

Шундай қилиб, ҳар бир қуш Ҳудҳудга бир узр билан мурожаат этди ва Ҳудҳуд уларга тегишли жавобни қайтарди. Ҳудҳуд сўзлари қаршисида қушлар ожиз қолиб, бошқа узр айтишга уларда майл қолмади. Уларнинг барчаси Ҳудҳуд олдида бечораҳол бўлиб, унга шундай савол бердилар:
-    Эй зотига раислик гавҳари, бошига тўғри йўл кўрсатиш тожи лойиқ бўлган қуш! Сен неча биёбонларни кезиб чиққансан, маслак йўлида имкон борича эътиқодда маҳкам тургансан ва бу йўлнинг хавф-хатарини бошдан-оёқ биласан, хавфнинг олдини олишда юқори даражага эришгансан.
Биз эса зору забун ва ожиз бир тўдамиз, шўрпешоналигимиз сабабли қора бахтимиз ҳаммамизни хор айлади. Бу сир кўнглимизга равшан бўлмади, чунки жаҳолатимиз кўпдан-кўпу илмимиз оздан-оздир. Агар у камолот осмонидаги порлоқ қуёш бўлса, биз зарра каби саргаштаю сарсонрниз, аҳволимиз афсус чекарли бир ҳолатда. У олий чархдан ҳам юқорироқда ўрин тутади; унинг даргоҳи кенглик ичра Аршга қадар бўлган олис масофадан ҳам кенгроқдир! У тўққиз фалакдан ҳам ортиқ туради, биз эса оддий бир хасдан ҳам камроқмиз. Биз билан унинг ўртасидаги нисбат нимадан иборат? Ё бу нисбат ичра ҳикмат недир? У подшоҳ шоҳларнинг шоҳи бўлса-ю, биз йўлда ётган тупроқдек гадоларнинг гадойи бўлсак. Бизга бу ишлар жуда қоронғу: уларни бизга маълум эт, ақлимиз уни идрок этишдан ожизлик қилмоқда. Биз бир ҳақир бўлсагу у олий бир зот бўлса, айтгин-чи, қатранинг денгизга нисбати не бўлади?

75
Ҳудҳуднинг қушларга жавоби ва Симурғ зуҳуридан хитоби

Ҳудҳуд қавмга шундай жавоб берди:
— У бир олижаноб шаҳаншоҳдир. Унинг бутйн олам гўзаллигини ўзида сақловчи зоти аввал махфий бир хазина эди. Аммо унинг бу гўзаллигини намоён қилувчи кўзгу йўқ эди. У ўз кўринмоғини орзу қилиб, аста-секин жилвалана бошлади. Бу жилваланиш жараёнида қуёш каби юз туман минг соя ошкор этди. Соялар қанчалик покиза жилвагар бўлса, уларга шунчалик кўп эътибор берди. Оламдаги барча қушларнинг шакли, билгилки, унинг ҳикматга тўла соясидан иборатдир.
Сен бу ҳикматдан воқиф бўлдинг. Сен билан Симурғ ўртасидаги нисбат ана шудир. Сен бунинг маъносини яхши тушунсанг, эй нозикфаҳм жондош, уни ўзгаларга ошкор этиб, фош қилма. Бу сир кимга кашф ўлса, у хаёлга чўмади ва ўзининг ҳақ эканлигига ишончи комил болиб, ҳайратдан "Аллоҳ сақласин!" дейди. Чунки ҳаққа чўмиб, у билан бир бутунликни ташкил қилганини ҳақдан бўлак яна нима дейиш мумкин? Яъни уни ҳаққа қоришиб кетган деб айтиш керак!
Сен ўзингнинг кимга соя эканлигингни ва ўзингнинг туб негизингга яқин эканлигингни фаҳмлаб олдинг. Агар Симурғ ўз соясини истаб, жилва этмаганда, соя эгаси бўлмас эди. Борди-ю Симурғ ўзини яширин тутишни хоҳласа, унинг сояси ҳеч қачон аён бўлмасди. Зероки, соянинг ошкор бўлмоғи соя берувчининг вужуди ҳақида далил бўла олади. Сенинг кўзларинг Симурғни кўра олувчи бўлмаганида эди, кўнглинг кўзгудек мунаввар бўлмас эди. Бундай кўзга эга бўлмасдан туриб, унинг юзини кўриш мумкин эмас, бундан бошқача бўлмайди. У ўз ҳуснига ошиқ бўлишларини истаб қуёш каби бир кўзгу пайдо қилди. Токи бу кўзгуда ўзи жилва ва ноз айлаб намоён бўлсаю ҳуснига ошиқ бўлганларни билса. Эй дил аҳли, бу кўзгу кўнгул бўлиб, ҳақ унда муттасил жилва қилади. У ўз ҳуснининг жилвасини намоён этди, сен эса унга ўз кўнглуҳг билан ойинадурсан, яъни кўнглинг орқали уни била оласан.

76
Ҳуснини намойиш қилишга кўзгуни восита қилган шоҳ ҳикояти

Жамоли осмондаги тўлин ой каби бир шоҳ бор эди. Дунёдаги барча моҳпайкар гўзаллар унга сипоҳ эрдилар. У эса уларнинг шоҳи эди. Унинг қоматидан сарв ҳам ҳижолат тортар, оразидан қуёш ҳам шарманда бўлар эди. Оламни унинг гўзал юзи овозаси тутган эди. Ҳамма ўша ҳалок қилувчи ҳуснни кўришга ошиқарди. Унинг ҳуснининг ғавғоси оламни тутиб, ишқининг яғмоси жон ичра туташган эди. Жаҳонга шунчалик чирой бахш этувчи бу ҳусн эгаси бундан юз минг марта ортиқроқ нозу истиғнога ҳам эга эди. У гоҳо майдонга от ўйнатиб чиқиб қолгудек бўлса борми, олдига келган киши унинг ҳуснини кўрган заҳотиёқ жон таслим этарди. Шу тарзда у жавлонгоҳдан сайр этиб чиққунча йўли ҳалок бўлган эл билан тирбанд бўлиб кетар эди. Хусусан, ҳуснидан бу оламда ғавғо, зулмидан жон мулкига талон-торож кўп тушган эди.
Халқ унинг қатлидан беҳад қирилди ва у ўз жамолини элга кўргазмоқни хаёл қилди. Унинг ҳукми билан бир кўзгу ясаб, тахти олдида ўрнатдилар. Қаср ёнида эса кўзгу акси тушадиган юлдуздай чарақловчи бир манзар ясатди. У ойинага қараб, ўз ҳуснига назар солар ва эл ҳам ўша манзар воситасида ундан баҳра олар эди. Токи бундай кўзгуни ясамагунларича, унга кўз ташлаган киши унинг ҳуснидан баҳраманд бўлмади. Шундай қилиб, ҳам унинг ўзи ўз ҳуснидан баҳра топди, ҳам унга қараган кишилар баҳра олди.
Сен бу кўзгуни кўнгил деб хаёл қилгин, унда ўша жамол ўз аксини кўрсатди. Қасрни инсон танаси, ундаги кўзгуни кўнгил деб бил ва бу кўзгудаги шоҳ ҳуснига назар ташла. Аввал кўзгуга жило берилмасдан туриб, шоҳ унга ўз аксини солмайди. Унинг ҳусни аксини кўзгуда акс этмоқда деб англагин ва ўзингни унинг қаршисида томоша қилиб турган деб ҳисоблагин.
Кўзгу қанчалик равшан бўлса, акс ҳам шунчалик бенуқсон намоён бўлади.

77
Искандарнинг элчиликка борганлиги ҳикояти

Бир кун Искандар шундай қарорга келиб, ўзини ўзи элчи деб тайинлади. Унинг бу иши худди Симурғ (қушлар подшоси)га нома элтувчи кабутарни эслатарди, яъни у шоҳ мактубини олиб борувчи элчи вазифасини бажариши лозим эди. У ўша элчи бориши керак бўлган мамлакатга элчиларга хос тартибда етиб борди ва у ердаги кишиларга "Искандарнинг сўзи будир.." деб айтди. Қизиғи шуки, унинг ўзи Искандар эди. У худди элчилардек сўз баён этар, ўзи ўз ҳукмини уларга етказар эди. Халқ унинг Искандар эканлигини қаердан билсин?! Ҳамма уни мамлакат ҳокимининг чопари деб ҳисобларди. Элга саноқсиз фармонлар етказиб, элчи сифатида ўз мақсадини амалга оширди. Бу ҳолатни халқнинг мингдан бири ҳам билмади, ҳеч кирн бу парда нақшида қандай мақсад бор эканлигини пайқамай қолди.
Сен ҳам шоҳ ҳақида сўз юритасан, унга эришмоқни истайсан, аммо қуруқ чўпчак айтиш билан бунга эришиб бўлармиди?
Қушлар шу тарзда бу сўзлардаги пардали маъно ва сирлами билиб олдилар. Ҳамма ўз мақсадларига эришиш йўлини билиб, истаган нарсаларига бўлган муҳаббатлари янада ортди. Шундай қилиб, пешво Ҳудҳуд илиқ сўзлар айтиб, бегоналарни ошно этади.Яна қушларнинг барчаси унга шундай савол билан мурожааж қилишди:

-    Эй тўғри йўл кўрсатиш амрида соҳибжамол! Биз ҳаддан ташқари зор ва заиф, жони кучсиз, тани озғин ва нимжон бир тўдамиз. Олдимизда турган иш ниҳоятда улкан, йўл эса жуда олис, унда хавф-хатар кўп. Биз бу йўлни қандай босиб ўта оламиз.

78
Қушларнинг бу йўл аҳволи ҳақидаги саволига Ҳудҳуднинг жавоби

 

Ҳудҳуд қавмга шундай жавоб берди:
—    Бу ҳақдаги тўғри фикр қуйидагича: яъни бу йўлдаги энг олий сифат ишқдир, ишқ алили эса маслаҳат беришдан йироқ бўлади. Кимки ошиқ бўлса, у ўз жонидан қўрқмайди! Ёки имондан кечиб, кофир бўлишдан ҳам тоймайди! Агар ошиқ ўз жононига эришмоқчи бўлса, бу йўлда жону жаҳондан воз кечмоғи осондир! Гўёки биров йўлда чоҳ учраб қолгандай жон ҳам ошиқ йўлидаги тўсиқдир. Ошиқ киши ҳатто тан ва жондан ҳам, ақлу ҳушу куфру имондан ҳам ажралган бўлади.
Ишқ оламга ўт солувчидир, жонни ёндирувчи ҳам - ўша! Унинг шавқи ўти куфр ва имонни куйдиради. Ошиқ бўлган киши ору номусдан ҳам, мазҳабу имондан ҳам, исломдан ҳам воз кечади. Ишққа фақат шавқ, ёниш ва дард муносибдир. У чақмоқ каби жаҳонни қамрайди. Кимни дард ва ишқ истило қилган бўлса, унинг учун жон тарк этмоқ авлодур! Кимнингки жонон томонга ройи бор, жонга офат етмоғидан не парвойи бор?! Ишқ иши ғамли кечаларда дард чекиш ва ёнишдир; жаҳонни шуълалантирувчи оҳ унга шам вазифасини ўтайди. Ишқда ёнишдан фақат дард пайдо бўлади, чунки дардга эга бўлмасдан туриб, жонни фидо қилиш мумкин эмас.
Эй мутриб, дардли бир қўшиқ айт! Соқий, бедардлигимдан ҳалок бўлмоқдаман! Мени зор этиш даражасига олиб борадиган дард жомидан тут, токи ундан ишқ дарди кўнглимга таъсир этсин! Мен уни ичиб, жондан кечай, ақлу ҳушу дину имондан кечай! Кофирлар майхонаси ичра маскан тутай, белимга зуннор боғлаб. бўйнимга бут осай! Майхона пири олдида ўзимни маст айлаб, Қуръонни ўтда куйдирай ва бутпараст бўлай! Ишқ майхонаси ичра ўзимни хос қилиб, жонимни имон оридан халос этай! Бутхонада қўнғироқ товушини тинглаб, бутга сажда қилиш учун ер ўпай! Белимга зуннорни маҳкам боғлаб, кофирларни ўзимдан хурсанд қилай!

79
Ҳикоят

Шайх Санъон((ибн Саққо) - ХИ - ХИИ- асрларда яшаган тарихий шахс бўлиб, унинг оташин севгиси ҳақидаги қисса Шарқ мамлакатларида машҳурдир. Бадиий адабиётда бу қиссани биринчи бўлиб Фаридиддин Аттор 1221-йилда "Мантиқ ут-тайр" асарида назмда берган) даргоҳга етишганлардан бўлиб, кўнгли ғайб сирларидан огоҳ эди. У Каъбада авлиё кишилар ва қавмни етакловчилаф орасида худди пайғамбар ўз саҳобалари билан тургандек турарди. У халойиққа тўғри йўл кўрсатувчи бўлиб, Каъбадаги барча шайхларнинг шайхи эди. Унинг остонасида шоҳлар гадолик қилар, огоҳ кишилар ҳам унга қуллиқ қилишдан фахр этишарди. У бирон-бир ғамгин киши ҳақига дуо қилмоқчи бўлса, малаклар қўл очиб, "омин", дерди. Унинг мақсади қаршисида улар юз кўрсатиб, кўнглининг кўзгусида жилваланиб турар эдилар. Унга яқин кишилар ва муридларнинг сони тўрт юзтага етар, уларнинг ҳар бири Жунайд (Бағдоднинг машҳур шайхларидан, 910 й.в.е.) ва Боязид (Тайфур бинни Исо бинни Одам. Йирик шайх, тайфурия тариқатининг асосчиси, 961 й)ларга тенг келарди. Агар у бир дуо қилса борми, ҳатто офат дудидан қорайиб кетган олам ҳам ёришиб кетарди. Агар бирор киши бирон-бир дардга мубтало бўлган бўлса, у дуо қилгач, бу бало даф бўларди. Унинг шукуҳидан чархи аълога шикаст етар, Арши аъзам ҳам унинг ҳиммати олдида паст турарди. Ақлига Аршнинг ўзидан хабар келиб, улар ваҳий ёки илҳом каби воқеликка айланарди. У тушида бирор нарса кўрса, бу воқеа бошдан-оёқ ўнгида ҳам юз берарди.
Унга бир неча тун бир тушни қайта-қайта кўргиздилар. Бу тушдан сабру қарор ипини уздилар. Уйғониб, ўзининг бу ҳолига тавба қилар, кўзини юмиб, уйқуга кетса, яна ўша туш қайта такрорланарди. Тушида бир бегона жойда сайр қилиб юрар, маълум бўлишича, бу жой Рум мамлакати экан. Бу ерда у бир бутхона ичида маст ҳолда турар, мастликдан ўша ибодатхона аҳли каби бутпарастликка юз тутган эди.
Бу туш ана шу тарзда бир неча бор бўлгач, сирлар хазинаси бўлган шайх:
— Бу балодан сақланиб бўлмайдиганга ўхшайди. Агар бир киши Каъбада ёки оташпарастлар ибодатхонасида турар экан. Киши пешонасида ёзилганини кўрмасдан иложи йўқ. Тезроқ ўша мамлакатга йўл олиш, тақдир қаёққа етакласа, ўша томонга кетиш лозим. Ўша ерга ҳам бир бориб кўрайлик. Бошимизга нимаики келса "ё насиб", деб қисматдан кўрамиз,- деди.
Шу тарзда у ўз ҳолига назар солиб, ўша юртга боришдан ўзга чора топмади. У кета туриб, Каъбага юзини қўйди ва юз ҳаяжон билан видолашмоқ учун уни тавоф қилди. Минг ҳасрат билан ҳарам тавофини қилиб бўлгач, Рум иқлими сари йўлга тушди.
Ҳамсуҳбатлари унинг бу ҳолидан хабардор бўлгач, бу сафарда унга ҳамроҳлик қилдилар. Тариқат пири йўлда давом этар, тўрт юз йўл аҳли эса унга ҳамроҳ эди. Йўлда ҳалок қилгулик ҳар хил савдолар Шайх кўнглига ғулғула соларди. Ҳар дам у ўзга бир ҳолатга тушар, бу оғир аҳволдан қутулиш чорасини топа олмас эди. Унинг бу ҳолига дўстлари ҳайрон қолишар, уларнинг ақлу ҳуши бошидан учарди. Яқин кишилари ундан "Сенга нима бўлди?" деб сўрашар, аммо шайхнинг бу ғалати аҳволидан воқиф бўлмасдилар. Улар ўз саволларига жавоб топа олмагач, Шайхдан ҳам кўпроқ изтироб чекардилар.
Хуллас, улар шу тарзда мақсад сари, қайси мақсад, балки беҳад шиддат сари йўл босдилар. У юртга етиб келган заҳотиёқ Шайх кўнглида юз хил тўполонлар туғён ура бошлади.
Ҳар нафас бир жойни кезиб юрганларида ногаҳон ғалати бир бутхона намоён бўлди. Унинг тоқи осмон гумбазига етар, жуфту тоқида эса кўпгина сирлар яширинган эди. Бу бинонинг тошлари ғам ва машаққат тоғидан келтирилган бўлиб, ғиштлари дарду бало тупроғидан ясалган эди. Бу ғиштлар юз хил мураккаб усуллар билан ҳар хил рангдаги бўёқлар бериб пиширилган ва турли гўзал нақшлар билан терилган эди. Бино болохонасининг айвончасида фитналар қараб турар, улар кишиларни чорасиз ҳолга солиб, улардан қутулишнинг сира иложи бўлмасди. Бинонинг ҳар бир дарчаси ишқ нуридан ёришиб турар, лекин бу дарчаларда турли балолар маскан тутган эди. Кунгуралари имонга рахна солар, барчаси ишқ доғини ошкор этар эди. Ҳар кунгурага терилган тошлар ишқ тиғидан кесилган бошларга ўхшарди. Бу тошлар дин аҳли бошини учириб юбориш, олам узра тошбўрон қилиш учун мўлжаллангандек эди. Дарвозаси фитна тўдаси юриб ўтадиган жой, фитнагар тоқи эса бу ҳунарда фалакдан андоза оларди. Бу дарвозанинг ҳалқа ва занжирлари юз минг найрангдан иборат бўлиб, улар савдо ҳалқасига ўраб, девона қилар, телбадек занжирига боғлаб ташлар эди.
Бу бинонинг ичида ишқ ўти ёқилган юзта оташкада бор бўлиб, уларнинг ҳар бирида юз туман савдойи мавжуд эди. Улардан чиқаётган қора тутунлар бутхона устини худди куфр ва исён зулмати каби қоплаб ётарди. Бу кўҳна дунё шунча айлангани билан бу хил ажиб бутхонани ҳанузгача кўрмаган эди.
Бу ерга келганда Шайх жисмида ҳарорат кўтарилди, кўнгли изтиробдан бетоқат бўла бошлади. Ҳар дам унга хасталик юзланиб, кўзи ўнгида қандайдир бир ўзга олам намоён бўла бошлади. У ҳар томонга паришонҳол қараб юрганида, кўзи беихтиёр бир тарафга тушди. Унинг қаршисида юзига парда тортган бир гўзал пайдо бўлди. Бу парда гўё унинг қуёшдек юзини беркитиб турган уфқдаги камалакка ўхшарди. Шу пайт шамол келиб, унинг юзидаги пардани кўтариб юборди ва бу қуёш нури ҳар томонга ёйилиб кетди. Уни қуёш деб атама, балки юз қуёш ҳам унга девона бўлиб, унинг ҳусни шами атрофида парвонадек эди.
Бу гўзал қизнинг қадду қомати гўё суратдаги руҳнинг ўзгинаси бўлиб, ундан ҳар лаҳза руҳда ўзга ҳолат юз берарди. У ҳур суратли ажойиб бир паризод, гул ёноқли озода бир сарв эди. Кўриниши руҳни ўзига мафтун этар, шакли шамойили эса кишини юз хил шаклга сола оларди. Суратидан ҳур ва парилар ҳам ҳижолат чекар, талъатидан шарқ қуёши ҳам уяларди. Юзи нур сочиб турар, сочи зулмат каби қоп-қора эди. Бу нур ва зулмат гўё куфр ва имондан нишона берарди. Юзи узра мушк таратувчи зулфи ёйилиб турар, гўё бу зулмат ичра нурнинг яширинганини эслатарди. Сочи нур аҳлига зулмат олами бўлиб, унда савдо аҳлининг буюк бир ўлкаси бекингандек эди. Худди янги ой девонани ҳайратга солгандек, унинг қоши ҳам савдойи кишилар учун янги ой каби туюларди. Қошининг тоқи — қабоғидаги кўзи худди ўша бутхона тоқиси остида турган гўзал қизнинг ўзгинасидек офатли эди. Кўзи теварагида фитна аҳли каби киприклари ҳар тарафга саф тортиб турарди. Кўзининг пастида "бало" сўзининг остида ёзилган нуқта каби бир ҳоли бор эди. Ўша бало остида ва юз устидаги холларни бу икки сўзга қўйилган нуқталардан мисол деб бил.
Оғзи ғайб сирларидан нишона берар, аммо ўзи ғайб аҳли каби бенишон эди. Лаби хаста жонлар учун малҳам бўлар, нутқида Исойи Руҳуллоҳ дами бор эди.Унинг кайф берувчи лаби ёқут каби қизил рангда бўлиб, унинг ширин сўзларидан хаста жон озиқ оларди. Унинг кулгичларида юз минг жон асир, бағбақасининг чуқурчасида эса юз Юсуфи Канъон тутқун бўлар эди. Агар у бу чоҳга тушганларни қутқариш учун зулфидан каманд ташласа, бу каманд уларни янада кўпроқ ўзига банди этарди. ляк айланаст худди бағбақа остидаги "нун"га ўхшайди, гўёки оби ҳайвонга гумбаз бўлиб хизмат қилади, аммо у қадар баланд эмас. Ҳам унинг қадди ниҳолига жон жилваланади, ҳам хиром айлаб юришидан оби ҳайвон жилваланади. Кўзи била лаби ажаб санъатлар кўрсатишар, агар бирикишиларни оидирса, иккинчиси ўша ўлганларни тирилтирарди.
Жисми гулгун бўлиб, кийган кўйлаги гўё гул узра гул эди, уни кўрган заҳотиёқ юз минг кўнгил тоқатсизланиб, ўзини йўқотарди. Кўйлагига ранг-баранг гўзал нақшлар солинган бўлиб, уларда Рум ва Фаранг усталарининг жон чекиб меҳнат қилганлиги кўриниб турарди. Кўйлакдаги қатл этувчи қизил ранглар неча кишиларни ўлдирса, лекин ундаги атирдан оиган кишиларга қайтадан жон кирарди. Дин аҳлига қирғин келтирувчи кофирдек қотил кўзидан барча баҳра олишни истарди. Кимки унинг сочи зуннорини хаёл қилса, бу соч унинг дину имонини поймол этарди. Ҳусну латофатда жон аро эр тутгудек ёқимли, балки бир қултум сув билан ютгудек сўлим ва гўзал қиз эди. Ҳуснининг шуъласи давронга ўт солса, оташин лаълидан жонга ўт тушарди. Ақлу ҳуш эгалари ундан оташгоҳ ишқини топардилар, ишқида зоҳидлар куйиб кул бўлардилар.
Хуллас, ана шу тарсо қизи шундай бир гўзал шаклда худди қуёш айвонидаги лсо қизи каби қаср устида турарди. Бундан Шайх кўнглига чақмоқ чақилгандек бўлиб, унинг жони шуъла денгизида ғарқ бўлди. У қаттиқ ҳаяжондан "лоҳаwла" дуосини ичида қайта-қайта такрорлаб, "тавба" деб ёқасини ушлади. Аммо у шўх ўз рухсорининг шуъласи билан Шайхнинг тавбаю дуосини куйдириб юборди. Шайх ўзидан кетиб, тупроққа йиқилаёзди. Бу дамда қўлидаги ҳассаси худди уй устунига ўхшаш унинг гавдасини суяб қолди. У шундан сўнг бирпас орқасини деворга тираб турди ва бу ғаройиб вужуддан ҳайратга чўмди. Аммо ҳаяжоннинг зўридан ҳассаси ва жисмига шикаст етиб, ҳолдан кетганча ерга қулади.
Охир-оқибатда унинг тоза жонига ишқ тушди, ишқ унга қон каби кириб, бутун вужудини қоплаб олди. У гоҳ беҳол бўлар, гоҳ ўз ҳолига келар, йўлдошлари эса унинг бу аҳволидан лол қолишарди. Улар бир-бирларига ҳайрат билан боқишар, Шайхнинг бу ҳолатидан бошларини қуйи солишар, гоҳо умидсизларча қарсак урардилар. Шу тарзда унинг ҳоли оқшом тушгунга қадар ҳайрон қоларли даражада кечди, балки бу ҳолдан унинг ўзи ҳам саргардон кезар эди.
Тун мамлакати кунни қорайтиб, атрофни ўша бутхонадаги куфр зулмати каби қоронғулик қоплади. Унинг бошига шу тун каби қора қисмат тушган, унинг рўзгорига ҳам, унга-тобеъ кишиларга ҳам қора мусибат тушган эди. Уламинг ҳаммаси ўша муғ дайри тупроғида, қайси тупроқ, балки балолар тоғида қолишди. Шайхнинг бошига жуда оғир кун тушди; бу каби қора тунни ҳали ҳеч бир одамзот кўрган эмасди.
Тун осмонда бахтсизлик пардаларини ёйди, ҳар ёнга юлдузлардан михлар қоқди. Чарх кўз ёшини оқизишга дуд хизматини ўтаб, кўк атрофида аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Фалак айланишдан тўхтаб, тоғ каби ўрнидан тебранмай қолди. Чарх дард аҳлига зулм кўрсатиб, тоғ-тоғ қайғулами ижод этиб турарди. Дунёни ўша тоғлар билан яшириб, унга юз туман минг тошлар ҳам ёғдирарди. Осмон кўзларидан юлдузлар сочиб, Шайх аҳволига мотамдан нишон билдирарди. Бундан барча олам аҳлига мотамсаролик тушган, улар қора кийган эдилар.
Шайхнинг бошига бу каби қаттиқ иш ҳеч тушмаган, у ниҳоятда эзилган ва ғоят заиф эди. У золим ишқ зулмидан зор ва беҳол бўлиб, бутхона тупроғида хору зор бир аҳволда ётарди. Ишқ унинг жисм ила жонига ўт ёққан, куфр дину имонига ўт солган эди. У кўз ёш тўкканча ётар ва лекин ҳар дамда оғзи қурир, чунки кўнглидаги ўтнинг шуъласи оғзидан чиқмоқда эди. Ишқ унинг рўзгорини қаро қилган бўлса, тун гўё йўқу борини ҳам қаро қилган эди.
Шу тариқа юз хил бало унинг жонига насиб этганидан, у ғариб ўз ҳолига йиғлаб, шундай деди:
— Ҳар дам қайғу-мусибатим ортиб бормоқда. Эй фалак! Менга нелар қилмоқдасан! Тинчлигимни бузиб, ишқ сари бошладинг, юз ёнар ўт ичра мени ташладинг! Кўнглимга
аввал равшан қуёшни кўргузуб, кейин уни яширганча, ғам шомига тутқун этдинг! Ғам шомигина эмас, балки осмон бўшлиғидаги яратилиш чеҳрасини қаро қилдинг! Ғам дўзахининг дуди оламни тутиб кетди, унинг шуъласини кўнглим ўти билан ёритдинг.
Аллоҳ-Аллоҳ! Не кечадур бу кеча?! Ё Раббий! Шундай ҳам машаққатли кеча бўладими?! Мен бошимдан кўпгина қийин кечаларни ўтказганман, аммо бу каби уқубатли кечани ҳаргиз кўрмаганман! Бу тун эмас, балки дўзах ўтининг дудидир. Ё фалакнинг оҳидан иборат қоришмадир! Бундай тун, ё Раб, ҳеч кимнинг бошига тушмасин, унга ҳеч кимса мендек гирифтор бўлмасин!..
Билолмай қолдим: тун балосидан гапирайми ёки менга туслиган кун балосидан гапирайми?! Жисмим, аъзойи баданим, сезгиларим ва ақлу ҳушим ишқдан шундай парда ёпиндиларки, гўё уларнинг ҳеч бири майжуд эмасдек, ишқ зулмидан ҳаммаси нобуд бўлгандек туюлмоқда. Ҳатто гавдамда тобу тоқат қолмаганидан кўйида кўз ёши сингари равон бўлишга куч топилмайди.
Бошимни чексиз ғамдан қутқармоқ учун тошга уриб тилка-пора қилмоқликка қувват қани?!
У қуёш нурларидан нур олмоққа, у ой юзликка назар солмоққа кўз қани?!. Қул шоҳга тазарру айлагандек, ўша даргоҳга суртмоққа юз қани?! Кўксимга тош ургудек, бошимга тупроқлар совургудек қўл қани?! Ўзимни қўлга олишга, ақлдан озишимга тўсқинлик қиладиган ҳуш қани?! Ишқ тадбирларини айтиб берадиган, вайрон бўлган кўнгилни тиклайдиган ақл қани?! Дардимга чора қиладиган ёки бағрим порасига даво берадиган сабр қани?! Ҳолим ғамини еювчи кўнгил қани? Ахир у ҳам ҳозир ўлик сонида-ку!.. Бир нафас ургучалик тағин жон қани?!. Кўнгил каби уни ҳам излаб топа олмайрнан!.. Менга бу йўл не балолик йўл эди? Ахир бундан баттарроғи бўлиши мумкин эмас-ку!! Умрни бу янглиғ хору зор кўргунча ҳаргиз тирик бўлмаганим яхшироқ эмасмиди?!
Бир хатар чақмоғи тушиб, вужудимдан асар қолдирмаса нима қиларди?!
Дўстлар, менга мадад берсангиз нимангиз кетарди?! Жам бўлиб, мен зорни ўлдирсангиз!.. Тоинки бу олам оримдан, башарият аҳли эса афғону зоримдан қутулсин.
Биродарлар, жонимга қатл тиғини уринг! Куйдириб, кулимни ҳар томонга совуринг! Токи жаҳонда бу янглиғ расво бўлмайин! Ҳар дам юз марта ўлгандан кўра бир ўлай!
Шайхнинг бу мусибатли ҳолига дўстлари ҳайрон қолишар, унинг дардидан ҳар дам қон йиғлашар эди. Бу ғамгин ва чорасиз кишилар бир ерга тўпланиб, ҳар бири Шайхга турли насиҳатлар бера бошлашди. Шайх улар пандини фаҳмламас, нозик сўзлар маъносини ҳам англамас эди. Улар Шайхга ақл мезони билан хитоб этган бўлсалар, Шайх уларга ишқ йўсинида жавоб қайтарар эди.
Улардан биридеди:
—    Эй дин арбобларининг бошлиғи! Сенинг изларинг яқинлар аҳлига сурма ўрнидадир. Киши ҳаётида шунақа кўргулик содир бўлиб туради, ахир, ундан фақат ўзини қўлга олган кишигина нажот топади.
Шайх деди:
Эй фарзанд! Ўзлик қаёқда дейсан, у бўлганда мен ҳам уни забт этмасмидим? Бири деди:
Бу шайтоннинг иши. Ундан киши фақат зикр тушиш йўли билангина қутулади. Шайх деди:
—    У ҳолда жамъият шартдир, мен эса паришонҳол одамман, қандоғам хосият берарди?..
Бири деди:
Эй сир аҳлининг пешвоси! Бу балони даф қилиш учун намоз ўқиш керак. Шайх деди:
Бу маънида сўз айтма! Мен телбаман, телбага эса ақл ўргатмайдилар. Бири деди:
Ўрнингдан тур-да, таҳорат қил ва кишиларни тоат-ибодат қилишга ишорат қил! Шайх деди:
—    Кўз ёшимдан ўзга сувим йўқ, бағримдан ҳар дам кўзимга қон ёшлар келади!
Бири деди:
—    Ғусл қилиш керак, у кўнгулни пок этишдан ташқари ғамдан қутқаради. Энг тўғри йўл ана шудир!
Шайх деди:
Мен йўқлик денгизида ғарқ бўлдим. Мендан яна нима истайсан?! Бири деди:
Тасбеҳингга машғул бўл-да, бу паришон ҳолатдан ўзингни қутқар. Шайх деди:
Тасбеҳимнинг тори узилди, унинг ўрнига зуннор ипини боғладим! Бири деди:
Мисвок — тиш ковлагичга эътибор қил, уни оғзингга солиб, суннат бажо келтир! Шайх деди:
—    Агар мисвок ҳавас қилмоқчи бўлсам, мен учун оғзимдаги ҳайрат бармоғи етарлидир.
Бири деди:
Бирор хатолик юз берган бўлса, узрига ер ўпиб, унга сажда қил! Шайх эса кўзларидан қон ёшини оқизиб шундай деди:
Бан бир бу эшикдан бошимни олмайман! Бири деди:
Сафар Румга бўлди, энди Каъбани қароргоҳ этмоқ даркор. Шайх деди:
—    У ерда излаганимни бу ерда топдим, энди нима учун орқага қайтиб, беҳуда машаққат чекишим керак?!
Бири деди:
Саҳро сари юзланиб, Батҳо томон ёлга чиқиш вақтидир. Шайх деди:
Мен уни бу ерда топдим. Рум борида Батҳони нима қиламан? Бири деди:
Сафаримиз тамом бўлди. Ватан сари йўлга тушсак яхши бўларди. Шайх деди:
—    Еҳсонли Аллоҳ гўё ўзи мурувват кўрсатиб, ушбу бутхонани менга ҳақиқий ватан этибдир.
Бири деди:
Агар бошқа шайхлар бу ишдан хабар топсалар, бизни таъна-маломат қиладилар-ку?! Шайх деди:
Улар билан ишим йўқ. Истаган кишим харобат ичидадир. Бири деди:
—    Сенинг аввалги важду ҳолатинг - эътиқодинг қани? Зуҳд ва ибодатда ўтказган покиза вақтларинг қани?
Шайх деди:
—    Ҳолатим — бутхонада турмоқдан иборат. Собиқ ибодатларимнинг юзтаси бунга садқа!
Қавм ўша кечаси юз тўлғаниб, Шайх аҳволидан изтироб чекарди. Улар Шайхга таъналар қилишар, аммо Шайх буларга парво қилмасди. Улар Шайхга ўгитлар беришар, аммо у буларни фаҳмламас эди.
Ерталабгача бутхонадаги кишилар ғавғо қилиб, дин аҳлининг бу ҳолини томоша қилдилар. Улар дин аҳли расм-русумларини ҳазил-масхара қилиш билан ўз динлари тариқатидан лоф уриб, мақтаниб қўйишарди. Улар гумроҳлик андишасига бориб ўз Лот (бут)ларидаги "ло"ни "иллаллоҳ" сўзининг "ло"си билан тенг деб ҳисоблашарди. У кишилар учун ўзларининг бахтсизликка дучор бўлганликлари бир сари бўлса, бутхона аҳлининг бу савдодан севиниши бир сари бўлиб тушмоқда эди. Шайх яқин кишилари билан бутхона кишиларининг ёнини олар, бундан дин аҳли ҳижолат тортарди. Тонг ёришгунга қадар бундай мудҳиш ҳол мусулмонларга кўп малоллик етказди.
Ёруғлик қоронғуликни енггач, бутпарастлар ўзларининг катта қўнғироғини чалдилар. Насроний қизи ўз чеҳрасини намойиш этганидек, чарх қуёш нурларини оламга кўргизди. Бутхона аҳли орасида Шайх ишқи ва аҳволи ҳақида можаро қўзғалди. Улар бутхона ичида тўпланиб олиб, бутхона аҳли миллатига қувват бағишловчи бу ҳолдан шод бўлишарди. Дин аҳлининг бундай ҳижолатлари тобора ортиб, ниҳоят улар номусга чидай олмай, Шайхни ёлғиз ташлаб тарқалиб кетишди. Бечора Шайх бутхонадаги болаларга ҳам масхара бўлди, улар Шайхнинг бу ҳолидан мазза қилиб кулишарди.
Кекса Шайх ошиқу зор, ғариб бир ҳолда кўзини тарсо қизи томонга тикканча йўл узра ётарди. Кишилар уни таҳқирлаб ва масхаралаб босиб ўтса ҳам, у мутлақо парво қилмас эди. Чеккан азобидан ғойибу ҳозирларнинг ҳам, инграшидан мўмину кофирларнинг ҳам раҳми келарди.
Аммо Шайхнинг кундуз кунини шу тариқа қаро қилган ва уни дин йўлидан чиқариб, кофирлар бутхонаси ичида расво айлаган ўша оламга ўт солувчи тарсозода парда орқасидан ошиқу зорига, гирифторига яширинча боқиб турарди. У, Шайхни ғафлатда қолдириб, поймол болиб ётганини кўрса-да, ўзини билмасликка солар, унинг ҳолини тушунишни ўйламъасди. Гарчи у Шайхнинг динига қасд қилиб, унинг жонини талон-торож этган бўлса-да, ўзини гўллик ва нодонликка солиб, гўё ҳеч нарса билмагандек тутарди.
Унинг фироқидан Шайх жони ўртанар, балки бору йўғи шу ўтда ёнарди. Эртадан кечгача бағри чок-чок бўлиб, кечдан тонг отгунча айрилиқдан ҳалокат ёқасига бориб қоларди. Шу тарзда унинг машаққатли ҳар бир нафаси ортиқ туюлар, бир ой мобайнида аҳволи шундай кечди. Унга ранжу дард ҳаддан ташқари юзланиб, ғам ичида қолган жисми тупроқ билан тенг бўлаёзганида, ўша золим кофир, ишвагар хулқли гўзал яна ўша жойида кўринди. Нозли ҳусни билан бутун оламга ўт солганча ўз гирифтори ҳолидан хабар олмоқчи бўлиб, шундай савол берди:
— Эй ислом элига етакчи, дин ва ислом аҳлига тўғри йўл кўрсатувчи пир! Сенга Каъба тавофини қилиш ҳунар эди, нечун бутхона эшигида ватан тутдинг?! Сени дин элининг мададкори дейишарди, кофирлар бутхонасига нечун асир бўлдинг?! Агар сафар аҳли бирор ерга тушиб, у ерни манзил этса, бир кеча ўша ерда бўлиб, эртасига бошқа ёққа кетади. Сен Шайх эса бир ойдан бери бу ерда тунб, бутхона тупроғини маскан этдинг. Кофирлар бутхонасида яшашдан ва зулмат аҳлидан тилаган мақсадинг нима экан?
Шайх жаҳонни безатадиган бу жамолни кўриб, унинг бу жон бахш этувчи сўзларини эшитгач, ҳаяжондан бутун аъзосини қалтироқ босди. Жисми гоҳ букилар, гоҳ тик бўларди. Ҳушини йўқотиб, ўзидан кета бошлади, жисмида ҳаётдан асар ҳам қолмади. Бутхона эли уни ўлди деб гумон қилишди ва минг йил олдин ўтганлар билан тенг бўлди деб ҳисоблашди.
Шайх шу аҳволда бир кеча-кундуз ўликдек ётди. У санам эса Шайхнинг бу ҳолига афсус билан бош чайқатарди, бошқа кофирлар ҳам ҳайрону лол эдилар. Ҳаттоки қон тўкувчи ўша қотилнинг ҳам унга раҳми келди. Куфр ва дин аҳллари Шайхнинг бошига йиғилиб, комил ишқига офаринлар айтишди. Унинг бошини тупроқдан кўтариб қарасалар, ҳали баданида жони бор экан.
Шайхнинг ишқи эл кўнглига ниҳоятда таъсир этди, санам ҳолида ҳам ўзгариш юз берди. У ўз ишқи билан қатл этилган Шайх олдига қадам қўйди. Хастанинг димоғи мақсад исини сезгач, гулчеҳрага қараш учун аста кўз солди. Унинг юзида на ранг, оғзида на сўз қолди. Шу тариқа у бир муддат гунг ва лол бўлди, тили сўз айтишга ожизлик қилди. Висол завқи уни ўз ҳолига келтиргач, золим кофир унга шундай савол қилди:
—    Биз Шайхдан ҳол-аҳвол сўраб, унинг қандай кайфиятда эканлигини билмоқ учун савол берган эдик. Аммо Шайх ҳийла билан ўзини беҳуш кўрсатиб, бизга бирон сўз айтиш учун оғиз очмади. Энди у яна ўз ҳолига қайтди, бизнинг юқоридаги саволимизга жавоб берсин.
Шайх бу сўзларни эшитгач, оҳ уриб, кўзидан шашқатор ёш тўкиб, деди:
—    Эй кўнглимга қиёмат солган! Сен мендан ҳол-аҳвол сўраганингдан кейин арз қилмоқдан ўзга иложим йўқдир. Арзимни бирон такаллуф билан тутиб бўладими, ахир?! Чунки бу иш махфий сир болишдан ўтди, энди дардимни ичимга ютганча, уни сенга аён қиламан. Бутхона ичида бу хил зор бўлдим, ишқ бандига гирифтор бўлдим, жонимга ҳар хил балолар юзланди — ҳаммасига юзингни кўриш бўисдир. Ажойиб жойда чеҳранг жилваланиши билан худди тўртинчи осмондан қуёш порлагандек бўлди; менда не чидам қолди, не сабру тоқат, ўша соатдаёқ ақлу ҳушимдан ажралдим.
Ўз ҳолимни қисқача изҳор этиб, сени дардимдан хабардор айладим. Агар чора қилсанг — сен учун осон, агар қатл қилсанг ҳам жонимнинг ҳаёти бўлади. Мен ўз ҳолимни билдирай, деб сенга арз қилдим. Қатл этасанми ё раҳм қиласанми — сенинг ўзинг биласан!
Шўх унга деди:
—    Эй олий сифатлар эгаси бўлган муршид! Аҳли ислом ичра уят йўқ эмиш! Ахир сен каби ислом элининг бошлиғи ҳам шундай паришон сўзлар айтадими? Сенда на ҳаё бор экан
ва на адаб! Сен ўзи ғалатироқ одам экансан, айтган сўзларинг эса сендан ҳам ғалатироқ!..
Эй, пешво! Кимки, ишқ аҳлидин бўлса, уни фақат одобли ва ҳаё кони деб билгил!
Эй, йўл пири! Бу хил одобдан ташқари сўзларни дадил айтиш ҳатто ёш болаларнинг ҳам қоиидан келмайди! Ахир сени Шайх деб атайдилар-ку, оқ соқолингдан уялсанг бўлмайдими?! Ёшинг тўқсон билан юзга бориб қолибди. Сени қари деса ҳам, ёш деса ҳам бўлади... Ёш бўлсанг, ҳанузгача ақлинг кирмабди, қари киши эса бу хил сўзларни ўзининг хазон фаслида айтиши ярашмайди. Ахир сен ёш эмассан, ҳайрон қоларли даражада қарисан-ку, ақли ҳуши учиб, мункиллаб қолган чолсан-ку! Сен шундай сўзлар сўйладингки, уларни инсон жинсидан бўлган биронта ҳам одам айтмайди.
Эй беқарор Шайх! Шак-шубҳасиз: сенинг бу сўзларингда тилинг билан кўнглинг бир эмас. Чунки ишқ аҳли ўз сирларини махфий тутиб, унинг фош бўлишидан эҳтиёт бўладилар. Айниқса, маъшуқа олдида бу хил сўзларни айтиб, ишқини бу хил шошиб-тошиб баён қилиб бўладими? Ишқ дардига йўлиққанлар шундай йўл тутадиларми? Зуҳду тақво элининг чидамлилиги шундоқ бўладими?!
Гўзал талъатли маҳваш шу хил сўзларни айтгач, Шайх уятдан ўзини қўярга жой топа олмай қолди... Бечора Шайх кўп ҳижолатлар чекиб, унга шундай деди:
—    Эй инсон сифатли ҳурзод! Ишқ мени зору забун айлаб, ақлимни ўғирлаб олди, ўзимни телба-девона қилиб қўйди. Эл девона кишидан ақл кутадими? Ё савдойи ва сеҳрланган одамдан адаб талаб этадими? Агар телбалик туфайли адабсиз сўз айтган бўлсам, мени кечир; чунки у пайт мен ўзимда йўқ эдим. Аммо нима деган бўлсам, уларнинг ҳаммаси рост. Тонмасанг текшириб кўришнинг мумкин. Эй, нигор, таним зор бўлиб кўнглим пора-пора бўлган бир пайтда, қандай қилиб сенга сертакаллуфлик билан сўз айта оламан?! Сен сўраган пайтда қай ҳолатда бўлсам, шундай жавоб қайтардим. Бари бир уни яшириб бўлмайди, борича айтдим. Чунки ўзимни ошиқ эмасман ва ёр васлини истамайман, дея олмайман-ку, ахир!
Шундай қилиб, Шайх айтган сўзларидан тонмади. Маъшуқасидан узр сўраш, ёлворишга ўтмади. Шунда у шўхи саркаш деди:
—    Эй, жаҳлга йўғрилган одам! Агар қисматга рози бўлсанг: кимки менинг васлимни таманно айласа, у тўрт ишни бажариши шарт: у май ичиши, маст бўлиб, зуннор боғлаши, Қуръонни ўтда куйдириши ва бутпарастлар динига кирмоғи керак.
Бу тўрт нарса ишқнинг шарти - шукронасидир. Унинг яна иккита жаримаси ҳам бор. Чунки бу фонийлик тўрт йўли бўлса, яна икки йўл ўша тўртнинг ифноси (фанода бутунлай йўқолиши, ўзини маҳв этиш) демакдир. Улардан биринчиси - бир йил давомида хинзирбоқарлик қилиш бўлса, иккинчиси - шу давр мобайнида оташгоҳ ўтининг парвонаси болишинг, яъни оташгоҳда ўт ёқишинг лозим.
Агар Шайх бу бутхона аро чин ошиқ бўлса ва ўз ишқининг даъвосида содиқлик кўрсатса, унга исботлаш учун шукрона ҳам, жарима ҳам ана шундан иборат. Бундан ҳам ортиқ балолар бўлармикан? Агар менинг васлимга сен талабгор бўлиб, ёнингда бўлмоқлиғимни истасанг, бу айтганларимнинг ҳам-масини қабул этмоғинг керак. Шундагина сен васл кўчасига кира оласан. Бордию бу ишларни бажаришга қурбинг етмаса, эрта кунни кеч қилмасдан, йўлингдан қолма!
Шайх унга деди:
—    Эй хаста жоним офати! Кўнглимни ишқинг оташи ўртамоқда. Шавқинг шуласи вужудимни чулғаб, ишқинг чақмоғи ўриш-арқоғимни куйдирмоқда. Мен ғарибу девонаман, ақлу ҳушу сабрдан бегонаман. Парирухсор ёр неки амр этса, девона ошиқига не ихтиёр! Нимаики талаб қилсанг, буюр, чунки сен ҳокимсан! Агар бажармасам, жафо тиғини бўйнимга ур!
Шайх ўз сўзларини шу ерда тўхтатди. Унинг бу сўзлари шўх қизга ва барча бутхона аҳлига маъқул тушди. Шундан сўнг бутхона ичини жаннат каби ясатиб, кўп такаллуф билан безадилар. Унинг тўрида осмон баробар юксак тахт ўрнатдилар, ундаги зебу зийнат ҳаддан зиёд кўп, қиёсдан ташқари гўзал эди. Шўх насроний қизи унга шавқ билан чиқиб келди, уни кўрган Шайх ҳар дам жони оғзига келарди. Имони юзини қора қилиш учун Шайхни тўпланган одамлар ўртасига олиб кирдилар. Бутпарастлар, хоҳ улар шу ердаги турғун кишилар бўлсин, хоҳ сайр этиб юрувчи жаҳонгашталар бўлсин, ҳаммаси бир ерда жам бўлдилар. У ерда ўнлаб хумларда май ҳозир этиб, унинг ҳар хил газакларини ҳам тайёр қилиб қўйдилар. Атрофида бутхона қўнғироғи ва арғанунлар. Шайх дини мотамига ун тортиб, куй чалар эдилар.
Ҳеч қачон оламда бу янглиғ иш бўлган эмас эди. Роҳиблар ҳар тарафдан саф тортиб ўтирар эдилар. Огоҳ муршиддан Қуръонни сўрадилар, оташгоҳдан ўт олиб келиб қўйдилар. Зуннор ва салиб муҳайё этилгач, дилни овловчи тарсо қизи юз афсун билан ўрнидан турди. У юз минг ноз билан тахтдан тушиб, Шайх олдига эъзоз билан юриб келди. Унинг ёнида ўтириб, қадаҳ тўла май ичди. Буни кўрган Шайхнинг ҳуши бошидан учди. Соқий қадаҳдан сархуш бўлгач, яна бошқатдан қадаҳни лиммо-лим тоидириб, уни Шайхга тутди ва шундай деди:
—    Охирига қадар ич, эй олижаноб киши! Билки, бир томчи қолса ҳам, ҳисобга ўтмайди! Ишққа берилган Шайх истар-истамас дилнавоз тутган майни ичар экан, кўзларидан
ёш думалар, ислом ва имондан қўлини буткул ювган эди. У шундай ичдики, бошидан дуд чиқиб, май ўтида бутун борлиғи кул бўлди.
Шайхга бир неча давра май тутганларидан сўнг, унинг ишқи ақлига жабр эта бошлади. Бода унинг ҳушини ўтмас қилиб қўйгач, у қизга васлдан муддао изҳор этди.
Шўх тарсо қизи эса унга: "Енди шартлардан биригина бажарилди, холос",— деб айтди. Шайх унга: "Эй шўх, яна нима қолди, айтгил, ҳар не матлуб бўлса, мен бажарай!" деди. Шундан сўнг соҳибжамол маҳваш куфр аҳлининг улуғларига ишора қилди. Уларнинг барчаси куфр ишлари соҳасида моҳир кишилар бўлиб, Шайх имонини куфрга тақдим этдилар ва уни ўша динга киритдилар. Унинг устидаги пирлик хирқасини ечиб олиб, яланғочладилар. Бу ҳолатни кўрган киши йиғлаб турарди. Шундан сўнг уни май ҳовузи ичига солиб, бошдан-оёқ чўмилтирдилар. Шайх ҳам ҳеч нарсадан ҳайиқмасдан майга шўнғишда давом этаверди.
Кейин кофирлар киядиган кийимларни олиб келиб, унга бошдан-оёқ кийдирдилар. Белига зуннорни маҳкам танғиб, бу тасаввуф пешвоси бўлган Шайхни кофир қилдилар. Сўнгра хор бўлиб эзилган Шайхни бутхонага олиб кирдилар. У маст ҳолда бут олдида сажда қилди, эгнидаги пирлик хирқасини оловда куйдирди ва "Каломуллоҳ"ни ўтга ташлади. Шундай қилиб, дам-бадам узатилаётган қадаҳдан маст бўлди, ҳам ўзини мастона бутпараст қилди. Гардун унинг бошига солмаган жаҳондаги ҳеч бир расволик қолмади.
Ишқ Каъба сири мушкулини ана шу тарзда ҳал этиб, Шайхни бутхона болаларига масхара қилди-қўйди. Ёш фаранг баччалар маст-аласт ётган дин пешвоси билан ҳазил-мазаҳ ўйнашар; қутлуғ қадам эгаси Шайх эса ўзини билмай ётар; агар ўзига келиб қолгудек бўлса, унга яна май тутар эдилар. У туну кун шу тарзда ҳушсиз ғирт маст ҳолда карахт бўлиб ётар, унга на кун ва тун маълум бўлар эди.
Оқибат ишқ яна туғён урди. У бир саҳар ўрнидан туриб, шундай афғон қилиб, фарёд кўтарди.
—    Эй кўнглимга изтироб солиб, вужудим биносини хароб қилган! Ишқи бедодликни бунёд айлаб, дину имонимни барбод этган! Куфр элининг дини шундай бўладими?! Сўзни бир жойга қўйиб шартлашиш натижаси шуми?! Эл мақсадини шу тарзда амалга оширадиларми?! Шу хил ваъдага вафо қиладиларми?! Кўнглинг нимаики истаган бўлса, ҳаммасини бажартирдинг, юз минг бало чақмоғини менга урдинг. Қани айт-чи, қайси истагингни амалга оширмадим?! Қайси шартингни бажо келтирмадим?! Вафо қилиш пайтида ўзингни билиб-билмасликка солмоқдасан. Васлга эришувимга бепарволик қилмоқдасан. Мен ҳам ғарибу ҳам қари, ҳам хастаман, куфр занжири билан маҳкам богианганман. Мени кеча-кундуз майга тутиб, ваъда қилганларингни унутдинг! Даъвоингни шу тариқа исботлайсанми?! Ўзинг чўқинадиган "Манот" ва "Лот"ларъ дан қўрқмайсанми?! Шўх тарсо деди:
—    Эй Шайх! Бунча кўп таъна қилаверма! Шарт бойлашдингми, уни ниҳоясига етказ. Васлга суюнчи бўладиган тўрт ишни бажардинг. Энди ишқнинг икки жаримаси қолди. Эй улуғлар фахри, бу жарималар қуйидагича: бу бутхона атрофлда кўнглинг жирканмасдан роппа-роса бир йил кечалари оташгоҳда ўт ёқасан. Кундуз кунлари эса ўзингни нотавон тутмасдан, чўчқа подасини қарши олишга равона бўласан ва кечга қадар чўчқабоқарлик қилиб, бу ердаги кишиларга чўпонлик вазифасини бажарасан.
Бир йил тугагач, висол сари етиб келасан. Ўшанда ифиен висол базмини муҳайё қилиб, сенга пешвоз чиқаман ҳамда куфр йўсинида тўй бошлаб, васлим билан сенинг жонингни шод қиламан.
Агар ишқ қоидасида етук бўлмасанг, бу ёлга қадам қўйма, яъни айтилган жарималарни бажармасанг, кофирликдан воз кечиб, динингни қабул қил ҳамда ибодатхонани қўйиб, Каъбага қайт! Неча кун муттасил айш қилиб, май ичганингни ўзингга бағишладим. Куйдирилган эски кийимларингнинг ҳам баҳридан ўт, уларнинг ўриш-арқоғи ҳақида сўз юритмай қўя қол. Ёки ўз кийимларингга муайян баҳо даъво қилсанг, майли, пулини олиб, чўнтагингга сол, йўлда харжлаш учун ишлатарсан. Бу ерда нимаики кўрган бўлсанг, кўрмадим деб гумон қил ёки ҳавас майхонаси томон от чоптирмадим деб ўйла!
Шайх маҳваш сўзларига қулоқ солиб эшитгаъч, унинг қалбида яна ишқ туғён айлаб, шундай фиғон қилди:
—    Эй ишқинг шиддати жонимда бўлган, хотирим ороми, кўнглим қуввати! Ҳар неки истагинг бўлса, буюр — қулингман. Агар бажармасам, майли, мени қатлга ҳукм эт! Аммо ҳижрон сўзини айтма, мени васл уйидан бенасиб этувчи сўзга йўлама!
Шундай деб у ўрнидан ирғиб турди-да:
—    Сурувни келтиринг, "қўй"ни чўпон ҳузурига еткуринг! Мен гумроҳга мадад айлаб, илтифот қилиб, оташгоҳ сари йўл бошланг!— деди.
Хуллас, "қўй"ни чўпон ҳузурига еткардилар, унинг иккинчи тилагини ҳам бажо келтирдилар. Шайх кундуз кунлари чўчқа тўдасидан огоҳ бўлиб, уларни боқса, кечалари унинг манзилгоҳи оташгоҳ бўлар эди.
Кечқурундан тонг отгунга қадар унинг иши ўт ёқиш бўлиб, куфр оловини равшанроқ ёндириш билан вақтини ўтказарди. Саҳар пайти бутхонада қўнғироқ чалингач, яъни қаро зулмат туни ёришгач, у девоналикдан гулханга йиқилган одамдек дудга беланганча кулдан чиқиб келарди. Қўнғироқ оҳангига мос ҳолда куфр элининг одат ва тартибида хиргойи қиларди. Шу тариқа у тўнғизларга рўпара бўлар, унинг атрофида юздан ортиқ тўнғиз бўларди.
Шундай қилиб, у бу хил зулматга гирифтор ва асир бўлиб қолган эди. Унинг фармонидаги қавм бу аҳволдан уни халос этиш учун кўпгина чора-тадбирлар қилиб кўришди, аммо бу тадбирлар унга қил учичалик ҳам таъсир этмади. Улар Шайхни халос қилишга ҳеч имкон топа олмагач, чорасиз ҳолда ҳар ёққа тарқаб кетишди. Шайхнинг ўзи ёлғиз қолди. Улардан ҳар бири уятдан бир томон бориб, Каъбада қочоқлар каби яшириндилар.
Шайхнинг бир фоний муриди бўлар эди. У ишқ жомидан ҳаддан зиёд кўп май ичган эди. Етакчи (Шайх) карвонни қаерга бошласа, бу солик (шогирд) ҳам ўша манзилда унга ҳамроҳ бўлгувчи эди. Аммо Шайх Рум сари сафарга чиққанида, унга ўзга бир мамлакат маскан бўлган эди. Бу қутлуғ қадамли йўловчи сафардан қайтиб, Каъба томон кўпгина манзилларни босиб ўтди. Йўлданоқ у Шайх атрофидан паноҳ истай деб, хонақоҳ томон юзланди. Аммо келиб қараса, хонақоҳ хароб, унинг пири йўқ эди. Хонақоҳдаги тўрт юзта тақводордан бирортаси ҳам кўринмасди. У бу ҳолни яхшилаб текшириб кўргандан сўнг унга содир бўлган аҳволни борича айтиб беришди: Шайхнинг Рум сари йўлга чиққани ва бу ерда унинг бошига не ишлар тушганини сўзлаб беришди.
У Шайх муридларининг халифаси (бошлиғи) бўлгани учун ўз ўртоқларини олиб келишга кишилар юборди. Шу тарзда ҳиммат кўрсатиб, барчасини бир ерда жамлади ҳамда улардан Шайх аҳволини диққат билан суриштирди. Унга туш билан Рум воқеасини баён қилиб, бутхона ва тарсо қизи зулмини айтиб беришди. Шайхнинг ишқ ичра беқарор бўлганини ва ҳолида беихтиёр қолганини, бода ичиб, ринду маст бўлганини; динни тарк этиб, бутпараст бўлганини; яна оташгоҳни маскан этганини ва "Каломуллоҳ"ни ўтга солганини ҳамда қандай қилиб зуннорни белига тўрт айлантириб боғлаганини, ҳозир у кечалари оташгоҳда ўт ёқиб, кундуз кунлари эса чўчқа боқишлигини ҳикоя қилиб беришди.
Шунда дард соҳиби бўлган ҳалиги хабардор ринд уларга шундай деди:
—    Эй ор-номусни сақлашда тўнғизлардан ҳам баттар бўлган кишилар! Шайх сизнинг пирингиз эди, сизлар унга мурид эдингизлар. Унинг кўрсатмасидан барчага нажот умиди етарди. Фақр аро муридлик қилиш шарти шундай: агар кимки қутлуғ табиатли бўлиб, муршид бўлса, унинг муридлари ҳам унга ўхшаш бўлиши керак... Агар у ўзининг яхши-ёмон кунларида нима иш қилса, сиз унга тақлид этишингиз лозим. Сиз вафосизларга фақр тартиби одатлари ҳайф! Сўфийлар киядиган хирқаю ўрайдиган салла ҳам ҳайф!
Дориломон пайти ёлғон лоф уриб, Шайхга содиқлигингизни исбот этишга тиришасиз. Шайхнинг бошига оғир иш тушса, ўзингизни ундан узоққа тортасиз. Шайхингизга бевафолик қилиб, Қиблагоҳингизни бутхона ичига ташлаб келибсиз. Аллоҳдан қўрқмай, элдан уялмасдан, бу иш унинг бошига тушганда, уни ёлғиз қолдириб, орқангизга қайтибсиз.
Ўз пешвонгизни у ерга қўйиб, хизматидан, балки дийдоридан тўйиб, қайтиб келибсиз. Шу сифат билан яна ўзингизни яхши фикрли, тўғри иш тутувчи деб ҳисоблайсиз, бир-бирингизни яна "дарвиш" деб ҳам атайсиз. Зуҳду тасбеҳу ридонгиздан уят сизга! Кавуш, салла ва ҳассангиздан уят сизга! Агар Шайх итбоқарлик қилиб, бир неча ит парвариш этганида эди, унга чархдан бу янглиғ жафо етган пайтда итлардан вафо кўрган бўлмасмиди?! Ахир улардан баъзилари йўқолиб кетса, баъзиси қолар, унинг атрофидан жилмасдан турар эди-ку! Унинг муҳолифлари билан гоҳ уришиб, гоҳ унинг мотамида улишар эди! Агар инсондан вафо йироқ бўлса, вафо бобида ундай кишидан ит яхшироқдир. Бордию сизда мардоналик, ихлос даъвоси ичра оқиллик, донолик бор бўлса эди, Шайх бошига бундай бало тушганда, яъни у биров ишқига мубтало бўлиб, ўзини ҳар жафога дучор этганида, уни сиз ҳам қилмоғингиз лозим эди. Аммо барчангизда унга ҳамдардлик қилишдан ўзни четга тортиш зоҳир бўлиб, фақр ичра юз номардлик кўрсатдингиз. Киши "ерман" деб лоф ургани билан эр бўла оладими? Қўлидан келмайдиган ишга қўл урадими?
Жонга озиқ бағишчловчи шогирд шу тарздаги сўзларни айтар, улар оғзига сукут муҳри солганча, лом-мим демай жим ўтиришар эди. У уларни койигач, "Бир ерда ўтириш билан иш битмайди", деб ўрнидан туриб, Рум сари, дин ва имонни ёндирувчи ўша манзил томон йўлга чиқди. Ҳалиги жамоат ҳам уни қўллаб, хоҳлар-хоҳламас унга йўлдош бўлишди. Барча чўлу биёбонларни босиб ўтиб, чўчқабоқар Шайх турган манзилга етиб бордилар. Шайхда на ислом, на имон маслагидан асар қолган; на ақл, на зуҳду тақво андишасидан нишон қолган эди. Бу телба ошиқ майдан маст ҳолда бехудлик дарди билан бирга эди.
Шайх ўз олдига келганларни танимай, улардан юзини тескари бурди ва чўчқалар тўдаси юрган томонга қаради.
Сўфийлик йўлини тутувчи солик бу ҳолни кўргач, Шайх учун кўнгли бузилиб, оҳ урди. Юзига кўплаб ҳасрат ёшларини тўкиб, ўзи билан бирга келган жамоатга қараб шундай деди:
—    Енди Аллоҳга ҳамду сано айтиб, бу ерда турмасдан орқаларингга қайтинглар! Камолот соҳиби бўлган муршидимиз Шайхнинг кўзи ишқ ғавғосидан хиралашиб қолибди.
У шаҳарга қайтиб, оташпарастлар бошлиғини топди ва даҳр зулм этган одамларга ўз мақсадини айтди. Шундан сўнг у ҳалол, чин ошиқ даргоҳида кеча-кундуз илтижо ёшларини тўка бошлади. Унинг иши шайхига халос топишни муддао билиб, муножот ва дуо қилмоқдан иборат бўлиб қолди. У бу мақсадида содиқ бўлиб, ўзи садоқат аҳлига мувофиқ эди. Изтироб билан кўп дуо қилди ва ниҳоят Аллоҳ ҳам унинг дуосини қабул этди.
Бир кеча илтижо кўз ёшларини оқизиб, йиғлаш зўридан хастаҳол бўлди. Тонг пайтида кўзи бир лаҳзалик уйқуга борди. Туш кўрди: бир ажойиб нур кўзга ташланиб, нур орасидан қуёш балқди. Бу шундай қуёшки, юзта қуёш зарра каби бунга етишиш учун саргардондир. У набиларнинг сўнгги вакили, пайғамбарлик муҳр-узуги, ҳошимийлардан чиққан олам сараси эди. У табассум қилиб келар, жон бағишловчи лаблари сўзга мойил эди. Сирлар хазинаси ана шундай намоён бўлгач, содиқ мурид унинг ҳузурида юз тубан тушиб, ўз эҳтиёжини арз эта бошлади.
—    Эй хастаҳолларни лутфу марҳамат билан қўлловчи пайғамбарлик мамлакатининг тахти соҳиби!.. Сенга ҳолатимни баён этишга ҳожат йўқ: чунки ёруғ кўнглингга ҳаммаси маълумдир.
Пайғамбарлар шоҳи юз минг лутф билан:
—    Эй умидинг боғида гул очилган киши! Сидқу тўғри ниятингга офарин. Сен шунчалик ожизона ёлбордингки, ишларни саранжомловчи Илоҳий ожизлигинг ва ёлборишларингни қабул этди;
нолаю, ўртанишларинг дарголиида қабул бўлди. Аллоҳ ўз махфий ҳикмати намойишида бу йўлга кирганларга шундай тўсиқлар қўядики, уларни енгиб ўтмай нажот топиш имкони бўлмайди.
Шайхингиз шундай бир кучли синовга йўлиқди. Бундай аҳволга ҳеч бир йўловчи тушмаган эди. Ҳақ нажот каромат қилди, шод бўл. Шукр қилиб қайғудан озод бўлгин. Сенга кўп азоб-машаққатлар юзланди. Сен туфайли ҳақ пирингга илтифот қилди.
Аллоҳ пайғамбари бу сирларни шарҳ этгач, ёлборган киши кўзларидан шодлик ёшлари тирқираб кетди. Шодлигидан бир оҳ тортиб ҳушидан кетди: хастажонлик туфайли ўзидан кетиб йиқилди.
Тонг шамоли мушк ҳид таратиб эса бошлади. Тун мушки ичра ойдинлик ёйилди. Нотавон шогирд кўнглига ҳуш юзланиб, мағзига жўш тушганча, сакраб ўрнидан турди. Аллоҳ фарзини тўғри адо келтириб, турган жойидан Аллоҳга юз қўйиб, эгилди. Ёнидаги ашоблар ундан аҳволни сўраб, вазиятдан огоҳ бўлгач, ҳаммаси унга ҳамроҳ бўлдилар. У майсалар ва сув юзидаги шамол каби Шайх томон ошуфтаҳол йўртиб борарди. Гоҳ баландлик, гоҳ пастликларни босиб ўтиб, ишқибоз Шайх турган манзилга етиб келди.
Бу пайтда Шайхда ҳам гумроҳлик даф болиб, унга ғойибдан огоҳлик етган эди. Мадад гулшанидан эсган насим унинг кўнглига катта таъсир кўрсатган эди. Кўзларидан ҳижолат ёшларини ошкор этиб, оҳу надомат алангаси чекарди. Кофирлар кийимини ташлаб, белига боғланган зуннорни узиб ташлаган эди. Куфр путур етказган тийра кўнглига тўғри йўл топиш шами нур етказган эди.
Шу аснода у гуруҳ етиб келди. Улар келгач, Шайх кўнглига улуғлик етишди. Шайхни бу ҳолатда кўрган замоноқ уларда ҳам ўзгариш ҳосил бўлиб, юз шукр айтиб, шодмон бўлишди. Улар шундай дедилар:
—    Эй висол соҳиби бўлган муршид! Сенга қувончли мужда шуки, Расул мададкоринг бўлди.
Шайх юз берган бу ҳолдан воқиф эди. У ўз жамоасига бу ҳақда сўзлаб берди ҳамда яксифатлик бобида мардона бўлган ўзининг ана шу содиқ доно шогирдини бағрига босиб, қучоқлади. Шайх унга шундай деди:
—    Эй саодатли фарзандим, жоним фиштасига пайвандим! Садоқат кўрсатишда ўз ҳолингни ўзгартирмадинг, ёрлик бобида камчилик кўрсатмадинг. Не тил билан сенга ўзимнинг узрхоҳлигимни баён қилайин? Бу садоқатинг узрини илоҳнинг ўзи бажо келтирсин!
Шогирд ҳам кўзларидан севинч ёшларини тўкиби, пир оёғидан бошини кўтармас эди. Бу икки ошуфтахотирлар тинчланмагунча барча изтироб чекиб, нима қилишини билмас эди.
Ҳамфикр дўстлари шундай дедилар:
—    Эй бошлиқ! Бу давлатни бизга Аллоҳнинг ўзи насиб этди. Энди бу хатарли манзилдан кетиб, Каъба водийси томон юришимиз керак.
Шайх ювиниб, эгнига хирқа кийди, буни кўрган кишилар завққа тўлдилар. Сидқ билан улар ҳарам - Каъба сари йўлга чиқиб, саҳрони босиб ўтиш учун қадам урдилар.
Шайх Батҳо сари йўлга тушаверсин, биз энди тарсо қизи сари қайтайлик.
У пари ноз уйқуда ётар эди. Уйқусида бир туш кўрди. Тушида Шарқ қуёши осмондан пастга тушиб, шўхга Исо пайғамбардан шундай хабар етказди:
—    Эй вафо бобида хому норасо! Замона аҳлининг муршиди бўлган Шайх Санъон сенинг бутхонангга меҳмон бўлиб келди. Аммо сен мезбонлик одатини билмасдан, меҳмоннинг бошига не кунларни солмадинг?! Ҳозир у бутхона меҳмонлигини тарк этиб, мезбонлик қилиш учун Каъбага йўл олди. Унинг орқасидан етиб, динига мушарраф бўл, ундан кечирим сўраб, унинг жуфти ҳалоли бўл!
Насроний қизи Шайх оёғининг изи бўлишни истаган ҳолда уйқудан уйғонди. Қилган ишлари ёдига тушиб, ношод кўнглига ўтлар туташди. У оҳ урганча ўрнидан туриб, Каъба тавофи учун йўлга тушди. Унинг кўзларидан осмондаги юлдузлар каби ёшлар тўкилар, Мажнуннинг маъшуқаси Лайли каби зор йиғлаб борарди. Шайх ўз одамлари билан жўнаб кетган томон худди ел учирган тоза гул барги янглиғ тез юриб борар эди. У беҳол бир ҳолатда қадам ташлар, чарх эса унинг қилган ишлари учун қасоскорлик қилар эди. Айниқса, бу кек ва хусуматнинг биёбон ичра шиддати ҳаддан ошиб, қизни ваҳима, қўрқув ва ҳайрат босиб кела бошлади. Унга бу ниҳоясиз дала-даштда хасталик ва ожизлик юзланди. У шундай деди:
—    Ё Раббим! Ожизу саигашта бир ҳолда кўз ва кўнглим қонига беланганман. Заифу бечорадурман, раҳм қил! Бекасу оворадурман, раҳм қил! Гарчи менинг гуноҳ ва жиноятдан ўзга нарсам йўқ бўлса-да, Сендан бошқа паноҳим ҳам йўқдир!
Шундай қилиб, у ўзининг кимсасиз ва ёлғиз қолиб, бунинг чорасини топа олмаслигига зор-зорйиғлади. Нозанинга уқубат шунчалик ўз кучини кўрсатдики, у ҳолсизланиб, тупроққа юзтубан тушди. У йиқилгач, ҳуши тамом ўзидан кетди. У тупроқ устида хору дардманд бўлиб ётарди.
Юқори мартабали Шайхга бу ҳодиса аён бўлди. Унга ҳамроҳлик қилган мурид ҳам бу синоатдан хабар топди.
Ой юзлига, ожиз ва ғам чекувчи ой жамолга ана шу синоат юзланди. Бу пайтда ундан узоқда йўлда кетиб бораётган қудратли ринд — Шайх бирдан ўз ортига қайтди. Унга ҳамроҳ гуноҳ ичидаги каттаю кичик ҳам Шайх билан бирга орқасига қайтди. Бу ғофил кишиларнинг ҳар бирида юз хил хаёл пайдо бўлди. Улар: "Ё Раб, бу орқага қайтишнинг сабаби нима экан?" — деб ўйлар эдилар.
Шу тариқа Шайх ва унинг сирдошлари ўша сарвиноз ётган жойга етиб келишди. Гарчанд Шайх бу ҳолни тўла фаҳмлаган бўлса-да, лекин йиғламоқдан ўзини асрай олмади. У тезлик билан ҳушсиз ётган нозанин бошини ўз қўйнига олди. Қиз юзига Шайх киприкларидан ёшлар оқиб туша бошлади. Гул барглари узра гулоб сочилгач, маст уйқуда ётган наргис очилгандек бўлди. Қиз Шайх қўйнида ўз бошини кўргач, юзига ҳасрат ёшларини тўка бошлади. Заифликдан унинг ноласи оғзидан билинар-билинмас чиқар, юзи узра бағридан сизғиган парча-парча қонлар оқар эди. Қиз Шайхга деди:
—    Эй шиори тақво ва паноҳи дин бўлган киши! Сендан қайси тил билан кечирим сўрай оламан?! Бадбахт бебош болалар дарахтга тош отишади, олий дарахт уларга соя солиб туради. Агар гул бутасида юз минг тикан бош кўтарса, ҳар бир тикандан баҳор булутлари туфайли гул очилади. Гарчи гуноҳим ҳаддан ташқари кўп бўлса-да, лекин сендаги лутфу эҳсон ундан ҳам ортиқроқдир. Қилган беадабликларимни билиб, сенинг узрингни истаб, қора юз билан ҳузурингга келдим. Ўша пайтда нимаики ёмон иш қилган бўлсам, булар менинг ўзимнинг ёмонлигим, юртим ва динимнинг ёмонлиги туфайлидир. Олдингда яна анча сирлар айтмоқчи эдим, аммо умр ошиқиб шошилмоқда, фурсат эса ниҳоятда оз...
Шу тахлит у ўзининг ислом динига бўлган шавқини баён этиб, Исо пайғамбар айтган нишоналарни бирма-бир баён қилди ва ниҳоят шундай деди:
—    Пойма-пой сўзларимни шу жойда тугатаман. Тезроқ имонимни келтир, бир нафашк вақтим қолди...
Шайх юзига кўз ёшларини оқизиб, ўзининг тарсо ёрига имон арз этди. Қиз яширин имонга ошно бўлгач, оҳ урганча Шайх олдида ўз жонини топширди. Бундан яна дин аҳли аро ғавғо тушиб, улар фарёду вовайло чека бошладилар. Куфр ва дин ичра шундайин бир-бирини тушуниш сабаб бўлиб, шундайин ғаройиб иш юз берди.
Ишқ аро бу хил ажойиботлар, қизиқ ҳолатлар кўпдир. Бу ажойиботлар турфа ўйинлар кўрсата олади. Ишқ шундай бир денгиздирки, унинг поёни йўқдир. Ундаги ҳар бир пуфак бепоён осмонни эслатади. Ишқ бир оламдир, аммо ниҳоятда кенгдир; ишқ бир осмондир, аммо жуда юксакдир. Унда энг кичик Суҳо юлдузи чархни тескари қилади, унда пашша анқони ожиз эта олади. Агар ишқ ўтидан бирор учқун етса, у юз яшиндан кўпроқ зарар етказади. Бу денгиздаги ҳар бир қатра ҳеч бир шаксиз олам юзини бало сели билан хароб қила олади. Агар ишқ тиғи юз минг қирғин зоҳир этса, унинг олдида на қасос олишнинг, на хун пули тўлашнинг маъноси бўлади! Ишқдан кўп офат чеккан киши ўз жонига миннат қўйиш билангина чора топади.
Кўргилки, ишқнинг бўстони ажабланарлидир, ундаги сув ва ранглар бегуноҳ кишилар қонидандир. Ундаги ҳар бир киприк юз минглаб жонга ниш уради. Билгилки, ўша қотил ҳиндунинг одати ўзи шунақадир. Унинг бир турфа ҳоли юз туман кўз қорачиғини худди ортиқча нуқта мисоли йўқ қилиб юборади. Ишқ мулкида гадо ва шоҳ бирдир, майхона ичида раҳбару гумроҳ тенг ҳисобланади. Ишқ аро дарду балодан, зулму ситаму жафодан ўзга нарса йўқдир!
Ишқ Шайхни шунчалик шайдо этиб, олам аҳли ичра расво қилди. Сўнгра у менга ҳам ўз ғавғосини солиб, кўнглим мулкини талон-торож этди. Агар ҳолимни киши ундан ортиқ демаса ҳам, ҳар ҳолда ундан кам ҳам эмас.
Кел, Навоий, сўзни шу ерда тўхтатгил, ишқ аро кўп даъволар изҳор қилмагил. Агар умримдан бир неча кун омонлик топсам, ишқим шарҳини назмга солиб, бир достон ёзайин. Шунда сўзимнинг чинлиги ёки лоф эканлиги инсофли кишига яққол билинади.
Алқисса, Шайх айрилиққа учрагач, бутхонадаги ишларини тугатди ва Каъбага боришга ҳозирлик кўрди. У ёрини ишқ айвонида дафн этиб, дин ва имон аҳли гўристонига қўйди. Каъбадан бутхона томон йўлга қандай чиққан бўлса, худди шундай ҳолда бутхонадан Каъбага томон қайтди. Бу ерда у Аллоҳга ўтмишдаги ишларидан узр сўраб арз қилди ва ниҳоят узрлари қабул бўлиб, қазо уни ўз ёрига қўшди.